Клеопатра (Романдан парча)

Муҳаммад Али,

Ўзбекистон халқ ёзувчиси

Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Давлат мукофоти лауреати, Бердақ номидаги Қорақалпоғис­тон Давлат мукофоти соҳиби, профессор Муҳаммад Али яқинда халқимизнинг тарихий илдизларини теран ўрганишга қаратилган, янги “Клеопатра” тарихий романини ёзиб тугатди. Адабиётимизда ўзига хос янгилик бўлиши кутилаётган, қизиқарли сюжет чизиғига эга бу асар буюк миллий қаҳрамонимиз Спитамен, аниқроғи, унинг жанговар қизи Апама авлодига бориб тақаладиган, машҳури замон момомиз, милоддан аввал 69-30 йилларда яшаган Мисрнинг сўнгги маликаси ҳаётига бағишланган. Гўзал ва қудратли аёл Клеопатра Спитамен қизи Апаманинг ўнинчи авлоди эканлигини кўпчилик билмаслиги мумкин.

Улуғ инсонларнинг   қайси тупроқда туғилгани, унинг илдизи қайси Ватанга бориб уланиши катта аҳамиятга эга. Бу эса Ватаннинг   улуғлигини, она заминнинг хосиятли эканини дунёга кўз-кўзлайди. Буюк Клеопатра асл аждодлари туб илдизи орқали бизнинг ота маконга, она тупроққа келиб уланмоқда…

Қуйида ушбу фавқулодда ғаройиб ва қизиқарли романдан бир парча беришни лозим деб билдик. “Клеопатра” романи “Жаҳон адабиёти” журналида тўлиғича эълон қилинмоқда.

* * *

Буюк Искандарнинг қадами етган, Цезарь яхши кўриб Юлиополь деб ўз номини қўйишни орзулаган Тарс,   Киликиянинг машҳур ва бой шаҳарларидан ҳисобланарди. Атроф ерлар ниҳоятда ҳосилдор, узуми яхши бўлади, мевалари шиғил-шиғил   тўкилибгина қола қолади,   тариқзорлар, кунжутпоя, буғдойпоя ва арпапоялар шовуллаб ётади. Эчкилари ангора эчкиларига ўхшаган зотдор. Мамлакатнинг узум шароби, заъфарони, зайтун, олма, анорлари қўшни юртларда ҳам машҳур.

Шимолдан жанубга оқадиган Кидн дарёси   шаҳарни иккига ажратиб жанубга – Улуғ денгизга бориб қуйиларди. Дейдиларки, бир пайтлар   Буюк Искандар худди шу   ерда сувнинг   бағоят тиниқлигига ҳавас қилиб чўмилгиси келибди, суви совуқлигидан бехабар дарёга ўзини отибди ва зотилжам касалига йўлиқибди.

Бугун тонг саҳардан шаҳар ҳаддан зиёд бош­қача бир таважжуҳда… Қандайдир тантана руҳи ҳукмрон. Ёқимли куз ҳавоси, шимолдан эсаётган енгил шабада кўнгилларга хуш ёқарди.

Шаҳарнинг катта кўчаси аста-секин гавжумлашиб борарди. Бозорлар ҳам бўшаб қолди, дўконлар эшиклари тақа-тақ ёпилди. Уйлардан чиққан одамлар, хотин-халаж, халойиқ марказий майдондан ўтиб кўчани тирсиллатиб   Кидн дарёси бўйига, бандаргоҳга қараб оқа бошлади. Антоний бозор майдонидаги баландликда муваққат тахтда ўлтирар, Миср маликасини шу ерда кутиб олмоқчи, кейин қасрга меҳмонга таклиф этмоқчийди. Атрофида Домиций, Вентидий, Статион, Канидий сингари саркардалар мағрур туришарди.

Қош қорайиб бораётганда дарёда шоҳона бир кеманинг шаҳарга яқинлашаётгани шов-шуви атрофни тутиб кетди. Соҳилдаги одамлар кемага тикилишиб, тиллари лол, фақат: “Во-о-о!..”, “Во-о-о!..” дейишарди. Қимматбаҳо миср оғочидан ясалган, ранг-баранг катта шамларга кўмилган чароғон кема эртаклардагидек афсонавий, сирли ва жозибадор эди, атрофга муаттар бўй, хуш ҳид таратарди. Номи чиққан, дунё кезган   Канидий, Домиций, Статион сингари кўзи пишган саркардалар ҳам ҳали бунақа мўъжиза кемани кўришмаганди.

Ҳаммани чексиз ҳайратга солган мусиқа овозлари ҳам тинди. Қараган кўзини ололмас, анграйганча томошадан бўшамасди. Кеманинг зарҳалланган тумшуғи нурафшон чироқлар нурида ярқ-ярқ қилар, қирмизи рангдаги елканлар шабадада беҳолгина титрар, кумушранг эшкаклар наволарга ҳамроз бўлиб тўлқинларни майин-майин эшарди. Миср маликасини кузатиб келган тўрт юз кема дарёга сиғмасдан этаги Улуғ денгизда   чувалиб қолди. Дарёнинг икки соҳили одамга тўла, уларнинг ичида ортда кузатувчилар, олдинда кутиб олувчилар ҳам бор, гоҳ-гоҳ янграган сибизғаю сурнай, кифаралар, систр, доираларнинг қоришиқ   дағал суронидан кемани қуршаб олган кўнгилларни аллалаб, атрофга хуш кайфият бахш этаётган нозик наво оҳанглари беҳолгина озорланади…

Кеманинг ўртасида ҳарир заррин пардалар соясида Афродитанинг нафис либосига ўралган Миср маликаси Клеопатра Филопатор момиқ тўшакларда хиёл ёнбошлаб ўтирар эди. Хипча белида гўзаллик маъбудасининг ақлни ўғирлайдиган сеҳрли рангин нақшланган балои офат тасма-камари яққол кўзга ташланади. Икки ёнида худди суратлардаги Эрот1 сингари қўлларида   ранг-баранг елпиғичлар тутган хушбичим болажонлар холис хизматда… Харита ва нереидаларга2   ўхшаб ясаниб-тусанган ёқимли   ҳурлиқо нозик-ниҳол жориялар қай бирлари омонатгина кема қуйруғидаги сувни оҳиста шалоплатаётган кумуш эшкаклар олдида, бошқалари кема дори арқонларига назокат билан суянганча кема чайқалишига ҳамоҳанг тебранишаркан, болажонларга қараб-қараб қўйишар, ўртада бир гуруҳ қизлар рақсга тушишарди. Жуда кўп исириқдонлардан тутатқилар таратаётган хушҳид ва муаттар бўйлар соҳилни тутиб кетганди.

Клеопатра эсласа, ҳали шу пайтгача атай кимнидир мафтун этай, ясан-тусан қилай, ўзимга оро берай, тақинчоқларимни тақай, эс-ҳушини ўғирлай, деб иш тутган эмас экан. Бундай одати йўқ, бунга эҳтиёж ҳам сезмайди. Ҳатто Цезарь билан учрашувда ҳам бу ҳолат кузатилганмас. Одамлар уни кўриб, бир оғиз сўзини эшитишгач, тамом, жозибасига учиб, ўз-ўзидан боғланиб қоладилар. Бундай ҳол маликанинг насибасига айланган…

Лекин Антоний билан учрашувга малика нимагадир умрида илк бор астойдил ҳозирлик кўрди. Уч марта шоҳона кеманинг ясалишини бориб назорат қилди. Салобати ортиши учун кема тўрт мачталик бўлишини, мачталарга обдан қуриган, силлиқ рандаланган Сурия мирзатеракларидан танланишини уқтирди, токи узоқлардан ярқираб   кўриниб турсун. Тўрт томонда қирмизи рангли елканлар бўй кўрсатсун. Бўлмалари файзли ва шинам қурилсун. Чиройли   безатилган икки хона — бири Исида, иккинчиси Дионисники, — ёнма-ён бўлсин…

Малика одатда пардоз-андоз ишларига катта эътибор беради. Аввало, илиқ сутда чўмилиб чиқади. Кейин пардозга киришади. Кўзга оро бериш унинг севган машғулотларидан бири. Инсоннинг гўзаллигини яққол кўрсатадиган нарса – бу кўз, Клеопатра назарида. Кўзнинг парвариши шундайки, унга аталган қора рангдаги бўёқ шаҳло кўзнинг киприкларига, жиякларига ва қошга бир хил қуюқликда қўйилмоғи мақсадга мувофиқ. Шунда кўзнинг оқи, қорачиғи фавқулодда тиниқ ва ёрқин кўринади. Бундай кўзни “гапиргувчи кўз” деб атайдилар. У имо-ишора қилмайди, қатъий тикилиб туриши билан ҳамма гапни англата олади.

Яна бир нозик нарса бор: тўқяшил рангли ҳабаш малахит тошини обдан майдалаб лубнон мойига қориштирилган бўёқдан бодом қабоққа фил суягидан ясалган нозиккина нилчўп билан оҳиста-оҳиста суртилади… Малика ҳамиша тирноқларини қирмизи рангга бўяшни истайди. Қоп­қора сочларини хино билан ювади, юзларидан эса упа-эликни дариғ тутмайди, Сирбонид денгизидан келтирилган қимматбаҳо моддани тоза кумуш кукунларига аралаштириб юзларига тортади. Танасига таранг ёпишиб турган заррин либоси ўзига жуда ҳам ярашади, қадди-қоматини бўрттириб, яна ҳам гўзалроқ кўрсатаркан, нозик бадан латофати, кўрки яққол кўзга ташланиб, кўнгилларни ғорат этади…

Клеопатра Шарқ ҳукмдори, триумвир Антоний билан учрашмоқ учун йўлга чиқар экан, дорил­амон салтанат маликаси сифатида беҳисоб бойликлар, нодир инъомлар, қимматбаҳо либослар, зебу зийнатлар, керагидан ортиқ ақчалар ҳам ғамлаб қўйди, лекин асосан, умиди ўзининг сеҳру жодусидан, кўрку малоҳатидан эди.   Малика ҳозир йигирма саккиз ёшда, бундай паллада   аёлнинг ҳусни-латофати гул-гул очилиб камолга етади, ақли ҳам тўлишиб, теранлашиб, ўткирлашиб одамнинг хато қилишига асло йўл қўймайди.

Ҳамманинг назарида Тарсга Клеопатранинг эмас, балки гўзаллик ва севги маъбудаси Афродитанинг Олимп тоғидан тўппадан-тўғри тушган олтин кемаси кириб келганга ўхшаб кетди. Шаҳар хурсандчилик, шовқин-сурон, фавқулодда ҳаяжон оғушига чўмди. Ҳар ёқни одамлар тутиб кетган…

— Осиёнинг саодати деб гўзал Афродита ўзи Дионис ҳузурига ташриф буюраётир!.. — деган сўзлар янгради одамлар орасида.

— Афродита! Дионис!

— Афродита қандай гўзал! Гўзал малика! — хитоблари эшитилди кетма-кет.

Кема атрофини ўраб олган халқ теваракда хийла ўралашиб, ивирсиниб юрди. Ҳамма ҳолиқудрат Миср маликасига жилла қурса бир бор нигоҳ ташлаш умидида кезар, унинг одам зотиданми ёки йўқми, эканини ўз кўзи билан кўришни истар, бундай бетакрор манзарадан баҳраманд бўлишга ошиқарди.

Аммо Клеопатра кемадан тушмади.

Аста-аста одамлар сийрак торта бошлади.

Деллий бандаргоҳдан ҳаллослаб Антоний ҳузурига етиб келди.

— Императорим, бизлар Миср маликаси томонидан зиёфатга таклиф этилдик! – хурсандлигини яширмади саркарда.

— Биз меҳмонни қасрда кутмоқчи эдик-ку… — триумвир гангир-гунгир қилиб тарқалаётган одамлардан кўз олмай.

— Шундоқ эди… Аммо… Миср маликаси   мезбонлик вазифасини адо этмоқчи эканлар. Шарқда биз мезбонмиз, мезбонлигимизда турурмиз, Рим императорини ўзимиз меҳмон қилурмиз, дебдилар малика… — тушунтирди Деллий. — Ўн икки саркардага айтиб ҳам қўйдим…

Деллий Клеопатранинг шумлигини англади: у бировнинг олдига келмоқчи эмас, балки биров   унинг ҳузурига ташриф буюрсин.   Ҳа, ақлли аёл Клеопатра, ўз қадрини билади! “Лекин Марк буни ўйлаб ўтирмайди…” деди ўзига ўзи Деллий ичида.

Антоний, аксинча, маликага мулозамат кўрсатишга, ўзининг ҳайрихоҳлигини сездириб қў­йишга шошилди:

— Қани, Деллий, кетдик! Вақт ўтмасин, кетдик!

Меҳмонларни Аполлодор билан Виссарионлар, бандаргоҳ олдидаги майдонда ўйин-рақсларга тушаётган раққос ва раққосалар,   сурнайларни чи­йиллатадиган, кифараларни данғиллатадиган, лира, систрларни чалиб қийворадиган моҳир мусиқачилар кутиб олишди. Виссарион Мелиссани рақсга тортди:

— Меҳмонларга қарашимиз керак! Ўйинга бало борму?.. Тез бўл, анқайма! — карашмали бироз   жеркиш оҳангида Мелисса, ер остидан жилмайиб қараб қўяр экан. Виссарионга қизнинг ана шундай тутуми, ҳатто енгилгина жеркиб қў­йиши ҳам хуш ёқар, жўрттага ҳамиша ғашига тегишга интиларди.

Антоний завққа берилиб, қийқириқлар остида ўйинга ҳам тушиб кетди. Халойиқ гуриллаб қарсак чалиб юборди. Бунинг сабаби, тарсликлар Антонийни яхши кўрардилар, чунки у икки йил олдин Кассий босқинидан азоб тортганлар бошини силади, қулликка сотиб юборилган шаҳар фуқароларига ҳурлик берди, айрим солиқлардан озод   қилди.

Триумвир бошчилигида саркардалар Канидий, Домиций, Статион, Деллийлар кемага киришганида, кўз олдиларида гўзал   безатилган чароғон меҳмонхона намоён бўлди. Ҳамма ёқда чироқлар, шамлар   пориллаб нурлар таратиб ёнар, кўнгилларга хуш ёқувчи сурнай ва сибизға садолари майингина атрофга тараларди. Деворларига тилла ва кумуш иплардан тўқилган гиламлар осилган, меҳмонлар пойига гуллар тўшалган.

Шоҳона дастурхоннинг покиза ва саришталиги Антонийга жуда ёқиб тушди: у базмлар, башанг дастурхонларнинг қадрига етадиган, зиёфатларга ҳавасманд, таомга ўч, ширинтомоқлардан ҳисоб­ланарди. Унинг бағрикенглик, тантилик одати бор эди, у ўзини катта олмас, жанг маҳаллари дуч келган аскар ёнига бориб ўтириб бирга овқат ҳам еб кетаверарди. Қўшинни ораларкан, ўтиб кетаётиб, овқат еяётган аскар луқмасига қўл узатиб: “Мазаликми?” дея бир бўлагини оғзига солар, буларнинг бари аскарларнинг унга ихлосини оширарди. Хотин зотига ўчлиги яхши фазилатларини бўрттириб турарди, кўпларга бу ёқарди, чунки ишқий ўйинларда гоҳо, бошқаларга ҳам йўл кўрсатиб, қўллаб юборар, ҳазил-мутойибани ёқтирар, “Антоний хотин деса томдан калла ташлайди” қабилидаги ҳазилларни ҳам самимий кулиб эшитар, асло кўнглига олмасди. Содда ва очиқкўнгил Антоний кимнидир хафа қилса, дарҳол ундан чин дилдан кечирим сўрар, гуноҳкорни жазолаш лозим эса унга кўпроқ ҳадялар бериб орадаги ғуборни йўқотиб юборарди.

Малика таъзим билан Антоний ва унинг яқин дўстларини ясатиғлиқ стол атрофига таклиф этди:

— Худди ўз уйингизда ўлтиргандек ҳис этинг ўзингизни! — деди табассум билан Клеопатра.

Башанг зиёфат, дид билан ёзилган дастурхон   улуғвор ва тўкин-чочин эди. Меҳмонлар тилла ва кумуш жомларда шарбатлардан тотдилар. Заррин косаю идишларда мазали таомлар тановул айладилар, майи нобдан ҳам тортилди. Димоғлар қизишга турди.

Гўзаллар гўзали Миср маликаси Клеопатрани яқиндан кўриб Антонийнинг юраги ҳаприқиб кетди,   бошидан эс-ҳуши учгандай бўлди! У бу қадар беқусур, барно, жонон, офтобжамол, бир балои офат, ёш нарсани ҳали умрида учратмаганди! Тўғри, хотини Фулвия ҳам киши суқи кирадиган келишган аёл, лекин очиқ айтганда, назокатли Клеопатрадан анча қуйида турар экан. У шундай беқиёс кўрку ҳусн соҳибаси билан бир даврада ўтирганидан чексиз бахтиёр ҳис этарди ўзини. Маҳлиёларча қараб тураркан, даврани бошқариб, хизматкорларга иш буюриб, меҳмонларга илтифотлар кўргизаётган нозанин маликадан бошқа ҳеч кимни илғамас, ҳеч нарсани сезмасди. “Мақтаганим тўғримикан?.. Рост айтибманму?..” дегандай Маркни кузатаётган Деллийнинг ўзи ҳам Миср маликасидан кўз ололмас, унинг таниб бўлмас даражада сулувлашиб кетганидан ёқасини ушларди.

Антоний илк бор Клеопатрани Цезарь маъшуқаси сифатида Римдаги виллада кўрганди. Ўшанда ясаниб-тусанган, кўрку ҳусни камолига етган, яшнаб турган соҳибжамол малика император обрўсига обрў қўшадиган шон-шавкат ва гўзаллик   тимсолидай  туюлганди.

Тарсда эса триумвир, Цезарь аскарларига ёрдам бера олмаганидан хижолат, ялиниб-ёлворган, раҳм-шафқат тилаб қисинган, ердан бош кўтармаган Клеопатрани кўраман, деб ўйлаганди. Аммо у ҳайратда қолди:   рўпарасида хиромон айлаб юришларидан улуғворлик ёғилган танноз, ўзига қаттиқ ишонган, салтанат жозибасидан беҳад   ғурурланган дилдор бир санам турарди! Бу Шарқ аёли эди, очиғи Антоний шундай аёлни орзу қилиб юрарди!

Мамнун жилмайган Клеопатра триумвирдаги тағайюрни сезди, аммо билдирмади, унинг нигоҳини илиб олмоқчи эканларини ҳам фаҳмлади, бироқ тутқич бермай, буёқдагиларни азобга солди…

Антоний бир нарсага иқрор бўлди: Клеопатранинг гўзаллиги биринчи қарашданоқ маҳлиё этиб қўядиган монанди йўқ барно эканида эмас, балки теран идроки, ярашимли   муомаласи, ҳар бир сўзидаги фавқулодда ишонтирарли сеҳр, беқусур   ҳаракатларининг ўзаро уйғунлашганида мужассам эди. Унинг овоз оҳанглари сўлим наводай қулоққа хуш ёқарди, тил-забони   бамисли кўпторли мусиқа асбобидай товланиб ҳар мақомга, ҳар лаҳжага туша оларди. Нигоҳида шундай фусун бор эдики, қараганнинг мафтуну маҳлиё, вола-ю шайдо бўлмай иложи қолмасди. Тикилганда одамнинг ичидагини туб-тубигача кўра олишига не дейсиз?   Гўзал сохт-сумбат, сулув қад-қомат, келишган оёқлар эса айрича таърифу тавсифларга муносиб… Тиниқ чеҳраси нурда ювилгандай тоза, бежирим ўткир ияги, қирра буруни ниҳоятда ўзига ярашган эди… Қопқора сочлари тўлқинланиб турар, жозибаси тош кўнгилни ҳам эритиб   юборар, ноз-карашмаси ҳар қандай эркак зотини ақлдан оздирарди.

— Майи нобдан қуй, майи нобдан! – буюрди чаккалари қизий бошлаган Антоний Деллийга қараб ва секин шивирлади: — Сув қўшмай бер!   Бугун икки катта мамлакат ҳукмдорлари дийдорлашишмоқда ахир!

— Бош устига, императорим! — Деллий тилла қадаҳларни тўлдирди. — Янги таом ҳам келтирилди, мана…

— Менга ҳам узат! — қўшилди Домиций.

Деллий қадаҳни тўлдираркан, Домицийга шивирлади:

— Шароблардан эҳтиёт бўлиш керак…

— Нимага?

— Миш-миш юрибди, гўё Миср маликаси барини Фива коҳинларининг сеҳрли дуолари билан тайёрлатганмиш… Ичганнинг бошини айлантириб қўярмиш, бало-қазоларга гирифтор қилармиш…

— Ҳали бош айланишига анча бор… Айлантирмай қуй дадилроқ! — буюрди Домиций.

Клеопатра Антонийга зимдан назар ташлади: кўркам ва басавлат кўринади. Кенгпешоналиги, қирғийбурунлиги, калта қирқилган қалин қора тим соқоли довюракликдан нишона. Жасоратлилиги ҳам бор. Худди рассомлар ва ҳайкалтарошлар тасвир этган Гераклга ўхшаб кетади.   Малика қачонлардир унинг аждодлари Гераклга бориб уланиши, аниқроғи, Гераклнинг ўғли Антондан бош­ланиши ҳақида эшитганди. Бу афсона унга, чиндан ҳам, муносиб! Эгнидаги туника3 устидан белбоғ боғлаган, ёнида узун қилич осиғлиқ. Ичкиликни ёқтиради, кўриниб турибди. Эр кишининг ичиши ҳеч кимга янгилик эмас, айб ҳам саналмайди…

Клеопатра ясаниб олишган Ирада, Хармиона, Мелиссаларга меҳмонларга тезроқ таомлар тарқатишни буюрди. Саркардалар чаққон ҳаракат қилаётган сийналари диркиллаган дўндиқ ва дўмбоқ жорияларга қараб тамшаниб қўйишар, айримлар ёнидаги шеригига энгашиб қулоғига нималарнидир шивирлар, шериги эса қизлардан кўз узмай   жилмайганча бош тебратиб тасдиқлар қўярди.

Бошида   тортиниб, сипо ўтирган меҳмонлар тобора тиллари ечилиб, баҳри диллари очилиб эмин-эркин суҳбатга киришиб кетишса, бу – давра об-ҳавосининг юқори даражада эканидан далолат. Канидий ўнг ёнидаги Вентидий билан нималардир ҳақида баҳслаша бошлади. Ширакайф Деллий биров эшитмаса ҳам, алланима ҳақида гап сўқар, Статион ўзи ўтирган заррин ўриндиқни ҳар замонда бир силаб қўяр, ғаройиб нақшларини қайта-қайта кўздан кечирарди. Этакроқда жойлашган, бурнининг учи қизарган саркарда Домиций эса ҳеч нарса билан иши йўқ, семиз қирғовулни паққос тушириш билан овора…

Ўртада раққосалар ўз санъатларини намойиш этишар, хизматда елиб-югуришаётган нафис либосларга бурканган жориялар малика атрофида парвона эдилар.

Антоний ниҳоят Клеопатранинг чарақлаган нигоҳини тутиб олди, тутиб олдию қўйиб юбормади! Клеопатра тортиб олай деса, кучи етмади! Бир-бирига нақшланган нигоҳларда дунёнинг аввалию охири, ҳаётнинг юксак парвозию чуқур инқирози, сарҳадсиз саодатию беомон кулфати, завқ-шавқию, сурур-эҳтироси, умид-армони, бало, офат… бари-бари жобажо эди! Бари онг ортида ётарди. Буни биров англата олмасди, англаб ҳам бўлмасди… Фақат иккиси тушунарди. Тушунармикинлар?.. Булар рўёми ёки ўнгда юз бермоқда эдими?.. Улар ҳозир Миср маликаси кемасида эмаслар, бу ер Тарс ҳам эмас, Антоний триумвирмас, Дионис!..   Олимпдан отилиб чиқиб, фалакларда учиб борарди… шу пайт рўбарўдан Клеопатрамас… йўқ… маъбуда Исида Олимпга қараб парвоз қиларди! Нигоҳлар осмони фалакда бир-бирига тўқнаш келдилар…

Шу алпозда қанча турдилар экан, бир лаҳзами,   бир сониями, кунми, ойми, йилми, аср… Буни биров билмади. Шу қарашда ҳар иккиси ҳам ичларида: “Жоним сизга тасаддуқ!” дейишарди холос бир-бирига…

Бевафо Цезарь фожиасидан кейин эркак зотидан кўнгли совиб кетган Клеопатранинг музлаган юрагида бирдан ишқ офтоби балқиди! Беомон ишқ ҳадангги   Клеопатранинг унча-мунчага бўй бермайдиган мағрур қалбига бориб тегди!.. Малика ҳали шу ёшга келиб покиза ишқ-муҳаббатнинг тоза ҳавосидан бунчалар тўйиб нафас олмаган эди! Гўзал ва зукко аёлни кўрганлар ичида табиий равишда: “Шундай маъбуда монанд соҳибжамол, бетимсол соҳир сийналар соҳибасининг ҳам севгани бормикин? У кўнгил берган одам ким экан? Бу ғунчадан ҳам нозик дудоқлар, дудоқлардан учган бўсалар, оқ томоқ, нозик адо сарвқомату толма бўйин, гули латофат кимга насиб қилар экан?..” — деган ўйлар кечарди.

“Менга нима бўлди?..” — дер эди Клеопатра ўзидаги фавқулодда ўзгаришдан ҳайратда…

Малика ҳам билмай севиб қолганди! Уни Антонийнинг бўй-басти, содда сажияси, дўлвор табиати, ўзига ярашадиган баҳарнав дағаллиги, жангарилиги, айни пайтда кўнглининг очиқлиги, оқибатли инсон экани мафтун этди! Зукко малика йигитнинг кўзларига боққанда, шу фазилатларни кўролди, кўзларининг туб-тубини нурлантириб турган покиза туйғулар шуъласини илғади. Уларга ишониш керак, улар жилва эмас, чинакам шуълалардир.

“Менга нима бўлди?..” — дер эди Антоний ҳам ўзидаги фавқулодда ўзгаришдан ҳайратда…   Ишқ-севги ҳам қазодай нарса, қачон келиши номаълум, келса бирданига, айтмасдан келади.

— Муҳтарам триумвир жаноби олийлари!   — кутилмаганда сўз бошлади Клеопатра қўнғироқдай овози билан Антоний хаёлларини бўлиб. — Сиз ва саркардаларингиз шу дастурхон атрофида бўлган буюмлардан нима хоҳласангиз олишингиз мумкин, барини сизларга атадик, бизлардан туҳфа деб билингиз. Биз мисрликларнинг урф-одатимиз шунақа…

Ҳеч ким бундай бўлишини кутмаганди, Домиций Вентидийга қаради, Канидий Деллийга тикилди, Деллий: “Ростми?..” дегандай Антонийни излаб қолди…

— Ҳимматлари учун қуллуқ! — деди Антоний, маликанинг бу тутуми ҳам триумвирни ҳайратга солди.

— Аполлодор! – буюрди Клеопатра. – Ҳар бир саркардага ўзларининг ўлтирган заррин ўриндиқлари, кумуш қошиқлар, заррин жомлардан ҳадя этилсин. Мулозимларга   буюргилки, эҳтиромга сазовор меҳмонларимизнинг ҳар бирига биттадан тахтиравон ажратсинлар, ўзгалари кумуш эгар-жабдуқли дулдул отлар билан сийлансинлар. Кўчада ҳурматли меҳмонларни ёлғиз ўзларини юбормасинлар, уларнинг олдида ҳабаш-қулларимиз маш­аълаларни баланд кўтариб борсинлар…

— Бош устига, Клеопатра жаноби олиялари! —   чуқур таъзим қилди Аполлодор гул-гул яшнаган ўзининг суюкли маликасига бир кўз қирини ташлашга журъат айлаб: “Ерга   қара, бадбахт!.. Кўзинг тегади!!.” — тергади дарҳол ўзини ўзи.

Деллий ва бошқа саркардалар питирлашиб насиб этган совғаларни тезроқ олиш пайида куйманишарди. Статион эса: “Наҳотки шу олтин ўриндиқ меники?..” — дея кўзларига ишонмасди. Фақат триумвир, император, консул Антонийгина худди оёғига оғир тош бойлангандай ўлтирган жойидан жилмас, ҳамма нарсага бепарводай боқар, хаёлларга чўмганча лом-мим демас, унга ҳеч қанақа совға керак эмасдай туюларди.

— Император жаноби олийлари! Ўзлари қандай совға танлайдилар? — жон олар табассум билан сўради Миср маликаси… Уни триумвир нимадандир ранжиб қолмадимикан, деган хавотир босди. Чунки малика тақдири, Миср мустақиллиги бу зиёфатга боғлиқ эканини Клеопатра яхши тушунарди.

Гулчеҳралар гўзали Миср маликасига бу табассум шундай жозиба бахш этдики, Антоний назарида унинг чиройи юз чандонга ошиб кетди! Оҳ, шунчалар ҳам бўлурми Римнинг бир боласини ўтга ташлаш, чўққа отиш! У ҳали Клеопат­ра билан Мисрни Римнинг бир вилоятига айлантириш даркорлиги, Парфияга   отланиш учун лак-лак Миср қўшини кераклиги, тўғри, Афинадан, Эфесдан легион-легион аскарлар келишини аниқ қилиб қўйган, лекин бу борада Мисрга катта умидлар боғлаётгани, камида икки йил саваш қургувчи қўшинга озиқ-овқатлар, отларга ем тайёрлаш зарурлиги, аскарларга ҳақ тўлашга ўн беш минг талант ақча ундириш лозимлиги бў­йича кескин талаблар қўйиб, жиддий учрашув ўтказмоқчи ва дамни ғанимат билиб зудлик билан Парфия сафарига жўнаб кетмоқчи эди. Лекин маликанинг гўзал ва ақлли кўзларига қараб, ойдай ёруғ чеҳрасига тикилиб шундай сўзларни айта оладими, шунга қурби етадими? Ҳозир Антонийга, пойимга тиз чўк, таъзим эт, деса, шундай қилмасликнинг имкони топиладими?.. Йўқ, Антоний ўзига ишонмайди!

— Наҳотки, сизга ҳеч нарса ёқмаган бўлса, император жаноби олийлари? – ўпкалангандай оғриниброқ сўради малика Антоний хаёлларини бўлиб. — Ҳеч нарса кўнгилларига маъқул келмадими? Нимани истасалар олишлари мумкин…

Маликанинг шикаста овози унинг ҳушини ўзига келтирди. Ўша овозда ҳам ғаройиб сирли сеҳр мужассам эди:

—Ҳм-м… Нимани истасам ҳам…ми?.. Нимани истасам, а… Ҳайхот!.. – маънодор жилмайди триумвир маликадан кўзларини олмай. Унинг бежо кўзларида буюк бир илтижо отиламан, деб турарди. – Нимани истасам ҳам… а?..

Орага бироз жимлик чўкди.

— Нимани истасалар ўзлариники! – жилмайди Клеопатра дастурхонга бир қараб қўйиб. – Олсинлар! Ҳатто шу кеманинг ўзини ҳам…

— Йўқ… Ҳеч нарса… Мен… топадиганимни топ­дим! Мен фақат… фақат… сизни хоҳлайман!.. Сизни, эй Нил нозанини, Нил соҳилида ўсиб камолга етган соҳибжамол! Менга   сиздан бошқа ҳеч нарса керакмас! — деб юборганини билмай қолди Антоний!

“Нималар деяпсиз? Шу гапларингиз ростми?..” — дегандай ҳайратланди малика.   У гўё Антонийнинг шундай дейишини кутиб тургандай эди…

Триумвир ва малика бир-бирларига узоқ тикилиб қолдилар. Узоқ…

Сўз йўқ…

Клеопатра беихтиёр чап қўлини Антонийга узатди… Қўл қўлга текканда иккиси ҳам тит­раб кетди! Бу шунчаки эркак ва аёл эмас, балки дунё­нинг мазмун-моҳиятини ўзида мужассам этган икки ибтидо — икки хилқат эди. Иккиси ҳам бир-бирига талпиниб интиларкан, тезроқ кул бўлмоқ ниятида ички бир ўтда ёнмоқни истар, кўзларида ишқ олови учқунлари чақнарди. Улар бамисли молихулиё4 дардига учраганга ўхшардилар, ўхшайдиларми ёки шундай туюлмоқдами? Эс-ҳуш ҳам онг сарҳадидан нарига ўтиб кетган, ҳозир нима қилаётганларига сира ақллари етмасди, бири Исида, бошқаси Дионис эса-да, ўзларининг тутумларини инсонлик даражасидан чиқмаган, деб ҳисоблашарди. Улар меҳмонхонанинг тўрисига қараб юрдилар ва ясатилган Дионис хонаси томон бурилдилар…

***********************************

1 Эрот – севги ва эҳтирос худоси

2 Харита, нереида – эзгулик маъбудалари, нимфалар.

3 Туника – қопга ўхшаш, бош ва қўллари чиқиб турадиган авра кийим.

4 Молихулиё – тушкун руҳий ҳолат касали.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

19 − 11 =