Қидирув: “Зулфиячи”лар, қаердасиз?!

Ҳақиқий ижодкор мукофот учун ишламайди. Кимдандир нимадир кутиб яшамайди. Ҳеч қачон лавозим ёки мансабга интилмайди. Зеро, халқнинг эътирофи энг катта соврин, ҳақ гапни ҳайиқмасдан айта олганининг ўзи у учун юксак рағбатдир. Ҳақиқий ижодкор,   шоир-ёзувчи, журналист айни шу мезонларга жиддий қарай олиши ҳам бир санъат аслида!

Ҳар йили Зулфия номидаги давлат мукофотига ҳужжат топшириш бошланса, “фикрнома” сўраб келувчи ёш “истеъдодлар” сони кўпайиб қолади. Уларнинг айримлари ҳали мактаб ўқувчиси бўлишига қарамай, 10-15 та муаллифлик китобини нашр эттирганига нима дейсиз? Ҳаммаси танлов учун, афсуски, бу “асар”ларнинг деярли пичоққа илинадигани жуда кам бўлади…

Илми, билими ҳаминқадар, ёстиқдай китоблар у ёқда турсин, кундалик газеталарни варақлашга ҳам сабри етмайдиган, бадиий асарларга вақт топиб, кўз югуртиришга-да юраги дов бермайдиган бу сўзамол, гапдон ёшларни кўриб, ачинасан киши. Мукофотга ҳалитдан бунчалик муккасидан кетганини кўриб, совринга ўчлигига ҳатто раҳминг келади. Ишониб айта оламанки, бу “иқтидорли” ёшлар ўз соҳасини чуқурроқ ўрганиб, етук мутахассис бўлиш учун эмас, давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан ўтказиладиган турли тадбирларнинг ташкилий ишларига кўмаклашиш билан банд бўлади. Таълим олаётган даргоҳидагиларга ҳам шуниси маъқул. Ҳеч ким тўғри йўл кўрсатмайди. Қарабсизки, бора-бора уларнинг яшашдан мақсади сертификат, ташаккурнома ёки турли хил “фахрий ёрлиқ”ларни қўлга киритиш бўлиб қолади…

Афсуски, биргина Зулфия номидаги давлат мукофоти мисолида оладиган бўлсак, унга сазовор бўлишни бош мақсад қилган қизлар тоифаси тобора кенгайиб бормоқда. Ачинарлиси, уларнинг айримлари борки, номдорроқ ижодкорларга “шеър” ёздириб, эвазига яхшигина маблағ таклиф қилишдан ҳам тоймайдилар. Ҳар ҳолда, бундай ҳолатларга кўп гувоҳ бўлганмиз.

Эътибор қилсангиз, ҳар йили “зулфиячилар” номи эълон қилингач, ижтимоий тармоқ саҳифалари эътирозлар, мукофот ололмаган номзодларнинг иддао ва дийдиёларига тўлади. Албатта, “Зулфиячи”лар орасида юқори давлат ташкилотларида ишлайдиган, фан номзоди, фан доктори, депутат, олима ёки ўқитувчи сифатида фаолият юритиб, жамиятга нафи тегаётган, рўзғори ва ишини ўз ўрнида олиб бораётганлар ҳам йўқ эмас. Масалан, биргина адабиёт соҳасини оладиган бўлсак, Меҳриноз Аббосова, Дилнавоз Қўлдошева, Эъзоза Обиджонова, Мадина Норчаева, Нозима Ҳабибуллаева, Рухсора Тўлабоева ва яна тўрт-беш нафар иқтидорли, ижодда ҳам, жамиятда ҳам фаол совриндорларни айтишимиз мумкин. Лекин…

Сенат раиси Танзила Норбоева таъбири билан айтганда, “Зулфия” ва бошқа турли мукофотларни қўлга киритган хотин-қизлар тақдирлангач “йўқ бўлиб қолишади”. Давлат мукофотини олишда талабгорлар кўпайиб кетади. Ҳаммаси “қилган ишларим” дея қатор ҳужжатларини кўтариб келади. Жорий йилда ҳам юртимизда 121 нафар хотин-қизларга турли даражадаги мукофотлар берилди. Қани ўшалар? “Зулфия”ни ҳар йили бир вилоятдан 2 нафар номзод олади. Бугун улар қаерда? “Зулфиячи” қизлар, мукофотни олади, “йўқ бўлади”, олади, “йўқ бўлади”. Мукофотга тавсия қилинаётганда ойлик олмасдан ҳам, жамоатчилик асосида у ишни қилдим, бу ишни қилдим, деб ёзиб берилади-ку тавсияномасида. Қани уларнинг кейинги фаолияти?..

Зулфия номидаги давлат мукофоти ва шу каби қатор мукофотлар чинакам иқтидорларни, илм-маърифатли ёшларни саралаб, ҳақиқатан муносиблар тақдирланганида эди, бугун совриндорлар қани, дея хуноб бўлмасдик.

Ҳали бирор каромат кўрсатмасдан мукофот даъво қилувчи, бу йўлда қимматли вақтини беҳуда совурадиган ёшлар сафи ҳам анча камаярди чамамда.

Узоққа бормайлик, яқинда АҚШдаги Колумбия университетининг илк ўзбек профессори, 32 ёшида тарих ва диншунослик йўналишида фан доктори даражасига эришган, нақ саккиз тилда эркин мулоқот қила оладиган ватандошимиз Азиза Шоназарова Президент фармони билан “Дўстлик” орденига муносиб кўрилди. Ваҳоланки, бу қиз шу кунгача бирор нуфузли давлат мукофотига ҳаракат қилмаган ёхуд “қўли калта”лиги учун мукофотга эриша олмаган бўлса, не ажаб. Ҳаракат қилган, тинимсиз ўқиб-изланган ва меҳнатлари вақти-соати келиб ўз мевасини бериб турибди.

Ёш ва иқтидорли Муштарий Шарифованинг дунё­­га машҳур “Tesla” компаниясига ишга олингани ҳам ўзбек сегментида жиддий муҳокама этилган қу­вончли хабарлардан бири бўлди. Маълум бўлишича, Муштарий Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига ўқишга кира олмаган. 21-22 ёшларида Германиядаги университетда (Берлиндаги Universıty of applied sciences in Europe) ўқишни бошлаган ва уни 2019 йили тугатган. Ўқиш давомида йирик компанияларда, хусусан, “Adidas”, “Zalando”, “SAP” компанияларида амалиёт ўтаган. “American Publishing Company” компаниясида 2020 йил февралидан 2021 йил январигача ишлаган. У ҳозирда Tesla компа­ниясида фаолият юритаётган биринчи ўзбекистонлик қиз ҳисобланади. “Бир ой давомида ҳар ҳафтада 1 ёки 2 марта мен билан суҳбат ўтказишди, турли хил саволлар беришди ва охирида менга муддатсиз иш таклиф қилишди, яъни мен бу компанияда ўзим истаганча ишлаш ҳуқуқига эга бўлдим. Ўша кун мен учун жуда бахтли кун бўлди”, – дейди Муштарий Шарифова инстаграмдаги саҳифасида.

Ўйлаб қоласан, киши. Демак, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига ўқишга кириш жаҳонда рейтинги баланд, етакчи ўринларда турадиган университетларга ўқишга киришдан ҳам қийин экан-да? Бу хабарни ўқидиму, Ўзбекистон яна бир етук мутахассисдан, юртнинг корига ярайдиган, Ватанга нафи тегадиган ёш кадрдан айрилганидан афсусландим. Зеро, Муштарий бу номдор компанияда шунчаки оддий ходим эмас, балки ҳисоб-китоб(бухгалтерия) бўлимида катта-катта рақамлар билан ишлайдиган асосий ходимлардандир…

“Asaxiy.uz” интернет дўкони асосчиси Феруз Аллаевнинг интернет тармоғида ёзишича, Хитойнинг 2020 йилда илм-фанга (Research and development) ажратган маблағи 328 миллиард долларни ташкил этибди. Қизиқарли томони, мамлакат хавфсизликка (армия ва полиция) бундан анча кам, 178 миллиард доллар сарфлаган.

Жанубий Корея бўлса 48 миллиард доллар пулни илм-фанга сарфлаган, бу мамлакат ялпи ички маҳсулотининг (ЯИМ) 4 фоизини ташкил этади. Бугун Осиёнинг ривожланаётган мамлакатлари илм-фанга қилаётган харажатлари бўйича ҳатто Ғарбдан ҳам ўтиб кетди. Бу яқин келажакда асосий инновациялар Осиё ҳиссасига тўғри келишини билдиради.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистоннинг, ҳа, она юртимизнинг илм-фан ва маданиятга ажратадиган йиллик бюджети ҳам бугун энг тараққий этаётган мамлакатлардагидан кам эмас. Аммо қанийди, бу маблағлар тўғри ва инсоф билан йўналтирилса, таълим соҳасидаги коррупцияга барҳам берилса, фарзандларимизни ёшлигидан мукофот учун, эвазига нимадир кутиб эмас, балки чин юракдан меҳнат қилишга ўргатсак, бу юртдан ҳали кўплаб Азизаю Муштарийлар етишиб чиқишига асло шубҳа йўқдир.

Бир одамни билардим, дейди устозлардан бири. — Доим пойтахтдаги ўнлаб идораю ташкилотларда қизини етаклаб юрарди. Ёзувчилар уюшмаси, Журналистлар ижодий уюшмаси, ўнлаб газета-журнал таҳририятлари, нашриётлар, Олий мажлис, Хотин-қизлар ташкилотлари, турли вазирликлар… Очиғи, бари-барисида кимлар ишлайди, раҳбарлари ким, асли қайси вилоятдан, тумандан, уларга яқин бўлган инсонлар кимлар — ҳаммасини деярли “ёдлаб” олган эди. Мақсади – қизи “Зулфия” мукофотини олиши керак. Иложи йўқ нарсанинг ўзи йўқ экан-да, ниятига эришди: қизи қайсидир йили “Зулфия” мукофоти соҳибаси бўлди. Шу билан ҳаммаси тугади. Бир йилда қаторлаштириб чоп қилинган “шеърий китоб”лар “вазифаси”ни бажарди. У китобларни ҳам кимлардир тайёрлагандир, чоп қилгандир, Худо билади. Чунки шундан кейин бирор жойда “зулфиячи” қизнинг бирор сатр ижоди чоп қилинган эмас.

Гап шундаки, бир нарса дейиш қийин. Айтайлик, ҳақиқий ижодкор бўлмаган фарзандига шу ота яхшилик қилдими? Эҳтимол, унинг иқтидори шеъриятда эмас, тиббиёт ё тўқувчиликда бўлгандир? Шу мукофот сабаб қизи эртага ким бўлади? Бундай мисоллар кам эмас. Эҳтимол, “Зулфия” номидаги давлат мукофоти соҳибларига Олий ўқув юртларига ўқишга кириш имтиёзини бекор қилиш керакдир? Шунда ҳамма ўзини шу мукофотга урмас эди балки? Йўқса сўнгги йигирма беш йил давомида қанча “Зулфиячи”лар аниқланди?

Лекин улар ичида қани битта Зулфия, қани биргина Ҳалима Худойбердиева?

Эҳтимол ана шундай мукофоту турли танлов сов­риндорларини аниқлашда шошилмаган маъқулмикан? Чунки ёшларни қўллаб-қувватлаш, иқтидорларнинг ўзини намоён этишига имкон, вақт ҳам керак. Қачонки, эндигина университетнинг биринчи курс талабаси, ҳатто коллеж ё мактаб ўқувчиси бўлган бу ёшлар, аввало, ўқишини битирсин, ҳаётда яна беш-ўн йил ўзлигини, юксак мукофотларга лойиқ эканлигини мукофотсиз кўрсата билсин, кейин тақдирланса ҳам бўладику!

Ҳозир эса… бу “от ўйин”ларда нималар бўлмаяпти дейсиз?!

Хуллас, айтмоқчи бўлганимиз шуки, юртимизда чиндан ҳам иқтидорли ёшлар кам эмас. Гап уларнинг энг муносибларини танлай билиш адолатидадир.

Нима ҳам дердик, фақат муносибларга мукофотлар муборак бўлсин!

Абдулазиз АҲМЕДОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × 1 =