Қонун ҳимоячилари жиноятга қўл урсалар…

Инсон ҳақ-ҳуқуқи — муқаддас. Ҳатто кимдир бирор ножўя иш, қилмиш содир этганлиги гумон қилиниб, ушланган, суриштирув жараёни давом этаётган пайтда ҳам ҳеч бир шахс­нинг ҳақ-ҳуқуқи поймол қилиниши мумкин эмас. Агар суд томонидан айбдор деб топилсагина, у қонунга асосан тегишли жазосини олиши керак. Шунда ҳам, инсонга азоб бериш, турли қийноқларга солиш жиноятдир.

Аммо минг афсуски, узоқ вақт давомида юртимизда ҳуқуқий органлар фаолияти, Президентимиз таъбири билан айтганда, “чириб” кетган эди. Чунки, узоқ ва яқин ўтмишимизда исталган кишини айбдор қилиш, жиноятчига чиқариш оддий ҳолга айланганди.

Мамлакатимиз раҳбари сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасини буткул ислоҳ қилиш бўйича қатор қарор ва Фармонларга имзо чекди. Шу боисдан, биринчи навбатда, адолат мезонини тиклаш юзасидан катта ишлар рўёбга чиқарилмоқда.

Лекин “Ўрганган кўнгил, ўртанса қўймас” деганларидек, ҳали-ҳануз ҳуқуқ-тартибот идораларида оёғи ердан узилган, одамларни сариқ чақага олмайдиган, зўравон ва ҳар қандай қонунларни оёқ ости қиладиган даражадаги “тушунча”га эга бўлган “адолат посбонлари” учраб турибди. Улар бугун давр ўзгарганлигини, халқ ҳақ-ҳуқуқларини, биринчи навбатда ҳимоячиси бўлиши кераклигини хаёлларига ҳам келтиришмаяпти, чоғи. Бунга андижонлик милиция ходимлари томонидан яқинда Андижон шаҳар, «Наврўз» маҳалласи, Маҳжурий кўчасида яшовчи Алижон Абдукаримовга қилган ноинсоний муносабатини, айтиш мумкинки, қотиллигини яққол мисол қилсак бўлади.

Президентимиз: “Бундан буён Ўзбекистонда ҳибсга олинган ва жиноий жавобгарликка тортилган шахсларга нисбатан қийноққа солиш, руҳий ҳамда жисмоний босим ўтказиш, бошқа ғайриинсоний зўравонликка мутлақо йўл қўйилмайди. Бундай ҳаракатларни содир этган ходим ёки кимнингдир “буюртмаси”ни бажарган ҳар қандай шахс, ким бўлишидан қатъи назар, муқаррар қонуний жазога тортилади”, деб таъкидлаб турган бир пайтда Андижон ИИБ вакилларининг виждонсизларча қилмишига нима дейиш мумкин?

Афсуски, бу воқеа шунчаки оддий бир ҳолат эмас, балки ҳуқуқ-тартибот тизимлари билан халқ ўртасида ҳали-ҳамон адолат кўпригининг бунёд этилмаганидан далолатдир. Айбсиз айбдор бўлган шахсни гўёки, адолатни тиклаш важида қонун ҳимоячиларининг ўзи барча қонунларни оёқости қилган ҳолда, қонунга зид тарзда ушлаб туриб, калтаклаб бехуш ҳолатга олиб келса?!

Шундай бўлгач, айтинг, милиция идораларига одамлар “улар бизнинг ҳимоячимиз”, деб ишонишадими?..

Шубҳасиз, бу мудҳиш воқеа нафақат ижтимоий тармоқларда, балки барча давлат ва жамоат идоралари, сиёсий партиялар, инсон ҳуқуқлари бўйича ваколатли идоралар, кенг жамоатчилик томонидан қизғин муҳокама қилинмоқда.

Куни кеча Олий Мажлис Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қ.Бурҳонов “Ўзбекистон-24” каналига берган интервьюсида жумладан, шундай деди: “Аслида одамларни ҳимоя қиладиган ҳуқуқ посбонларининг ўзи қонунни бузиб, жиноятга қўл урса, бундай ҳолатни асло кечириб бўлмайди, шубҳасиз, айбдорларга тегишли қонуний жазо тайинланиши лозим. Биз бу ҳолатни қатъий назоратимизга олганмиз”.

— Укамнинг бирор жиноят қилганини билмайман. Айтишларича, қандайдир олди-бердида воситачилик қилган экан, ўртада пул йўқолган. Ахир бундай келишмовчиликлар ҳар қандай инсон билан бўлиши мумкин-ку! Балки укамнинг қандайдир айби бордир ёки уйидан мажбурлаб олиб чиқиб кетишаётгани учун ходимларга қаршилик қилгандир, ё сўкингандир. Бу нарсалар укамнинг ўласи қилиб калтакланишига сабаб бўлолмайди-ку! Наҳотки, орган ходимлари шу қадар бешафқат бўлишса? — дейди З.Абдукаримов ижтимоий тармоқларга қилган мурожаатида.

Гарчи, Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сон ички ишлар бўлими жиноят қидирув гуруҳи тезкор вакиллари катта лейтенант Ф.Хусанбоев, катта лейтенант Э.Райимжонов ва катта лейтенант Қ.Қодиров ички ишлар органларидан бўшатилиб, улар устидан жиноий иш қўзғатилган, эҳтиёт чораси сифатида ҳибсга олинган, Андижон шаҳар ИИО ФМБ бошлиғи подполковник С.Усманов ва Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сонли ички ишлар бўлими бошлиғи подполковник П.Мамажонов эгаллаб турган лавозимларидан озод этилгани ҳамда 19 нафар раҳбар ва ходимларга турли кўринишдаги қатъий интизомий тартибдаги жазолар қўлланилгани айтилаётган бўлса-да, бир инсонни, бир юртдошимизни энди ҳеч ким ҳаётга қайтаролмайди.

Мазкур ҳолат юзасидан «Адолат» СДП раҳбари Наримон Умаров ўз фикрини қуйидагича билдирди: “Бинобарин, уларнинг ноўрин муносабати асносида касб шаъни оёқ­ости қилинибгина қолмади, балки бир инсон энг олий ҳуқуқи — яшаш неъматидан мосуво бўлди. Шу билан бирга, мамлакат раҳбариятининг давлатимиз халқаро имижини яхшилаш учун қилаётган ҳаракатларига путур етди.

ИИБ масъулларининг мақсади бир бўлиши лозим — ҳақиқатнинг тагига етиш ва фуқароларни ҳимоя қилиш. Аммо инсон ҳуқуқларини топташ орқали адолатга эришиб бўлмайди, фуқароларни дўппослаш уларни ҳимоя қилиш ҳисобланмайди».

Кўриниб турибдики, собиқ иттифоқ давридан қолган, зўравонлик, инсон ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилиш каби иллатлар ИИБ қуйи тизимларида ҳали-ҳамон сақланиб қолмоқда. Энг муҳими, бу идораларда ишлаётганлар ҳам ўз ватанимизнинг фарзандлари, жабрланаётганлар ҳам ўз юртдошларимиз.

Депутат Расул Кушербоев ўз телеграм каналида шундай ёзади: “Афсуски, жамоатчиликка маълум бўлиб қолаётган сўнгги воқеалар ички ишлар тизимида ҳали муаммолар кам эмаслигини кўрсатади”.

Юртимизда коронавирус пандемиясини бартараф этиш, мамлакат миқёсида тарқаб кетишини олдини олишда ички ишлар вазирлиги тизимида фаолият юритаётган орган ходимларининг туну кун қилган хизматини эл-юрт олқишламоқда. Аммо соҳадаги учраётган бундай қонунсиз хатти-ҳаракатлар бутун тизим амалга ошираётган ижобий ишларга соя ташламоқда.

Хўш, энди нима бўлади? Ушбу жиноят қонуний ечимини топадими, деб савол ташлайди ЎзА.

Ўйлаймизки, юқоридаги ҳолат юзасидан ваколатли идоралар томонидан текширувлар ўтказилиб, албатта, адолат қарор топади.

Юсуф Жўраев,

“Hurriyat” мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eleven − 7 =