Эверестни забт этган биринчи ўзбекистонлик альпинист

Президентимиз Шавкат Мирзиёев дунёдаги энг баланд Эверест чўққисини забт этиб, унда давлатимиз байроғини ҳилпиратган қаҳрамон альпинистимиз Сергей Денисенкони “Ўзбекис­тон ифтихори” фахрий унвони ва “Trailblazer” автомобили билан мукофотлади.

Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувахитов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг ўринбосари – Президент Матбуот котиби Шерзод Асадов, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, журналистлар иштирок этди.

Сергей Денисенко энг мураккаб йўналишлардан бири бўлган жанубий қияликдан Эверест чўққисини забт этган биринчи ўзбекистонлик альпинист.

У болаликдан кўп вақтини тоғ оромгоҳларида ўтказган, саёҳат қилган. 2007 йилда Сергей Денисенко ўзининг реклама агентлигини очди, саноат альпинисти сифатида фаолият кўрсатди.

С.Денисенко 8848,86 метр баландликда жойлашган дунёдаги энг баланд Эверест (Жомолунгма) чўққисига чиқишга узоқ вақт ва пухта тайёргарлик кўрди. Шунингдек, бу Сергейнинг биринчи ютуғи эмас. 2019 йилда у Непалдаги Мера чўққисини забт этган эди.

Aммо Эверест ҳар доим унинг энг катта ор­зуси бўлиб келган, бугунга келиб эса у ҳақиқатга айланди. 2021 йил 11 апрелда Никита Балабанов гуруҳи таркибида “Кулуар” жамоаси билан унинг Эверестга экспедицияси бошланди. Ноқулай об-ҳаво шароитида иқлимлаштириш бўйича ишлар олиб борилди. Об-ҳавонинг кескин ўзгарувчанлиги кўтарилиш имконини бермаслиги мумкин эди. Аммо сабр-матонат ва дунёнинг энг юқори чўққисида туришга бўлган   хоҳиш устунлик қилди.

Тақдирлаш маросимида қаҳрамонимизнинг келгусидаги зафарли юришларига омад ва эзгу тилаклар билдирилди.

ЎзА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fifteen − 3 =