Бу онларнинг гашти ўзгача…
Кеча юртимизнинг барча умумтаълим мактабларида ўқув йилининг якунланишига оид тадбирлар бўлиб ўтди.
Ўқувчилар қалбидаги ҳаяжон – синфдошларидан, устозлари ҳамда қадрдон мактаби билан хайрлашиш онларидаги кўзга қалққан ёшларни ҳеч бир сўз билан таърифлаб бўлмаса керак.
Бу кунларнинг гашти бўлак, бу онларнинг қувончи ўзгача!
Ана шундай тадбирлардан бири Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги рус тилига ихтисослашган 159-сонли мактабда ҳам шукуҳли тарзда ташкил қилинди. Пойтахтимиздаги энг намунали таълим масканларидан бири ҳисобланган мазкур мактабдаги тадбир йиғилганларда унутилмас таассурот қолдирди. Унда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, таниқли санъаткорлар ва ўқувчиларнинг ота-оналари иштирок этиб, битирувчиларни катта ҳаёт сари қўяётган илк қадамлари билан табриклашди.
— Мактабимиз 960 ўринга мўлжалланган бўлиб, 1713 нафар ўқувчи 2 “смена”да таълим олади. Айни пайтда 11-синф ўқувчиларимиз 141 нафарни, 9-синф битирувчиларимиз эса 197 нафарни ташкил этади. 9-синф битирувчиларининг 90 фоизи мактабда 11-синфгача ўқишни танлаган, — дейди мазкур таълим даргоҳи директори Ҳамида Мансурова.
— 9-синфни тугатяпман. Синфдошларим лицейга, ҳарбий мактаб ва бошқа турли таълим муассасаларига ҳужжат топширди. Мен эса ўз мактабимда 10-, 11-синфни ўқимоқчиман.
Чунки устозларимни яхши кўраман. Ўқитувчиларим ва синфдошларимга кўникканман. Олий таълим муассасаси борасида эса ҳали бир қарорга келганим йўқ. Лекин келажакда хорижда ўқиш ниятим бор. Насиб қилса, чет элда ўқиб, Ўзбекистонга фойдаси тегадиган етук мутахассис бўлиб қайтмоқчиман.
Орзуларимга эришиш учун ҳозирдан астойдил ҳаракат қиляпман. Ўз устимда ишлаб, устозларим ва ота-онамнинг юзларини ёруғ қиламан, — деди битирувчилардан бири Рухсора Шокирова.
Кўтаринки руҳда ўтган тадбирда Ўзбекистон халқ артисти Маҳмуд Намозовнинг дилбар куй-қўшиқлари йиғилганларга аъло кайфият улашди. Мактаб кутубхонасига Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан 50 та энг сара бадиий асарлар жамланмаси топширилди. Таниқли шоир, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Қорақалпоғистон халқ шоири Рустам Мусурмоннинг битирувчилар учун айтган дил сўзлари ва гўзал шеърлари катта таассурот қолдирди, олқишлар билан кутиб олинди.
Шунингдек, 2020-2021 ўқув йилида юқори натижаларга эришган фаол ўқувчилар ҳамда фидойи устоз-мураббийлар мактаб маъмурияти ва ташриф буюрган меҳмонлар томонидан эсдалик совғалари билан тақдирландилар. Маълумот ўрнида, мазкур мактаб самарадорлиги бўйича энг яхши натижаларга эришган билим даргоҳларидан бири саналиб, шаҳардаги юзлаб мактаблар орасида ўз ўрнига эга маскан ҳисобланади.
— Ўқувчиларимизни ўз фарзандларимиздек яхши кўрамиз. Бу ўғил-қизлар кўз олдимизда улғайди, ёнимизда катта бўлишди. Мана ҳаш-паш дегунча орадан 11 йил ўтиб, бир қанча ўқувчиларимиз мустақил ҳаёт сари қадам қўйишмоқда. Биз уларга ишонамиз ва нафақат мактабимиз, балки республикамиздаги барча битирувчи ёшларимизнинг келгуси ишларида омад ва зафарлар тилаймиз, — деди мактаб директори Ҳамида Мансурова.
Ҳа, яна бир ўқув йили ҳам якунига етди. Дарслар тугади. Байрамона тадбирни кузата туриб, ота-оналарнинг устозларга миннатдорлик билдираётганига гувоҳ бўлдик. Кимдадир қувонч кўз ёшлари милтиллайди. 11 йил мобайнида бир партада ёнма-ён ўтирган, бир оила аъзоларидек бўлиб қолган синфдошларнинг ҳар бири энди ўзининг мустақил ҳаёт йўлини қуришга киришади. Кимдир таҳсилни олий ўқув юртида давом эттирса, яна кимдир ҳалол меҳнати билан оиласига қанот бўлади…
— Битирувчиларимиз энди ҳар қачонгидан ҳам кучли, матонатли, сабрли ва энг муҳими мустақил бўлишлари лозим. Самимийлик, меҳр-муҳаббат ва садоқат каби туйғуларини йўқотишмаса, албатта, ҳаётнинг ҳар қандай синовларини енгиб ўтишади. Энг муҳими, мақсадлари сари дадил одимлаб, келажакда ўзлари орзу қилган инсон бўлишади, деган умиддаман, — деди мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Шоирахон Шерназарова.
Биз эса фарзандларимиз мактаб партасида олган билимларини келгусида янада мустаҳкамлаб, Ватанимизга муносиб хизмат қиладиган етук инсонлар бўлишларини тилаб қоламиз.
Абдулазиз АҲМАД