Хайрулло Бозоров: “2022 йил камида уч соҳада “Фарғона тажрибаси йили” бўлади”

Якунланиб бораётган 2021 йил Фарғона вилоятида иқтисодий-ижтимоий соҳаларда намуна бўлишга, ибрат олишга арзигулик қатор ишлар амалга оширилди ва бу ҳодисалар “Фарғона тажрибаси” атамаси билан бутун республикага ёйилди. Йилни сарҳисоб этганда эса юрган манзиллар, ортда қолган ўчмас изларга бир қур назар ташлашга эҳтиёж сезилади.

Йил мобайнидаги қувончли ҳодисалардан бири ўн йиллардан буён берк бўлган, қирғиз ва ўзбек қардош халқлари учун оғриқли муаммога айланган Риштон- Сўх йўлининг очилиши бўлди. Чегаранинг икки томонида яшаётган одамларнинг неча йиллик орзулари ушалди. Йиллар давомида кўриша олмай, соғинч азобидан қийналиб яшаган инсонларнинг ширин дийдордан бахтиёр чеҳралари икки халқнинг эт билан тирноқдек яқин эканини, бирини иккинчисидан ажратиб бўлмаслигини исботлади.

Тақдир тақозоси билан Риштон туманининг Оқтомир қишлоғида туғилиб ўсган Дилшоджон Имомалиев ҳозирда Қирғизистоннинг Қадамжой туманига қарашли Ўрикзор қиш­лоғида яшайди.

— Тўнғич фарзандим Ўзбе­кис­тонда туғилган, ота-онам ҳам Риштонда истиқомат қилишади, — дейди ҳаяжонини яширмай Дилшоджон. — Икки юрт чегарасини атиги битта ариқ ажратиб турса-да, ота уйимга келиб-кетиш учун ўн йиллар давомида юз километрлаб масофа босиб, Водил чегара пости орқали ўтишга мажбур эдим. Шунда ҳам тўй ёки маърака учун оила аъзоларим номидан телеграмма жўнатилиши керак бўларди. Ўзбекистондаги янгилик ва ўзгаришлар, бунёдкорлик ишларини телевизор орқали кўриб, ҳайрат ва ҳавас билан яшардик. Бугунги Риштонни кўриб, кўзларимга ишонмадим. Қадрдон мас­кан бутунлай янгиланиб, гўзаллашиб кетибди.

Риштон туманидан қўшни Қирғизистон орқали вилоятимизнинг анклав ҳудуди – Сўх туманига борувчи йўлнинг қайта очилиш маросими шу йил 1 апрелига тўғри келди, бу куни юраклар ҳазилдан эмас, ҳақиқат сабаб севинди, қалқ­­ди. 80 км.лик масофа 19 км.га қисқарди, йўлларга ҳамоҳанг диллар, меҳр-оқибат, дўстлик масофаси-да қисқарди, яқинлашди.

Қувонарлиси шундаки, раҳбарлар билан халқ ўртасидаги масофалар ҳам бир одим бўлиб қолди. Президентимизнинг жорий йил 4-5 февраль кунлари Фарғона вилоятига ташрифи доирасида белгилаб берилган янги йўналишлар ва вазифалар асосида ҳар бир маҳалла, оила ва фуқаронинг дардини тинглаш, муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, аҳоли бандлиги ва даромадини ошириш мақсадида “маҳаллабай” ишлаш тизими Фарғона тажрибаси сифатида йўлга қўйилди. Натижада, қарамоғидаги гўдагию кекса ота-онасини ташлаб чет давлатларга “қора иш”га кетаётган минглаб юртдошларимиз ватанда олиб қолинди, иш билан таъминланди, тадбиркорлик фаолиятини бошлаб олиши учун имтиёзли кредитлар берилди, касб-ҳунарга ўқитилди.

Қадр – инсон ҳаётидаги ўзига тегишли бўлган ва уни инсон эканини ҳис эттириб турадиган олий туйғу, мақом, қадриятдир. Касбий фаолият, моддий фаровонлик, оиладаги азизлик мақоми – юриш-туришимиз, яшашимиз, борлигимиз ана шу туйғунинг чанқоғини қондириш атрофида айланади. Янги Ўзбекистоннинг шиорига айланган “Инсон қадри учун” тамойили замирида аввало, руҳий хотиржамлик, юксакликка етиш турибди. Асли азал-азалдан ўзбек халқи, жумладан, фарғоналиклар инсоний туйғуларни қадрлайдиган, каттага ҳурмат, кичикка иззат кўрсатадиган халқ. Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоровнинг хайрли ташаббуси билан ана шу кўнгилларда учқунлаган меҳр аланга олди. Вилоят раҳбари шахсан шу замин ривожи учун касб-ҳунари, эл-юртга нафи тегадиган фарзанди, гўзал ишлари билан хизмат қилган оналарга эҳтиром кўрсатди. Респуб­ликада илк бор Фарғонада “Оналарга эҳтиром” фестивали ўтказилди. 25 номинация бўйича дуогўйларимиз, онажонларимиз эъзозланди. Дунё ташвишлари билан андармон юрган фарзандларга “Онангизни эъзоз­ланг, борида қадрланг, асраб-авайланг!” деган ҳайқириқ, чақириқдек бўлди. “Меҳр эстафетаси” вилоят миқёсида, шаҳар-туманлар бўйлаб шу қадар кенг ёйилдики, довруғи бошқа вилоятларга қадар етиб борди. Бу хайр­­ли ташаббуснинг келгуси йили мамлакат бўйлаб қанот қоқишидан умидимиз бор.

Сўнгги йилларда одамларга меҳр улашиш, қадр-эҳтиром кўрсатиш Фарғонада одат тусини олди. Хусусан, Лоғонда “Уч авлод учрашуви”, “Кексалар ҳафталиги”, “Ёшлар форуми” каби тадбирларнинг ўтгани ҳар бир авлод вакилига эътибор кўрсатиш, эъзозлашга яққол мисол бўлади.

Кўнгиллардаги ободлик кўчаларга, қишлоғу шаҳарларга кўчди. “Дашт мўъжизаси” дея аталаётган, чор томони қумлоқ, тошлоқ бўлган даштнинг ўртасида қад ростлаган “Гулистон” шаҳарчаси 1236 та хонадондан иборат 61 та кўп қаватли уйларни бағрига олди. Энди республика бўйлаб “Бағдодда нима гаплар?” дея так­рор сўраладиган, “Бағдод тажрибаси”ни ўрганиш учун узоқ-яқиндан келинадиган бўлди.

Бағдод тумани марказидан 12-13 км. узоқликдаги замонавий массивда янги МФЙ биноси, қўшимча 440 ўринли мактаб, 150 ўринли болалар боғчаси, поликлиника, савдо мажмуаси, коворкинг маркази, спорт ком­­­­­­­п­лекси, маданият маркази, истироҳат боғи сингари ижтимоий соҳа объектлари фойдаланишга топширилди. Электр энергияси, табиий газ, ичимлик ва оқова сув тармоқлари тортиш, ички йўллар қурилиши бўйича ҳам шаҳарсозлик меъморчилиги анъаналари асосида ло­йиҳа ҳужжатлари тайёрланди.

Шунингдек, ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш мақсадида “Мурувват” МФЙга ёндош ҳудудда 14,3 гектар майдонда “Мустақиллик” кичик саноат зонаси, 100 гектар ерда ҳар бири 10 сотихдан лимончиликка ихтисослашган иссиқхоналар барпо этиляпти. Бугунги кунгача 85 та иссиқхона битказилиб, ҳудудда қуриб битказилган уйларга кўчиб келган оилаларга ажратиб берилди.

Уйнинг 1 кв. метр нархи 3,5 млн. сўм бўлиб, икки хонали хонадоннинг қиймати 140 млн. сўм, уч хонали уй 168 млн. сўмни ташкил этмоқда. Айтайлик, икки хонали уйнинг бошланғич тўлови 21 млн. сўм. Уй олувчига 15 фоиз миқдорида субсидия (14 млн. сўм) берилиши натижасида у атиги 7 млн. сўм маблағ эвазига янги уйга кўчиб ўтади. Ҳозирги кунга қадар “Мурувват” МФЙда 5 та кўп қаватли уйлар битказилиб, асосан “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган оилаларга ажратилди.

Бундай массив шаклидаги уйлар нафақат Бағдодда, балки Фарғона шаҳрида (29 та кўп қаватли уй, 980 та хонадон), Олтиариқ (9 та кўп қаватли уй, 258 та хонадон), Учкўприк (10 та – 250 хонадон), Бувайда (11 та – 380 хонадон) туманларида ҳам барпо этилди. Бу каби бунёдкорлик ишларини санамоққа осон, аммо аҳолига ҳамма шароитга эга, шинам, озода, шаҳардан қолишмайдиган уйлар, массивлар, боғларни қуриб битказиш учун аввало, вилоятнинг мутасадди раҳбарлари, меҳнаткаш халқи тиним билмади.

Давлат раҳбарининг аҳоли барча қатламларини уй-жой билан таъминлаш, бу борада танлаш имкониятини кенгайтириш бўйича берган топшириқларидан келиб чиқиб, 2021 йилда илк бор шаҳар ва туманларда таж­риба сифатида кўп қаватли уй-жойлар қурилишини хусусий пудрат ташкилотларини жалб этган ҳолда амалга оширилди. Ва натижа кутилганидан ҳам зиёда бўлди.

300 гектарлик фойдаланишга яроқсиз ҳудудда “Эко шаҳар”нинг бунёд этилиши эса алоҳида мавзу. Гиёҳ унмас дашту дала ўрнида яратиладиган яшил шаҳар 40 минг нафар фарғоналик учун бошпана, унга туташ кичик саноат зонаси 20 мингдан ортиқ аҳоли учун меҳнат маскани бўлиши кўзда тутилган.

Шаҳар об-ҳавосини мўътадиллаштириш, ҳудудни “обиҳаёт” билан таъминлаш мақсадида лойиҳалаштирилган янги канал қурилиши жадаллик билан олиб борилмоқда. Умумий узунлиги 10 км. дан ортиқ бўлган тармоқ Фарғона туманидаги Шодиева номли каналдан сув олади. Ушбу канал “Эко шаҳар” ҳудудида 70 гектар майдонда ташкил этиладиган “Янги Ўзбекистон” боғини сув билан таъминлайди. Айни кунда бу ерда қудратли техникалар, юздан ортиқ қурувчилар басма-басига меҳнат қилмоқда.

— Бу ерда 7-25 қаватли 313 та 14 минг 244 хонадонли кўп қаватли уй-жойлар, 10 та болалар боғчаси, 4 та мактаб, 1 та шифохона, 2 та спорт мажмуалари қурилади, 10 та тик қудуқ қазилади, — дейди Фарғона шаҳар ҳокимлиги қурилиш комплекси мутахассиси Баҳромжон Фозилов.

Фарғонанинг бунёдкорлик салоҳияти, етарли шарт-шароит ва имкониятидан қониққан, ўзига муносиб ҳамкор деб билган хорижлик инвесторларнинг бу заминдан қадами узилмаяпти. Энг сўнгги хушхабарлардан бирини олсак, Ҳиндистоннинг “Apollo Hospitals” халқаро шифохоналар тармоғи билан ҳамкорликда Фарғонада замонавий трансплантология ва онкология клиникасини ташкил этиш бўйича меморандум имзоланди.   Бу тана аъзолари трансплантацияси, ортопедия, кардиохирургия, ошқозон-ичак аъзолари ва кўз касалликларидан шифо излаган Фарғона ва водий аҳли энди чет элларга, хусусан, Ҳиндистонга бориши шарт эмас, дегани. Фарғонанинг ўзида шундай мураккаб турдаги операциялар амалга оширилади, оғир касал­ликларга даво топилади.

Фарғонада ҳамиша илм, таълим-тарбия масаласига жиддий қаралган, улуғланган. Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров йил давомида мактабгача таълим қамровини 80,2 фоизга етказмоқчи. Бунда “Фарғона тажриба”ларидан бири – енгил конструкцияли йўлдош контейнер боғчаларнинг ҳиссаси катта бўлди. Босқичма-босқич амалга оширилган тизимли ислоҳотлар натижасида болаларни МТТларга қамраб олиш кўрсаткичи ошди, узоқ муддат навбатда туриш ҳолатларига барҳам берилди. Битта контейнер боғчанинг қурилиши 100 та болани бағрига олиш учун имкон беряпти. Бугунги кунда 5460 ўринли 60 та бундай турдаги йўлдош бинолар барпо этилган бўлиб, 50 таси фойдаланишга топширилган. Уларнинг енгил ва қулайлиги, айниқса, қишда иссиқ, ёзда салқин ҳавони сақловчи газоблоклардан қурилаётганлиги контейнер боғчалар тажрибаси тўғри ечим эканини кўрсатмоқда. Вилоятда 3-босқичда яна 2700 ўринли 30 та бу турдаги боғчалар қурилиши белгиланган.

2021 йил Қўқон шаҳрида давомат жуда пастлиги аниқлангач, Фейс АйДи (ўқувчилар давоматини юздан аниқлаш) тизими тажриба сифатида жорий қилинди. Ота-она – мактаб – маҳалла ҳамкорлигини мустаҳкамлашга қаратилган ушбу тизим ўзининг яхши самарасини берди. Давомат ўсиши 15 фоизни ташкил этди.

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров халқ депутатлари вилоят кенгаши сессиясида вилоятни жорий йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2022 йил учун белгиланган энг устувор йўналишлар хусусида халққа Мурожаатида келгуси йили Фарғона шаҳар “Сайилгоҳ” кўчасида туркиялик лойиҳачиларни жалб этган ҳолда, қарийб 100 млрд. сўм маблағ ҳисобига 13 қаватли, барча шароитларга эга бўлган замонавий IT Парк, муҳташам кутубхона ва инновацион тил ўрганиш марказидан иборат мажмуа ташкили этилишини ҳам таъкидлаб ўтди. Бу ҳам илм, маърифат, китобхонликка қаратилаётган улкан эътибордан нишона.

Асли фарғоналиклар китоб илмини ҳам, ер илмини ҳам яхши ўзлаштирган халқ. Ҳар бир қарич ердан даромад топиш, гулу бўстонга айлантиришнинг устаси. Хусусан, 11 ой давомида 695,1 млн. долларлик маҳсулотлар экспорти амалга оширилди. Шундан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 63,2 фоизни ташкил этади. Баҳранларда тутзорлар, малиназор ва пистазорларнинг ташкил этилиши нафақат вилоят, балки республика иқтисодиёти, экспорт ҳажми ошиши, дастурхонларнинг мўл-кўл бўлиши, одамларнинг ҳаётдан рози, турмуши фаровон бўлишида ҳам муҳим роль ўйнайди.

Ҳа, муболаға эмас, Фарғона сўнгги йилларда барча жабҳада қатор ютуқларга эришди, эришмоқчи бўлганлари ҳали яна олдинда. Хусусан, ишсизликни камайтириш, қишлоқлар инфратузилмасини яхшилаш, хизматлар соҳасини ривожлантириш каби соҳалардаги айрим муаммолар келгуси йилда яна янги-янги вазифалар қўйишни тақозо этмоқда.

Хусусан, вилоят ҳокими вилоят аҳолисига Мурожаатида 2022 йил уч соҳа, яъни коррупцияга қарши курашиш, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиш ҳамда тадбиркорлар билан ишлашда “Фарғона тажрибаси йили” бўлишини алоҳида таъкидлаб,   “Қонун устувор, жазо муқаррар” тамойили вилоятимизда ҳар жабҳада бош мезон бўлиши, аҳолини кенг кўламда маданий ва спорт тадбирларига жалб этиш, соғлом турмуш тарзи ва соғлом овқатланиш масаласига ўргатиш кераклиги, бу борада ҳокимлар, ўринбосарлар, маданият, спорт, телевидение, соғлиқни сақлаш, маҳалла раислари фаолликни қўлга олиши, ташаббус кўрсата олмайдиган, янги-янги ғояларни кўтариб чиқишга, ўзгариш қилишга интилиши бўлмаган раҳбарларга нисбатан талаб ҳам, қўлланиладиган жазо чоралари ҳам жуда қаттиқ бўлиши ҳақида огоҳлантирди. Республикага ўрнак бўлувчи “Тадбиркорлар маркази” фаолиятини янада яхшилаш, уларга енгиллик ва шароит яратиш замон талаби, тадбиркорлар иқтисодиётнинг драйверлари эканига тўхталди.

Биз ҳам меҳнаткаш, ғайрат-шижоатли, сабр-матонатли Фарғона эли ҳамда оқил ва адолатли мутасадди раҳбарларга 2022 йил янги-янги марраларни забт этиш, яна янги тажрибалар қилишда қатъият тилаймиз. Келажакда инновацион, истиқболли ғояларни қўллашга келганда, бутун Ўзбекистон “Фарғонада нима гап?” деб тургувчи бўлсин!

Севара АЛИЖОНОВА,

журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

18 + 8 =