Ёқимли иштаҳа…ми?!

Фарғонадаги мактабгача таълим муассасаларига Украинадан келтирилган музлатилган арзон “гўшт”лар тарқатилмоқда

 

Очиғини айтганда, собиқ Иттифоқ тузумидан кейин “унутилган” соҳалардан бири бу—боғчалар бўлди. Республика бўйича қанча-қанча мактабгача таълим муассасалари ёпилиб кетди. Айниқса, туман ва қишлоқлардаги ширкат хўжаликлари, йирик заводлар қошидаги боғчалар деярли йўқ қилиб юборилган эди. Болалар—ҳаётимизнинг эртаси бўлган болажонларга “ғамхўрлик” мана қандай бўлди?

Лекин Президентимизнинг ташаббуси, ғамхўрлиги туфайли кейинги тўрт йил давомида соҳага қайта эътибор қаратилди. Шу боис, бугун нафақат ҳар бир туман, балки ҳар бир маҳалла, қишлоқларимизда мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этилди, балки мамлакатда Мактабгача таълим вазирлиги деган шу вақтгача умуман бўлмаган бир вазирлик пайдо бўлди.

Охирги 4 йил ичида юртимизда давлат ва нодавлат ҳамда оилавий асосдаги жами бўлиб ўн саккиз мингдан зиёд мактабгача таълим ташкилоти фаолияти йўлга қўйилди.

Бу билан Президентимизнинг топшириқларига мувофиқ ҳудудларда болаларни мактабгача таълимга қамраб олиш бўйича белгиланган мақсадли кўрсатгичларга эришилди.

Тан олиш керак соҳада жуда кўп хайрли ишлар рўёбга чиқмоқда. Бугунги МТМларни кўриб фақат ҳавас қилиш мумкин. Аммо… давлатимизнинг шундай эътибори ва жуда катта маблағлар йўналтирилаётганига қарамай, айрим камчилик ва муаммолар ҳам учраётгани, бу ҳам—ҳақиқат.

Қуйида Фарғонадаги мактабгача таълим муассасалари фаолияти мисолида мавзуга эътибор қаратилади.

— Бундай ноҳақликларга қачонгача чидаш мумкин? – дейди Фарғона шаҳридаги 35-сонли мактабгача таълим ташкилоти мудираси Собира опа Раҳимова куюниб. – “Водил Миндон­обод” МЧЖ келтираётган ўсимлик ёғи, шакар, гуруч каби 13 турдаги маҳсулотнинг ҳар бирида тарозидан уриш, вақтида етказиб бермаслик ҳолатлари кўп кузатиларди. Ноиложликдан баъзан хўжалик мудири ўз ҳисобидан маҳсулотларни бозордан олиб келган ҳоллар ҳам бўлган. Сарвар исмли ходим эса бир гал дўқ-пўписа билан “Истасангиз ҳам, истамасангиз ҳам шу!” дея жеркиб берди. Гўшт маҳсулотлари билан ҳам худди шундай вазият. “Чорвадор” МЧЖ томонидан етказиб бериладиган гўштнинг 10 фоизи, яъни 40 кг. гўштнинг 4 килосини мол ёғи ташкил этган. Бу мутлақо қонунга зид.

Тўғри, бу вазиятда фақатгина таъминотчи айбдор, деб айтолмаймиз. Чунки улар билан “келишиб ишлайдиган”, камига боланинг ризқини қўрқмай ейдиган МТТ мудирлари, хўжалик мудирларининг ҳам ҳиссаси бор: “қарс” икки қўлдан чиқади. Жумладан, бу муассасага ишга келганимда хўжалик мудири бўлиб фаолият юритган Маҳлиё Каримбуваева ҳам шундай болаларнинг ҳақидан қўрқмайдиганлар сирасидан экан. У билан хайрлашдик.

Мисол учун, 8 кг. пахта ёғи келтириб, 10 кг. ўсимлик ёғи учун имзо чектириб олишлари қайси мантиқ, қайси қонунга тўғри келади? Бундай “ўйин”­ларнинг ортида ким, қандай куч турганини билмайман. Билганим шуки, то шу муассасада мудир бўлиб фаолият юритар эканман, болаларга сифатсиз маҳсулот, жумладан, гўшт едирмайман, боланинг ҳақига хиёнат қилишларига қараб турмайман! Бунга виждоним йўл қўймайди…

4-сонли МТМ мудираси Зулхумор Қодирова ҳам ҳамкасбининг фикрини тасдиқлагандай: “Волида” фермер хўжалиги келтирган гўштнинг ранги ўзгарган, суяги, мол ёғи кўплигини кўргач, ҳамкорликни рад этиб, “Business Company Invest” МЧЖ билан шартнома тузганман. Бироқ сут ва сут маҳсулотларини “Волида” фермер хўжалигидан оламиз. Сифатли, – дея суҳбатга қўшилади.

Қоидага кўра, муассасаларга етказилаётган 10 килограмм гўштнинг мол ёғи миқдори 300 граммдан ошмаслиги керак. Икки кунга етадиган 40-50 килограмм гўшт учун бир ярим килодан ортиб кетмаган мол ёғи оламиз. Таълим муассасамизда 6 та гуруҳ бўлиб, 158 нафар бола тарбияланади. 158 нафар ота-она боласини бизга ишониб топшириб кетади. Бола организми сезувчан, нозик. Ахир, сифатсиз гўштдан таом тайёрласак, унинг саломатлигида дарров ўзгариш кузатилади-ку! Таъбир жоиз бўлса, биз болаларнинг таълимидан кўра кўпроқ ўз уйига эсон-омон, соғ-саломат етиб олишларини таъминлашга масъулмиз!

Фермер хўжалигига ижтимоий таъминот нега керак?

1999 йилдан буён фаолият юритаётган, умумий майдони 926 гектарни ташкил этувчи (шундан 65 гектар майдон сут маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун мўлжалланган, қолгани кластер) “Волида” фермер хўжалиги шу пайт­гача ишлаб чиқараётган сут ва сут маҳсулотларининг сифатлилиги билан эл ичида обрў топган. Бу ерда ойи­­га 60 тонна сут қайта ишланади. “Crafers”, “Imkon Plus”, “Classic”, “Crember”, “Vazira” каби таниқли фирмалар билан шартнома имзолаган. Фермасида Австриядан келтирилган 655 бош наслли қорамол парвариш қилинмоқда.

Хўш, шундай донгдор фермер хўжалигига давлат муассасаларига гўшт, сут ва сут маҳсулотларини етказиб бериш нега керак бўлиб қолди? Балки “Сут ҳам, гўшт ҳам ўзидан чиққанидан кейин, бунинг нимаси ёмон” дерсиз? Ҳа, муаммо ҳам, эътироз ҳам шундаки, мактабгача таълим муассасаларига етказиб берилаётган гўшт маҳсулотлари фермадаги наслли қорамоллардан олинмайди. Балки ойига камида 25 тонна Украинадан арзон-гаровга музлатилган ҳолда келтирилиб, тарқатилади. Тадбиркорга бир килоси 44 мингдан тушган мол гўшти 9 та тумандаги 300 дан ортиқ МТМга 48 мингдан пулланади. Хўш, гўштнинг сифати билан боғлиқ эътирозларга фермер хўжалиги раҳбари ўринбосари Саидбек Алобиддинов қандай изоҳ беради?

— Гўшт етказиб бериш бўйича танловда 2020 йилнинг ноябрь ойида ғолиб бўлганмиз. Мактабгача таълим муассасаларига гўшт етказиб беришни 2021 йилнинг январь ойидан бошладик. Биринчи ойда 60 тонна, февралда 50, мартда 40, апрелда 35, мана май ойида эса 24 тонна гўшт етказиб бердик.

Эътирозларга келсак, мол гавдаси махсус ускунада кесилади, қаеридадир мол ёғи ёки суяги кўпроқ ўтиб кетган бўлиши мумкин. Шу пайтгача агар бирор таълим муассасаси норози бўлиб гўштни қайтарса, сифатлисига алмаштириб берганмиз. Кейин кўп нарса гўштни қандай сақлашга ҳам боғлиқ. Масалан, биз – 21 даража совуқ ҳароратда сақлаймиз, МТМлардаги музлатгичлар “+”ли, музлатилган гўштни сифатли сақлашга мўлжалланмаган. Табиийки, музлатилган гўшт икки кунда бундай музлатгичда эриб, ўз вазнини йўқотади.

Бу сўзлардан фермер хўжалиги раҳбари Ғайратжон Алобиддинов баттар тутақади:

— Йигирма беш йилдан буён шу соҳада ишлаб келяпмиз, – дейди у. – Молия бошқармаси чиқарган хулосадан қаттиқ норозиман. Нега таъминотчи фирмамизга келиб, гўштнинг сақланиш шароити, етиб келгандаги ҳолатини ўрганмай, бир ёқлама маълумот тақдим этяпти? Мана, келиб текширишсин, эшигимиз очиқ. Балки у мактабгача таълим муассасаларида гўшт сақлаш тартиби талаб даражасида эмасдир. Майли, зиммамиздаги таъминот юкидан соқит бўлсак бўлайлик, аммо йигирма беш йиллик, мисқоллаб йиққан обрўйимизга путур етишига, юзимиз қора бўлиб бозорни тарк этишимизга қараб туролмаймизку!

Саидбек Алобиддинов суҳбат асносида Қувасой шаҳридаги 28, 16, 14, 12, 6, 4-сонли МТМ директорлари ва хўжалик мудирларининг тушунтириш хатларини билиб ё билмай тақдим этди. Уларнинг орасида шундай мазмундагиси ҳам учрайди, яъни музлатилган ҳолатда гўштнинг сифатини билиб бўлмаслиги, сифатсиз гўшт келганда қайтаришга ҳаракат қилганлари, аммо бу юқоридан келган буйруқ экани, гўшт эригач, ундан котлет ёки бошқа турдаги таомлар тайёрлашда қийинчилик туғилаётгани аниқ-равшан ёзилган. Бу қоғозларни бизга далил сифатида келтирган С.Алобиддинов ўзини оқламоқчи бўлдими ёки “Ҳақиқатан биз шундай сифатсиз гўшт етказиб берамиз”, демоқчими, тушунмадим?

Беихтиёр савол туғилади: қассобхоналарда бир кило гўштнинг нархи 65 минг сўм бўлганда, Украинадан 15 кун деганда келтирилаётган, музлатилган, 44 минг сўмлик гўштнинг сифати қандай экан? Шу гўштдан ўзлари ҳам истеъмол қиладими? Нега бу гўшт бозорларга чиқмайди? Чиқса, биров оладими? Ёки болаларга шу 44 минг сўмлик сифатсиз гўшт ҳам бўлаверадими?

Мана, нега “Волида” фермер хўжалигида ишлаб чиқарилаётган сут ва сут маҳсулотларини ҳамма жон деб, эътироз билдирмай олади-ю, гўштига келганда…

Дарвоқе, “Ўзингизнинг фермангиз, 655 бош қорамолингиз бор экан, нега Украинадан гўшт келтирасиз? Шуларни бозорга чиқарсангиз бўлмайдими?” деган саволимизга “Ие, бу нархга қопламайди, ахир. Бизда ем-ҳашак, боқув қимматга тушади”, деди Саидбек Алобиддинов.

Қарс икки қўлдан

Йўл-йўлакай “Балки фермер хўжалиги раҳбарларининг ҳам гапида жон бордир, сифатли гўштнинг ҳам эпини қилиб сақлай олишмас?”, деган саволга жавоб ахтариб, Фарғона шаҳридаги 17, 34, 4, 9-сонли мактабгача таълим муассасаларининг ошхонасини кўздан кечирдик.

Ошхона биноси ҳали таомнома, сифат, меъёр, санитария-гигиена ҳолатини ўрганмай туриб, асл вазиятни ошкор қилади. Жумладан, текширувчилар келаверганидан пишиб кетган боғча мудирасидан тортиб ошпазгача эгнига оқ халатни илиб, айтавериб ёд олинган сўзларни миясида айлантириб “тахт” бўлиб туришидан хавфсираганимизни билдирмай, индамайгина эшик қоқдик. Асл вазиятни кўролмай, ёлғончи тасаввурларга алданиб қолиш хавотиридан эди бу.

Аммо ўзига ишонган, ишини пухта, тартибли бажариб келган одамни ҳеч ким саросимага туширолмайди. Фарғона шаҳридаги 4-сонли мактабгача таълим муассасаси мудираси Зулхумор Қодированинг хотиржам, очиқ юз билан кутиб олиши, сўраган саволимизга та­йинли жавоб беришидан ўз ишининг фидойиси эканини англаш қийин эмас. Сотиб олинган маҳсулотлар фактураси, шартномалар, кундалик таомнома талабномаси тўғри юритилганига гувоҳ бўлдик. Ҳар бир маҳсулот – номи туширилган идишда, гўшт, сариёғ музлатгичда бузилмаган ҳолатда.

Афсуски, 9-сонли МТМ эса бунинг акси. Музлатгич ҳам, фирмалар билан тузилган шартномалар ҳам йўқ. Ҳаммасидан ҳам тоғорага солиб қўйилган “Yuksalish Bret Trade” МЧЖдан келтирилувчи гўшт (суяги кўп) ва “Supply Foods” МЧЖ томонидан таъминланувчи сариёғ музлатгич вазифасини бажарувчи салқин хонада гигиенага зид равишда сақланмоқда. Олма “хом гўшт” ёзувли тоғорада ювилмоқда, “ванна”га эса “крупа” ёзувли тоғорада етиб келмоқда…

Асли 280 ўринга мўлжалланган, 300 нафар бола тарбияланаётган 17-сонли МТТ да 11 та гуруҳ бўлиб, 10 май ҳолатига муассасада 160 нафар бола бор. Ошхона озода, саранжом. Маҳфуза Рўзибоева бошлиқ уч ошпаз ярим тушлик учун ичига суюлтирилган сут солинган ширин кулча тайёрлашаётган экан. Бири 70 грамм хамирни тарозида ўлчаб, тайёр ҳолатга келтирмоқда, бири пишган ширин кулчаларни печдан олмоқда. Мазаси, сифатини билиш учун татиб кўрдигу, таъми оғзимизда қолди.

Билсак, бу муассасада 3-, 5- ва 15-сонли МТТлар каби аутсорсинг (инглизча outsourcing: (outer-source-using) ташқи манба ёки ресурсдан фойдаланиш) хизмати йўлга қўйилган экан. Танловда ғолиб бўлган аутсорсер – “Vanessa de Lux” фирмаси бошлиғи Бунёд Сулаймонов билан бир йиллик шартнома тузилган. Унинг сўзига кўра, таом­нома Фарғона вилоят мактабгача таълим бошқармаси билан бамаслаҳат тузилади, Фарғона вилояти Давлат санитария-эпидемиология назорати бошқармаси тасдиғидан ўтади. 10 майдаги таомномага кўра, нонуштага сули ёрмасидан бўтқа, ширин чой, сариёғ ва нон, иккинчи нонуштага олма, тушликка товуқ шўрва, шавла, сабзи ва карамдан салат, компот, ярим тушликка суюлтирилган сутли ширин кулча ва сут берилишини оғзаки айтишди-ю, бирор ҳужжат кўрсатишмади. Бунёд Сулаймоновнинг айтишича, барча маҳсулотлар кунлик, янги келтирилади. Ошхонада музлатгич йўқ.

34-мактабгача таълим муассасасида ичимлик суви йўқлиги (10.05.2021) сабабли ошпазлар сувни ёнидаги 17-мактабдан ташиб фойдаланишяпти. Ошхона биноси аввалги 17-боғчадан анча фарқ қилади, эскироқ, бетартиб. Икки ошпаз ташқарида, дарахтнинг соясида эртагалик пюре учун картошка тозалашмоқда. Кўриниб турибдики, картошка сотиб олинганига анча вақт бўлган, захирада ярим йилча турган-ов. Бош ошпаз Гулнора Тожиеванинг айтишича, гўшт “Волида” ф/х, нон давлат таъминоти, сут маҳсулотлари эса “Азиз Рай” МЧЖдан келтирилади. 10 май ҳолатига кўра, муассасада 241 нафар тарбияланувчи бўлиб, таомнома – нонуштага манная ёрмаси, сут, нон, тушликка макаронли шўрва, шавла, нон, ярим тушликка пишлоқ, нон ва ширин чойдан иборат.

Аммо айтишларича, хўжалик ишлари мудири ҳамда ҳамшира омборхона эшигини қулфлаб Фарғона вилояти мактабгача таълим бошқармасига кетишган, бир соат кутдик ҳамки, келишмади. Гўштнинг сақланиш ҳолатини кўролмадик…

* * *

Украина фермаларида боқилиб, сўйилиб, сўнг музлатилиб, Ўзбекистонга етиб келгач ҳам болаларнинг қорнига тушгунича бу гўшт деганлари шунча “саргузашт”ни бошидан кечирар экан. Баъзан таъминотчининг, баъзан мак­табгача таълим муассасасидаги ходимларнинг бепарволиги сабаб алал-оқибат, айланиб-ўргилиб гўшт таомга ишлатиб бўлмайдиган, яроқсиз ҳолатга келиб қолмоқда. … ва уни жигаргўшаларимиз истеъмол қилмоқда.

Ҳақиқат, бу – айбдорни қидириш эмас, айбсизни охирига қадар излаш ва топишдир. Бу мақоланинг ёзилишидан ҳам муддао битта: кимнинг айбдор экани муҳим эмас. Муҳими, ўша сифатсиз гўшт беайблар – болаларга етиб бормасин!

Севара АЛИЖОНОВА,

“Hurriyat” мухбири

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

sixteen − one =