Иссиқ бир нон каби

1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни

 

Болалар ҳақида ўйлаганда (уларни ўйламай бўладими, ахир?!) ҳар қандай одам беихтиёр нафақат ўзини балки ҳамма нарсани унутади. Шубҳасиз, болаларсиз ҳаётни, эртани тасаввур қилиб бўлмас. Бежиз, туркнинг оташнафас шоири Нозим Ҳикмат шундай ёзмаган эди:

 Дунёни топширайлик болаларга, ҳеч бўлмаса бир кунга,

Ол алвон бир шар каби берайлик ўйнасинлар.

Ўйнасинлар қўшиқлар куйлаб юлдузлар орасида.

Дунёни болаларга топширайлик.

Чунончи, болалар ва болаликнинг олами беғубор ва самимий бир гўзалликка чулғангандир. БОЛАЛАР… Улар ҳақида айтилавериб ёд бўлиб кетган гаплар бугун яна ва яна, яна ва яна айтилажакдир.

Мен эсам, жўмракда оқиб турган сувни ишлатаётганимда, газ плитамнинг очиқ тургани эсимга тушганида, қушлар ва дарахтларга кўзим тушганида, ҳар жума қуёшга назаримни тикканимда болаларимга қолдираётган меросимизни ўйлаб титрайман. Мен кўрган қушларни улар ҳам кўрмоғини, мен ҳидлаган гулларни ҳидламоғини, менга ҳаёт берган ҳаводан улар ҳам нафас олмоқларини истайман. Менинг болаларимга бахшида меҳрим каби болаларимнинг болалари ҳам ўз зурриёдларига Аллоҳнинг энг улуғ раҳматини улашсалар дейман.

Бугун бир кўринмас бало исканжасида инсониятни қамраган ваҳм менинг-да юрагимни ўртамоқда.

Дунёга кўз тика туриб, оталари ва оналари эмас, телефон, телевизорлар “тарбиялаётган” болаларни кўряпман. Жаннат ва жаҳаннамга туташ бир йўлнинг биз яшаётган дунё­дан бошланганини сезяпман.

Юрагим товонимга туша бошлаган бир вақтда эса яна НУРга дучорман. Нурки, сизнинг умидбахш келажагингиз нури. Нурки, бахт сари одимлаётган болалар нури…

Имконияти чекланган болалар иштирокидаги “Мусаффо ранглар жилоси” танловида болалик мўъжизаларига дуч келдим. Тоза тасаввурларини чизгиларга тўкаётган муҳташам қалблар билан учрашдим.

“Бу — менинг қуёшим!”, деди улардан бири ўзи чизган суратни тас­вирлар экан.

Ҳа, дарҳақиқат:

Бу — сизнинг қуёшингиз!!!

Бу — сизнинг гулларингиз!!!

Бу — сизнинг осмонингиз!!!

Агар сиз бўлмасангиз, бизнинг ҳеч нимамиз йўқ. Агар сиз бўлмасангиз, биз-да йўқмиз, БОЛАЛАР…

Биз катталар эртамизни сиздан топамиз, шунинг учун-да, бугунимизни сиз билан баҳам кўрамиз.

Гул кўнглимизнинг гулнигор қизалоқлари, осмон дилимизнинг бахт­қанот болакайлари. Бу кун — дунё халқларининг болаларни ҳимоя қилмоқ куни. Бу кун сизнинг хос байрамингиз. Бирингизнинг қўлингизда пуфаклар, бирингиз музқаймоқ яламоқдасиз, яна бирингиз ёруғликдан қамашаётган кўзларингизни ширин бир хархаша билан ишқалаб турибсиз. Қай ҳолатда бўлманг, Яратган инъом этган жами насибалардан ширинроқдирсиз.

Дунё болалари — сизнинг барчан­гизни яхши кўрмаслик қошида иложсизмиз. Болалардан болалар­га мерос қолгувчи тонглар ҳаққи ҳурмати болаликни эҳтиёт қилиш биз катталар учун наслдан-наслга ўтувчи туйғуга айланмоғи керак!!! Болаларнинг қалбини, серёғду оламини, самимиятини ҳимоя қилиш ҳар биримизнинг кўнгил тутқичларига айланмоғи шарт!

Муҳайё ПИРНАФАСОВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × five =