Йўл қурувчи

Николай Хайтов

Муаллиф ҳақида: Николай Хайтов — болгар ёзувчиси, драматург, публицист. 1919 йил 15 сентябрда Болга­риянинг Яврово шаҳрида туғилган. “Ёввойи эртаклар” тўп­лами, қатор ҳикоя ва очерклари билан танилган. 2002 йилнинг 30 июнида, 82 ёшда Болгариянинг София шаҳрида вафот этган.

Кеча уйимга “Йўл назоратчиси” келиб, “Влашо сен бўласанми?”—деб сўради. Ва “Йўл бошқармасининг бошлиғи “уни ҳузуримга олиб кел”, деб буйруқ берди”, деди.

— Буйруқ берган бўлса, бораверамиз-да.

У мени, тўппа-тўғри бошқарма бош­лиғининг эшигига рўпара қилди-да: “Эшикни тақиллат, бош киймингни ечиб ичкари кир!”—деди.

Мен бош киймимни ечиб, ичкари кирдим. Бошлиқ столни у томонида газета ўқиб ўтирарди.

— Кунингиз хайрли бўлсин, муҳтарам бошлиқ!

— Нима керак сенга?-деб сўради бош­лиқ, газетадан бош кўтармай.

— Чақиртирган экансиз, ўша Влашо мен бўламан.

“Влашо” сўзини эшитиши билан дарҳол газетани столга қўйди.

— Ҳа-а-а, демак, шаҳар ташқарисида текинга йўл қурадиган сен экансан-да!

— Менман.

— Қаерда яшайсан? Шаҳарликмисан? Ё…деб— сўради бошлиқ.

— Ҳа, шаҳарликман.

— Қизиқ, авваллари сени ҳеч учратмаган эканман.

— Шаҳар катта, ўзим ҳам кўп ташқарига чиқмайман. Уйда ишлайман. Косибман. Ямоқчилик қиламан.

—Бу қанақаси бўлди?—ажабланди бош­лиқ,—ҳам косибсан, ҳам йўл қурасан?

— Нима бўпти? Мумкин эмасми?

— Э, йўқ, ким сенга “мумкин эмас” деди?…

— Назоратчи уйимга келиб “бошлиғимиз сени олиб кел! — деб буюрди”, деди. Балки бирон нотўғри иш қилган бўлсам керак деб ўйладим.

— Ҳайвон! — жаҳли чиқди бошлиқнинг буйруқ берганим йўқ, вақти бўлса бир келиб-кетсин, дедим. Шунчаки бир кўриб у ёқ, бу ёқдан гаплашмоқчи эдим. Рости, йўл қурганинг, тўғрироғи, ишингга ҳақ тўламоқчиман. Биласанми, мен туман бўйича йўллар учун жавобгарман. Хўш, бизда қанча ҳаққинг бор?

— Мен, пул учун ишламайман. Йўлни пулга қурмайман.

Бу гапимни эшитиб бошлиқнинг кўзи олайиб қолди.

— Нега? Йўқ, кечириб қўясан, давлат бунга йўл қўёлмайди. Ишладингми, марҳамат қилиб, ҳақингни ол!

— Ундай бўлса, майли тўлашсин.

— Қанча?

— Қанча лозим бўлса шунча тўлашаверсин.

— Йўл қуриш учун неча кун ишлагансан?

— Кунини ҳисоблаганим йўқ. Одатда мен, тушдан кейин ишлайман.

— Тушгача нима иш қиласан?

— Тушгачами, ямоқчилик қиламан.

— Қанча пул топасан?

— Баъзи кунлари бир лев, баъзисида ярим лев. Гоҳида икки лев ҳам тушиб қолади. Аммо хотиним ҳам ёрдам беради. У ресторанда идиш-товоқ ювади. Яхшиям ўша ерда тамадди қилиб келади. Ўғлим эса уйли-жойли, рўзғори бўлак.

Бошлиқ менга ғалати қаради. Ҳатто кўз ойнагини олиб, менга тикилиб разм солди.

— Қизиқ, — деди у, — унчалик қари кўринмайсан-ку.

— Олтмишни уриб қўйганман.

— Ҳай майли. Ҳар куни йўл қурасанми?

— Айтдим-ку, тушдан кейин деб.

— Бунинг учун ҳечам пул олмаганмисан?

— Кимдан оламан? Ким уни менга беради? Ўзим йўл қуришни яхши кўраман. Мени ҳеч ким мажбурламайди. Аммо бир сафар нафақахўрлар истироҳат боғига олиб борадиган йўл қуриб беришимни, бунинг учун менга икки лев беришни ваъда қилишганди. Йўлни қуришга қуриб бердим, хизматимга ҳақ тўлаш уларнинг ёдидан кўтарилиб кетди.

— Агар ундай бўлса, — деди бошлиқ,—биз учун ҳам ишлаб берарсан?

— Хўп.

— Қанча сўрайсан?

— Қанча берсангиз йўқ демайман.

— Асбобларинг борми?

— Бўлганда қандоқ.

— Портлатгич-чи?

— Уни нима қиламан? Ўрмон чўчийди. Қушлар қўрқиб қочиб кетади.

— Агар йўл тушадиган жойнинг ўртасидан харсанг тош чиқиб қолса-чи, унда нима қиласан?

— Киркани ишга соламан. Кирканинг кучи етмаса, айланиб ўтаман. Мен қайси тошда илдиз бўлади, қайсинисида бўлмаслигини биламан. Баъзан шунақа тош­лар учраб қоладики, жойидан қўзғатиб бўлмайди. Илдизи йўқ. Наинки тош, ҳатто одамнинг ҳам илдизи бўлмаса ҳеч нарсага ярамайди. На кирка ва на белкурак бўлсин, унга кучи етмайди. Атрофида минг айланганинг билан фойдасиз. Миқ этмайди. Шунинг учун кўйлагим бир ойга чидамайди-да. Тер чиритиб юборади.

— Унақа бўлса нима қиласан ўзингни уринтириб. Эшитишимча, сен ўтиб бўлмас жойлардан, тик жарликлардан йўл солар эмишсан?

— Теп-текис жойда йўлнинг нима кераги бор. Текис жойдан йўлсиз ҳам юрса бўлади-ку. Юриш қийин, тоғли, жарлик жойларда йўлнинг қадри билинади.

— Яхши. Хўш, ўша ўтиш қийин бўлган жойлардан ким юради, — сўради.

Қарасам, борган сари ишимга қизиқиши ортиб боряпти. Шунда ким қандай йўлдан юриши мумкинлиги тўғрисида батафсил тушинтира бошладим.

— Бирлари, — деб гап бошладим, — сайр қилишни яхши кўради. Аммо пиёда юришни ёқтириб қолган. Бошқаси, қизилча мевасини тергани чиқади. Кўпроқ нафақадагиларни тонг отмасданоқ тоғ йўлида юришгинини кўраман. Тоза ҳаводан нафас олиб юришади-да. Яна кимдир калласини, кимдир асабларини шамоллатади. Асабийлар-чи, бирлари миқ этмай юрса, бошқаси кулади. Бир куни биттаси мени бўралаб сўкди. “Нима учун чўққигача йўл қурмадинг”, дейди. Сабаби, жарликдан тепаликка кўтарилаётганида шими йиртилиб кетибди. Мен унга:

— Чўққида нима қиласан, вақти келиб у ерга ҳам йўл соларман, — десам, “Кутиб туришга сабрим йўқ, омонатимни топширадиган вақт яқинлашиб қолди, ҳозир чўққидан туриб атрофни томоша қилмасам, ўлганимдан кейин гўрдан чиқиб томоша қиламанми”, дейди.

— Бўпти, атайлаб сен учун йўл қуриб бераман, — дедим. Ҳозир ўша йўлни қуриш билан бандман. Харачов бўлса, Харачовни танийсанми? Қон босими борлиги учун пиёда юриши керак. Қорни катта, семиз. Бир куни у ҳам менга пўписа қилди: “Йўлни намунча тик қурмасанг? Ким учун ҳаракат қиляпсан? Бундай йўллардан одам юролмайди. Йўлни текис жойдан солсанг бўлмайдими? Шошмай тур, ҳали кўрсатиб қўяман”, деб ўдағайлади. Ўша Харачов учун текис ердан йўл солиб бердим. У йўлдан ҳозир дўхтир Шумков ҳам юрадиган бўлган. Чунки шу йўл тўппа-тўғри чашмага олиб боради-да. Сув ичиш осон бўлсин деб, тарнов ҳам ўрнатиб қўйганман. Роҳат қилиб сув ичасану ортга қайтасан. Ана кўрдингми мижозларнинг таъби қанчалик нозик бўлиб кетган.

Саёҳатчиларни айтмайсанми, аммо баъзилари миннатдорлик билдиришади ҳам. Қайси куниям, биттаси бир халта помидор билан сийлади. Со­фиядан ташриф буюргани эса: “Сенга медаль олиб беришга ҳаракат қиламан”, девди, аммо “туризмнинг буюк жонкуяри” дедими, “туризм бунёдкори” дедими, гапига тушуна олмадим. Менимча биронта фирқа аъзоси бўлса керак.

“Сен ўзимизнинг одамсан, ташаб­бускорликда ҳаммамиздан ўзиб кетдинг”, дейди. Жудаям ҳазилкаш, хушчақчақ экан. Улар бир соатдан кўп атрофимда гирди-капалак бўлишди. Фақат биттаси жуда бадқовоқ экан. Қўлимдаги супургини кўриб, “уни нима қиласан?” — деб сўради.

— Майда тошларни супираман.

— Уларни нима учун супурасан?

— Биронтаси оёқяланг юргиси келса, товонига ботмасин дейман-да!.

— Ҳозирги замонда ялангоёқ юрган одамни кўрдингми? — деб бақириб қолса бўладими.

— Болгарияда биронта ялангоёқни кўрдингми? Нима, сен Болгарияда одамлар ялангоёқ юради, демоқчимисан? Қани, шахсингни тасдиқловчи ҳужжатинг­­ни кўрсат-чи! Паспортингни бу ёққа бер!

— Сенга паспортим керакми, ма, кўр,—дедим. Влашо бўламан. Хоҳласанг ҳам хоҳламасанг ҳам Влашонинг ўзиман!

— Тиржай, — деди у. — Тишингни кўрмоқчиман. Расмингдагини ранги бошқача кўриняпти.

Мен тишларимни унга кўрсатдим.

— Нима учун оғзингдаги тишларинг сунъий?

— Демак, ўзимники тушган.

— Нега паспортингда сунъий эмас?

— Паспортим эллик учинчи йилда берилган. Ўшандан бери озмунча вақт ўтдими?

Шундан кейин паспортимни қўлимга тутқазди-ю, йўлга ёпишди.

— Бу ишинг учун ким сенга ҳақ тўлайди?

— Ҳеч ким!

— Демак, текинга ишлаяпсан?

— Демак, шундай.

— Қани олдимга туш-чи, “Жамоа кенгаши”га борамиз. Кўрайлик-чи, бу саховатпеша қаёқдан пайдо бўлдийкин?

Яхшиямки атрофимдагилар мени ёнимни олиб, ўртага тушишди. Омон қолдим. Лекин шундай бўлса ҳам, орқаворотдан мени кузатиб юрди…

Менинг гапга тушиб кетганимни кўриб бош­лиқ бир чеккада қулоқ солиб турарди.

— Гапиравер Влашо, жуда қизиқ. Сен гапириб тургунинг қадар мен бош ҳисобчига қўнғироқ қиламан, сенга йўл созловчилар уст-бошини беради.

— Бош ҳисобчи рози бўлмайди, — дедим дарров.

— Нега энди? Сен уни танийсанми?

— Буни танимайман. Аммо “Ўрмон хўжалиги”даги ҳисобчига ишим тушган.

Ёзда кўпинча ишчи қўли етишмайди ўзи. У ялиниб-ёлворди, хўжайни: “Пулгами, пулсизми, илтимос қил, ёрдам берсин”, дебди. У:

— Йўлларни сув ювиб кетган, Худо кўрсатмасин, юк машинаси ағдарилиб нетиб ўтирмасин ёки одам тойиб кетиб, бир кор-ҳол юз бермасин деяпти, шунга рози бўлгин, — деди.

Йўқ деёлмадим. Аммо мен бор-йўғи бир кунгина ишладим. Эртасига ишга борсам, хўжайини: “Жўна”, деб қолди.

— Нима гап? — сўрадим.

— Бу гап иккаламизнинг ўртамизда қоладими, — тасдиғини олгач, гап бошлади у. — Бош ҳисобчимиз, “яхшиси эси пастлар билан илакишмаганинг дуруст. Яна бирон-бир фалокат рўй берса, “нега бегона одамни қонунсиз ишга олдинг” деб судра-судра қилишади. Унақалар бизга керак эмас, ҳайдаб юбор”, деяпти, нима қилай,— деди.

Шундан кейин ўрмон қоровули мени ишдан бўшатиб юборди. “Дўхтирдан справка олиб келсанг, марҳамт ишлайвер” деганини, менинг вақтим борми…

— Ҳеч тагига етолмаяпман. — деди йўл бошқармаси бошлиғи, — нега энди текинга пул олмай ишлайсан? Ахир пул олишинг мумкин-ку?

Шунда мен унга яқинда бўлиб ўтган бир воқеани айтиб бердим. Хўв, юқоридаги сойликда йўл қурувчилар билан учрашиб қолдим. “Сен хом калла, нега энди бепул ишлаб, нархимизни пастга уряпсан. Биз пулга ишларканмиз-у, нега энди бу текинга ишлар экан?! Нима учун?!”— деди бири.

Битта иприсқиси эса тўсатдан, “қани йигитлар бу тентакни дарёда бир чўмилтириб қўймаймизми? Уни ким ҳам эслаб, дод-вой қиларди?” — деса…

Агар дарахт кесувчилар келиб қолишмаганда, дарёга улоқтириб юборишлари ҳеч гап эмасди.

— Газанда, сени жойинг, жиннихонада! Ҳали шошмай тур, эсингни киритиб қўямиз! — дея жўнаб қолишди.

Ўзингиз биласиз, мен йўл қуришни яхши кўраман, шунинг учун қуравераман. Ўрмонга кирсанг чор атрофингда тош-тўнка, шағал чакалакзор. Бундай қарасанг, тўғрингда теп-текис йўл турибди. Олдин чакалакзор, тиканзор бўлган жой ўрнида, сип-силлиқ, равон йўл пайдо бўлиб қолган. Олдинлари чакалакзор бўлган жой ўрнида бугун, одамлар сайр қилиб юришибди… Атрофга қулоқ солишади… Ёшлар қўлтиқлашиб сайр қилишади…

Ҳамма нарсага жон битгандек бўлади. Пуллик бўлса бу энди бошқача туюлади. Одамларнинг юзидаги табассум ҳам бош­қачароқ бўлади. Бир сафар йигит билан қиз бошлашиб юришган, дарахт шохларини бутаётганимни кўриб “жуда ҳам калта кесиб юборманг, кексалар жуда қизиқувчан бўлади, бизни ортимиздан мўралашмасин. Биз учун яширинадиган жой қолсин”, деб роса хурсанд бўлишди.

Ҳар кимнинг хоҳиши ҳар хил бўларкан. Мана дарахт кесувчилар учун ҳам йўл керак. Ўшалар мени йўл қурувчилар қўлидан қутқариб қолишди-да. Ҳалиги пул учун йўл қурадиганларнинг қўлидан!

Баъзи-баъзида печга ўтинга деб тараша, шох-шабба ташлаб кетишади. Шамоллаб қолганимда, ўрмондан гиёҳ ўтларни олиб келиб беришди, ҳаммомда роса буғлашди, хуллас, оёққа турмагунимча хабар олиб туришди.

— Ҳай-ҳай, сен бизга кераксан, ўлишни хаёлингга ҳам келтирма! — деб тайинлашди улар. Ҳурмат қилсанг арзийди, хушчақчақ одамлар. Агар улар бўлмаганида, дарёда чўкиб, тўппа-тўғри нариги дунёга равона бўлишим аниқ эди. Боя айт­ганимдай, хотиним уйда кам бўлади. Ресторанда идиш ювувчи бўлиб ишлайди. Саксон лев олади. Ўша ердан қорнини тўйғазиб ҳам келади.

Ҳар бир йўлнинг ўзига яраша йўриғи бор. Мана, масалан, биттаси Келе шаҳрининг энг баланд чўққисигача олиб чиқади. Сизни бошлаб кетаверади., бошлаб кетаверади, қарабсизки, тоғнинг чўққисида турибсиз. Ана сенга томоша. Пастликда бутун бир шаҳар, ўтлоқ, ўрмон. Бошқа жойдан бутун шаҳарни кўриб бўлармиди-а?

Бошқа йўл эса тўппа-тўғри чашма ёки булоқ бошига олиб боради: шу ерда йўл тўхтайди. Мазза қилиб, қониб-қониб, тўйгунингча ич! Нафасингни ростла, ҳордиқ чиқар, бекордан-бекорга шошилма! Хоҳ шошил, хоҳ шошилма ҳаммамизнинг борадиган жойимиз тайин. Ўтган йили бир йўлни Равдинодаги арвуғон дарахтининг тагигача олиб бордим. Кекса арғувон. Дарахт қадимий бўлишига қарамай, чаман бўлиб гуллаган. Остида ўтириб тўйиб, тўйиб нафас оласан. Дунёда бунақанги латиф ҳидни ҳеч ерда ўзинг бир ўйлаб кўр: йўл бўлмаса арвуғон қаёқда эди? Мен унга “Арвуғон йўли”, деб ном қўйдим. Ажабки, номи тилларга тушиб қолди. Бир куни қарасам, ўша йўлдан бир йўловчи тушиб келяпти. Қаердан келяпсан, биродар, деб сўрасам, “Арвуғон ёнидан. Сайр қилиб қайтаётибман”, дейди.

Бошлиқ менга тикилганича анграйиб қолди.

— Қизиқ, — деди у, — жуда ҳам қизиқ!

Мен яна гап бошладим. Бир вақтлар қиш­лоқ бўлган жойлар энди ҳувиллаб қолган. Аммо йўл жойидан жилмаган. Бу йўл қаёққа олиб бораркин, деб ўйлаганча шошилмай кетяпсан. Бирдан олдингдан кенг яланглик чиқиб қолади. Шудгорни ёмғир суви ювиб кетган. Аммо йўл, шу ерда шуд­гор бўлганини тасдиқлаб турибди. Ат­рофга қарайсан. Хирмонга кўзинг тушади. Ана шунақа сўқмоқлар ҳам бўлади. Бошқа бир йўл айлантира-айлантира ташландиқ конга олиб чиқади. Ўйдим-чуқур, тош деворларга кўзинг тушади. Демак, бу ердан тош ташишган. Учинчиси баланд-паст, ёнбош томонга бурила-бурила деворга рўпара қилади. Демак, қадимий қўрғон рўпарасида турибсан.

— Хўш нима бўпди? — сўради бошлиқ, — нима сен ўша қўрғонни ҳам таъмирлай оласанми?

— Бу энди қўрғонни қанақалигига боғлиқ. Баъзан “ўтган ишга саловат”, деб қўл силтаб қўяқоласан. Мана, масалан далани олиб кўрайлик. Ўлик дала кимга керак? Ёки вайрон бўлган қўрғон? Агар ундан одамларга бирон-бир наф тегадиган бўлса, таъмирлайман. Агар шу ерни суви, салқин жойи, олов ёқишга ўтин-чўпи бўлса, одамнинг кўзи қувонади, ундай бўлса тузатаман…

— Демак сенинг-ча, — дейди бош­лиқ,— агар гапингни тўғри тушунган бўлсам энг муҳими гўзаллик экан-да?

— Ҳа бошлиқ, тўғри топдингиз, — дейман. — Агар гўзаллик бўлмаса бунақанги дунёни кимга керакги бор?

— Агар сен учун ҳамма гап гўзалликда бўлса, тил топишиб кетамиз. Сенга чиройли коржома берамиз.

У телефонни олиб бош ҳисобчига қўнғироқ қилди.

— Алло, Дидов? Олдимга кир, бир иш чиқиб қолди.

Бош ҳисобчи келди.

— Мана бу йўлсозга махсус уст-бош—коржома бериш керак. У туманимизда текинга йўл қуриб беряпти. Мана шу, — деди у, — Влашо бўлади. Иссиқроқ кийиминг борми? Ҳозир, куз фасли намгарчилик, ўпкаси шамоллаган экан, уни эҳтиёт қилишимиз керак.

Бош ҳисобчи эътироз билдирмади.

— Тўғри айтасиз, — деди у.

— Беҳуда овора бўлманг, — дедим, — арзимайдиган нарса.

— Арзимайди деганинг нимаси? — бақирди бошлиқ. — Сен, ўзинг арзимас нарсамисан? Бутун шаҳарда сен ҳақингда гап тарқаб юрган бўлса-ю, сени яланғоч қолдириб бўлармиди? Эртага шамоллаб нетиб, омонатингни топширсанг нима бўлади?

Ҳали сенга нафақа ундиришга ҳам ҳаракат қилиб кўрамиз. Агар иш вақтида бирон кор-ҳол рўй бериб, майиб-мажруҳ бўлсанг, қарабсанки, ҳамёнингга нафақа пули тушиб турибди.

— Агар фалокат рўй бермаса-чи, — савол бердим уларга.

— Унда ўзинг бир иложини топасан. Нега куласан? Иложи топилмайди деб ўйлайсанми? — у менга синовчан тикилди.

— Нега топилмас экан? Одам борки, ҳар нарса қилиши мумкин!

Бошлиқ бирдан сакраб турди, менга ўшқира кетди:

— Ҳали муттаҳаммисан! Қаллоб экансан-ку! Нега бунақа ҳар хил гапларни гапираяпти десам, ў муғомбир! Демак, ўзинг­­ни ўзинг майиб қилиб-а, нафақа ҳам ундирмоқчисан? Кўрдингми, Дидов! Мана бу авлиёга бир қара. Мана бу ҳалол авлиёни кўриб қўй! Қуруқ “раҳмат” учун йўл қурармиш! Олийҳиммат! “Нега энди ҳар хил, эси пастлар йўл қуриб юрибди-ю, бош­қарманинг парвойи палак”, деб мендан яна тушунтириш хати талаб қилишади-я. Йўқол кўзимдан! — бақирди менга қараб. — Ўрмонда оёғинг изини ҳам кўрмай! Агар кўриб қолсам прокурорга топшириб юбораман, —тур йўқол!

Мен чиқиб кетдим. Нима ҳам қилардим! Бу ҳаётда ҳар кимнинг ўз йўли бор деб, айтмабмидим…

Ҳаммадан кўп алам қиладигани, шу-шу ўрмонга киритмай қўйишди. Аттанг! Ҳали яна қанчадан-қанча йўл қуришим керак эди-я!…

Рус тилидан

Жўра МАҲМУД таржимаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

12 − 5 =