Улкан масъулиятга ундаётган имкониятлар
Пойтахтимизда 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Бу йилги байрам энг улуғ ва энг азиз айём – Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллик санаси арафасида бўлиб ўтаётгани унга алоҳида руҳ ва мазмун бағишламоқда.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотларининг вакиллари, фахрий журналистлар, ноширлар, матбаачилар, олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари иштирок этди.
Давлатимиз раҳбарининг матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига байрам табригини Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари ўринбосари – Президент матбуот котиби Шерзод Асадов ўқиб эшиттирди.
Бугун журналистлардан тезкорлик, холислик билан бирга, давлатимиз раҳбари томонидан қўйилаётган вазифаларга ҳозиржавоблик, пухта ва мукаммал билим асосида, ўз фаолиятига ижодий, теран таҳлилий-танқидий руҳда ёндашув талаб этилмоқда.
Президентимиз томонидан олиб борилаётган инсонпарвар ва халқчил сиёсат миллий журналистикани жадал равнақ топтириш, сўз ва матбуот, фуқароларнинг ахборот олишга оид ҳуқуқ ва эркинлигини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда. ОАВ ривожи йўлидаги ғамхўрлик ва эътибор соҳа ходимларининг жамиятдаги ижтимоий мавқеини тобора юксалтириш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашда ўз ифодасини топмоқда.
Мамлакатимиздаги ислоҳотлар жараёни ёки дунёнинг исталган чеккасида рўй бераётган воқеа ва ҳодисалар шу оннинг ўзида оммавий ахборот воситалари, айниқса, интернет нашрларида акс-садо бермоқда. Юртимизда фуқаролик журналистикаси, блогерлар фаолияти тобора жадаллашиб бормоқда.
Бугунги кунда барча даражадаги бошқарув идоралари раҳбарларининг оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистлар билан мунтазам учрашиб, жамият ҳаётига дахлдор муҳим масалаларни эркин мулоқот асосида кенг муҳокама этиши яхши анъанага айланиб бормоқда. Давлатимиз раҳбари ҳудудларга ҳар бир ташрифида журналистлар ва блогерлар билан мулоқот қилмоқда, уларнинг саволларига жавоб бермоқда. Бундай ёндашув Ўзбекистонда олиб борилаётган очиқлик, ошкоралик ва демократик сиёсатнинг энг муҳим йўналишларидан биридир.
Оммавий ахборот воситалари мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгариш ва янгиланиш жараёнларини ҳар томонлама таҳлил қилиб, жойлардаги ижтимоий муаммолар, хато ва камчиликларга давлат идоралари ва жамоатчилик эътиборини қаратмоқда.
Айни вақтда нодавлат электрон оммавий ахборот воситалари, газета ва журналлар, нашриёт ва босмахоналар сони кўпайиб бораётгани эътиборга лойиқ.
Давлат идораларининг жамоатчилик билан алоқаларини мустаҳкамлашга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Жумладан, ҳокимият ва бошқарув органлари томонидан мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бориши, миллий дастур ва стратегияларнинг бажарилиши юзасидан доимий равишда матбуот анжумани ва брифинглар, очиқ мулоқотлар ташкил этилмоқда.
Агар 2019 йилда давлат ва нодавлат ташкилотлардаги ахборот хизматларининг манбалари — расмий веб-сайтлар, ижтимоий тармоқлардаги каналлар 559 тани ташкил этган бўлса, 2021 йилда бу рақам 2 минг 410 тага етди.
Оммавий ахборот воситаларидаги танқидий чиқишларга вазирлик ва идоралар, ҳокимликларнинг ахборот хизматлари орқали тезкор муносабатлар билдириш амалиёти шаклланмоқда. Бунинг тасдиғини давлат идоралари томонидан танқидий материалларга жавоб қайтариш кўрсаткичи 2018 йилда 12 фоизни ташкил этган бўлса, 2020 йил якунига кўра қарийб 90 фоизга етгани мисолида ҳам кўриш мумкин.
Яқинда қабул қилинган “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.
Президентимизнинг “Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармони асосида мамлакатимизда сўз ва матбуот эркинлиги, очиқлик ва ошкоралик тамойилларини мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган демократик ўзгаришлар жараёнларига қўшаётган катта ҳиссаси, глобал ахборот майдонида миллий манфаатларимизни ҳимоя қилиш, Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида эришилаётган ютуқларни кенг тарғиб этишдаги муносиб хизматлари, замонавий журналистика тизимлари учун юксак малакали профессионал кадрларни тайёрлаш, ёш авлодни она Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш борасидаги самарали фаолияти ҳамда ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун бир гуруҳ ОАВ вакиллари унвон, орден ва медаллар билан тақдирланди.
Тадбирда бу мукофотларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева ўз эгаларига тантанали топширди.
— Камтарона меҳнатим юксак баҳоланганидан бошим кўкка етди, — дейди “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳибаси Ўғилхон Болтабоева. — Жамиятдаги муаммоли масалаларни ёритиш, шу маънода халқимизга кўмакдош бўлиши учун соҳа вакилларидан дадиллик, ҳақгўйлик ва холислик талаб этилади.
Тантанали тадбирда санъат усталари, эстрада юлдузлари ва ёш ижрочилар иштирокида концерт намойиш этилди.
Нурилло Насриев,
ЎзА мухбири.