Байрам саҳнасидаги қувонч кўз ёши

27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни эканлигини бугун ҳамма билади ва мана, неча йилдирки бу сана ўзига хос байрам сифатида кенг нишонланиб келинади. Аммо бу байрамнинг қандай юзага келганлиги, бу борада чекилган заҳматлару, дуч келган турли тўсиқларни ҳамма ҳам билавермаса керак. Бир матбуотчи олим сифатида бунга менинг ҳам баҳоли қуд­рат ҳиссам қўшилгани ва бу воқеа шунчаки, ўз-ўзидан бўлиб қолмаганлигини сиз азизларга қисқача айтиб ўтмоқчиман.

Маълумки совет даврида матбуот куни “Правда” газетаси ташкил топган кун – 5 майда нишонланарди. Мамлакатимиз ўз мустақиллигига эришгач матбуот куни ҳам миллий руҳия­тимиздан келиб чиққан ҳолда белгиланиши лозим эди. Мен “Миллий матбуот кунимиз қачон?” деган мақола ёздим ва у “Халқ сўзи” газетасининг 1991 йил, 17 декабрь сонида босилиб чиқди. Мен мақолада ўлкамизда илк бор миллий мустақиллик ғояларини халққа етказган “Тараққий” газетаси нашр этилган кун бу байрам учун асос бўла олишини баён қилгандим. Мазкур мақолам гарчи “Мунозарага чорлов” рукни остида берилган бўлса-да, ўша пайтда бирорта олим ва мутахассис бу ҳақда фикр билдирмаганди. Шундан сўнг мен 1906 йилнинг 14 (27) июнида биринчи сони босилиб чиққан бу газета миллий матбуотимизнинг ҳақиқий илк нашри бўлганлиги ҳақида “Тараққий” бошлаган йўл” сарлавҳали мақола ёздим ва у “Халқ сўзи” газетасининг 1992 йил 24 апрель сонида босилиб чиқди (Бу мақолаларни тайёрлашда “Халқ сўзи” газетаси ходими, ҳозирда фахрий журналист Салоҳиддин Муҳиддиновнинг хизмати катта бўлган эди). Мазкур мақола кўпчиликка манзур бўлди ва Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг йиғилишида кўриб чиқилиб, “Тараққий” газетаси чиққан кун миллий матбуот куни бўлишга муносиб деган қарорга келиниб юқори идораларга юборилди. (Бу пайтда республика Журналистлари уюшмасининг раиси вазифасида ишлаган ҳақгўй журналист Лутфулла Кабиров бу ишда бош-қош бўлганди).

Аммо негадир ҳамкасб олимлардан ҳеч қандай садо чиқмасди, фақат бир амалдор муҳаррир мени кўриб: “Сен нима балоларни ёзиб юрибсан, “Иштирокиюн” газетаси ташкил топган кун матбуот куни бўлиши керак!” — деб дағдаға ҳам қилган. Шунда мен у кишига: “Иштирокиюн” – ўлкамизда чиқарилган биринчи коммунистик газета, у чиққан кунни матбуот куни деб эълон қилиш – “Правда” газетасидан фарқ қилмайди-ку…”− деб ўзимни оқлаганим эсимда.

Ўша кунлари менга ҳурматли шоиримиз Эркин Воҳидов (охиратлари обод бўлсин) телефон қилиб қолди, у киши Олий Кенгашда Ошкоралик комитетининг раиси эканлар: “Сизнинг “Тараққий” газетаси чиққан сана Матбуот куни бўлсин деган таклифингиз ўрганилаяпти, ўтадиганга ўхшайди, ҳамкасбларингизга айтинг, шу фикрни қўллаб-қувватлаб чиқишсин”, дедилар. Мен ҳамкасбларимдан бирига бу фикрни айтдим, у “Кўрамиз”, деб қўйди ва жим бўлиб кетди ва ниҳоят бу сана расмий байрам сифатида тасдиқланган куни унинг бошқа бир муаллим билан биргаликда “Тараққий” газетаси ҳақидаги мақоласи босилиб чиқди, аммо бу мақолада менинг таклифларим ҳақида лом-мим дейилмаган, гўё бу таклифни улар олдинга сургандай таассурот пайдо бўлган эди. Майли, нима бўлганда ҳам “Тараққий” газетаси чиққан куннинг миллий матбуотимиз байрами сифатида расман тасдиқланганлигидан хурсанд эдим.

Мана, ўша байрам куни келди, пойтахтнинг энг муҳташам саройи – Алишер Навоий номидаги театр биносида бу кун нишонланадиган бўлди ва бу тантанага мен ҳам таклиф этилдим. Театр олдида карнай-сурнайлар, тантана авжида. Мен бу ерга кириб бораяп­ману, аммо негадир дилим жуда ғаш: “Тараққий” − ўлкамизда биринчи бўлиб миллий мустақилликка чақирган газета, ўша даврда озодлик ва тараққиёт учун курашган не-не аждодларимиз унда иштирок этишган. Минг афсуски, ўша оталаримиз, акаларимиз, адиб ва журналистларимиздан бирортаси бу кунга етиб келишолмади, улар қамалди, отилди, йўқ қилиндилар… Кошки улардан бирортаси ҳаёт бўлсаю, ўша қариянинг қўлтиғига кириб шу тантанага бошлаб борсам, деб маъюс хаёл қилардим ўзимча. Тантанали мажлисда умримда биринчи марта бундай катта издиҳомда саҳна тўрида ўтирганимча миллий мустақиллигимиз осонликча амалга ошмагандек бу кун, бу байрам ҳам ўз-ўзидан қўлга киритилмаганлиги, бунинг учун курашганимизни ва енгганимизни ўйлаб ўтирардим, қарангки шу пайт кўзимдан ногаҳон ёш ҳам чиқиб кетибди. Мажлисдан қайтсам уйдагилар: “Нега саҳнада йиғлаб ўтирдингиз, тинчликми?” — деб сўраб қолишди, мен хижолат бўлиб: “Хурсандлигимдан…” — дея олганман холос…

Мана жорий йил бу байрам жуда кенг миқёсда шоду хуррамлик билан нишонланмоқда. Рес­публикамиз журналистлари ва барча соҳадаги оммавий ахборот воситалари ходимлари мамлакатимизнинг тобора равнақи учун, халқимизнинг бахту саодати учун бел боғлаб астойдил меҳнат қилишмоқда.

Мухтор Худойқулов,

журналист, филология фанлари доктори,

профессор.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eleven + 12 =