Тошкентда Халқаро конференция иш бошлади

Маълумки, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳар йили анъанавий тарзда ахборот-кутубхона фаолияти бўйича Халқаро анжуманлар ўтказиб келади.

Жорий йилнинг 19-21 май кунлари ҳам Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ва бошқа қатор вазирлик ҳамда идоралар ҳамкорлигида “Central Asia – 2021: фан, таълим, маданият ва бизнесда интернет ва ахборот кутубхона ресурслари” XIV Халқаро конференцияси бўлиб ўтади. Конференцияда Россия, Арманистон, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон ва Беларусдан соҳа мутахассислари иштирок этади.

— Бугун кутубхонамизнинг 150 йиллик тўйини нишонлаяпмиз! Айни пайтда Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг умумий фонди 7,5 миллионга яқин ахборот-кутубхона ресурсларидан иборат. Қувонарли жиҳати шундаки, бу йилги конференция доирасида илк бор ахборот-кутубхона соҳасининг ривожига муносиб ҳисса қўшган, миллий маданий меросни асраб-авайлаш, китобхонликни кенг тарғиб қилиш ва ёш мутахассис кадрлар тайёрлаш йўлида самарали меҳнат қилган кутубхоначилар “Ахборот-кутубхона аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланади, – деди Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоева.

Бу йилги конференция ўтган йилдагиларидан китоб ва китобхонлик ҳамда кутубхоначи кадрлар масалалари, соҳадаги муаммолар, пандемия шароитида бутун дунё кутубхоналари тажрибалари, кутубхоналарда илмий-методик фаолият ҳолати ва илмий фаолият юритишда жаҳон ахборот-ресурсларидан фойдаланишнинг муҳимлигига алоҳида эътибор қаратилиши билан аҳамиятлидир.

Конференция доирасида Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг 150 йиллик юбилейини кенг нишонлаш ва   axборот-кутубхона, нашриёт-матбаа ҳамда китоб савдоси соҳалари мутахассисларининг Мус­тақил давлатлар ҳамдўстлиги мамлакатларида китоб ва китобхонликни тарғиб қилиш ва оммалаштириш бўйича энг муваффақиятли методик ишланмалар, лойиҳаларни аниқлаш мақсадида “Китоб ва мутолаа жамият ривожланишидаги стратегик ресурси” мавзусида ҳамдўстлик форуми ҳам ўтказилади.

А. АҲМЕДОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

19 − 7 =