Меҳнат сафари
Ўшанда “Ёш ленинчи”(ҳозирги “Ёшлар овози”) газетаси таҳририятида иш бошлаганимга энди бир йил бўлганди. Бўлим мудиримиз Республика Ёшлар идораси (ўша пайтда Комсомол комитети)га чақиришаётганини айтди. Бордим. Ўша пайтда Раъно Хабибовна номини эшитса, назаримда дарахтлар ҳам бир силкиниб тушарди. Тортиниб, ийманиб хонасига кирдим. Катта хонанинг тўрида ўтирган раҳбар опа воқеани тушунтириб, қўлимга шикоят хатини тутқазди.
— Яхшилаб ўрганиб, муаммони ҳал қилиб келгин, – деди Р. Абдуллаева.
Хонадан чиқдим. Лекин вужудимдаги титроқ, ҳаяжон ҳали тўхтамаганди. Пастки қаватга тушиб, диванда бироз ўтирдим. Сўнг ишхонага келиб, керакли ҳужжатларни тўғриладим.
— Қиз бола бошинг билан бунақа ишларни бажара оласанми, қийналмайсанми? – онажоним (Аллоҳ раҳмат қилсин) аввалига безовталандилар. Кейин:
— Ҳа энди, ишинг бўлгандан кейин қиласан-да. Фақат эҳтиёт бўл. Иродали ва кучли бўл. Ҳақиқатни топ, ўрган, – дея оқ фотиҳа бергандилар.
Бу менинг биринчи меҳнат сафарим эди. Фарғонага бордим. Вилоятдан Марғилон шаҳар комсомол ташкилоти биринчи котиби Турғуной Эгамбердиева менга ҳамроҳлик қилди. Аризадаги воқеа бироз қалтисроқ эди, чиндан ҳам эҳтиёткорлик талаб қилинарди.
Яъни, 19 ёшли Татьянани отаси таниш-билиш қилиб, комбинатга ишга жойлаган экан. Цех бошлиғи қинғир ишларига уни шерик қилмоқчи бўлибди. Татьяна кўнмаган. Шундан сўнг, уни асоссиз баҳоналар билан ишдан бўшатган. Биз Татьянанинг отасига учрадик. Комбинат раҳбарларини воқеадан воқиф этдик. Хуллас, қиз ишга тикланди. Ўшанда шойи комбинатига ишга кириш илинжида юрган яна бошқа бир нечта йигит-қизларни ҳам ишга жойлашишига кўмаклашганмиз. Ишимиз битгач, шаҳарни томоша қилдик. Сира ёдимдан чиқмайди. Бир хароба ёдгорликни зиёрат қилгани бордик. Кабутарларнинг кўплигидан қабр кўринмасди.
— Кабутархона, – деди ҳамроҳим.
— Кимнинг қабри, бу ерда ким ётибди, – сўрадим.
— Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаси, биринчи халифа Абу Бакр Сиддиқнинг авлодларидан бирининг қабри, – жавоб қилди ҳамроҳим.
— Эй, бу кабутарлар бежиз бу ерга тўпланишмаган экан-да…
— Ҳа, бу эҳтиром, улуғларга эҳтиромни ҳозирча кабутарлар бажаришяпти. Одамлар эса буларни боқишяпти. Хабарингиз бор, обод қилайлик, десак рухсат беришмаяпти…
Кабутарлар кўплигидан ерга сочилган дон-дунларни базўр кўрдим. Бу зиёратгоҳ Тошкентга қайтганимдан кейин ҳам кўз олдимдан кетмади. Аввалига ҳисобот тарзида Татьянанинг ишга жойлаштирилгани ҳақида ёздим. Кейин эса “Муқаддас кабутарлар” очерким кўпчиликка манзур бўлган эди.
Орадан йиллар ўтди. Бир куни қўшним олима Ҳалима опаникида Турғуной билан учрашиб қолдик. Ўша воқеаларни эсладик. Кейин у ҳозир ўша мақбара бутунлай янги тус олганини айтди. У қўлигул усталар томонидан тўлиқ таъмирланибди. Бунга сабаб Ҳиндистондаги Агра университетининг тарихшунослари келиб, кабутархонани ўрганишган экан.
Иккинчи шикоят изидан
Биринчи меҳнат сафарим завқини туюб улгурмаган эдим. Ёз тугаб, куз бошланганди. Таҳририятда эса иш қизғин. Айниқса, “Адабиёт ва санъат” бўлимида. Ўлмас Умарбеков, Эркин Воҳидов каби қатор ёш қалам аҳлига лауреатлик унвони берилган. Улар ҳақида бир саҳифадан материал тайёрлаш керак. Кутилмаганда яна Ёшлар идорасига чақиришди. Бордим. Яна шикоят. Бу сафаргиси Хоразмдан экан. Тўрт нафар қиз ёзишган экан. Мактабни тугатиб, Олий ўқув юртига ўқишга кирамиз деса, ота-оналари турмушга узатмоқчи экан.
— Агар ёрдам бермасангиз, ўзимизни ёқамиз, – деб ёзишибди.
Хатни олиб йўлга тушдим.
Хоразмга бориб, аввал қизларни қидириб топдим. У пайтда қўл телефонлари йўқ. Улар пахта даласида, тўртталасининг ҳам этаклари тўла пахта. Теримдан чалғитмасдан суҳбатлашдим. Тарозибон йигитнинг ҳамроҳи бизни қизларнинг уйларига бошлаб борди. Икки нафарининг иши осон кўчди. Ҳартугул, ота-онаси фикримни тез тушунишди. Лекин қолган икки нафарининг акалари қарши туриб олишди. Ҳар қанча тортишмай, кўндириш қийин бўлди. Ҳатто фотиҳа қилиб қўйишибди. Эртаси куни Ёшлар идорасининг вилоят бўлими раҳбари Роза Авезжонова билан бирга яна уйига бордик.
Ҳа айтгандай, биринчи куни ўша “ака”лар ортимдан итларини қўйиб юборишганди. Айтиш ёдимдан кўтарилибди. Қалин жийдазор ўртасидаги ёлғизоёқ йўлда итларга ем бўлишимга озгина қолган. Яхши ҳамки ўтирган одамни ит тишламайди, деб эшитганим бор эди. Дарров ўтириб олдим. Тишламади. Итлар жойида тик туриб қолишди.
Эртаси куни борсак, ўша йигитлар қилган ишларидан уялдими, кўзимизга кўринмади. Лекин бу икки қизнинг ота-онаси ҳам тушунтиришларимиздан сўнг, қизларининг ўқишига рози бўлишди. Бу ёғи яхши бўлувди. Лекин олийгоҳларда аллақачон ўқиш бошланиб кетган эди…
Ният холис бўлса, иш ўнгидан келади, дегани рост. Роза Авезжонова билан Хивадаги Тиббиёт техникумига бордик. Ўшанда шаҳар раҳбарининг ёрдами билан тўрттала қиз ҳам техникум талабаси бўлишди. Қувончлари чексиз.
Албатта, меҳнат фаолиятим давомида бундай воқеалар жуда кўп бўлган. Кўплаб арз-шикоятларни ўрганишга, турфа тақдирлар ҳақида ёзишга тўғри келган. Юқорида бор йўғи улардан иккитаси ҳақида эсланди.
Ҳа, яхшилик, эзгуликка нима етсин. Ахир инсон бу дунёга фақат яхшилик қилиш, яратиш, яшнатиш, обод этиш, кўнгилларга малҳам бўлиш учун келади, аслида. Шунинг учун ҳам Хоразм сафари умрим дафтаридан муносиб жой олган.
Муқаддас АБДУСАМАТОВА,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган
маданият ходими, меҳнат фахрийси