Иккинчи Жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида Президент фармони
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Ф А Р М О Н И
ИККИНЧИ ЖАҲОН УРУШИ ҚАТНАШЧИЛАРИНИ
РАҒБАТЛАНТИРИШ ТЎҒРИСИДА
Мамлакатимизда 9 май умумхалқ байрами – Хотира ва Қадрлаш куни ўтказилиши, шунингдек, Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганлар хотирасини абадийлаштириш, бугун ҳам сафларимизда туриб Ватанимизнинг обрў-эътиборини юксалтиришга, ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга ҳисса қўшаётган фахрийларни эъзозлаш ҳамда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 76 йиллиги нишонланиши муносабати билан уруш қатнашчилари ва ногиронларини моддий рағбатлантириш мақсадида:
- Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига
12 000 000 (ўн икки миллион) сўм миқдорида бир марталик пул мукофоти белгилансин.
- Мазкур Фармонни бажариш билан боғлиқ бўлган сарф-харажатлар Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилсин.
- Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Молия вазирлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига ушбу пул мукофотининг тантанали топширилишини таъминласин.
- Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Маданият вазирлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан биргаликда карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда Ватанимиз озодлиги ва шон-шарафи ҳимоячиларига бағишланган махсус учрашувлар ва маданий-маърифий кечаларни ўтказсин.
- Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2021 йил 20 апрель