Тақдир табассуми

Ҳали мактабда ўқиб юрган пайтимда туман ва вилоят газеталарида илк хабарларим чоп этилганда газетанинг ўша сони кўзимга оловдек кўринарди. Кунлардан бир кун туман газетаси таҳририятидан Матбуот кунига бағишланган тадбирга қатнашиш учун таклифнома келди. Бордим. Фаол муаллифлар қатори менга ҳам китоб совға қилишди. Кейин билсам, бу тадбирга келган таклифнома мен учун журналистика оламига чақириқ қоғози экан.

Мактаб чоғида “Келажакда ким бўлмоқчисан?” деб савол беришганида ўзгача иштиёқ билан “журналист” деган жавобим ҳамманинг ҳавасини келтирганидан ўзим ҳам руҳланиб кетган чоғларим бўлган.

Шундай қилиб, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтининг филология факультетига ўқишга кирдим. Бу даргоҳда кўплаб адиблар, журналистлар ўқишганидан хабар топдим. Талабалик давримда институтда чиқадиган кўп тиражли газетада ишлаш насиб этди. Имтиҳон сессияси даврида талабалар синов дамларидан репортажлар ёздим. Имтиҳон қилувчи домлалар мухбирга алоҳида эътибор билан муносабат қилишар, бундан касбга нисбатан меҳрим ошарди.

Салкам ярим асрлик фаолиятим давомида жуда кўп ёрқин воқеалар гувоҳи бўлдим. Шу йиллар мобайнида бағрикенг халқимиз матбуот ходимларини жуда ҳурмат қилишига инондим. Назаримда, журналист астойдил интилса, одамларга кўп фойдаси тегиши мумкин. Дилдан ўтказиб ёзган мақолаларимни тўплаб “Ўзбекистонда ким яхши яшайди” сарлавҳасида китоб қилиш имкони бўлди.

Бугун йиллар оша ўзимга савол бераман: шу қалам билан қанча одамнинг кўнглини олдим, кимларнинг кўзидаги ёшни артдим? Минг шукрки, шу муддат мобайнида виждонимга хилоф мавзуни қаламга олмадим. Иқтисодий ислоҳотлар ғилдираги юришиб кетиши учун қўлимдан келган ишни бажардим. Бугунги кунда юртимизда матбуот сўзининг муносиб қадр­ланаётгани бир ижодкор сифатида менга ҳам илҳом бахш этмоқда.

Шуҳрат Жабборов,

“Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари бош муҳаррири ўринбосари,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 + nine =