Сўз сеҳри

Яратганга шукрки, ҳаётда, жамиятда ўз ўрнимни топа олдим, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида фаолиятим давомида атоқли адиблар билан бирга ишлаш бахтига муяссар бўлдим. Улардан сўз сеҳрини ўргандим. Сўнг “Ёш ленинчи” (ҳозирги “Ёшлар овози”) газетасида 30 йилдан кўпроқ ишладим. Журналист сифатида фаолиятим даврида кўп воқеалар иштирокчисига айландим. Кимларнингдир мушкулини осон, оғирини енгил қилиш учун қўлимдан келганича ёрдамимни аямадим. Ўша давр хотираларини кичик-кичик мақолаларда акс эттиришга ҳаракат қилаяпман. Қуйида шулардан бир шингилини сизларга улашгим келди.

1965 йил. Баҳор ойлари. Бир куни ишхонамда ўтирсам Шотурсун Ғуломов кириб:

— Бу дўстим, Абдулазиз Ваҳобов бўлади. Ёздирадиган (у пайтлар матнлар машинкада кўчириларди) иши бор экан, — дедилар.

— Кейинроқ бўладими ё ҳозир кўчириб берайми? — дедим мен.

— Ҳозир бўлса яхши бўларди, — деди меҳмон.

— Унда бизнинг хонада ўтириб турамиз, сиз бемалол кўчираверинг, — деди Шотурсун ака ва чиқиб кетишди. Ўзи бир қоғоз тўлар-тўлмас қўлёзма экан, бир зумда кўчириб бердим.

Бироздан сўнг:

— Хатосиз кўчирибсиз, яшанг, барака топинг,   — деб алқади Абдулазиз ака.

Шу зайл А. Ваҳобов тўрт-беш марта бир-икки қоғозлик мақолаларни кўчиртиргани олиб келди. Менинг ишим шу бўлгани учун сира оғринмай бажарардим.

Кунларнинг бирида Шотурсун ака:

— Синглим, газетага ишга ўтасизми? – деб сўраб қолдилар.

Университетнинг охирги курсида ўқиётгандим. Ректорат касбимиз бўйича ишлашимизни талаб қилаётганди. Бу таклифни ич-ичимдан жон деб қабул қилган бўлсам-да, аввалига юзага чиқармадим.

— Дўстим “Ёш ленинчи” (ҳозирги “Ёшлар овози”) газетасида муҳаррир бўлиб ишлайди. Ёзганларингизни ўқиб, озгина бўлса-да, саводингизни текшириб кўрди. Маъқул келдингиз чоғи, Адабиёт ва санъат бўлимига ишга таклиф қил­япти, — деди А.Ваҳобов.

Бўлимда Барот Бойқобилов мудир эди. Мен адабий ходим бўлиб ишга ўтдим. Бўлим ишлари билан таништирар экан:

— Бизга жуда кўп хатлар келади. Ҳар бирининг ортида газетхон, мухлис турганини унутманг, — деб тайинлади.

Ишим жуда қизиқарли бўлгани учун мен тезда шўнғиб кетдим. Лекин масъулият ҳам кам эмаслигини ҳис қилардим.

Бир куни “Аскар мактуби”га кўзим тушди. Унда иккита қат­ра бор эди. Ҳар қалай танланган мавзу яхши. Дўстлик, гўзаллик ҳақида эди. Улардан бирини бироз таҳрир қилдим. Газетага чиқди. Сўнг унинг муаллифи Аҳмаджон Мелибоевдан “раҳмат” хати келди. Шу зайл аскар бизга қат­ралардан ташқари, ҳарбий хизмати тўғрисида хабарлар жўнатиб турди.

Аҳмаджон ҳарбий хизматдан қайтиш чоғида қўлида чемодон ва устида ҳарбийча шинели билан тўғри таҳририятга кириб келгани ҳамон эсимда. Ўшанда катта хонада саккиз киши ўтирардик. Йигитнинг барча билан илиқ сўрашгани, чиройли муомаласи барчамизга бирдек ёқди. Турли саволлар билан Барот ака, Мухтор Аҳмедов, Маҳкам Раҳмонов, Карим Раҳимов каби устозлар уни бироз суҳбатга тортишди. У асли Ўш шаҳридан эканини айтди.

Мен журналистиканинг ўзига хос жиҳатлари, ҳикоя жанри ҳақида бироз бўлса-да, тушунча бердим. Кейин қоғозга бир неча мавзуларни рўйхат қилиб ёздим, хабарлар ёзиб туришини тайинлаб, хайрлашдим.

Ўйлаганимдек, у берган топшириқни бажариб, тез-тез хабарлар жўнатиб турди. Фаол мухбир бўлди. Ёзда эса олий ўқув юртига ўқишга кириш учун Тошкентга келди, қўлида ёзган нарсалари эълон қилинган газеталар тўплами бор эди. Биз яна таҳририят номидан йўлланма ҳам бергандик.

Шу орада “Ёш гвардия” нашриёти очиладиган бўлди, муҳарриримиз Абдулазиз ака унга директор этиб тайинланди. Барот ака ўша ерга ишга ўтди. Газетада бўлим бошлиғи вазифаси каминага топширилди. Бу орада Аҳмаджон ўқишга кирди. Ўқиш жараёнида газета билан алоқаси янада мустаҳкамланди. Ўқишдан бўш пайт­ларида бўлимнинг қарийб ўттиз фоиз ишини бажарарди. Муҳими, хатлар билан ишлашни пухта ўрганиб олди. Унга икки-уч юзталаб шеърий машқларни берардик. Ўрганиб шарҳ ёзиб келарди. Ҳикояларга ёзган шарҳлари ҳам жуда пухта, ишонарли чиқарди. Аҳмаджондаги касбга бўлган қизиқиш, интилишни баъзан ҳафталик ҳисобот йиғилишларида бошқаларга намуна тарзида айтиладиган бўлди. Талаба — Аҳмаджон Мелибоев хатлардан ташқари вақт топиб, бош­­қа бўлимларга ҳам хабар, лавҳалар ёзарди.

Ҳар қандай рағбат инсонни олдинга етаклайди. Қолаверса, у пайтларда қалам ҳақи ҳам сезиларли миқдорда бўлар эди. Бу ҳам бир жиҳатдан рағбат, яна бир жиҳатдан талаба учун моддий ёрдам. Шу зайл Аҳмаджон жамоамизнинг энг фаол мухбирига айланди.

1973 йилда камина туғуруқ, яъни узоқ муддатли таътилга чиқадиган бўлдим. Бош муҳарриримиз Р. Шоғуломов чақириб:

— Бўлимни нима қиламиз? — дея сўраб қолди.

— Йўқ демасангиз битта таклифим бор. Мирзакарим Пирматов (адабий ходим)ни ўрнимга мудир қилиб, ўрнига Аҳмаджонни ишга олсангиз, яхши бўларди, — дедим.

— У ҳали ўқишни битирмаган, талаба-ку.

— Тўғри, учинчи курсда. Лекин ўқишдан бўш пайтида ҳам ҳар қандай топшириқни бажариш қўлидан келади. Бунга ишончим комил.

У ҳақиқатда ишончни оқлади. Номи кунда бўлмаса ҳам тез-тез бошқа газеталарда ҳам пайдо бўла бошлади. Бўлимнинг ишлари юришди. Журналистлар ижодий уюшмасига аъзо бўлди. Камина ишга қайтгач, у сиёсий тарғибот бўлимига ўтказилди. Энди унда бу бўлимни бошқара олиш қобилияти пайдо бўлганди.

Аҳмаджоннинг ибратли фазилатларидан бири — у кўп ўқирди, кўп ўрганарди. Ўзи устида тинмай ишларди. Шу боис кундан-кунга, мақоладан мақолага етилиб, пишиб борди. Нафақат мақола, балки лавҳа, репортаж, очерк каби жанрларда ҳам қобилиятини намоён этди. Шу тариқа, оилали бўлганида унга уй ажратилди. Бу ҳам катта рағбат эди. Яхши кадр, яхши одам ҳар жойда керак-да.   Бугунги кунда Аҳмаджон Мелибоев таниқли журналист, моҳир публицист бўлиб элга танилди. “Жаҳон адабиёти” журнали Бош муҳаррири сифатида фаолият юритаяпти. Албатта, унинг бу даражага етишида турмуш ўртоғи Матлубахоннинг ҳам ўрни беқиёс. Аҳил оиланинг ўғил-қизлари ҳам муносиб тарбия кўрган, ҳаётда ўз ўринларини то­­­­­­­­­­п­­ишди. Унинг бугун ютуқларидан, эришаётган зафарларидан, ёзаётган китобларидан кўнглим фахр-ифтихор туйғусига йўғрилади. Кўз олдимга эса ҳанузгача ўша — бундан 55 йиллар аввалги вақтдаги аскар мактуби келаверади…

Муқаддас АБДУСАМАТОВА,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган

маданият ходими,

меҳнат фахрийси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

20 − twenty =