Эътиқодни афзал билган… ғайридинлар

Афсонавий разведкачи Ким Филбининг номи кўпчиликка таниш, лекин бу инсон 30 йил муқаддам Ўзбекистонга саёҳат қилганидан ҳамма ҳам хабардор дея олмаймиз. Янаям қизиқ маълумот Ким Филбининг отасига тааллуқли: у Ҳиндистонда туғилган, кейинчалик тақдир тақозоси билан Саудия Арабистонига кўчиб борган ва… ислом динини қабул қилган.

Эътиқод эркинлиги, ҳар ким ўзи истаган эътиқодга эътимод қўйиши тушунарли, лекин айниқса дунёга машҳур шахсларнинг исломни қабул қилгани, қабул қилаётгани ва қабул қилиши беихтиёр мулоҳазага ундайди кўпчиликни.

Ўзга дин вакилларининг исломни қабул қилишларига турли вазиятлар, ҳолатлар сабаб бўлгани табиий. Илк ислом даври тарихида даъват-тарғиб йўли асосий йўл ҳисобланган. Кейинчалик виж­дон амри, охирги динга ишончдан келиб чиққан диний мойиллик устунлик қила бошлаган.

…Қоратанлиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи руҳонийнинг суҳбатига қулоқ тутиб ўтириб, католик динига мансуб бўлган Кассиус Клей илк бор масжидга киради ва руҳиятида ғалаён юз берганини пайқайди. 1964 йилда биринчи марта жаҳон чемпионлиги учун жангдан олдин Аллоҳга сиғинади. 22 ёшида дунё чемпиони бўлган ёш боксчи ўша куни ислом динини қабул қилади ва Муҳаммад Али номини олади. Бу исм уни дунёга танитади!

Ёшлигида Муҳаммад Али билан танишган Майкл Тайсон устозига меҳр қўяди, ундан кўп нарсаларни ўрганади. Шўхлик орқасидан қамалади, уч йил давомида ўзининг айбсиз эканини исботлашга роса уринади. Адолатсизликка чидолмай, изтироб чекади. Қамоқда экан, ҳамхоналарининг даъвати билан исломни қабул қилади… 2010 йилда Ҳаж ибодатини амалга оширади.

Замонавий жаҳон эстрадаси юлдузи Майкл Жексон исломни қабул қилгани тўғрисида ишончли далиллар етарли эмас, лекин у Аллоҳнинг буюклиги, Муҳаммад (с.а.в.)нинг энг улуғ ва сўнгги Пайғамбар экани тўғрисида қўшиқ куйлагани ҳақиқат. Майклнинг синглиси Джажет қатарлик миллиардерга турмушга чиққач, мусулмонликни қабул қилган.

Франциялик футболчи Франк Риберининг ишқи­бозлари талайгина. У “Бавария”, “Фиорентина” клуб­ларида тўп сурган. 2013 йилги чемпионлар лигасининг ғолиби, ўша йили Европанинг энг яхши ўйинчиси унвонига сазовор бўлган. 2006 йилда бир кўришда жазоирлик Вахиба Бельхамига ошиқ бўлади. Севгилисига етишмоқ қасдида исломга киради ва исмини Билол деб ўзгартиради. Бу бахтли эр-хотин тўрт нафар қизларига араб исмларини беришган.

Британиялик қўшиқчи ва мусиқачи Кэт Стивенс 1979 йилда исломни қабул қилиб, Юсуф Ислом номини олди. Бунинг сабабини у қуйидагича ҳикоя қилган: яъни, хонанда ушбу воқеадан икки йил аввал Малибу оролларида дам олаётган кунларида фалокатга учрайди. Жонини омон сақлашини сўраб, Аллоҳга илтижолар қилади – астойдил илтижолари қабул қилинади – у омон қолади ва қолган умрини фақат раҳмдил ва шафқатли Парвардигорга бахшида қилишга ваъда беради.

Узоқ йиллар католиклар руҳонийси бўлиб хизмат қилган Идрис Тафиқ (бу унинг янги исми, маълум сабабларга кўра унинг ҳақиқий исми келтирилмайди) дам олиш мақсадида Мисрга боради. Сафарга тайёрланиш асносида давлатнинг тарихи ва дини билан танишиб чиқади. Қоҳирада мусулмонлар билан суҳбатда бўлади, ислом ҳақида яна батафсил маълумотларни ўрганади. Хотиралар дафтарида шундай ёзади: “Бир ҳафталик Миср сафари фикрларимни ағдар-тўнтар қилиб ташлади. Ҳақиқий мусулмонларни ўша ерда кўрдим. Самимий, олижаноб, меҳрибон инсонлар. “Яхшимисиз?” деган саволга барча “Алҳамдулиллоҳ” – “Аллоҳга шукур”, деб бир хил жавоб беришар экан”.

Ўз ватани Англияга қайтиб боргач, якшанба кунлари Лондондаги марказий масжидга қатнай бошлайди, у ерда ғайридин вакиллари учун ислом ҳақида суҳбатлар ўтказилар эди. Суҳбатларнинг бирини таниқли қўшиқчи ва мусиқачи Кэт Стивенс олиб борди. Ўзаро суҳбат давомида исломни қандай қабул қилиш мумкинлиги тўғрисида сўрайди. Ўзи ҳақида, ислом тўғрисидаги фикрлари ва тасаввурини ўртоқлашади. “Сен Аллоҳ ягона, Ундан бошқа илоҳ йўқ ва Муҳаммад (с.а.в.) Аллоҳнинг элчиси эканига ишонар экансан, сен аллақачон имон келтириб бўлибсан”, —   дейди, Кэт Стивенс.

“Бу орада намозга азон айтила бошланди, намозхонлар сафида туриб, улардан кўз узолмадим, кўзимдан эса ёшлар сел каби оқар эди. Намоз тугагач, дўстларим гувоҳлигида “Ла илоҳа илаллоҳ”ни айтдим”, деб эслайди Юсуф Ислом.

Орадан кўп ўтмай Идрис Тафиқ “Исломга оддий қараш” китобини ёзади, келажакда эса Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳақида асар ёзиш учун маълумот тўплай бош­лайди.

Фердинанд Льюис Элсиндор Американинг афсонавий баскетболчиси деб тан олинган. 14 ёшида унинг бўйи икки метрдан ошган эди. 42 ёшида спортни тарк этади (у АҚШ рекордчиси ҳисобланади – турли мусобақаларда баскетбол саватчасини мўлжалга олиш борасида 38 минг 387 очко тўплашга эришган!). Католик оиласида катта бўлган спортчи 1968 йилда шаҳодат калимасини келтириб, мусулмон бўлади ва исмини Карим Абдул-Жаббор дея ўзгартиради.

Жаҳон океанларининг таниқли тадқиқотчиси Жак-Ив Кусто ўтган асрнинг 60-йиллари охирида исломни қабул қилган деган гаплар юради. Амалий тадқиқотлари жараёнида у шўр ва тузсиз сув оқимининг бир-бирига аралашиб кетмаётган жойини кўриб ҳайратга тушади. Бу ҳолат Қизил денгиз ва Ҳинд океа­­ни “туташган” Баб-аль-Мандебе ҳудудида учрайди. Атлантика океани ва Ўрта ер денгизи аралашиб кетмайдиган Гибралтар бўғозида ҳам шундай ҳолатни кузатиш мумкин. Кусто бундай ҳолатлар замиридаги мўъжиза жавобини ислом оламидан, аниқроғи, Қуръони карим оятларидан ўқиб билганини, ҳатто ўша ояти калималарни таржима қилади.

Кустонинг шаҳодат калимасини келтиргани, мас­жидга қатнагани, Қуръонни ёки намоз ўқигани тўғрисида далиллар келтирилмаган, лекин жаҳоншумул олим исломга эътиқодини яширмагани аниқ.

Маълумотларга кўра, Ислом Сибирь ўлкаларига XII-XIII асрларда тарқала бошлаган. Узоқ Шарқнинг аксарият халқлари орасида исломни қабул қилиш Олтин Ўрда хони Ўзбекхон даврида авж олгани тарихдан маълум. Кейинчалик Усмонли империясининг бу ҳудудларга етиб келиши мусулмонлар сонининг ортишига сабаб бўлган.

Таниқли қрим-татар маърифатпарвари Исмоил Гас­принский (Исмоил Гафарли) “Рус мусулмончилиги. Фикрлар, қайдлар, кузатувлар” асарида илк марта “рус мусулмонлари” сўзини қўллаганида, Россия империясида истиқомат қилаётган мусулмон халқларини назарда тутган.

Асарлари жаҳон мумтоз адабиётининг олтин фондидан жой олган Пушкин, Лермонтов, Тютчев, Достоевский, Толстой сингари бадиий сўз даҳолари ҳам ўз асарларида Қуръони карим, ислом дини ва Пайғамбаримиз Расулуллоҳ (с.а.в.)га алоҳида эътибор қаратганлар. Чунончи, Пушкин Усмонли ва Россия салтанатларининг уруши тўғрисида шеърлар ёзиб (“Олегов щит”), бизнинг муқаддас динимиз, унинг Расули ва муқаддас Китобимиз ҳақида ҳаяжон билан ёзади.

Лермонтовнинг илк шеърларидан бири “Исмоил Бей”деб аталган (1932 й.). Унда Чеченистон ва Доғис­тон имоми Шомил ҳақида фикр юритиб, муқаддас ислом дини, шунингдек, Аллоҳ таолога исломий мойил фикрлар юритади. Лермонтов “Замонамиз қаҳрамони” асарида динимиз арконларини меҳр билан тилга олган.

Фёдор Достоевский Пушкиннинг Қуръони карим руҳига кириб борганини таъкидлаган. У рус ижод аҳли орасида биринчилардан бўлиб “Ислом – жаҳон   динидир”, дея таъриф берган.

Николай Гоголь эса талабаларга идеал ҳукмдор “Аль-Маъмун” ҳақида маъруза ўқиётиб, Қуръондан иқтибослар келтирган…

Лев Толстойнинг исломни ўрганишга иштиёқи катта бўлгани тўғрисида рус олимлари кўп баҳс юритишади. Ёш ёзувчи Мисрнинг муфтийси, исломнинг таниқли ислоҳотчиларидан Муҳаммад Абдо билан хатлар ёзишган, шахсан анъанавий мусулмончилик тарафдорлари бўлган татарлар билан мулоқотлар қилган.

Ёзувчи исломни қабул қилганини очиқ айтмаган, бироқ у мусулмонликнинг барча амалларидан хабардор бўлган. Толстойдан оддий одамлар мусулмонликни қабул қилиш бўйича маслаҳатлар олишгани тўғрисида мисоллар ҳам келтирилади.

Буюк британиялик Ойша Розали Туркияга сафаридан сўнг ислом динини қабул қилиб, актрисалик фао­лиятига нуқта қўйди. Розали аслида Буюк Брита­нияда, атеист оилада туғилган. Унинг энг катта ор­зуси актриса ёки режиссёр бўлиш эди, чунки талабалик давридан бошлаб у кинематография соҳасига ихлос қўйган. Розали кўплаб фильмларда роль ижро этиш билан бир қаторда қатор сценарийлар ҳам ёзган ва ҳатто, фильмларга режиссёрлик қилган. У Лос-Анжелесда таълим олган ва бир муддат АҚШда яшаган.

Россиянинг “Тату” гуруҳи солисти Юлия Волкова россиялик таниқли ишбилармоннинг (маълум сабаб­ларга кўра унинг исми келтирилмайди) ўғлига турмушга чиқади. Ёшлар Бирлашган Араб Амирликларига бориб, у ерда никоҳ ўқитишади, ўша заҳоти Волкова ислом динини қабул қилади.

“Фабрика” гуруҳининг аъзоси Мария Алаликина ўзига шон-шуҳрат келтирган қўшиқчилик санъатидан воз кечиб, исломни қабул қилди. Турмуш ўртоғи ҳуқуқшунос Алексей Зуенко билан Москвадан Махач­қалъага кўчиб ўтишган.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, рассом Усто Мўмин номи юртимизда машҳур. 1921 йилдан то умрининг охиригача Ўзбекистонда ижод қилган мўйқалам устаси асарлари Нукусдаги Савицский номли давлат музейи ва ўзи асос солган Тошкентдаги давлат санъат музейида сақланади. “Муштум” журнали ва “Қизил Ўзбекистон” (ҳозирги “Ўзбекистон овози”) газеталарида, Тошкент ва Андижон театрларида рассом бўлиб ишлаган.

Усто Мўминнинг асл исми Александр Васильевич Николаев (1897-1957 йил) исломни қабул қилган илк рус рассоми. Воронежда ҳарбий зобит оиласида туғилган рассом тақдир тақозоси билан 1921 йилда Самарқандга келиб қолади. Унинг асл мақсади Туркистон халқлари музейини ташкил этиш эди. Рассом “Шердор” мадрасасида яшаган чоғида шу ердаги қорилардан илм ўрганади. Калимайи шаҳодат келтириб, мусулмон бўлади. Ҳатто устозларидан Қуръон тиловатини ҳам ўрганиб олади. Исмини Усто Мўмин деб ўзгартиради.

Кейинги пайтларда Имон (Валерия) Порохова (1940-2019 йиллар)нинг маърузаларидан иқтибослар ижтимоий тармоқларда кўплаб келтирилмоқда. Морис Тереза номидаги Москва давлат чет тиллари педагогика институти ва Москва давлат университетининг фалсафа факультети битирувчиси. У 1975 йилда суриялик Муҳаммад Саид аль-Рошдга турмушга чиқади.

Ёш оила 1985 йилда Дамашққа кўчиб кетади ва Валерия у ерда исломни қабул қилади, Имон исмини олади. Олти йил деганда — 1991 йилда Қуръони карим таржимасини тугаллайди. Аль Азҳар университетининг тақризини олиб, уни Москвада нашр эттиради. Шу тариқа муқаддас Китобимиз ислом арконларини астойдил ўрганган олима томонидан илк марта рус тилига таржима қилинади. Муҳаммад ва Имон шу йили Москвага қайтиб келишади. Турли нодавлат ташкилотларда ишлашади. Россия ва хорижий давлатларнинг бир қатор унвонларига сазовор бўлади.

Олима Европада энг катта мусулмонлар жамияти Англия, Франция, Германияда эканини таъкидлаб, келажакда уларнинг сони тобора ортишини башорат қилади.

Сўнгги ўн йилликларда дунё ёшларининг мусулмонликни қабул қилаётгани тўғрисидаги фактлар ортиб бормоқда. Улар орасида айниқса санъат аҳли вакиллари кўпчиликни ташкил қилмоқда. Сабаб? Бундай руҳий-эътиқодий эврилишларнинг туб сабаби нимада?

Асли касби шифокор, “Инжил. Қуръон ва билим” асари билан танилган франциялик адиб Морис Бюкайнинг тубандаги сўзлари мазкур саволга муносиб жавоб бўлади: “Исломни кўчадан кириб келган ҳар қандай инсон ҳам қабул қилавермайди. Уни эс-ҳушини таниган, чуқур илм соҳиби бўлган инсонларгина тан олади. Исломга зиёлиларнинг қизиқиши тобора ортиб бораётганининг сабаби ҳам шунда”.

Аброр ҒУЛОМОВ,

сиёсий шарҳловчи

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

20 − 9 =