Кўнгил қўшиғи ёки фахрий журналист ҳаётидан ҳикоя

“…Четдан қараган кишига романтик кечинмаларга бойдек кўринган журналистика, аниқроғи, мухбирлик   касбининг пинҳоний машаққатлари талайгина. Буни бошидан кечирган киши билади. Бу касб саккиз соатлик иш вақтининг ўлчову қолипларига сиғмайди. Шоирона таъбир билан айтганда, “бўронлардан ҳаловат” излайсиз. Журналистиканинг нони қаттиқ дейилиши балким, мана шу одоқсиз ташвишларига ишорадир?! Айни дамда ўзига хос ҳузуру қувончлари ҳам йўқ эмас. Бу касбнинг қувончу машаққатини телерадио тизимида вилоят мухбири бўлиб ишлаган киши янада теранроқ идрок этади. Айтадиларку, “бошидан кечирган табиб” деб… Бу жайдари фикрлар қарийб қирқ йиллик умри мирзачўллик чўлқуварлар орасида   кечган оқсоқол журналист Боқижон ота Имомовнинг ҳаётий мушоҳадаларидир.

Ҳозирги кунда 86 баҳорни қаршилаган Боқижон ота Имомов менинг мақсад-муддаомни жилмайганча бошларини ирғаб тинглар эканлар, таниқли шоирнинг:

“Мухбир йўли оғир ҳамда сермашаққат.

Бироқ сизга шон келтирар ҳар кун, ҳар соат…” мисраларини ўқидилар ва қаршисидаги стол ғаладонидан қоғози униқиб сарғайган бўлса ҳам ёзувлари тиниқ, биринчи-иккинчи бетларининг тепа бурчаги бироз йиртилган газетани олиб менга узатдилар. Уни авайлаб ушлаганча варақлай бошладим. “Тошкент ҳақиқати”, 1957 йил, 10 сентябрь!” — ёзувига кўзим тушди. Хаёлан сарҳисоб қиламан, қаранг, босмадан чиққанига, қарийб   олтмиш беш йил тўлибди… Газетанинг   ички иккинчи ва учинчи бетларидан жой олган “Ишчи-қишлоқ мухбирлари ҳаракати қудратли кучдир” умумий рукн остидаги   махсус қўш саҳифа пойтахт вилоятидаги ташкилот ва корхоналарнинг кўп ададли газета ва жамоатчи мухбирлар фаолиятига бағишланган эди. Қўш саҳифадан “Ишчи мухбир Боқижон Имомов” сарлавҳали материал ҳам жой олган бўлиб, муаллифи таниқли устоз журналист (марҳум) Исмоил Сулаймонов экан. Мақола   шундай бош­ланади: “Труд” газетасининг янги сонини варақлаб ўтириб, “Пенсионер оиласида қувонч” сарлавҳали лавҳага кўзим тушди. Материал ўртасига сурат жойлаштирилган. Суратда кекса ишчи ўз оила-аъзолари билан самимий суҳбатлашиб ўтиргани акс эттирилган. Лавҳа тагидаги муаллифнинг фамилияси ўрнида “Боқижон Имомов, завод токари” деган сўзлар ёзилган эди. Фото ҳам муаллифники эди…” Ушбу битиклардан ҳам кўриниб турибдики, Боқи ота бу касбга талабалик партасидан эмас, заводда токар бўлиб ишлаб ҳаёт қозонида қайнаб, пишиб кириб келган. Мен лавҳани ўқиб чиқиб у кишига қарадим. Нигоҳимдан нима демоқчилигимни уқдилар чоғи, “Чамамда, сизни мухбирлик фаолиятим, телевидениега қандай келиб қолганим қизиқтираяпти чоғи, шундайми? — дея менга саволомуз қарадилар. Худди шундай, дегандек бош қимирлатиб   тасдиқладим.

— Мактабда 7-синфда ўқиётганимда дадам   менга “Комсомолец” русумли фотоаппарат олиб берган эдилар. Шу-шу сурат олиш ва ишлаш менинг асосий машғулотим бўлиб қолган. Бу ҳақда мен ўша йилларда республика радиосининг ўсмирлар ҳақидаги “Пионер эрталиги” эшиттиришида ҳам гапирганман.

Кўп ўтмай, дадам қазо қилиб, оилада ойим, мен ва укам қолдик. Мактабни тамомлагач мен Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтига сиртдан ўқишга кириб, “Тошкент қишлоқ хўжалик машиналари” заводининг токарлик цехида шогирд бўлиб иш бошладим. Ке­йинроқ Тошкент экскаватор заводига токарликка ишга ўтдим. Цехда иш уч сменада ташкил этилган эди. Иккинчи ёки учинчи сменада ишлаган вақтим кундузи бўш бўлардим. Мухбирликка бўлган қизиқишу иштиёқимнинг юқорилиги боис мен радионинг “Ахборот”и ва “Тошкент ҳақиқати” газетаси учун хўжаликларга, корхона ва ташкилотларга бориб хабар ва лавҳалар олиб келардим. Газеталарга фотосуратлар ишлаб берардим. Сураткашлик ҳунарини яхши эгаллашимга “Тошкент ҳақиқати” газетасининг ўша пайтдаги фотомухбири В. Салов устозлик қилган. Бундан ташқари мен рус тилини яхши билганлигим боис Мос­квада чиқадиган газеталарга ҳам сурат ва лавҳалар жўнатиб турганман. Шу сабаб Мос­квада бўлиб ўтган   “Труд” газетаси ишчи-қишлоқ мухбирларининг кенгашига делегат бўлиб борганман.

Ҳовли-жойимиз кенгроқ бўлгани учун бир неча йил “Тошкент ҳақиқати” газетаси ходими, қишлоқ ва деҳқонлар ҳаё­тига оид очерк ва публицистик мақолалар устаси журналист Солижон Маҳкамов, кейинроқ таниқли ёзувчи Худойберди Тўхтабоевлар (улар бугун орамизда йўқ. Оллоҳ раҳмат қилган бўлсин!) оилалари билан бизникида ижарада туришган. Улар билан ака-укалардек аҳил яшаганмиз. Ана шу ижодкорларнинг таъсири бўлса керак, мен адабиётга, хусусан, журналистикага қизиқишим орта борган.

Бир куни заводнинг ўзим ишлаётган механика цехи ишчиларининг метал ўрнига арзон ва чидамли пластмасса ҳамда капрондан тайёрлаётган янги детал ихтиросини суратга тушириб келиб республика телевидениесининг “Ахборот” муҳарририятига топширдим. Бу янгиликнинг афзаллиги ва аҳамияти ҳақида телестудия ходимларига айт­ган эдим, улар заводдаги ихтиро тўғрисида “ўзингиз эфирга чиқиб батафсил гапириб беринг”, деб қолишди. Корхонадан янги яратилган   деталлардан намуналар олиб келиб бунинг амалдаги самараси тўғрисида “Ахборот”да чиқиш қилганман. Илк бор эфирга чиққан ҳая­жонли куним ҳозир ҳам кечагидек эсимда. “Тошкент ҳақиқати” газетаси менга “штатсиз мухбир” деган ҳужжат берган эди. Шунинг учун таҳририятга тез-тез келиб турардим. Ходимлар билан ҳамкорликда газета учун материаллар тайёрлар эдик. Бундай яқинлик мени бу касбга ўз-ўзидан ипсиз боғлаб қўйди. Айниқса, ўша пайтда собиқ иттифоқнинг энг машҳур нашрларидан бири бўлган “Труд” газетасининг Тошкентдаги мухбири Владимир Александрович Книп билан танишувим ва унинг кўмагида ушбу газетада хабар ва лавҳаларимнинг чиқиб туриши менинг журналис­тика касбига бўлган қизиқишимни яна оширди. Бир куни Владимир Александрович мени чақириб юқорида айтганимдек, Москвага — “Труд” газетаси ташкил қилаётган   ишчи-қиш­лоқ мухбирлар кенгашига боришимни ва тайёрланишимни айтиб қолди. Ўша вақтдаги ҳая­жонли дамларни сўзлашимга тил ожиз. Бироқ тўрт кун давом этган бу йиғин мен учун ўзига хос бир мактаб бўлди. У ерда менга замонасининг машҳур ёзувчи-шоирлари ва журналистлари билан учрашиб суҳбатлашиш насиб этди…

Боқижон ота бир нимани эсламоқчи бўлдиларми, негадир бирдан гапларидан тўхтаб ўйланиб қолдилар, мен гурунгга яна қўр бериш учун,   “демак, телемухбирликка заводнинг токарлик цехидан кириб келган экансиз-да?” дедим.

— Ҳа, шундай бўлган, дея ҳикоясини яна давом эттирди, Боқижон ака.— Шу тариқа мен 1958 йилда ишдан-ишга ўтказиш асосида Республика телевиде­ниесига муҳаррир-мухбирлик вазифасига тайинландим. Бу ерда менинг касбий маҳоратим янада ошди. Айниқса, ўз даврининг малакали кино тас­вирчилари   Пўлат Расулов, Феруз Алимов, Собит Салимов ва фото-сурат устаси Владимир Пановлар билан бирга ишлаб тасвирга олишни ҳам ўрганиб олдим. У пайтда ҳозиргидек замонавий камера ва монтаж техникалари қаёқда, ҳатто етти ухлаб тушимизга ҳам кирмаган. Биз ишлаган даврдаги баъзи бир воқеаларни айтсам бугунги кишиларга афанди латифасидек туюлиши мумкин. Лавҳа ва репортажлар фото ва киноаппаратлар ёрдамида тасвирга олиниб, тас­вирли плёнкалар қайчиланиб бир-бирига улаш орқали монтаж қилинарди. Ўша йиллари Мирзачўлни ўзлаштириш ишлари авжига чиққан ва чўлқуварлар фаолиятини ёритиш энг долзарб масала эди. Шундай кунларнинг бирида менга раҳбарлар сўраётганини айтиб қолишди. Учрашсам, Мирзачўлга мухбирликка таклиф этишди. (Ўша пайтгача респуб­лика телевиде­ниесининг бирон-бир вилоятда мухбири бўлмаган). Мен сира иккиланмай рози бўлдим. Шундай қилиб каминага Рес­публика телевиде­ниесининг қалдирғоч вилоят мухбир-опе­ратори бўлиш насиб этган. Йўлланма билан Сирдарё вилоятига отландим. Гулистонга бориб вилоят партия қўмитасининг мафкура ишлари бўйича котибига учрашдим. У қозоқ миллатига мансуб киши экан. Гап­ларимни тинглай туриб: — “Гулистон шаҳрида турувга жой жўқ-ку” деди. Мен яқин атрофдаги шаҳарми ёки туман марказидан бўлса ҳам майли, дедим. У бироз ўйланиб туриб Янгиер шаҳрига боришим мумкинлигини айтди. Шундай қилиб оилам билан кўч-кўронимизни орқалаб Янгиер шаҳрига кўчиб кетдик. Қўриқ ер ўзлаштирувчилар ҳаётини ёритиш мавзуси ўша давр учун ўта муҳим ва долзарб эди. Яна шу йилларда Ширин шаҳрида “Сирдарё ГРЭСи қурилиши ҳам авжида борарди. Ҳукуматнинг диққат-эътиборидаги бу объект­дан ҳар куни телелавҳа ва репортажлар тайёрлардим. Бугун айтишга осон, лекин у пайтдаги ибтидоий киноаппарат билан тасвирга олиб монтаж қилишнинг ўзи бир мушкул иш эди. Қўлимда ярим профессионал “Адмира” русумли кинокамера бўлар эди. У вақтларда бунга ўхшаш русумли киноаппарат кам бўлиб, махсус батарейкаси йўқ эди. Тажрибали ҳамкасблар фақат мотоциклнинг аккумуляторидан фойдаланиш мумкин деб маслаҳат беришди. Бир куни бу матоҳнинг атрофларини латта-лутта билан ўраб ва камерага улаб тасвир олишга чиқдим. Келиб не бир кўз билан кўрайки, нимадир бўлиб, аккумулятордан тошиб чиққан кислота бутун уст-бош кийимларимни илма-тешик қилиб юборибди. Ўз аҳволимга боқиб йиғлашимни ҳам, кулишимни ҳам билмай қолганман ўшанда.

Буям майли, айниқса, телелавҳа ёки репортажни пойтахтга етказиш жудаям азоб эди. Айниқса, техник жиҳатдан носоз чиқиб қолса борми, бу ёғи дард устига чипқон бўларди. Шунинг учун “Ахборот”га тайёрланган “материал” ни пойтахтга   ўзим ёки турмуш ўртоғим Яшна Набиева олиб келарди.

Менинг юмушларимга кўмаклашавериб аста-секин у ҳам журналист бўлиб кетган. Ҳамширалик касбидан воз кечиб узоқ йиллар Янгиер шаҳар газетаси ва радиосида аввал ходим, кейин муҳаррир бўлиб хизмат қилган. Лавҳани ўзим пойтахтга   олиб келган кезларимда монтажи муваффақиятли тугаб эфирга кетиши аниқ бўлгач шу заҳотиёқ Сирдарёга жўнаганман. Йўлда кета туриб эфир вақти яқинлашиб қолса тепасида антенна кўринган уй   олдида автобусдан тушиб ўша хонадонга “чақирилмаган меҳмон” бўлиб кириб бориб телевизорини қў­йишини илтимос қилардим. Лавҳамни кўриб кўнг­лим жойига тушгач, яна Янгиер шаҳрига равона бўлардим. Бу гапларим ҳозирги кишиларга эриш ва кулгили туюлиши аниқ, бироқ, не бир машаққатлар билан ўзинг тайёрлаган лавҳангни эфирда кўришнинг завқи бўлакча-да. Хуллас, бири-биридан муҳим ва долзарб мавзуда олинган лавҳа ва репортажларим “Ахборот”да тўхтовсиз берилар эди. Ўша вақтдаги “Ахборот” муҳарририятининг   раҳбари Анвар Тожиевнинг ҳозиржавоб журналистлиги менга маъқул эди. Вилоятда бўладиган тадбирларни ёритиш ҳақида телефон орқали боғланиб Анвар акадан сўрасам, у киши қисқа қилиб “олинг ва тез етказинг” дердилар.   Мухбир-оператор сифатида транспорт масаласида қийналиб юрган кезларимда пойтахт менга ҳиммат қилиб хизмат учун эскироқ бўлса ҳам икки ўриндиқли “Москвич” русумли (халқ тилида перашкавоз дейилади) усти кабина баландлигида ёпиқ машина беришган. Кейин ҳартугул Сирдарёнинг узоқ туманларига боришим анча осонлашган…

Боқижон ота пиёладаги чойдан хўп­лаб туриб, биз қаламкашлар хоҳ у журналист, хоҳ ёзувчи, ё шоир бўламизми, битта ўхшаш жиҳатимиз бор. Биз кайфият ва кўнгил одамларимиз. Беш бармоғимиз бир текис бўлмаганидек, бизга ҳамма жойда ҳам рисоладагидек бир хил муомалада бўлишмайди. Ўз ўрнида объектлардаги ишларнинг яхши-ёмонлигига қараб (раҳбарларининг кимлиги ва муомаласидан қатъи назар) бизнинг ҳам воқеликка ёндашишимиз турланиши ҳам бор гап.

Назаримда инсон қалбида қандайдир сирли бир қўшиқ бор. У овозини баралла қўйиб куйламас балки уни. Ҳатто хиргойи ҳам қилмаслиги мумкин. Бироқ ботиндаги ана шу сирли қўшиқ унинг умрига йўлдош, ҳаётига ҳамроҳ бўлиб қолаверади. Журналист навбатдаги қаҳрамони билан гурунглаша унинг кўнгил торларини чертишга, ботиний дунёсидаги сирли қўшиқни тинглашга уринади. У қоғозга туширган битикларда даврнинг талаби-ю сиёсати устунлик қилдими, тамом бу исмсиз сирли қўшиқ кўнгилга зуҳурланганча ботинида қолиб кетаверади. Бироқ аёздан омон қолган майсадек ўзининг ҳаётбахш яшил ҳавоси билан уни эртанги кунга чорлаб одамлар орасига етаклайверади.

Ҳа, ижодкор умри поёнига етиши мумкин, аммо у айтган сўзнинг сўнгги бекати йўқ. Гарчанд СЎЗ руҳий озуқа сифатида эътироф этилсада, буни ҳамма бирдек тушунмайди, ҳис этмайди. Бироқ кимларгадир қамчиндек ботиши, кимларнидир парвозга шайлаши билан ҳам сўз ўз қудратини амалда намоён этади. Бироқ ижодкор қалбидан кўчган сўз-туйғулар тимсолида у кўнгилларга кириб бораверади. Бу фикрлар оқсоқол журналист Боқижон отанинг мулоҳаза-ю мушоҳадаларининг ҳосиласи сифатида кўнглимдан кечди.

Очил ТОҲИР,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

10 + 14 =