Орият эҳтиёжи

ТАҲРИРИЯТДАН: таниқли шоира ва журналист Қутлибека Раҳимбоеванинг ушбу мақоласи ҳар бир юртдошимизни ўйга толдириши керак. Ахир, “Ор-номус”, “Орият” сўзлари бу шунчаки оддий сўзлар ёки атамалар эмас. Балки ҳар бир инсоннинг виждони, ғурури, қалби, юраги қадар мазмунга эга мажбуриятлар ҳам эмасми?

Яқинда Андижонда юз берган воқеа: беш нафар эркак кўринишидаги манқуртсимонлар оддий бир оиланинг 5 ойлик келинини дала шийпонида зўрлаган. Бу фожиа, бу қабиҳликка қўл уриш учун, (яна Рамазон ҳайити куни) қандай одам бўлиши керак? Ва бундай жирканч нусхаларга қандай жазо берилмоғи лозим? Газетамизнинг келгуси сонида шу ва шунга ўхшаш   жиноятлар, разилликлар, уларнинг омиллари хусусида мақола чоп этилади. Унда бировнинг қизи, бировнинг келини, бир йигитнинг аёли бўлган ожизани бадном қилганлар кимлар эди, қандай оилада, қандай муҳитда улғайишган эди у нусхалар? Милиция, маҳалла профилактика инспекторларининг Андижонда юз берган бу кулфатга дастлабки муносабати ва бошқа ўйга соладиган жиҳатлар ҳақида батафсил сўз юритилади.

 

Яхшиям, луғатларимизда шундай сўзлар бор. Яхшиям, бу сўзларда туйғуларни силкитадиган, бир айтилганда, элнинг барини бўлмаса-да, ярмини тик турғазиб юборадиган қудрат бор. Қани, бир даврага бориб “Оринг борми сенинг?!” — деб кўринг-чи, шивирлаб эмас, ҳар товушини юракка боғлаб, жонингиздан овоз бериб айтинг-чи, давра қалқимасмикан… “Ор талашмайсанми!” , “Номусга тиришмайсанми?!” — деганингизни ҳам айтган жо­йингиздагилар оддий “Нонушта қилдингми…”,     “Тўйга бордингми …” тарзидаги саволлардай эшитмайди. Чунки бу сўзлар, бу сўроқ-саволларда, такрор айтаман, юракни сапчитадиган, кўнгилни қўзғатадиган, миллатимизнинг жон томирларига туташ бир куч бор. Даврдан даврга ўтиб келаётган, кўпчилик эшитган, ҳозир ҳам эшитилса, зарар қилмайдиган бир ривоятни эслайлик.

 

Эмишки, бир мамлакатнинг султони вақти – соати етиб, бандаликни бажо келтирибди. Юртга бош­чилик қилиш маликанинг зиммасига тушибди. Бу мулкотнинг ер-сувлари мўл бўлиб, давлати анчадан буён қўшниларининг кўзини ўйнатиб, суқини келтириб юрар экан. Қўшни мамлакат соҳиби аёл эгалик қилаётган юртни босиб олмоқчи бўлибди ва таомилга кўра, бу ҳақида хабар йўллабди. Малика элчини қабул қилгач, ўзи билан ўзи фикрлашибди, сўнг унга шундай жавоб айтибди:

— Биламан, сизлар келсангиз, нон-туз билан эмас, қилич, қалқон билан келасизлар. Мен учун юртимнинг, юртдошларимнинг ҳаёти ҳар нарсадан азиз. Ниятингиз жон эмас, бойлик бўлса, уни оласиз. Бисотимда раҳматли султоним менга ҳадя қилган бир хос либос бор. Унинг иплари энг тоза тилло кукунидан, безак учун ишлатилган тошлари эса забаржад, олмос, зумрад, гавҳарлардан иборат. Бир сўз билан айтганда, бу либоснинг қийматини бемалол тобе мамлакатнинг ҳукмдор давлатга тўлайдиган бир йиллик божига тенглаштириш мумкин. Ҳозирча шуни   подшоҳингизга элтиб бериб туринг, кейинги йиллар масаласини вақти келганида ҳал қилиб олаверамиз.

Малика шундай дебди-да, оғирлиги бир неча туя­­га (салгина муболаға бўлиши табиий ҳол, чунки ривоятлар ҳам достону эртаклар каби халқ оғзаки ижоди маҳсули-да) юк бўладиган хос либосни элчига тақдим қилдирибди. Ўзи эса “Ўйлаганларим амалга ошармикан, нозик ишораларим қўшни ҳукмдорнинг ор томирларига тегиб, титратармикан ё молу давлат ҳою ҳаваси уни буткул бундай туйғулардан мосуво қилдимикан?” деган ўй-хаёлларда кун ўтказади. Маликанинг ҳадясини кўрган подшоҳнинг кўнглида бўрон қўзғалади. “Мен аёл кишининг бош эгасидан ёдгор ҳадяни олиб, бойийдиган даражада паст кетадиган ҳукмдорманми? Унда менинг эр кишилик ор-номусим қаерда қолади? Бо­ринглар, либосини ўзига қайтариб олиб бориб беринглар! Менга божи ҳам, мамлакати ҳам керак эмас, ўзига буюрсин, кечдим!” дебди. Хос либос қайтиб келгач, малика ўйлаганлари амалга ошганига, ўртага ор-номус масаласи тушганда бошқа ҳаваслар орқага тисарилишига яна бир карра иймон келтирибди. Балки, бу ривоятда ҳақиқатдан кўра тўқувчи истагига бўйсунган тўқима кўпроқдир. Лекин барибир пинҳон, ошкор ғалабаларга ор-номус сўқмоқларидан юриб ўтилиши бор гап. Фақат оладиган мукофот пулини деб эмас, “Ватан, миллат ор-номуси учун”, дея майдонга тушган курашчиларнинг аксарият ғалабаларига ҳам куч, маҳорат баробарида юракни ёндириб турган шу туйғу кафолатдир.

Лекин (ана шу “лекин”и ёмон-да, ана шу “лекин”и алам қилади-да) кимимиздир, кимларимиздир бу туйғуни унутиш тараф кетаётгандаймиз”…да. Енгилтабиатли аёлларни тўплаб, танасини сотишдек ифлос иш билан шуғулланишга мажбур қилаётган кимсалар қўлга олинди…” “Замон” ахборот дастури башарасини кўрсатмагани билан уларнинг исмини айтади: исмлардаги таниш “ой”, “гул”, “хон” қўшимчалари қулоққа эмас, қалбга тикандек ботади. “Бизникилар, ўзимизникилар…”, дейсиз тишингизни маҳкам қисиб, лабингизни тишлаганингизда сизган қонни ичга ютиб. Қани маҳалласи қизининг номуси учун, унга доғ туширмаслик учун жонини тиккан жўмардлар?! Қани, “Синглим оиламнинг юзи”, дея ўзидан кечиб мунглисини қўриқлаб яшайдиган акалар, оғалар?!

Водийлик бир қиздан эшитганим бор. Бир йигит уч нафар акаси бор қизга ишқ изҳори ёзиб, мактуб билан бирга қуритилган лолани китоб варақлари орасига солиб, ўртоғидан бериб юборибди. Хат синглисини садоқатли вафодор (ит)дай қўриқлайдиган акаларнинг қўлига тушибди. Улар ошиқ йигитни кечаси тутиб олиб уч кўчани тиззалатиб айлантирибдилар. “Сен ҳақиқий ошиқ бўлсанг, бокира қизга   акаларинг ухлаганда кўчага чиқ, деб ёзармидинг?! Чин ошиқ ўзи кўнгил қўйган қизини тунлардан ҳам, тунларнинг қорасидан ҳам ҳимоя қилади-ку”, дейишибди. Ошиқ йигитнинг тиззалари шилиниб кетибди, лекин акалар уни то “Энди бирорта қизга ишқим тушса, аввал онамни совчиликка юбораман…”, деб қасам ичгандан кейингина қўйиб юборишибди. Эҳтимол, бугуннинг баъзи ахлоқсиз­ликлари, баъзи ҳаёсизликларини эркинлик билиб ўзидан кетаётган, ўзанидан узоқлашаётганлар учун бу акалар ибтидоий акалар, жазо ибтидоий жазо бўлиб тую­лар, лекин рафиқасига эргашиб келган қизи — ўгай фарзандининг номусига тажовуз қилаётган иймонсиз ўгай оталар (ҳа, улар бор ва фақат бир эмас) ҳақида ўйлаганимизда ўша ибтидоийлик қадри юксалиб кетмайдими?!

“… шаҳрига бир иш билан борган эдим. Кеч тушгач, меҳмонхонада зерикиб, шу шаҳарда анчадан буён ёлланма меҳнат билан шуғулланаётган қўшнимни ахтара бошладим. Манзилини қишлоқдан телефон орқали суриштириб, топиб бордим. Аммо борганимга пушаймонлар қилдим. Ҳар куни ювинсам ҳам покланмагандекман. Ҳолбуки, мен ўша манзилда ҳеч нарсани кўрмадим, ҳеч нарсага аралашмадим, фақат эшитдим. Эшитганларимнинг ўзидан балчиққа ботиб чиққандек ҳис қиляпман ўзимни… Чунки бу ижара уйда йигирматача эркак яшар экан, икки нафар аёл уларнинг ош-овқатига қарар экан, ҳам эркаклар навбати   билан улардан нафсини қондириш учун ҳам фойдаланар экан…”

“Ёлғон, ёлғон, бизнинг бошқа шаҳарларга бориб ишлаётган аёлларимизга туҳмат бу! Улар фарзандлари яхшироқ, яна ҳам яхшироқ таъминотга эга бўлишлари учун чидашяпти мусофирчилик азобларига!”. Ичингиздан шундай ҳайқириқ келяптими? Бор, шундай оналар ҳам, ота-онасини етмаган орзуларига етказиш учун бегона шамоллар чорраҳасида изиллаб юрган   виждонли қизлар ҳам бор. Аммо юқоридаги азоб ичида айтилган гап ҳам туҳмат эмас, бу — бир одамнинг дарди, бир одамнинг эмас, кўпимизнинг дардимиз.

Ахир, дунёнинг қай бир пучмоқларидан бизгача етиб келган, яқин-яқинларда пичирлаб айтилган, бугун овозини қўйиб юборган “бир жинслилар яқинлиги” деган одам боласи ҳазар қиладиган иллатлар мана шундай   дарддан ўсмадек ўсиб чиқмаса, қаердан пайдо бўларди?

Техника фанлари доктори, академик Сарвар Қодировнинг таржимаи ҳолига оид бир китобни бадиий тарафдан назардан ўтказаётганимда, бир жиҳат диққатимни тортган эди. Домла ёзадилар “Москвада ўқиётган бир гуруҳ аспирантларнинг ҳаммаси — ҳаммамиз, ночорроқ оилаларнинг фарзандлари эдик. Ўқишдан ташқари,   тирикчилик учун пул топишга ҳаракат қилардик. Кимимиз нўноқроқ аспирантларнинг чизмаларини чизардик, баъзиларимиз қор курашга чиқардик, тунги кафеда идиш ювадиганларимиз ҳам бор эди. Биз топган пулларимизни тежаб, ўзимиздан ҳам кўпроқ юртимиздан келган аспиранту талаба қизлар учун сарфлардик. Улар бегоналар билан бошлашиб кетмасин, бировларга қарам бўлиб қолмасин, дея акаси, иниларидай бўлиб қўриқлаб юрардик, ҳеч нарсага муҳтож қилмасдик”.

Эр кишилари, домланинг ёзувларида акс этганидай, аёллари орига посбон бўлиб яшаган ўша кунлардан буён нима ўзгарди? Тузум эврилган бўлса яхшиликка эврилди-ку. Озодлик бу дунёнинг энг гўзал имконлари ичра яшаш ҳуқуқига эришиш эмасми? Ўрни келганда айтиш жоизки, давлатимиз қизларимиз шарафини ҳимоя қилиш, аёллик, оналик мартабасини улуғлаш учун керагидан ортиқ имтиёз, имкониятлар яратмоқда. Ўқишга кириш, касб-кор эгаллаш, иш билан, уй-жой билан таъминланиш масалаларида хотин-қизларга кўрсатилаётган бугунги эътибор ҳеч қачон бўлган эмас. Хўш, унда нима учун баъзи опа-сингилларимизнинг ор-номуси борасида аксарият ҳолларда юзимиз ерга қараб қоляпти? Гап шундаки, бу масаланинг ечими кўп ҳолларда оила муҳитига боғлиқ. Яъни, оталари, ака-­укалари ориятли бўлган хонадондан уруғ-аймоққа иснод келтирадиган аёл чиқмайди.

Яқинда хориждан йўлланган бир мактубни ўқидим. Мактуб муаллифи бўлган аёл бундан бир неча йиллар аввал вилоятларимиздан бирида истиқомат қилган экан. Бир ўғилдан сўнг кетма-кет қизлар туғилгач, онаси тўнғич қизини “тезроқ қутилай, изингда сингилларинг етилиб турибди”, дея ўн етти ёшга тўлар-тўлмас узатиб юборибди. Шошма-шошарлик билан, обдан суриштирилмай қилинган ишнинг оқибати яхши бўлмабди. Эри нашаванд   чиқибди. Ҳар гал калтакланиб   уйига келганида отаси:

— Чида, сабр қил, сен қайтиб келсанг, сингилларингни ҳам биров сўрамай қўяди, деб қайтариб юбораверибди. Ахийри, калтакланиш, хўрланиш жароҳати операция столигача етиб боргани учун уйидагилар қайтариб олиб келишга мажбур бўлишибди. Барибир икки фарзандли аёл ўз уйида ҳам акаси, келинойиси тарафидан турткилана бошлабди. Натижада, аёл бир боласини холасига қолдириб, бирини олиб хорижга ишлагани кетади. Ота уйига қайтиб келганида аёл “Қўлим – ширин, ишлаб, маб­лағ йиғиб, ҳовлимизнинг этагидаги бўш ерга иморат қураман, болаларим билан шу кулбада тинчгина яшайман, акам, ота-онам гувала уй тиклашимга ёрдам берар,” дея умид қилар экан. Аммо акаси “Болаларинг болаларим билан чиқишмаяпти. Уйимнинг тинчини бузяпсан”, деб сингилни кўчага ҳайдабди. Шу-шу аёл хорижга кетади ва қолиб кетади. Ноилож қолган чоғида бирга ишлаётган турк йигити:

— Яхши пазанда экансан, менинг отам сендай бир аёлга муҳтож, сенга яхши пул тўлайман, юртингда қолган болани ҳам олиб кел. Уларни мак­табга жойлайман, дейди. Аёлнинг кўнишдан бошқа йўли йўқ эди. Бунинг устига, йигитнинг отаси:

— Мен номаҳрам аёлга фақат танмаҳрам қилиши керак бўлган заруриятларни қилдира олмайман, меникида қолиб ишлашинг учун никоҳимга ўтишинг керак бўлади, дейди. Аёл бунга ҳам кўнади. Йилларки шундай ўтибди. Аёл ёзяпти: “Эримни яхши парвариш қилганим учун тузалиб кетди. Болаларим ҳам ўқиб касб-корли бўлди. Бир аёлга нима керак бўлса, бугун ҳаммаси менда бор. Кейинги пайтларда уйимдагилар билан ҳам муносабатим тикланган. Ота-онам дунёдан ўтиб кетди, акам касалманд бўлиб қолди, тез-тез пул жўнатиб тураман. Яқинда бориб келдим. Бир пайт­лар “Ҳовли қураман,болаларимга ватан қиламан”, деган жойимга ит боғлаб қўйишибди. Ўтириб роса йиғладим. Наҳот, менинг оиламда шу жониворчалик қадрим бўлмади? Ота-­онам, акам менинг номусимни ўйлаганида, бугун мусофир жойларда сарсон бўлиб юрармидим?“

Аёлнинг титраниб ёзган саволларининг оғриғи энди сизга кўчади. “Хотиним акамнинг жазмани экан”, “Кенжа боласи меники эмас экан, ўзи тан олди, ишга олиб бориб, олиб келиб юрган ҳайдовчи билан ишқий муносабати бор экан”… Айрим телеканаллар, ижтимоий тармоқлар орқали келаётган бундай хабарлар оғриғигизни кучайтиради. Бир даврада шу ҳақида гап очилган эди, ўтирганлардан бири:

— Эшитишга кўникиб ҳам қолдик, деб юборди. Менга бу гап қаттиқ тегди. Одам орсизликка кўникиши мумкинми?! Ахир, инсониятнинг, хусусан, бизнинг миллатимизнинг қалбимизда асрашимиз, боламиз, неварамизга маънавий мерос қилиб қолдиришимиз мумкин бўлган бебаҳо туйғуларимиздан бири-ку бу…

Йўқ, ўрганмайлик, кўникмайлик. “Ҳозир уммондек   тўлқинланиб оқаётган халқмиз, бундай иллатлар томчидай сингиб, билинмай кетади”, демайлик! Худди Чингиз Айтматовнинг Найман онаси фарзандини силкитгадек, “Ор-номус”, “Орият” сўзларини айтиб, атрофимизни силкитиб турайлик!

Қутлибека Раҳимбоева

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × 2 =