“Олтин” тухум

Муаллиф ҳақида:

 Муҳаммаджон Хўжаев — 1993 йили туғилган. Ўзбекистон давлат Жаҳон тиллари университетининг халқаро журналистика факультетини тамомлаган.

 “Hurriyat”, “XXI asr” ва бошқа марказий матбуот нашрларида қатор танқидий-таҳлилий, бадиий-публицистик мақолалари чоп этилган. Ҳозирда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаментида ҳарбий журналист.

 

Ўшанда адашмасам 3- ёки 4-синфда ўқирдим. Қишлоқ. Ёзнинг ажойиб кунларидан бири — аямнинг таваллуд айёми. Эрталабдан акам билан ўзимизча нима совға қилишни ўйлардик. Нима бўлишидан қатъи назар, у нарса онамизни ҳайратга солиб, хурсанд қилиши керак. Бош қотган. Нима бўлиши мумкин? Топилди!

Қишлоқ ҳаёти ўқувчига бегона бўлмаса, бундан кейинги ёзғиримизни қийналмасдан тушунади. Хуллас қизғанчиқ, ёввойилашган, тутқич бермас товуғимиз бўларди. Камига тухум қўйган жойини пухталик билан яширарди, хасис. Оилавий қидириб ҳам тополмаганмиз. Пишиқлигини қаранг буни: тухум қўйган жойидан анча нари кетиб қаққилларди. Югуриб борсанг, на тухум ва на ўзи бор. “Шпионка”!

Ўзиям сал енгилроқ эди, шу товуқ. Қўшнининг хўрози билан иноқлигини кўриб, уйдаги хўрозим аразлаб, бир ҳафта дон емаганди. Бўлмаса, яна 15 та дўмбоққина товуғимиз бор. Йўқ, бизни хўрозбой фақат ўшанисини дерди. Ўл-а, “кампот”!

…Хуллас ўша куни акам иккимиз шунақанги пухта режалар туздикки, буларнинг олдида детектив Эркюль Пуаро нима бўпти! Ҳе, бизга етадигани йўқ. Бугун тухумлар топиладиган кун. Топамиз!

Бир неча ойдан бери қидирилаётган тухумлар топилганидан аямнинг хурсанд бўлишини жуда яхши билардик. Шу боисданми борлиқни унутиб, бутун вужудимиз ва фикру хаёлимиз қидирув ишларида бўлди. Том усти, олд ва орқа ҳовли, молхона, томорқа, бедазор, макказор, олмазор, севишганлар учрашадиган хуфя бурчак ҳам қолмади. Дарахтларга ҳам бир-бир чиқиб кўрдик. Шохда тухум нима қилади, дейдиган одам йўқ. Нима фарқи бор, истак кучли эди-да.

Топилмаяпти! Қасд кучайиб, асабчамиз озгина қичиганди. Ҳечқиси йўқ, тухумларни топгач, дарёга бориб сувга битта калла ташлаймиз, чарчоқ ҳам чиқиб кетади. Изла, ҳозир чиқади, изла. Ё бугун товуқ ақлли чиқади ё — биз.

Одатда йўқотган нарсамизни чуқур ўйлаб юборган ҳолда узоқлардан қидириб, тополмай юрамиз. Қидирганимиз эса шундоққина ёнгинамизда турган бўлади. Мисол учун, уй калитини эшик олдида турадиган ботинка ичига яширганимиз каби.

Тўрт соат давом этган беҳуда уринишдан кейин ҳаммасини яна бошидан бош­ладик. Бу сафар миячадаги томирчаларни зўриқтириб, ақл билан ёндашамиз. Таслим бўлиш йўқ. Ҳид­лаб бўлсаям топиш шарт.

…Ниҳоят! Мана, мана-ку, тухумлар шундоққина гулхонадан томорқага тушаверишда, анжир дарахти тагида, тўртта сарғайган ўт орасида турибди қуёшда олтиндек товланиб! Акам югуриб келади. Ҳақиқатан, “Жек ва ловия пояси”даги Гаганинг нақ 32 та олтин тухуми. Аҳмоқ товуқ, шу ергаям яширасанми!?

Акам билан талашиб тухумларни ичимизга тиқа бошладик. Кимни майкаси катта бўлса ўша кўпроқ олади.

…Эндиги масала совғани совғадек қилиб ўраш. Топганимизни тўпладик: тўрт бурчакли коробка, уни ўраш учун пакет ва опамни мактаб формасидан қирқиб олинган лента. Совғани баҳолиқудрат тайёрлаб, калла ташлагани кетдик.

…Кеч кириб, дастурхон атрофида ҳамма жамулжам бўлгач, тиржайганча иккита бола қўлида безатилган коробка билан кириб келдик-ку. Совғадан ҳам кўра, қизғанчиқ товуғининг тухумлари топилганидан онамнинг боши осмонда. Тухумларнинг 12 таси палағда чиққанини айтмаса (уларниям қишлоққа музқаймоқ сотиб келадиган амакига “ўтказганман”), бу воқеа унутилмас бўлиб оиламиз тарихига муҳрланганди.

Товуққа нима бўлди, дейсизми? Буёғини дадамдан сўраш керак. Аммо… ўша кунги ошга қўшилган гўшт бирам мазали эдики, асти қўяверасиз…

Муҳаммаджон ХЎЖАЕВ.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

18 − 1 =