ВАТАН ҲАҚИДА ТУГАНМАС ҚЎШИҚ

Шоирни ҳар доим муқаддас Сўз чорлаб туради. Шоирнинг нигоҳи олисларга – ўзининг, ўзгаларнинг кўнглига, мўйсафид тоғларга, кайвони теракларга, қадимий чинорларга, янги ниҳоллари бўй чўзган боғларга, ёруғ манзилларга элтувчи йўлларга қадалган бўлади. Шунда, ишонинг, унинг қулоғига кимдир шивирлаб сўзларни айтиб турган бўлади. Шоирнинг яхшиси шундан маълумдир. Эшитган айтимларини чалғимасдан илғай олган шоир Сўзни қалбида авайлай олади, уни қоғозга тушира олади. Сўз вафонинг, Сўзга ошиқликнинг охир-оқибати шулки, у барчамизнинг тилимизда, дилимизда шеър бўлиб жаранг­лайди.

Ғайрат Мажид туғилган маскан – Китоб тумани тоғли, баҳаво жойлардан. Сайру томоша айласангиз, тоғларига, яшиллик кўзингизни қувнатса, боғларига, сувидан ичсангиз, булоғига, шеър эшитсангиз, шоирига ҳавасу меҳрингиз ортади. Шундай экан, бугунги ўзбек адабиётида ана шу воҳа фарзанди Ғайрат Мажид деган шоирнинг ўз ўрни бор эканлиги бежиз эмас.

Ҳам гул, ҳам дил – бўстон юрт,

Кўксимдаги иймон юрт.

Тинмай айтгим келади,

Ичим тўла достон юрт.

Шоирнинг яқинда “Шарқ” нашриётида чоп этилган салмоқли ҳажмдаги “Беш дарс” китобидан ўрин олган бу шеър ўзи туғилиб ўсган Хўжаилмкони қишлоғи ҳақидадир. Киндик қони томган тупроқ муҳаббати инсон қалбида ҳар доим бус-бутун, чексиз, тугалдир. Ана шу муҳаббат шоирнинг кўксидаги иймоннинг ўзидир. Шоирнинг ичи тўла достон эканлиги ҳам шундан.

Жами бешта дарсни ўзида жам этган китобнинг “Биринчи дарс”ида Ватан, она тупроқ, бу тупроқдан мангу қўним топган улуғ инсонлар ҳақида. Шеърларни ўқиб англаймизки, шоир туғилиб ўсган қишлоқда муқаддас зиёратгоҳ бор. Бу Ҳазрати Хожагий Имканагийдир. Маълумки мавлоно Имканагий нақшбандия тариқатининг муршиди комилларидан бўлган. Зиёратли маскан ҳақидаги ушбу шеърда шоирнинг руҳий покланиш эҳтиёжи сезилади:

Оппоқ туйғулар-ла поклаб руҳимни,

Топиб олгим келар ўзимни йўқлаб, – дейди шоир.

Бу табаррук маскан шоирнинг болаликданоқ шаклланган қарашларини анча улғайтирганига, асосийси таъсирчан ибораларга, фавқулодда фикр айтишига ҳисса қўшиб турганини илғаш қийин эмас.

Ҳазрат Имканагий, ҳазрат бобожон,

Бўғзимни тирнайди нурли бир нидо.

Тупроқда ётиб ҳам юксаксиз кўкдан,

Сизга етказсайди мени ҳам Худо.

Ўтмишдаги авлиё боболаримиздан бўлмиш ҳазрат Имканагий ҳақидаги яна бир шеърда шоир қалбининг туб-тубидаги мунг­­ли дард ҳам соғинч шаклида намоён бўлади. “Умрим соғинч деган йўлдир, Ҳазратим” деган сатрнинг ўзидаёқ дилингизда аллақандай соғинчни туясиз. Шундай дамда она туп­роқнинг ҳидига тўйгинг, майсаларини силаб, унинг меҳрини туйгинг келади. Тупроғу тошларини силаган кафтингдаги титроқ қалбинг­­га кўчади. Қалбингга тўпланиб бораётган бир дунё орзую армонлар умрингни соғинч деган йўлга айлантирганини англайсан.

Аслида шеър инсонни инсонга англатадиган мўъжизадир десак муболағамас. Ҳа, шундай. Сўздан-сўзга, сатрдан-сатрга, шеър­дан-шеърга кўчган сайин шоирнинг қалби, қиёфаси, таржимаи ҳоли аёнлашаверади. Биз шеърларни ўқирканмиз, шоир Ғайрат Мажидни таниймиз. Қишлоқдан пойтахтга келиб, Ватан меҳри қалбини бирзум тарк этмаган шоирнинг ота-онаси, оиласи борасида сўзловчи шеърлар “Иккинчи дарс” да ўзига хос тартиб берилган.

Эгнига оқ халатини илиб, дори-дармон, ширин сўзи билан одамлар дардига малҳам бўлган шифокор отанинг ўғли бугун руҳий эҳтиёж – Сўз айтишга бел боғлаганининг ўзида ҳам ўхшаш мантиқ бордай, менимча. Шеърларни ўқий туриб, ҳозирда марҳум отанинг “чопонини қучиб йиғлаётган” шоирнинг армони сизни ҳам бир қадар маъюс торттиради. Бундай армон бошқа шеърларда ҳам ўзига хос таъсирчанликни оширган. Айтайлик, “Айвонимда қалдирғочларга…” сарлавҳали шеър ҳақида шундай дейиш мумкин.

Булбуллакда қолган ай дунё,

Умр шундай бевафосанми,

Айвонимда қалдирғочларга,

Тўйиб-тўйиб йиғлаб берсамми?

(Ватанга бўлган юксак муҳаббат шоир шеърларида туғилган юртдаги жой номларида ҳам акс этади. Шоир айрим шеърларида Булбуллак, Қирққизтепа каби сўзларга кўп мурожаат этган. Ш.О.)

Инсон ҳаётида ота-она, ака-ука, опа-сингил ва фарзандларнинг ўрни муҳимдир. Уларга бўлган меҳримиз ҳаракатларимизда, муносабатимизда яққол кўринади. Шоир эса бу муҳаб­батини Сўзда кўрсатиб бера олади. Аммо қай даражада? Кимдир бир-икки шеър билан, кимдир эса вақти-вақти билан бу мавзуга мурожаат қилади. Оиланинг мунис ва мушфиқ аъзолари – сингиллар ҳақида ижодкорларимиз бир-икки шеър билан кифояланганини кўрамиз. Мен Ғайрат Мажид ижодида бунинг аксини кўрдим. Шоир йўл қарагувчи, аканинг меҳрига интиқ сингиллар ҳақида кўп ва хўп ёзган. Шоирнинг ана шу жиҳатига янада ҳавас қилганимни яширмайман.

Қийналсам, мендан кўп чекар озорлар,

Азиз сингилларим – қалдирғочларим – дей­ди шоир.

Яна бир шеърида эса:

Сингли бор акалар доимо бахтли, – дей­ди. Ёки:

Мен ҳамон юрибман, тугамайди йўл,

деган сатрда шоирнинг Сўз йўлида заҳмат чекаётганини англаш билан бирга мушфиқ сингилларнинг йўл қараётганини ҳис қиласиз.

“Учинчи дарси”ни шоирнинг буюк аждодларимизга, яъни Соҳибқирон Амир Темур, ҳазрат Алишер Навоий, Нақшбандий, Мирзо Бобур, Махтумқули, Мулло Нафас, Соғуний, Қодирий каби буюк зотларга эҳтиромининг рамзи дейиш мумкин. Китобда “Буюк шажара пайвандиман” деб номланган шеърий туркум Ҳиндистон сафарига бағишланган.

Қалби қулф касларга Худо бас келсин,

Қаён кетмоқдасиз, Ҳазрати Бобур?

Буюк аждодимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг армонини ҳис қилган шоир Бобурга хаёлан мурожаат қилади. Бу мурожаат худди “Тўхтанг, Ҳазратим, қайси юртларга бош олиб кетмоқдасиз, юртда қолинг” деган илтижо каби қалбимизда янграмайдими?

Шоирнинг Ҳинд сафаридан олган таассуротларини сўзлаб беришдан ташқари “муҳим гапларини” айтиб олиш нияти ҳам борлигини англайсиз. Бундай шеърларда шоирнинг юртга, аждодларига янада дахлдорлигини кўрамиз.

“Ҳиндистон дафтари”даги шеърларда шоирнинг мамнунлиги, дардидан ташқари афсус-надомати ҳам мужассам. Шоир Ҳинд юртининг туризм масканларида ҳайкал сотиб турган кишиларни кўради. Бу ҳайкалчалар уларнинг Худоси эмиш. Ҳиндларнинг кўпчилик қавми шу ҳайкалчаларга сиғиниши ва савдо аҳлининг бу ҳайкалчаларни сотиб туриши шоирда ажабтовур таажжуб уйғотади.

Ачинаман жуда бу ночор одам,

Кун кўради сотиб худоларини, –

дея кўнгилларни ларзага солади, ўйга чўмдиради.

“Тўртинчи дарс” севги-муҳаббат мавзусига бағишланган. Муҳаббат мавзусида ёзмаган шоирни шоир ҳисобламаслигимиз нимадан экан-а аслида?! Муҳаббат гўзал ифода қилинган шеърлар учун ҳар қанча таҳсин айтамиз. Ҳар қачон унда яхши ҳис-туйғуни туямиз, шеърлардаги муҳаббат бизни ранго ранг­лиги билан ўзига тортаверади, тортаверади. “Дарс”­даги барча шеърларни ана шундай ҳаяжон билан ўқийсиз.

Айниқса, “Нилуфар” туркумида севги-муҳаб­батли ҳолатни жуда гўзал тасвирлайди:

Ойу юлдузларни қошига чорлаб,

Сувлар билан суҳбат қураётган гул.

Нилуфаргулим-а, нилуфаргулим,

Кўзларим сен томон бошлаяпти йўл.

Ой ва юлдузларни қошига чақириб, сув билан суҳбат қураётган гул, яъни маъшуқасининг ҳузурига интилаётган ошиқнинг ҳоли кўз олдимизда гавдаланади. Шундаймасми?

Шоирнинг муҳаббат мавзуидаги ҳар бир шеъри таҳлил этишга арзигулик аслида. Бу шеърларнинг ҳар бирида алоҳида-алоҳида оҳанг бор. Бу оҳанглар сизга ҳамиша ҳамроҳ бўлиши шубҳасиз.

Ҳар қандай шоирнинг дунё, ҳаёт умрга бағишланган, фалсафий қарашлари акс этган шеърлари бўлади. Бу Ғайрат Мажид ижодида ҳам муҳим ўрин олган. Дарвоқе, ана шундай умуминсоний мавзуларга бағишланган “Бешинчи дарс”нинг “Дуо” сарлавҳали шеър билан бошланишида ўзгача ҳикмат аён бўлгандек:

Ҳар кун Ҳақ йўлинда бир ижод бўлсин,

Шул ижод ҳам қанот, ҳам нажот бўлсин,

Тилингда, дилингда муножот бўлсин,

Умрингга пок ҳикмат тортиқ айласин,

Ғаму андуҳлардан фориғ айласин.

Ушбу китобда яна ғазал оҳангини берувчи “Яхши” радифли бармоқ вазнидаги шеър халқоналиги, юракка яқинлиги билан ўқувчини ўзига оҳанрабодай тортади:

Чала ярим пойма-пой,

                            ноланг қўшиқ бўптими,

Юрак айтган битта сўз,

                            мингта достондан яхши.

Ҳа, инсоннинг умри бир бутунликдан иборат. Аммо кўнгилнинг ярим бўлишини, одамзоднинг кўп ишларга улгурмаслигини, армонларини “Юзма-юз” шеърида дилдан ҳис қилишга, англашга муяссар бўласиз:

Дунё, менми, шундай наргисдай жусса,

Яримта кўнглимда ўйларим бутун.

Эй, сен кўзларимни яшнатган ғусса,

Мен, ахир, бир келдим, бир марта келдим.

Ва бир марта келган одамнинг “Мен минг йил йиғлайман бир сўз айтгунча” деган ноласини эшитиб юрагингизга тўлқин киради. Не бахтки, бир сўз айтиш учун “минг йил нола қилишга” тайёр одамнинг кўнгил олами сизда не-не таассуротлар қолдирмайди.

Шоир сўзи туганмасдир. Унинг айтмоқ бўлган сўзлари доим қаламининг учида туради. Бундан кейин ҳам катта сўзлар айтишга бел боғлаган Ғайрат Мажиддек катта ижодкор қаламининг учида биз ўқимоқчи бўлган янги сатр­лар бўй кўрсатиб турганига шубҳа йўқ. Ушбу китобдаги якуний дарснинг якунидан жой олган шеърнинг “Тугамайди қўшиғим” деб номланиши ҳам бежиз эмас. Чунки, бу Ватан ҳақидаги туганмас қўшиқдир:

Мен ошиқман, шу боис

Олчи бўлар ошиғим.

Дунё тугаб кетса ҳам,

Тугамайди қўшиғим.

Шоди ОТАМУРОД,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

18 − one =