“Қишлоққурилишбанк”да сохта евролар пайдо бўлди

Яқинда АТБ “Қишлоққурилишбанк”нинг минтақавий филиалларидан бирига ишимиз тушиб бордик. Биз узатган 100 АҚШ долларлик купюрани обдан назоратдан ўтказган банк ходимаси:

— Бу валютани қабул қилолмаймиз, — деди.

— Нега?

— Купюра сал эскирган, хоҳласангиз сўмдан чегирма олиб қолиб қабул қилишимиз мумкин, — дейди…

Бизни ажаблантиргани, 100 долларлик купюра муомалага ярамаса, нега унда сўмдан чегирма олиб, алмаштиришади? Қизиқ? Ярамайдиган валютани банкдагилар нима қилишаркан?… Ё “қора бозор”да ўтказишадими, тағинам билмадик…

Аммо шу кунларда айнан шу нуфузли АТБ “Қишлоққурилишбанк”нинг Сирдарё минтақавий филиалида 81 минг евро миқдорида қалбаки пул аниқлангани ҳақидаги маълумот ижтимоий тармоқларда пайдо бўлди. Бу қанақаси? Яна давлат банкида-я?

Ҳаммага маълумки, одатда сохта валюталар фақат “қора бозор”да бўлар эди. Энди одамларнинг ишончини қозонган банкларда ҳам пайдо бўлганини ўқиб қайси банкка, кимга ишонишни ҳам билмай қолар экансан.

Юқорида айтганимиздек, банклардаги валюта айрибошлаш бўлимлари муассаса ғазнасига кирим қилинаётган ҳар бир чет эл валютаси бир неча бор текшурувдан ўтказиб қабул қилинади. Нуқсони бўлса, валюта мижозга қайтарилиб, банкка кирим қилинмайди.

Ажабланарлиси шундаки, АТБ “Қишлоққурилишбанк”нинг Сирдарё минтақавий филиалида пайдо бўлган 81 минг қалбаки евро банкнинг муомаласига қаердан ва қандай кириб келган? Ёки банкирларнинг найрангими бу?..

Аниқланган қалбаки валюталар юзасидан АТБ “Қишлоққурилишбанк”нинг матбуот хизматидан изоҳ сўрадик.

— Албатта, банкимиз филиалида аниқланган бу ҳолат юзасидан жамоатчилик орасида кўп шов-шув бўлишининг олдини олиш мақсадида суриштирув-терговга қадар бўлган маълумотларни банк ички назорат бўлими берган маълумотлар асосида ўзимиз ошкор этдик, — дейди банк матбуот хизмати ходими Алишер Равшанов. — Аниқланган 81 минг қалбаки евро миқдоридаги валютани банк муомаласига ким олиб кирган ва қандай йўллар билан кириб келганлигини аниқлаш юзасидан ҳуқуқни муҳофаза этувчи идоралар томонидан тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Айбдорлар аниқлангач, ҳолат юзасидан кенг оммага батафсил маълумотлар тақдим этилади.

Бугунги кунда давлатимиз раҳбари томонидан молия муассасаларининг иқтисодиётимизга қўшаётган катта ҳиссалари ҳамда давлат дастурлари доирасида шаффоф ва адолатли кредит олишлари, тадбиркорларга яратилаётган турли имтиёзлар ҳақида тез-тез ўқиб қоламиз. Агар бу маълумотларнинг шаффофлигига эътибор берсак, биз таъкидлаётган 81 минг евро, яъни катта миқдордаги хорижий валютадаги қалбаки пуллар, ўз бизнесини энди бошлаётган тадбиркорга ёки хорижга чиқаётган инсонларга тақдим этилганда нима бўлар эди?

Бундай ҳолатлар бугунги молия муассасаларимиз учун уят эмасми? Таҳририят ушбу мавзуга яна қайтади.

Ҳикматулло ҚОДИРОВ,

“Hurriyat” мухбири

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

13 − nine =