“Гуллаётган бир асоман мен…”

Муаллиф ҳақида: Aбдулла Шер (Aбдулла Шеров) 1943 йил 5 августда Чиноз туманида туғилган. ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетини тамомлаган. “Кўклам табассуми” (1973), “Aлёр” (1977), “Aтиргул сояси” (1979), “Роз” (1980), “Куз ҳилоли” (1983), “Қадимги куй” (1987), “Нуқтадан сўнг” (1989), “Тоқат” (1997) каби шеърий тўпламлари нашр этилган. “Aхлоқшунослик” (2003) ўқув қўлланмаси муаллифи. Ж. Байроннинг “Дон Жуан” шеърий романи, К. Кайненинг “Олмония” достони ва “Қўшиқлар китоби”ни, A. Пушкин, A. Некрасов, A. Aхматова асарларини ўзбек тилига таржима қилган.

 

* * *

Кечир, Тангрим, гоҳ кетсам тойиб,

Нетай, ҳануз норасоман мен,

Борлиғимни ёмғирга чайиб,

Гуллаётган бир асоман мен.

 

Гар сувратан сочда қор, бироқ,

Сийратимда чўғнамоман мен,

Тўрт фасл ҳам кўкламга ўртоқ,

Гуллаётган бир асоман мен.

 

Шукр, илҳом умримга шайдо,

Гарчанд гоҳ-гоҳ ғамсароман мен,

Икки аср оралаб, якто

Гуллаётган бир асоман мен.

 

* * *

Ўзимни кўтариб яшайман ўзим,

Сўзимни кўтариб яшайман ўзим,

Кўзимни кўтариб яшайман ўзим

Бу ёлғон дунёни туйганим учун.

 

Аждодлар хокини деб: “Ота юртим!”,

Япроқдек сарғайдим, куртакдек бўртдим,

Бўйинтуруқдаги Ғиротдек йўртдим

Ватан дардларига куйганим учун.

 

Кимман, деб замондан ўзни сўратдим,

Йилу ой, кунимни нурга қаратдим, –

Умримни чўғ қилиб, элга тарқатдим

Жафокаш халқимни суйганим учун.

 

                 БАРМОҚЛАРИМ

Бармоқларим қоғоз юзида шундай тез югурадики,   баъзан мен эмас, улар ўзидан ўзи ёзаётгандек туюлади.

Валтер Скотт.

Бармоқларим, шошқалоқлар,

Мунча шошиб нетасиз?

Қараб турсам, чопиб, ҳатто,

Мендан ўзиб кетасиз.

Пичоқ билан жон талашган

Қалам учи – дўстингиз.

Илҳом деган ёрни кўрар

Мен кўрмаган кўзингиз.

 

Гоҳ оқ қоғоз қорайганда

Уйғонган дардингиздан,

Ҳатто фикр етолмайди

Қувалаб ортингиздан.

 

Тоғ ҳақида ёзсангиз гар,

Булоқ қайнар қояда,

Шеърдан дарахт ўстирсангиз,

Хушбўй яшар сояда.

 

Умрим сизми? Сиз умрми? –

Билганим шу: Тозасиз!

Қарсакларга вақтингиз йўқ,

Қалб тарихин ёзасиз!

 

                        ТОНГДА

Жийдалар баргининг шилдирашини

Дуторнинг куйидек тинглаб тураман

Ва сўнгги юлдузнинг милтирашини

Кун бўйи ёдимда олиб юраман.

 

Тонгни қаршилаган вазмин дарахтлар

Қуёшни кўрай деб бўйнини чўзар.

“Чирқ-чирқ”лар бошланар

тугаб “чах-чах”лар,

Боғ қушлар тилида кўкламдан сўзлар.

 

Анҳор ўша-ўша: оқади тўлиб,

Чақириб ниначи — танишларини,

Сувнинг сувратини чизмоқчи бўлиб,

Мўйқалам қилади қамишларини.

 

Тун, кун, боғ, сув – бари, гарчандки ўша,

Лекин мен ҳар тонгда гўё янгиман.

Балки менга ермас, осмондир гўша, –

Тупроғим қайсидир юлдуз чангидан?!.

 

Ҳа-да! Нега керак шуҳрат, ас-аса,

Бас, қушлар исмимни басма-бас айтар…

Мени кўкка бошлаб кетган фалсафа

Очиқ дафтаримга шеър бўлиб қайтар.

 

* * *

Ариқларнинг сайрашидан маст,

Тебранади елда гиёҳлар.

Юлсанг, ҳатто қўлингни кесмас

Ханжарликдан кечиб қиёқлар.

 

Уйғотади боғни илдизлар,

Кокил ёйиб, яйрайди ишком.

Қиқирлашиб, қизарар қизлар

Қувлаб келса келин деган ном.

 

Боларилар куйин эшитиб,

Оқ булутга айланар дарахт

Ва шеъримга умр бахш этиб,

Шохлар аро сано айтар Вақт.

 

* * *

Тақдир шамолини бир четда кутиб,

Зориққан қоқигул уруғи мисол

Ботгувчи қуёшнинг нуридан тутиб,

Олис далаларга бошлайди хаёл.

 

Ўзгача сас берар унда қирғоқлар

Зовурда қамишлар қўшиқ айтганда,

Уфққа бош уриб куйлар йироқлар

Турналар “қур-қур”лаб такрор қайтганда.

 

Ўткир ҳид чечаклар, келса гул сайли,

Кутар бўйқизларни хушбўйга тўлиб:

Бир лаҳза турса бас, – узсалар майли, –

Ним очиқ ёқага тугмадек бўлиб…

 

Ва лекин бугун йўқ сенлашган кўклам,

Ўша кенгликларга сингган акс-садо;

Ҳамроҳим – оҳори тўкилган олам

Мен билан гаплашар сизлашиб, сипо.

Чопқир болакайдек шамолга ошна

Ёшлик ўтиб кетди зумда “зув-зув”лаб.

Мен дарё бўйида ўлтирган ташна,

Сув тўлиб оқар-у, намланмайди лаб…

 

                  ОЛИС БОЛАЛИК

Сўнгги қор оралаб майсалар дадил,

Кўкламни чақириб кўтардилар бош;

Ариқнинг шаштидан юпқа муз чил-чил,

Булутни сал суриб, жилмайди қуёш;

 

Ишқибоз елларнинг силашларидан

Қизариб бўртди хўп тафтталаб куртак;

Заминнинг офтобни тилашларидан

Дарё деб ҳис қилди ўзини кўлмак;

 

Уйғонди хасларни суриб ялпизлар,

Кўз-кўзлаб қизғиштоб танин, керишди;

Ялпиздек бўй сочган сулув бўйқизлар

Қиқирлаб қирқкокил сочин ўришди;

 

Йигитлар қоқ тунда чалган ҳуштаклар

Адашмай топдилар манзилларини;

Чол-кампир аталган ширин туршаклар

Адаштириб қўйди, воҳ, йилларини;

 

Қуёш ҳам, булут ҳам тез-тез адашар,

Фаслини унутар осмон ҳам гоҳо;

Кўклам шошилади, одамлар шошар,

Ҳисларни шоширар шошқалоқ дунё;

 

Қора қарғаларнинг муддати тамом,

Кўкқарға хўжайин дарахту симга…

“Олис болалик” деб қўйди шоир ном

Сўз билан чизилган ушбу расмга…

 

                         СОНЕТ

Олис даралардан келгунча ҳар гал

Жарангин йўқотган баланд товушдек,

Вужудлар қулоққа айланган маҳал

Сукутчан тил билан дилдан қовушдик.

 

Қанотимиз қучди осмонни аввал

Муҳаббат шахтидан семурғ қушдек,

Сўнг бизни чорлади ялпизбўй ҳамал,

Буғланган заминга уруғдек тушдик.

 

Кел, жоним, сочингга толпопук ула,

Ёшлик бир зум айтсин бизга ашула,

Бизни дўст деб билар қара, ҳар бир тол, —

 

Иккимиз дунёда бир чимдим кўклам,

Тўлдириб яшаймиз неки бўлса кам, –

Асл бахт дегани шудир, эҳтимол.

 

                   ЎЙЛАР

Яғир қилди, эвоҳ, елкамни

Ташвишлари кўҳна дунёнинг;

Бир дарахтдек ўстирдим ғамни

Тухумини излаб Анқонинг, —

Айтгин, Тангрим, ўзи кимман мен,

Айтгин, тутай кимнинг баридан?

Бир кун сўзлаб, ўн кун жимман мен,

Ширин орзу ўтар наридан.

 

Нима қилдим дунёда, ахир,

Қачон келар мен кутган Бугун?

Бир кун ширин, ўн куним тахир,

Бир кун руҳман, вужудман ўн кун.

Чорлов билан акси садони

Фарқлолмадим, яшадим сизлаб.

Мен изладим бахтли маъвони

Бир хивични Ғиротга менгзаб.

 

Саволлардан айланар бошим, —

Олисдадир жавоблар шаҳри.

Ёниб борар ич билан ташим,

Чанқоқ босмас китоблар наҳри.

 

Мени эзар қадимий жабр,

Тепчиб чиқар кўзга асрий ёш.

Сабр бергин, Аллоҳим, сабр,

Коса бўлсин сабрга бу бош.

 

Оёқларим остидан, ҳайҳот,

Овоз бўлиб чопади йўллар.

Ўнгман дея қичқирар бот-бот

Тўрт тарафни қучоқлаб сўллар.

 

Шундан гоҳо достонларимга

Кўчат қилиб додни экаман,

Дардларимнинг хирмонларига

Сатрлардан қанор тикаман.

 

Лекин баъзан сезаман ажиб

Хаёлотнинг шарпаларини.

Шунда бари туюлар нажиб,

Мен севаман бору барини.

 

Гоҳ тарихдан келган овозда

Тушлар аро янграйди отим,

Ёритади уйни қоғозда —

Яшаётган буюк Ҳиротим.

 

Ташда эса ҳануз ялтираб,

Ой бўлай деб тинмайди ҳилол,

Япроқларга чапак чалдириб,

Дарахтларни ўйнатар шамол.

 

Кимдир дейди: “Бор экан охур, —

Эгилишда давом этар бош!.. ”

Шу ҳикматда тўхталдим, охир,

Саксон томон қараганда ёш.

 

* * *

Харобот аро кирдим ошуфтаҳол

Май истарга илкимда синғон сафол.

         Алишер Навоий.

Нетай, келишолмай кўприклар билан,

“Ҳайт!”, дея мавжларнинг устидан чопдим,

Тирик суҳбат қуриб ўлганлар билан,

Қадим китоблардан бугунни топдим.

 

Гўё дарахтидан ажраган соя —

Узоқлаб бораман мен тош йўллардан.

Ёлғиз Яратгандан сўраб ҳимоя,

Ҳақиқат излайман изсиз чўллардан.

 

Нетай, синдирдилар, май тўла хум деб,

Харобот аҳлига элтар кўзамни.

Билмам, қандай кўрай, энди сизга эп

Синган сополдаги синиқ сўзимни.

 

Не тонг, қарс-қурс этиб, берса акс-садо

Эгилмай, синган сўз ногаҳон шеърда:

Ҳазрат Навоийга қилиб иқтидо,

Осмонни сотмасдан яшадим ерда!

 

* * *

Кимнинг бўлса ўз ҳақиқати, –

Хоҳ каттароқ, хоҳи кичикроқ, –

Ёритади келиб фурсати

Тақдирини бамисли чироқ.

 

Бири сочар нурин узоққа

Катта йўлда – ёруғликка мўл,

Бири эса кичик сўқмоқда

Милт-милт қилиб, кўрсатади йўл.

 

Ҳақиқатсиз кимсалар –   шўрлик,

Нур кўринмас юракларида,

Қисматидир уларнинг кўрлик –

Икки кўзи куракларида.

 

Лекин кимки ҳақиқатталаб –

Шахт бағишлар учқунимизга:

У ўтолур тарихни ҳатлаб

Биз яшаган бугунимизга.

 

* * *

Чопаверма ҳаллослаб, одам,

Чегаман деб ҳар бир синиққа,

Шоир айтмиш: “Икки дунёнг ҳам

Арзимайди бир хўрсиниққа!”

 

Қувончни ич, ғамни нондек еб,

Ахир, умринг илоҳий тортиқ.

Бу дунё деб куйинма ҳадеб,

У дунё деб талпинма ортиқ.

 

Қара, майса қолар ҳар қишдан,

Сен ҳам майса бўлишни ўрган;

Атторни лол қилган дарвешдан

Кулиб туриб ўлишни ўрган.

 

Армонларни унут бутунлай,

Ҳаммасига сен жилмайиб боқ

Ва ярқ этиб учган юлдуздай

Нур шаклида ерга қараб оғ.

 

* * *

Агар кимдир менгга қўл чўзса,

Мен қўлини кўрмаган бўлсам,

Кимдир мендан агарда ўзса,

Унга қарсак урмаган бўлсам,

 

Дўстлар денглар шунда: “Сенга суф!

Торлигингдан торайди олам; —

Шоир бўлиб, бўлиб файласуф,

Бўлолмабсан ҳали ҳам одам!”

 

                                                         Aбдулла Шер

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × five =