Уйғоқ дил самосин ботмас моҳи бор…

Маҳмуд ТОИР,

Ўзбекистон халқ шоири

 

Муаллиф ҳақида: Маҳмуд Тоир – 1952 йил, 31 августда Тошкент вилоятининг Паркент туманида туғилган. ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)нинг филология факультетини (1977-й.) тугатган. Собиқ “Ёш гвардия” (ҳозирги “Янги аср авлоди”) нашриётида, Респуб­лика радиосида, “Паркент тонги” газетасида мухаррир бўлиб ишлаган. 1999 йилдан эътиборан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Тошкент вилояти бўлими раҳбари ва айни пайтда “Адабиёт зиёси” газетаси бош мухаррири сифатида фаолият юритмоқда.

Унинг “Айт энди юрагим”, “Биз нечун учрашдик?”, “Ҳақни таниб”, “Мендан мени сўрама”, “Аҳли муҳаббат қайдасиз”, “Бедорларга беринг дунёни”, “Сайланма”, “Европа саёҳати: ҳайрат ва шукроналик”, “Янгиланаётган Ўзбекис­тон”, “Уйғоқ дил” каби йигирмадан зиёд шеърий ва насрий китоблари, бир қанча достонлари чоп этилган. Юзлаб шеърлари халқимизнинг ардоқли ҳофизлари, санъаткорлар томонидан куйлаб келинади.

Маҳмуд Тоир 2000 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени, 2005 йилда “Ўзбекистон халқ шоири” унвони ва 2017 йилда “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланган. Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

 

ЎЗБЕКИСТОН ЛОЛАЛАРИ

 

Ўзбекистон лолаларнинг,

Ловуллаган Ватанидир.

Ўзбекистон лолаларнинг,

Ял-ял ёнган чаманидир.

 

Ким билади, ким билмайди,

Бизда не тур, шонаси бор.

Ўттиз тўрт тур лолаларнинг,

Ўттиз тўрт хил донаси бор.

 

Ўзбекистон гул диёрдир,

Ҳар бир кўзни қамаштирган.

Ўзбекистон ҳур диёрдир,

Дилни дилга туташтирган.

 

Деҳқонининг кетмонида,

Қуёш нури жилоланган.

Боғбонининг забонида,

Дуо дури зилоланган.

 

Голландия лолаларнинг,

Ватани деб айтишади.

Лек Голландлар бизга келса,

Лола олиб қайтишади.

 

Ўзбекистон лолалари,

Кўзингизнинг оромидир.

Ўзбекистон лолалари,

Бу — баҳорнинг саломидир.

 

ШУ ВАТАН ДЕБ…

 

Ҳар кимда бор Ҳақ берган имкон,

Яшагани туғилар инсон.

Ким оилада, ким элда султон,

Айтгим келди бир яхши тилак,

Ватанпарвар Ватанда керак!

Ёруғ дунё юзингда бўлсин,

Тийраклигинг кўзингда бўлсин.

Аҳду вафо ўзингда бўлсин,

Тўкилганга жоиздир тўлмак,

Ватанпарвар Ватанда керак!

Умр берсин, юз йил яшагин,

Юз ёшда ҳам ризқинг ошагин,

Тупроғингга меҳринг тўшагин,

Дарё бўлгин, кўлмак кўп, кўлмак,

Ватанпарвар Ватанда керак!

Аҳди улуғ аждодинг бўлган,

Тахти улуғ аждодинг бўлган,

Хиёнаткор ҳузурсиз ўлган,

Белни букмас бардошли билак,

Ватанпарвар Ватанда керак!

Умр қисқа, Ватан мангудир,

Ватансизлик мангу қайғудир.

Эл мардлари – элга орзудир,

Тил нияти — дилга муштарак,

Ватанпарвар Ватанда керак!

Амир Темур шони сендадир,

Мангуберди қони сендадир,

Ўзбекистон жони сендадир,

Шу Ватан деб урсин ҳар юрак,

Ватанпарвар Ватанда керак!

 

БЎЛСА АГАР МЕН УҚМАГАН…

 

Юрагимда гуллаган гуллар,

Капалакка қанот бўлади.

Ишқим оҳи таратган унлар,

Булбулларга баёт бўлади.

 

Майсаларнинг бўйига боқиб,

Теракларга келар бўйлагим.

Ирмоқларга эргашиб оқиб,

Мен тошларга эртак сўйладим.

 

Ошиқларнинг осмони бўлак,

Бунда қушлар қанотсиз учар.

Дийдор тилаб жўшганда юрак,

Ўтда куймас, қуёшни қучар.

 

Лолазорлар ёнган ёноқда,

Йўлларимга ранглар сочади.

Турфа гуллар, турфа титроқда,

Боларига дудоқ очади.

 

Капалакнинг қанотларида,

Нафисликнинг қанча юки бор,

Шоирларнинг баётларида,

Не-не ҳавас, не-не ифтихор.

 

Гўзалликнинг кўзга сиғмаган,

Кўзгусига солдим ўзимни.

Бўлса агар мени уқмаган,

Шеърдан таниб олар ўзимни.

 

БИР ТАБАССУМ

 

Гул юзида кулган шабнам ёноғингиз,

Гул бўлай деб турган ғунча – дудоғингиз.

Қошларингиз қалдирғочни қаритгайдир,

Бир ўтинч бор, очилса бас, қабоғингиз.

 

Кулгичингиз нигоҳимни тилиб кетар,

Кулгичингиз нечун мендан кулиб кетар.

Не бўлса ҳам майли, гулим, кулиб юринг.

Сиз кулсангиз олам нурга тўлиб кетар.

 

Табассумлар сизга гулдай ярашгайдир,

Сиздек гулга гуллар масрур қарашгайдир.

Гул терганда сочилмашдир сочларингиз,

Не ифорки, уни гуллар талашгайдир.

 

Сиз кулсангиз, тонг жилмайиб барвақт отар,

Қон бўлмайди, қуёш шомда балқиб ботар.

Сиздан бўса сўрамадик, бир табассум,

Биздек ғариб табассумни болдек тотар.

 

ДИЛ БИЛАН

 

Оҳ уриб, оҳидан тош,

Отганларни кўрдим мен.

Оҳ чекиб, оҳида бол,

Тотганларни кўрдим мен.

 

Юрагин ёлқинига

Гул экканни кўрдим мен.

Тилин кесиб, дилига

Дил экканни кўрдим мен.

 

Кўнгил нечун кўрмайди,

Сочларимда қорим кўп.

Кўнглимнинг кўчасида,

Ортмоқлаган орим кўп.

 

Севиб султон бўлганлар,

Севилмаса гадодир.

Гадонинг меҳрибони,

Меҳри уммон Худодир.

 

Худони хушлаганни,

Хумоси бошидадир.

Яратган чорлаб берса,

Қаламқош қошидадир.

 

Тиловат тил мулкидир,

Дил билан етмоқ яхши.

Худонинг даргоҳига,

Дил билан кетмоқ яхши.

 

БИЛИШ

 

Тилакдан тўкилган сўз ижобати,

Яхши – ёмонликнинг бир каффорати.

Агарки ниятинг нурдан йироқдир,

Ўзингга тиғ бўлгай лутфинг офати.

 

Шоир шеърда кўрар сўз жамолини,

Оқил дилда англар сўз камолини.

Одамзот осмондек офтоблангайдир,

Жавобсиз кўрмаса ўз саволини.

 

Билмайин қилгандан лутфу надомат,

Билмаслигин билиш бу ҳам адолат.

Билишин билганлар – тафаккур аҳли,

Уларнинг борлиги элга саодат.

 

ХАТО

 

Тун — бизнинг умримиз хотиржамлиги,

Тонг — бу хуш ниятинг дилда жамлиги.

Қувончми ё қайғу – тақдир туҳфаси,

Дунё – бирда зиёд, бирда камлиги.

 

Оқиллик бандага билим атоси,

Жоҳиллик бандага зулм атоси.

Унутманг, Тангрини ташвишга солган,

Билиб туриб қилган қулин хатоси.

 

ЧИРОҚ

 

Одамзотдан бир сўроқдир   яхшилик,

Муҳтож учун бир фироқдир яхшилик.

Дилдан дилга, тилдан тилга ўтганда,

Эллараро бир яроқдир яхшилик.

 

Дариганнинг кўксини тоғ қилғуси,

Бир ғарибнинг вақтини чоғ қилғуси.

Бандасидан қайтмаса – Худойим бор –

Қиёматда бошга чироқ қилгуси.

 

ДУНЁ

 

Шон билан шон тиклашади,

Нафс билан нафс суқлашади,

Ғафлат аҳли ухлашади,

Билсанг, дунё бедорники.

 

Онг билан тонг юзлашади,

Қуёшини излашади,

Ибодатга тизлашади,

Ибодат — бу бедорники.

 

Қаҳр — доим қилич билан,

Меҳр доим илинж билан,

Инсон яшар ўтинч   билан,

Дунё — меҳри бедорники.

 

Ким болам деб, кетмон тутган,

Ким илм деб, жон унутган,

Ният қилган албат етган,

Дунё — дили бедорники.

 

Доим олмас, сўраб турган,

Бетоқатлар нураб турган,

Дунё биздан кўп оҳ урган,

Дунё — ақли бедорники.

 

Дунё бизга борин берди,

Гулин берди, қорин берди,

Ўзи чеккан зорин берди,

Дунё — оҳи бедорники.

 

БЎРИНИНГ ТУҒИЛИШИ

 

Қуёш кулиб турибди,

Ёмғир эса томчилар.

Наҳот қуёш нурини,

Ожиз ёмғир қамчилар.

 

Қуёш кулиб турибди,

Юзимга томар томчи.

Гўё қалбни тоблашга,

Ҳақдан қувончли қамчи.

 

Қуёш кулиб турибди,

Ёмғир ювар юзимни.

Нур қалам, ёмғир сиёҳ,

Шеърга солдим сўзимни.

 

Қуёш кулиб турибди,

Бир сўзга хаёл оғар.

Нурга эш ёмғир ёғса,

Адирда бўри туғар.

 

ТУРМУШ ТАШВИШИ

(Ярим ҳазил)

 

Уйғоқ дил самосин ботмас моҳи бор,

Бепарво йўлида ғафлат чоҳи бор,

Тингласанг, ҳар дилнинг қанча оҳи бор,

Аслида бу олам аҳлининг бари,

Турмуш ташвишидан эмасдир нари.

 

Хотин ҳукм қилар, чораси оғир,

Боланг боқиб турар, эзилар бағир,

Билмаслар отасин чўнтаги сағир,

Дейдилар, отамиз оила сарвари,

Не қилсин, гар дунё сарвардан нари.

 

Умр уммонида кемасиз сузмоқ,

Ожиз балиқ учун китлардан ўзмоқ,

Йўқни йўндирмоқлик бу ичдан тўзмоқ,

Ҳар кимдан топилмас сабр гавҳари,

Турмуш ташвишидан, айтинг, ким нари?

 

Камбағал сўзини кам ишлатганмиз,

Чироқсиз қолганда шам ишлатганмиз,

Юз ювгани кўздан нам ишлатганмиз,

Аждодлар ҳам асли биздан илгари,

Турмуш ташвишидан бўлмаган нари.

 

Бу шеърни шикоят учун ёзмадим,

Ўтмишдан ҳикоят учун ёзмадим,

Кўнглим буюргани бўлди шу назм,

Навоийдан бошқа шоирлар бари,

Турмуш ташвишида юрган сарсари.

 

ТУЙҒУ

 

Туйғу асло тошларда бўлмас,

Ёлғон йиғи, ёшларда бўлмас.

У қалбларнинг кўзидаги гул,

Дарёдилнинг меҳрида сўлмас.

 

Туйғу – софлик самоси эрур,

Туйғу – поклик сабоси эрур.

Иймонлининг кўнглидаги нур,

Гўзалликнинг жилоси эрур.

 

Шоир туйғу тушовидадир,

Шоир туйғу қуршовидадир.

Атиргулдек юз очган шеърлар,

Туйғуларнинг ушовидадир.

 

Пок туйғулар Ҳақнинг инъоми,

Шу туйғуга тўлсин дил жоми.

Туйғусини поклаб юрганга,

Шоирларнинг бўлсин саломи.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × two =