100 минг сўминг бор бўлса…
Юртимизда минимал истеъмол харажатлари белгиланди
Жорий йилнинг 31 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Ўзбекистонда минимал истеъмол харажатлари қийматининг дастлабки ҳисоб-китоблари тўғрисида” матбуот анжумани ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов, молия вазири ўринбосари Жамшид Абруев, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ижтимоий-сиёсат бўйича маслаҳатчиси Умид Алиев ҳамда Жаҳон банки эксперти Винаяк Нагараж иштирок этди.
Қайд этиш керакки, Ўзбекистонда биринчи марта расмий даражада минимал истеъмол харажатларини баҳолаш эълон қилинди ва бажарилган ишлар, унинг натижалари ҳақида мутасаддилар томонидан тушунтириш берилди.
— Масалан, олти кишилик оилани оладиган бўлсак, хусусан, ота-она ва тўрт нафар фарзанд. Бу оила учун бир ойда 2 миллион 640 минг сўм минимал истеъмол харажати миқдори ҳисобланади. Кўп ҳолатларда бундай оилаларда фақат бир киши, яъни ота ишлайди. Ой давомида эркак киши камида 3-4 кун фарзандларининг олдида бўлиши кераклиги ва дам олишини инобатга оладиган бўлсак, бундай оилаларда кунлик даромад 100 минг сўмни ташкил этиши керак.
Бу бугун эълон қилинган минимал истеъмол харажатларининг киши бошига миқдори 440 минг сўм этиб белгиланди. Ёки беш кишилик, 3 нафар фарзандли оилани инобатга олсак, бу ерда кунлик даромад камида 80-90 минг сўм атрофида бўлиши лозим, дея таъкидлади Илҳом Норқулов.
Минимал истеъмол харажатларини ҳисоблаш учун 2020 йилда республиканинг барча ҳудудларидан танлаб олинган 5 400 та оилада сўровнома ўтказилди. Ушбу оилалар 10 та гуруҳга бўлинди ва ушбу оилалар орасидан энг кам харажат ва даромадга эга бўлган 30 фоиз хонадон ажратиб олинди.
Экспертларнинг фикрига кўра, Ўзбекистонда минимал истеъмол харажатларининг миқдорини белгилаш — 30 йил давомида кун тартибидан четда турган масала. Бу бўйича бир қарорга келиниши иқтисодий сектор учун мураккаб ва масъулиятли қадамдир.
Ҳисобланган минимал истеъмол харажатларининг жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулотга нисбати (ЯИМ) 26,8 фоиз бўлиб, мазкур кўрсаткич ривожланаётган мамлакатларда, асосан, 4-20 фоизни ташкил этади.
Абдулазиз АҲМЕДОВ