Бу тун узун эмас…

Муаллиф ҳақида: Нодира Афоқова — 1966 йилда Бухорода туғилган. Бухоро давлат университетида таҳсил олган. Филология фанлари доктори.

“Баҳорнинг бошланиши”, “Аросат фасли”, “Кўнгил шеваси”, “Сўз айвони”, “Қора наво”, “Ватан дарслари” каби тўп­ламлари нашр этилган. “Фитратнинг тушлари”, “Жазо” достони; “Муҳаммад (с.а.в) дедилар…”, “Хайём   чодиринда”, “Муҳаббатнома”, “Фақат Сен билурсан”, “Ҳазрат Навоийнинг етти гўзали” шеърий туркумлари муаллифи. Алишер Навоийнинг “Руҳ ул-қудс” қасидасини форсийдан; Леонид Андреевнинг “Яҳудо Искариот” қиссаси, Ги де Мопассан, Константин Паустовский ҳикоялари ҳамда Михаил Лермонтов, Марина Цветаева шеърларини рус тилидан ўзбек тилига ўгирган.

 

* * *

Қандай шаҳар ўзи бу гўзал шаҳар –

Қора босаверар руҳи-жонимни.

Чўл товуши келар. Бўздай майсалар.

Хотиралар чалар устихонимни.

Мана, дастагулдай менинг дўстларим,

Қандай ҳукмфармо, қандай бадастир!

Бағирлашмоқ бўларлар…

ғамгин қарайдир

Бир тубсиз айрилиқ, тубсиз кўзларим.

Хоки туроб бўлиб ётарлар, мана,

Азиз-авлиёлар, гўдакдай пирлар.

Худди бир нусрат бор,

Бордай тантана —

Гул узатиб турар қабрлар.

Қордек булутлардан ёришган кеча.

Гумбазлар булоқдай йилтирар.

Кимдир келар… кимдир изма-из келар.

Ер тўхтаган каби музлар кўзда ёшгача.

Йиртқич кўзларида юлдуз шуъласи.

Эй чўл, денгиздай оч қум барханини,

Дарвешларинг уйғот, само бошласин.

Яшир мени

ёҳуларга яшир мени.

Дарвоқе, шамоллар… қайлардан келур?

Бу гўзал шаҳарда бўлмаслар адо.

Ҳайдалган кабирлар, жорубкаш валийлар

Сўнг бора пуф деган бир ютум ҳаво

Оё…

 

* * *

Менга айт.

Кўзингга дўзахлар тўлди –

Ўша ғамлар мени айласин адо.

Ўзингга шафқат қил ўзингга, бўлди,

Эй жони ғамзада, ёди ғамзудо,

…“О, бу табассумлар, табассумлар! — шўр.

Узун кечаларда қибламиз вайрон.

Тажриба ашёси, жонлиқми бу жон,

Шуям муҳаббатми, қаро гўр де, гўр”…

Ғўлдира телбара… дунё чалкашсин.

Дарахтлар ҳўнграсин ошиқлар мисол,

Ерга ботиб қолган қушлар улар эҳтимол.

Тунни тўсиб турсин Ойнинг пардаси.

Гўё ҳаёт эмас, кўргулик гўё,

Аччиқ шаробдир у… ичсак, йиғласак,

Оқиб кетар икки кўзимиз чак-чак…

Шулар бари аро, ё Худо! –

Ёмғирлар шивирлаб ўтурлар бизга.

Шафақ дарчамизга гул ташлаб кетар.

Дарёлар кошғарий йир айтар.

Зулматлар яшашни ўргатар.

Қуёш умримизни парча-парчалаб

Ҳар кун олиб кетар, абадга кетар.

Қисматимиз синглисидай қаҳрнок гуллар

Вулқонлар бўғзида очилиб ётар…

 

* * *

Бирдан Сени сокин ўйладим

Бир кўзимда Ой-у,

Бирида Қуёш.

Шамолга ва Тунга урилиб

Силтанди, ёлворди қуриган бир шох.

Ўзимдан сўрадим, ростми шу, наҳот?

Зулмат чўкка тушган, туядай чўккан.

Нафаслар шол ўлмиш.

Ҳаётда ҳаёт

Йўқ каби… қойимдир фақат хотирот.

Нимага арзийди сўнг бу сокинлик?

Нимага арзийди жонимдаги ғам?

Муҳит дарёсида синиқ биллурдек

Умидлар юлдузи ётар, ложарам…

Дедик, ҳақни ҳақ де, бизким, қора эл.

Қисматимиз қўлидадай иллою билло

Қайрилиб боқмади бир тўда ўзича Худо,

Юзи нурдан жудо бир тўда гадо.

Улар қон ичганлар, шундан савдойи.

Ой тўлса қўрқувга тушарлар.

Япроқлар шунчаки қон зардобига

Бўялса қўрқувга тушарлар.

Куз, ахир, шунчаки куз келган бўлар.

Мулойим тортади сув,   тупроқ ва кўк.

Пушти-пушти қушлар худди одамдек

Ўчган шафақларга термулар.

Келмайсан… қанчалар сокин айтаман!

Қандай эришдилар ақлим етмайди:

Эҳтимол, бир куни қайтсанг ҳам

Бу шундай айрилиқ – ўлса битмайди.

 

* * *

Ақраб ёмғирлари боғлар устида

Мангудай, гумбурлар…   кўриб ётаман

Ғаройиб дунёлар чегарасида –

Кўзларимга ҳар кун, ахир, Кун ботган.

У жулдур боғларда таслим ва ҳаёт.

Қуёшлар эртанги тонг учун сўнар.

Ҳар кун умр барбод… хотирга дўнар.

Дахлсиз, навқирон фақат хотирот.

Кел, умр чўкмоқда ул қора ўчоқ.

Қара, кўзларимдан қандай боқар Ғам.

Кетсам, бари кетар мен билан ул чоқ…

Мен билан кетажак муҳаббатим ҳам.

 

* * *

Мен, мана, қайғудан ўлмаган аёл.

Юрагим шувиллар

Бамисли тўфонда қолган қоратол…

Балки йўл излайди ойдин бир хаёл.

Булутлар бағрида уйғонаётиб

Чақмоқлар тинглайди ёввош ва беҳол.

Тилларанг туманлар паришонхаёл.

Тоғлар силжиб борар жим қулоқ тутиб.

Мени аччиқ қуюнларга ўраган япроқ,

Эй япроқ! Ҳув у пайт сен учун чекиндим.

У учун чекиндим…

не дейин энди,

Бизга қолганда бу дунё бесўроқ.

Мен, ахир, ўлгану ўлмаган аёл.

Мени танимаслар энди, ёмғирдарахтман.

Еримга ётдайман, руҳимда бир ҳол.

Халал берар дунё, гўё сезгиларим шол.

Булутли кечалар ёмғирсиз, илиқ.

Хира парда бўлиб ёйилар ҳаво.

Барибир ёмғирпўш олиб чиқ,

Дейману… ё Худо, у қайда, мен қайда аммо!

У қайда, мен қайда… янчар бу калом.

Илоҳи, шодликдан шодланмай қўйдим.

Илоҳи, тўлин Ой қўлимда бир жом.

Илоҳи, руҳимда бир сўнг, бир тамом.

Илоҳи, юлдуздай учмиш қуёшим.

Илоҳи, қуёшми томчи-томчи хун.

Илоҳи, бордир-ку бир тамом, бир сўнг.

Илоҳи, мужда бер, тупроқда бошим…

 

* * *

Сизга бари аён,

Менинг бор умрим

Мотам айтимидай чолғусиз қўшиқ.

Гўзал орзулардан ҳайдалган йўлим –

Ул-да Сизга аён ҳар недан ортиқ.

Сиз яхши биласиз, ложарам,

Кўз ёшни кўрсатмоқ… йўқ-йўқ, бу ўлим.

Балки бу кибрдир…

Йиқилган одам

Иззати нафсига тасалли, балким.

Йиқилдим, тупроқни танидим…

Бир тун

“Сиғмазам…” – ўқирди йиғлаб кўҳнадўз.

Ойнинг шуъласига узалган гулбун

Илоҳий ҳарф бўлиб кўринди, эй дўст.

“Оҳ, уни унутсам” – видолар учди,

Мотам айтимидай чолғусиз қўшиқ.

Жунунлар кетмади. Ошгандан ошди.

Умид йўқ… Эрта йўқ…

Қолмиш фақат ишқ.

Ишқким, тайрларни, қуртларни севдик.

Булутлар комида ўтларни севдик.

Туннинг адоғинда нолани севдик.

Субҳ аёғинда жолани севдик.

Куз илди – ҳавода мезонни севдик.

Ёмғирлар дорида хазонни севдик.

Хазон исларида алвонни севдик.

Алвонга кўмилган айвонни севдик…

Сизга бари аён,

Бошқамен энди.

Инонмоқ истаги шафақдай ўчмиш.

Табассумим тўлдирар бу маконни.

Руҳим, руҳим… тарк этмиш, кўчмиш…

Жисмимни танирлар,

Келарлар бир кун

Кўзларин тўлдириб ўлик нурларга.

О, уни гулларга кўмарлар балким,

Қабрни кўмгандай гулларга.

 

* * *

“Қалбим тўла муҳаббат ва ўч…”

Шитирлайди қоп-қора чорбоғ.

Хазон чексиз.

Хазонлар намхуш.

Мен куйлайман ғамгин, хирқироқ.

Бу кеч Ой рангида булутлар.

Олчазорлар соясиз ва тунд

Арвоҳ каби оҳлар, қўрқитар…

Не замонким, нечундир-нечун

Сургун руҳи кезар руҳимда.

Гўё қадим аёлғу кезар.

Хазонларга тўла бу тунда

Ой рангида булутлар сузар.

Ўйин каби туюлар дунё.

Бари ўйин каби, бари пуч.

Мен куйлайман ғамгин, хирқироқ,

“Қалбим тўла муҳаббат ва ўч”.

 

* * *

Ташла ул китобни, кетдик, азизим.

Қисмат китобими ул қора китоб

Бизга тутқазмишлар…

Бир томчи зардоб

Бир томчи қора қон ўлмишдир кўзим.

Шаррос уйғонди руҳ, бўлмас тўхтатиб.

Бу уйғониш келар кўпдан ва зимдан.

О, йўқ, қўрқма мендан.

Қўрқма динимдан.

Диним муҳаббатдир, ёлғиз ўшадир.

Табассум сўрарлар фақат, табассум,

Шарт эмасдек ичдан тошиб келмоғи.

Бас, энди кучимиз етмайди чоғи.

Мушфиқ саробларга кетдик, азизим,

Офоқ саҳросинда ёбонлари бор

Саробдай қалқиган, ёлғон инмаган,

Ёмғирлари ойлаб-ойлаб тинмаган,

Кимсасиз кезмакка тунлари зангор.

Меҳрибон ерларга бориб етайлик.

Тўйиб йиғлагани, дуо қилгани.

Кўкдан келган ажал билан ўлгани.

Туманлар бағрида ғулғулдай ётайлик.

Ёлворишлар, исён… қутқармади, йўқ,

Не Кунлар тутилди,

Не Ойлар тўлди.

Ўтирсанг дуо қил, турсанг дуо қил,

Қисмат ҳам ўзгарар – ишонсак бўлди.

 

* * *

Кўнглимни кўтарма. Ётсин. Ер бўлсин.

Алкимёгар бўлсин ниҳоят.

Ҳурларнинг ичинда ҳур бўлсин.

Йиғласин, йиғичи гул бўлсин.

Сўздан тўйиб кетди-ку

бадбахт

Росту ёлғонлардан тўйди у, тўлди.

Айрилди, айрилди, тинмай айрилди…

Айрилмаган нима қолди, айт!?

Қўй-қўй, сўрамасин алардан шафқат,

Ёвуз шодланурлар, кутганлари шу.

Сўраса Тангридан сўрасин фақат,

Ёлворса Тангрига ёлворсин, қўй-қўй.

Керакмас ҳикматлар, ваъдалар, таскин…

Ҳаёт истаюр у. Фақат гул ҳаёт.

Орзулар рўёбин истар…

Ва лекин

Сўнган юлдузларнинг ёғдуси каби

умид бор умид бор…

қўрқинч хотирот…

 

 

* * *

Бу тун узун эмас, баҳайбат аммо.

Недир шовуллайди изчил ва сокин.

Шамоллар тараган дарахтзор

Ва ё

Ёмғирдир, билмайман билмайман…

Балким

Сунбула сойларин тирилган ёди.

Ётибман… худдики олам беэга.

Қалбим ғуссалардан бўшамас нега?

Беэга кезар… у кимнинг фарёди?

Чақмоқлар хонамга кирар бемалол.

Сен-ку олисларда соғсан, омонсан.

Мустабид хаёл бор бир қора хаёл…

Нечун у?

Қайдан у?

Топмасми завол?

О, бари беҳуда бари беҳуда…

Туннинг хаёллари ўзидай қаро.

Недир шовуллайди…

Ётибман гўё

Вақт тугаб, мангулик бошланган жойда.

 

         АКБАРАГА МУНОЖОТ

Йиғлама.

Йиғласанг кетмоғим керак,

Юпанч сўз ахтариб Кошғарий томон.

Ҳатто тўққиз аср дайдиб, тентираб

Битта тасалли сўз топмоғим гумон.

Биламан, ожиздир, ғарибдир,

Бенаво, нотавон, жайдари

Сен чеккан ғам-ҳасрат олдида

Дунёнинг жамийки дардлари.

Биламан, одамлар эмасдир улар,

Бўридир, ваҳшийдир, қотил, жаллоддир.

О, иқрор этмаклик оғир нақадар —

Улар сенга эмас, менга авлоддир.

Йиғлама, қовурғам остида сим-сим

Бир қушча зардобга айланаётир.

Йиғлама, Акбарам, жоним, мунисим,

Кўз ёшинг гирдобга айланаётир.

Бу гирдоб нақадар, нақадар буюк,

Дунёни ғарқ этар, ғарқоблар этар.

Ғурубда ғурбатдан қовжираб, куйиб,

Қуёшми ё сенинг юрагинг ботар?

Йиғлама, мўъжиза рўй берар аниқ:

Борлиққа оналик сенга тан топар,

Энди офтоб эмас, ҳар субҳи содиқ

Дунёни қон бўлган юрак уйғотар!

 

* * *

Дафъатан уйғонди шамоллар.

Боғлар нафас олди дафъатан.

Бир зумга ёришди хаёллар,

Сўнг маъюс тортдилар қайтадан.

Учар гилам янглиғ учар қушлар…

ғаройиб! —

Сувлар тиниқмасдан-тинмасдан

Олис нуқталарга айланиб

Аста

Уфқ ёймасида бўлдилар ғойиб.

Фасллар алмашди шом тушган маҳал.

Шомгуллар ғужмайиб тўкилди туйқус.

Очиқ қолдирилган дераза оша

Сўнг бор фалаклардан жилмайди Август.

Келмайсан…

О, ёзги сайиллараро

Унутилмиш эди – уйғонди бу ғам.

Фасллар рафтига боғлиқдай гўё

Тахайюл, хотирот… ҳисларимиз ҳам.

Наҳот, инонмоғим керакдир ҳануз –

Ё Худо, уйғонди бу қадим хулё!

Қонсиз бир чеҳрадир… Ойми у? Ҳаргиз

Ҳар тун исён айби ила осарлар гўё.

Наҳот, инонмоғим керакдир ҳануз?

Ерларга қорадир қора бу савол,

Ерларга қорадир беаёв, шафқатсиз

Ғариб умримизда мунаввар не бор.

Бу оқшом ҳеч нима бўлмади содир.

Қадим сунбулага қайтдик қайтадан.

Бир сокин. Бир мутеъ… чулғар хавотир.

Нотаниш маконда юргандай дафъатан.

 

                                                             Нодира Афоқова

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fifteen − ten =