“Жим ўтир”иш яхшими?
Автобусда келаётиб орқа ўриндиқдаги бир аёл билан икки ярим ёшлардаги болакайнинг суҳбатини эшитиб қолдим.
Исминг нима? — деб сўради болакайдан ўттиз ёшлардаги аёл.
— А? — деди болакай гўёки унинг гапларини эшитмагандай.
— Отинг нима, деб сўраяпман?
— Акаси, — деди болакай.
Ён-атрофдагилар унинг гапидан кулиб юборди.
Болакай эса жовдираб ёнидаги 15-16 ёшлардаги қизга қаради.
— Дадангнинг, ойингнинг оти нима?
— А? — деди бола яна анқовсираб.
Аёл саволини такрорлади.
— Дадамники “дада”, ойимники “ойи”, — деди болакай.
Яна гурр кулги кўтарилди.
— Мени хола деб айт?
— А?
— Нима бало фонограмма қилдириб келганмисан? Мени “Холажон” деб айт! — деди бояги аёл яна уни гапга солиб.
У бўлса атрофга аланглаб:
— Амма! — деди. Яна кулги кўтарилди.
Болакай энди гапирмай қўйди.
Бояги аёл қайта-қайта савол берса ҳам кўзларини пастга қадаганича миқ этмади.
Ўзбек оиласида боланинг тили чиқиши билан унинг атрофида ҳамма гиргиттон бўла бошлайди. Болакай уч-тўрт ёш бўлгач, албатта, бийрон бўлади. Кўп нарсаларга қизиқади, билгиси келади. Эртаклар тинглашни, мультфильм томоша қилишни, ҳайвонларни ўз кўзи билан кўриб, қўли билан ушлашни ёқтиради. Аммо бунга ота-онанинг ҳеч қачон вақти етмайди. Ишлайдиган ота-оналар болаларини дарҳол боғчага беришади. Иш вақти тугаши билан боғчага шошилишади. Уйга келиб овқатга уннайди. Кир-чири бўлса уни ҳам ювиб қўйишга шошилади. Дазмолланадиган нарсаларини дазмоллайди. Овқатни сузади. Кейин идиш-товоқлар ювилади. Бу ҳар кунги такрорланадиган иш.
Болакай бўлса боғчадан келгандан сўнг нима қилишини билмайди. Ойисидан бирон нарсани сўрай деса, у дарҳол “жим ўтир!” дея уни курсичага ўтқизиб қўяди. Болакай зерикади. Нималарнидир ўйнамоқчи бўлади. Ойисидан сўрайди. Аммо у яна “жим бўл!” деган гапни эшитади. Телефон титкилаб ўтирган дадасининг олдига боради. Бола телевизордаги мультфильм қаҳрамонларининг ҳаёти нима билан тугашини тезроқ билгиси келиб сўрай бошлайди:
— Дада, анави махлуқ, қизчани еб қўймайдими?
— Билмайман. Жим ўтир!
Болакай дадасидан хафа бўлиб жим қолади. У гапириши билан ҳамма ёқдан фақат дакки эшитади. Катталарнинг севимли гапи эса “Жим ўтир!”
Кейин-чи? Кейин болакай ўз-ўзидан одамови бўлиб қолади. Биров бирон нима сўраса ҳам дарҳол жавоб беролмайди. Кўп нарсаларни англамайди. Саволларга ҳозиржавоблик билан жавоб қайтаролмайди. Кейин бўлса ота-она боласининг гапни яхши англамасликда, кўп нарсаларни билмасликда айблай бошлайди.
Мактабга чиққандан сўнг ҳам яна уйдаги чиройли гапни ўқитувчиси бошлайди: “Жим ўтиринглар!”
Болакай жим ўтиришга мажбур. Чунки жим ўтирмаса, ўқитувчиси қулоғидан чўзади. Уйда эса ота-онаси бақиради. Қачон гапиришни ҳам билмайди.
Бир қўшнимиз бор. Унинг иккита қизи, икки олам. Бири жудаям гапдон. Иккинчиси эса одамови. Чунки ўша кичкина Гулчиройга болалигидан “Жим ўтир! Гапирма!”, дея индамас қилиб қўйишган. У ҳам майлику-я ҳаттоки у бизга ҳам қўшилмасди. Онаси бизникига чиқса, дарвозамиз олдида аясини пойлаб турарди. Қанча тортқиласак ҳам ҳовлимизга кирмасди. Ўзини одамлардан олиб қочарди. Мактабга чиққандан сўнг ҳам бу одати қолмади. Ҳамма уни “ёввойи” дейишарди. Бунга онаси айбдор. Чунки болалигидан уни бизга қўшмади. Яйраб-яшнаб ўйнамади. Болалик завқини сурмади. Кези келганда гапиртирмади.
Гоҳида шаҳарда яшайдиган опамнинг болаларига ҳавасим келади. Чунки ҳар бир саволингизга бурро-бурро жавоб беради. Шеър-қўшиқ айтишни, рақсга тушишни боплайди.
Қишлоқда яшайдиган синглимнинг болалари эса савол берсангиз, онасининг ортига бекинади. Уялади. Жуда тортинчоқ. Ҳаттоки ўзининг исмини ҳам айтмайди. Бармоғини оғзига тиққанча ерга қараб тураверади. Бу ҳол қачонгача давом этади билмайман.
Ўзимнинг ёлғизгина ўғлим бор. Унга болалигидан нима савол берса жавоб бериб, тушунтириб ўргатганман. Шунинг учун у телевизор кўрса ҳам, кўчага чиққанда ҳам билмоқчи бўлган нарсасини эринмай сўраб олади. Биров савол берса, дарҳол бурро-бурро жавоб беради. Мен уни ҳеч қачон “Сен ёш боласан, жим бўл!” демайман. Чунки бизни болалигимизда шу гапни айтавериб, тортинчоқ қилиб вояга еткизишди.
Сизнингча “Жим ўтир”иш яхшими?
Хонбиби ҲИММАТ қизи,
журналист