Наманган муҳандислик-қурилиш институти медиа марказга эга бўлди

Наманган муҳандислик-қурилиш институтида 27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Институт фойесида олий ўқув юрти салоҳиятини намойиш этувчи кўргазма ташкил этилди. Кўргазмадан профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг ихтиролари ҳамда илмий ишланмалари ўрин олди. Журналистлар лабораториялар ҳамда энг сўнгги ўқув ускуналари билан таништирилди.

Тадбир доирасида матбуот анжумани ҳам бўлиб ўтди. Унда институт ректори Шарифбой Эргашев ОАВ вакилларига Наманган муҳандислик-қурилиш институтида яратилган шароитлар ва истиқболдаги режалар ҳақида сўз юритди. Журналистларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар берилди.

Институт билан фаол ҳамкорлик қилиб келаётган бир гуруҳ ОАВ вакиллари Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан тақдирланди.

Шундан сўнг Наманган муҳандислик-қурилиш инс­титутида олий ўқув юртлари орасида биринчилардан бўлиб ташкил этилган медиа марказнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Медиа марказ институт матбуот котиби—ректорнинг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси хонаси ва сту­диядан иборат. Студияда фото ва видеолавҳалар тайёрлаш, интервьюлар олиш ҳамда кўрсатувлар ёзиш учун барча шароитлар яратилган. Жумладан, хона акустика талаблари асосида барпо этилган бўлиб, овоз ютиш хусусиятига эга, энг сўнгги русумдаги аудио ва видеотехника билан жиҳозланган.

Наманган муҳандислик-қурилиш институти медиа марказининг очилиш маросимида вилоят ҳокимининг ўринбосари Ботир Нуриддинов иштирок этди.

ЎзЖИУ Наманган вилояти бўлими.

Фаол журналистлар рағбатлантирилди

27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан навоийлик бир гуруҳ фаол ижодкорлар Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Навоий вилояти бўлими томонидан рағбатлантирилди.

Қайд этиш керак, айни пайтда Навоий вилоятининг 2 та телевидение,   30 та газета таҳририятларида 250 нафарга яқин ходимлар, хусусан 50 нафардан зиёд ижодий ходимлар фаолият юритмоқда.

Вилоятда давлат бошқарув органлари фаолияти очиқлигини таъминлаш, ҳудудда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, қолаверса, аҳолининг мавжуд муаммоларини кенг жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқишда журналистларнинг роли ошиб бормоқда. Буни эса ОАВда эълон қилинаётган таҳлилий материаллар, журналистик текширув ишлари ва танқидий кўрсатувлар сони ортиб бораётганидан билиб олиш мумкин.

Тақдирлаш жараёнида 20 нафарга яқин журналист иштирок этиб, дастлаб бўлим раиси О.Аслонов йиғилганларни қутлар экан, уларнинг келгуси ижодий фаолиятига муваффақият тилади. Шундан сўнг таҳририятлар вакилларига тантанали тарзда ташаккурнома ҳамда қимматбаҳо совғалар топширилди.

—Сўнгги йилларда журналистлар орасидаги жипслик, ўзаро бир-бирини қўллаш анчагина ижобий томонга ўзгарган, — дейди ЎзАнинг вилоят мухбири Абдували Бўриев. — Бу бевосита Уюшма ва давлат органлари ҳамкорлигида жойларда ўтказилаётган пресс-тур, матбуот анжумани ҳамда брифинглар самарасидир.

Тантанали тадбирда бир гуруҳ фахрий ижодкорлар сўзга чиқиб, касб байрами шукуҳи ҳамда юртимизда сўз эркинлигини таъминлаш тобора мустаҳкамланиб бораётгани хусусида фикр билдиришди.

Озод Мустафоев,

ЎзЖИУ Навоий вилояти

бўлими мутахассиси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 − 2 =