Қизиққонлик балоси

Шундай инсонлар борки, арзимаган муаммони деб бир-бирининг дилини хуфтон қилиш билан бирга ҳатто қотилликка ҳам қўл уришдан тоймайдилар.

Айтмоқчи бўлганимиз Ориф ҳам онаси, бобоси, катта онаси, холаси ва холасининг фарзандлари билан биргаликда катта ҳовлида яшаб келарди. Чунки ота-онаси қонуний ажрашмаган. У туғилганидан буён отаси билан бирга яшамасди. Онаси руҳий оғир касал, 2-гуруҳ ногирони…

Ориф Оқдарё тумани, “Чорбоғ” маҳалласидаги “Pure-milke” МЧЖга ишга кирди. Бўш вақтларида эса шахсий “Дамас” русумли автомашинасида “Янгиработ-2” маҳалласининг ички қишлоқларига йўловчиларни ташиш билан шуғулланди.

Кунларнинг бирида Ориф Уклон қишлоғининг кириш йўлида йўловчи кутиб турарди. Шу пайт Уклон қишлоғида яшовчи Шоҳид “Нексия” русумли автомобили билан келиб қолади. Иккала ўртада йўловчи масаласида келиб чиққан тортишув ўзаро жанжалга айланиб кетади.

— Сени олдин одам ташиганингни кўрмаганман. Янгимисан, ўзингни босиб ол! — деди Шоҳид Орифга ўшқириб. Иккаласи ҳеч муросага келмади. Шоҳид Орифни куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақоратлаб, ёқасидан олиб, ҳақоратлай бошлади.

Жасур исмли “Дамас” ҳайдовчиси йўлдан ўтаётиб, воқеа жойидан чиқиб қолади. Уларга йўловчи устида тортишмасликни, йўл ҳамманики эканлиги, ҳеч кимнинг шахсий “томорқа”си эмаслигини тушунтиришга ҳаракат қилади. Вазият бироз юмшаб, “қаҳрамон”ларимиз тарқалишади.

Лекин Орифга Шоҳиднинг ҳақоратлари алам қилди. Шунинг учун бу йигитни яқиндан билиш мақсадида таниши Шокирнинг ёнига бориб уни обдон суриштирди. Иккалови Уклон қиш­лоғига кириб кетадиган йўлга боришди. Шу ерда турган бир кишидан Шоҳид исмли бола кимлигини сўрашди.

Буни қарангки, Шоҳид бу кишининг жияни экан:

— Сен нима учун ўртоғингни етаклаб келдинг? Шоҳид билан жанжал қилмоқчимисан? Чақирайми? — дейди ўшқириб.

— Жанжаллашмоқчи эмасман.   У ҳеч бир сабабсиз мени ҳақорат қилди. Ногирон бўлган онамни ҳам куракда турмайдиган сўзлар билан сўкканига жаҳлим чиқди, — дея Ориф вазиятни тушунтирган бўлди.

Барибир Орифнинг ҳовури босилмасди. Тушдан сўнг қишлоқдоши Шоакбарга қўнғироқ қилиб, ундан ҳам уклонлик Шоҳидни суриштиради. Шоакбар Шоҳиднинг мактабдоши бўлиб чиқади. Бўлиб ўтган воқеани гаплашиб олишгач, улар йиғилиб, муроса қилишга келишишади.

Улар Орифнинг автомашинасига ўтириб Уклон қишлоғидаги 36-сонли мактаб ёнида тўхташади. Уларнинг ортидан Жасур ҳам хабар топиб етиб келади.

Ҳамма тўплангач, биргаликда Шоҳиднинг ҳовлисига кириш жойига боришади. Шокир Шоҳидни уйидан чақириб чиқди. Шоҳид автомашинанинг орқа ўриндиғига ўтирди.

— Нима сабабдан онам­ни ҳақорат қилдинг? Отангни чақир, бу ҳақида айтаман! — деди Ориф унга.

— Отамга айтиб нима қиласан? Мени нега сенлаяпсан ўзи? Бешигимни теб­ратганмисан? — деди Шоҳиднинг жаҳли чиқиб қўлларини мушт қилганича.

— Ўзимизни укамиз бўлади, жанжаллашманглар, — деди Шокир Шоҳидга.

— Укахонинг ўзидан кетиб қолган! — дея Шоҳид автомашинадан тушиб кетди.

Шундан сўнг Жасур автомашинасини ҳайдади. Улар асфальт йўлга чиқишди. Шоҳид ҳам ўртоғи билан шу ерга чиқиб келди.

Тўсатдан яна жанжал бошланиб кетди. Улар бир-бирини аёвсиз калтаклаб кетишди. Ориф Шоҳиднинг юзига урганида, у ерга гурсиллаб йиқилди. Бурни қонаб, кўзлари очиқ бўлса-да, аммо гапирмасдан беҳуш бўлиб қолди.

Қўрқиб кетган Ориф дарҳол Шоҳиднинг бурнини футболкаси билан артди. Қон тўхтамасди.

— Келинглар, ёрдам беринглар! — дея томошабин бўлиб турган йигитларни чақирди.

Шу пайт Шокир ва Шоакбарлар келиб, Шоҳидга ёрдам кўрсата бошлади. Атроф­­да юрган мактаб қоровули ҳам воқеа жойига етиб келди. Ориф эса машинага ўтириб, ҳовлиққанча қочиб кетди. Шокир билан Шоакбар жароҳат олиб, беҳуш ётган Шоҳидга ёрдам беришга ҳаракат қилишарди.

Кимдир Шоҳиднинг тилини тортди, ким бўлса юзига сув сепди, хуллас, ҳар ким қўлдан келганча Шоҳидга ёрдам кўрсата бошлади. Аммо у ўзига келмади.

Шу пайт Шоҳиднинг опаси Манзура келиб қолди. Жигарининг қонга беланиб ётганини кўриб, Манзура атрофдаги болаларга бақира кетди. Қоровул унга укасини урган бола қочиб кетганини айтди. Бироздан сўнг Шоҳиднинг отаси етиб келиб, ўғлини шифохонага олиб борди. Шоҳиднинг аҳволи оғирлашиб, тиббиёт бирлашмасига етиб боргунича жони узилди.

Мана, оддий гап-сўз, бўлмағур тортишувнинг оқибати ўлим билан якун топди. Шунинг учун халқимизда “Гап қувган балога йўлиқади”, деган нақл бежиз айтилмаган экан-да.

Суд Ориф Саидазимовни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 104-моддаси 3-қисмининг “д” бандида кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топиб, 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Йўловчи талашиб, жанжаллашган Ориф энди умрининг 9 йилини панжара ортида ўтказади. Шоҳид эса минг афсуски энди йўқ…

Илёс ДОНИЁРОВ,

жиноят ишлари бўйича

Оқдарё туман судининг раиси,

Хонбиби ҲИММАТ қизи,

журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eleven − 8 =