Ёруғликдан қўрққан одамлар ёки мигрен буюклар касаллигими?
Мигреннинг тарихи 4000 йилларга бориб тақалади ва ҳатто қадимий манбаларда ҳам бу ҳақда айтиб ўтилган. Мигрен юнонча “hemicrania” сўзидан келиб чиққан бўлиб, “бошнинг ярми” деган маънони англатади. Бу билан ер шарида яшовчиларнинг ҳар еттинчиси оғриши аниқланган. Мутахассисларниннг фикрича, аёллар ушбу касалликка эркакларга нисбатан икки баравар кўп чалинишар экан. Фақат Буюк Британия мамлакатини оладиган бўлсак, у ерда олти миллионга яқин одам мигрен касаллиги билан оғрийди.
Маълумотларга кўра мигрен билан дунёда буюк инсонларнинг кўпчилиги – ҳарбий қўмондонлардан Юлий Цезарь, Александр Македонский, Наполеон, ёзувчилардан Льюис Кэрролл, Ги де Мопассан, Федор Достоевский, олимлардан Чарльз Дарвин, Зигмунд Фрейд, Альфред Нобеллар, композиторлардан Людвиг ван Бетховен, Петр Чайковскийлар ва ҳатто Петр I, Елизавета I лар ҳам ушбу касалликдан азият чекишган.
Унинг кенг тарқалишига қарамай, кўплаб афсона ва нотўғри тушунчалар ҳанузгача мигрен билан боғлиқ, масалан, кўп одамлар бу касалликдан фақат аёллар азоб чекади, деб ҳисоблайди. Ҳеч ким бу касалликни ўзлари азобланмагунча жиддий қабул қилмайди. Дунёда жами беморларнинг 70 фоизи доимий муолажа олишга мажбур экан.
Биз ушбу касаллик ва даволаш усуллари, одамларда тез-тез учраётган асабий нотинчликлар ҳақида батафсил суҳбатлашиш учун Тошкент Тиббиёт академияси асаб касалликлари кафедраси доценти, тиббиёт фанлари номзоди Сатима Раззаковна Куранбаева билан суҳбатда бўлдик.
— Ассалому алайкум. Назаримизда ҳозирги одамлар билан олдинги, дейлик буви ва боболаримизни солиштирсак катта фарқни кўрамиз. Бугун одамлар олдингилардан фарқли тез асабийлашади, доим қаергадир шошади, хуллас, хотиржамлигини йўқотишган. Сизнингча нега шундай? Сиз мутахассис сифатида бунинг сабаблари нималарга бориб тақалади, деб ўйлайсиз?
— Асаб тизимини биз невропатологлар марказий нерв системаси деймиз. Бу инсон организмини бошқарувчи система ҳисобланади. МНС доимо кеча-ю кундуз тинимсиз ишлайди ва инсон танасининг барча органларига импульс бериш орқали уларни бошқариб туради ва шунинг учун биз гапирамиз, эшитамиз, юрамиз, қўлларимиз орқали ишларни бажарамиз, фикрлаймиз, ёзамиз, кўрамиз ва овқат еймиз ва ҳоказолар.
Инсонда МНС билан бирорта ўзгариш бўлса, органлар функцияси яъни унинг ишлаш принциплари бузилади. Бу симптомлар йиғилиб бирорта касалликка олиб келади. Бизнинг нафас олишимиздан тортиб юрак бир маромда уришигача ҳам МНС таъминлаб беради. Агарда МНС сида бирорта ўзгариш бўлса, демак аниқки, инсонни нимадир бошқа касаллик безовта қилаётган бўлади.
Биз бу системанинг нормал ҳолатда ишлаши учун овқатланиш, дам олиш, спорт билан шуғулланиш ва кўпроқ тоза ҳавода дам олишимиз керак бўлади. Инсон ўзи учун бу муҳитни яратмаса, иккинчи киши буни яратиб бера олмайди. Инсоннинг соғлиги ўзининг қўлида. У ўзини бошқаришни билмаса, буни бошқа киши томонидан амалга ошириб бўлмайди.
— Мигрен ўзи қандай касаллик? Нега у жуда кўп одамларда учрайди?
— Мигрен бу — бош оғриқ синдроми. Ҳақиқатан ҳам бу хилда бош оғриганда беморлар ўзини қўйишга жой топа олмайдилар. Мигрен — оғриқни идрок этиш учун жавоб берадиган мия соҳаларида бузилишдир. Масалан, даволанмаган тишдаги яллиғланиш жараёни билан тригеминал асаб учлари безовта бўлади. Оғриқ импульслари мияда жойлашган тригеминал асабнинг ядросига киради ва у ердан — мия ярим кортексининг кулранг моддасига киради, бу ерда муаммолар манбаи қурт тушган тиш эканлиги тушунилади. Бош соҳасидаги барча оғриқлар айнан шу йўл билан келиб чиқади.
Мигрен туфайли тригеминал асаб ядроси фаоллашади, бу асаб учлари мукаммал тартибда бўлишига қарамай, кортексга оғриқ импульсларини юборишни бошлайди. Маълум бўладики, бош худди ўз-ўзидан оғрияпти, чунки бунда оғриқ манбаи кўринмайди.
Мигрен ирсий касаллик эканлиги маълум бўлиб, касаллик одатда она орқали фарзандга юқади ва бу юқумлилик кўпчилик назарда тутган юқумлилик эмас, албатта. Унинг ривожланишига жавобгар бўлган ўзига хос ген ёки генлар тўплами ҳали топилмаган. Мигренда бош оғриғи кучли кечади, беморнинг ҳаракати билан янада кучаяди. Оғриқ кўнгил айниш ёки ёруғликдан, товушдан безовталик билан яна ҳам авжига чиқади.
Кўпинча, хуруждан сўнг, одам бирмунча вақт чарчаган ва ўзини ёмон ҳис қилади.
— Айтингчи, мигреннинг аломатлари қандай бўлади?
— Биласизми, мигренда ҳар бир беморда турли хил аломатлар мавжуд бўлиши мумкин. Мигреннинг кенг тарқалган икки тури “оддий” ёки аурасиз мигрен ва “классик” ёки аурага эга мигрендир. Aура — бу мигренга ҳамроҳ бўлиши мумкин бўлган неврологик аломатлар спектрини тавсифлаш учун ишлатиладиган тиббий атама бўлиб, кўпинча визуал бузилишларни ўз ичига олади, шунингдек, уйқусизлик, бош айланиши ёки ҳатто мувозанатни йўқотиш каби ҳолатлар пайдо бўлиши мумкин.
Аурасиз мигрен тахминан 85 фоиз беморларда учраши мумкин. Aломатлар асосан бошнинг бир томонида оғриқ пайдо бўлади, хуруж ҳам бошнинг бир қисмида бўлади, баъзан бошқа томонга ўтиши ёки ён томонларини бир хуруждан иккинчисига ўзгартириши мумкин.
“Оддий” мигренда ўткир, пулсацияланувчи оғриқ одатда кўнгил айниш, қусиш ва ёруғлик, товуш ва ҳидларга юқори сезувчанлик билан бирга келади ва давом этади. Хуружлар тўрт соатдан 72 соатгача давом этиши мумкин. Бундан азоб чекаётган одамнинг кўпинча симптомлар камайгунча қоронғи хонада ётишдан бошқа чораси қолмайди.
“Классик” мигрен пайтида эса бемор аурага эга бўлади. Бу турида касаллик бирдан кучаяди ва 30 сониядан 60 сониягача давом этади. Улар интенсивлиги бўйича бемордан беморга фарқ қилади ва вақт ўтиши билан ўзгариши мумкин.
Беморларнинг тахминан 15 фоизида мигрен хуружининг бошланиши аурага боғлиқ. Ушбу неврологик аломатлар спектри билан ифодаланади, шу жумладан кўриш қобилияти, консентрацияни йўқотиш ва гапириш қийинлиги, тананинг бир томонида ноқулайлик каби ҳиссий аломатлар пайдо бўлади. Симптомлар одатда беш ва йигирма сониягача тез ривожланади ва жами 30 дан 60 сониягача давом этади.
— Мигрен хуружига нималар сабаб бўлиши мумкин?
— Мигрен пайтида диетага жиддий риоя қилиниши керак. Таркибида кофеини бор ичимликлар, шоколад, пишлоқ, цитрус мевалар ва шароб ичиш тақиқланади. Мигрендан азият чекаётган беморлар, аввало, тўғри овқатланиш, вақтида ухлаш, қаттиқ асабийлашмаслик каби ҳолатларга эътибор қаратиши ва мунтазам спорт билан шуғулланишлари шарт. Ёруғликдан қўрқиш — бу кўзнинг нурга нисбатан оғриқли сезгирлиги, унинг кириб бориши одамда бундай нохуш туйғуларни келтириб чиқаради: оғриқ, кўзларнинг оғриши, ёшланиши, кўзни юмиб ётишга мойиллик.
Яқин вақтгача шифокорлар мигрен хуружига сабаб бўлиши мумкин бўлган бир қатор омиллар мавжудлигини ишонч билан таъкидладилар. Ушбулар орасида стресс, аёлларда ҳайз даврининг бошланиши, спиртли ичимликлар, баъзи озиқ-овқатлар (масалан, шоколад, пишлоқ, қаҳва, цитрус мевалар), уйқунинг етишмаслиги ёки ортиқча бўлиши, очлик ва баъзи ҳолларда совуқ об-ҳаво оқими ҳам бунга сабаб қилиб кўрсатилган.
Шундай қилиб, олимлар бир нечта тадқиқотлар ўтказдилар ва продромал даврда мигрени бор беморларда миянинг бир қисми — гипоталамус фаоллашишини аниқладилар. Бу тригеминал асаб ядроси фаоллашувини қўзғатилган гипоталамус, яъни мигрен хуружи деган версия мавжуд. Бундан ташқари, қизиқарли бўлган нарса, гипоталамус уйқу ва бедорлик даврларини тартибга солади, ҳиссиётлар, овқатланиш ҳаракати ва гормонлар ишлаб чиқариш учун қисман жавоб беради. Шунинг учун, эҳтимол, гипоталамуснинг кучайган фаоллиги, гўё мигрен провакаторларини тортади. Гипоталамуснинг ҳаддан ташқари фаоллиги туфайли одам ширин нарсани хоҳлайди — у шоколад истеъмол қилади — боши оғрийди. Ёки ҳаяжонланган гипоталамус беморни асабийлаштиради — бемор яқинлари билан жанжаллашади — мигрен кучаяди.
— Бунинг отини ҳаёт деб қўйибди. Асабийлашмасликнинг имкони йўқ. Асабийлашди дегани эса демак мигреннинг кучайишига бор буди билан ҳисса қўшилди деганидир. Айтинг-чи, бу касалликни тўлиқ даволайдиган воситалар ҳалиям йўқми?
— Бугунги кунга келиб, мигренни бутунлай даволашга қодир воситалар мавжуд эмас. Aммо бу беморга ёрдам бериб бўлмайди дегани эмас. Уни даволашда бир нечта ёндашувлар мавжуд. Аввало, бош оғриғини қўзғатувчилардан сақланиш керак бўлади. Шунингдек, оғриқ қолдирувчи воситаларни илк белгилар кўриниши пайтидаёқ қабул қилиш зарур. Оддий оғриқ қолдирувчи воситалар ва ўзига хос мигренга қарши дорилар (триптан, сумамигрен) буюрилади. Aммо бу даволаниш фақат мигрен хуружларига камдан-кам ҳолларда мос келади. Ҳақиқат шундаки, оғриқ қолдирувчи воситаларни ҳаддан ташқари фаол ишлатиш кучли бош оғриғига олиб келиши мумкин.
Шунинг баробарида бошнинг қаттиқ тутиб оғришининг олдини олиш керак бўлади. Бу мигрен эпизодларини иложи борича камдан-кам такрорланишини таъминлашга қаратилган. Дори воситаларининг номларидан уларнинг мигренни даволаш учун яратилмаганлиги аниқ кўриниб турибди, аммо экспериментал тадқиқотлар давомида ушбу дорилар бош оғриғи хуружларини камайтириши аниқланди.
— Демак, бу касалликка қарши, уни бутунлай даволайдиган махсус дори воситалари йўқ? Мигрен учун буюрилган дори-дармонлар, беморни буткул тузатмайди, балки маълум бир фурсатларда ёрдам беради, холос, шундайми?
— Йўқ, яқинда мигренга қарши махсус дорилар пайдо бўлди, ҳозирча улар фақат Буюк Британияда ва AҚШда мавжуд, улар мигрен хуружи пайтида тригеминал асаб томонидан ажратилган оқсилга таъсир қилади. Aйнан шу оқсил оғриқни келтириб чиқаради. Янги терапия рецепторларнинг CГРП оқсилига сезгирлигини йўқ қилади ёки ҳатто унинг ишлаб чиқарилишини блоклайди. Бу беморларнинг тахминан ярмида ҳужумлар частотасини икки баравар камайтиришга, уларнинг тўртдан бирида мигренни бутунлай йўқ қилишга имкон беради, деб умид қилиняпти. Ушбу дори-дармонларга қўшимча равишда, CГРПга таъсир қилмайдиган, аммо оғриқ сигналларини узатувчи бошқа оқсилларга таъсир қилувчи дорилар ҳам ишлаб чиқарилмоқда. Шу сабабли, мигренни яқинда бутунлай даволашга эришиш мумкин.
— Асабларни мустаҳкам сақлаш учун газетхонларимизга қандай маслаҳатлар берасиз?
— Ҳа, юқорида айтганимиздек, бугун одамларимизнинг афту ангорига, қиёфасига, гапу сўзига боқиб, катта бир безовталикни кўрасиз. Мен мутахассис эмас, оддий бир фуқаро сифатида ҳамюртларимизни кузатар эканман, кучли руҳий безовталик, асаб таранглиги, Европа ёки Америка қитъаси одамларига кўра бизнинг мамлакатимизда кучли кечаётганини кўраман. Нега? Эҳтимол, бу ўзимизни ҳою ҳавасларга ҳаддан ортиқ қурбон қилаётганимиз, нафсимизнинг ҳакалак отаётгани билан боғлиқдир, деган ўйларга бериламан. Ахир, бир ҳавас иккинчисини, битта безовталик, яна бошқасини етаклаб келади. Булар эса асабни зўриқтирмасдан қўймайди. Биз асабни сақлаш, уни бошқариш учун иродамизни мустаҳкам қилиб юқорида айтилгандек бугунги кунга яхшилик билан боқсаккина чиройли келажакни ярата оламиз.
Асабни даволашда, авваламбор, ҳамма нарса инсоннинг ўзига боғлиқ. Инсон ўз кундалик режимини тўғри тақсимласа, ҳеч қачон асабда бузилишлар бўлмайди. Жуда кўп касалликлар, асосан, асаб орқали юзага келишини юқорида ҳам айтдик. Уни сақлаш, жиловлашдан ҳеч қачон зада бўлмасликни маслаҳат бераман.
Гўзал суҳбатлашди.