Кўркам ва обод маҳалла

Навоий вилоятидаги кўпдан-кўп ўзгаришлар асносида обод масканлар бунёд этилмоқда. Масалан, яқинда Кармана туманидаги “Дўрман” маҳалла фуқаролар йиғини биноси қайта таъмирланиб, замонавий кўринишга келтирилди.

 

МФЙ биноси ҳудудида замонавий ўйингоҳ, мўъжазгина истироҳат боғи, умумий овқатланиш, маиший хизмат кўрсатиш шахобчалари қад ростлади.

Шунингдек, туман давлат хизматлари марказининг бўлими, аёллар маслаҳат кенгаши ва фитнес клуби, оталар чойхонаси, сунъий қопламали футбол стадиони ҳам бунёд этилди.

Таъкидлаш жоизки, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш ва аҳоли фаровонлигини таъминлашга қаратилган бундай бунёдкорлик ишлари вилоятимиздаги барча маҳаллаларда босқичма-босқич олиб борилади.

— Мен камида саксон йиллик ўзгаришларни ўз кўзим билан кўрганман, — дейди 101 ёшли уруш ва меҳнат фахрийси, дўрманлик Пирназар бобо Турдиев. — Аммо бугунгидек кўркам, обод маҳалла гузарини биринчи бор кўришим. Шундай кунларга етказганига шукр.

Шу куни “Дўрман” маҳалла биносида жойлашган “Дўрман текстил” тикувчилик корхонасининг тантанали очилиш маросими ҳам бўлиб ўтди.

Эндиликда “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”дан чиқиб, янги тикувчилик корхонасида иш бошлаган 100 нафар маҳаллий хотин-қиз ўз оиласининг моддий даромадига муносиб ҳиссасини қўшадиган бўлди.

Маҳалла гузари ҳамда тикувчилик корхонасининг тантанали очилиш маросимида Навоий вилояти ҳокими Қ.Турсунов, Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари Б.Парпиев, “Навоий кон-металлургия комбинати” бош директори Қ.Санақулов иштирок этди.

Ўз мухбиримиз

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × 5 =