Газеталар ўлмайди!

Отажоним “Онамнинг номи ўчмасин, қизимнинг исмини Хонбиби қўямиз” деган экан. Мени ҳеч қачон ўз исмим билан чақирмаган. “Онашим” дердилар эркалаб.

Болалигимда отажонимнинг тиззасига ўтириб овқатланардим. Сўнгра менга ўргатган шеърларини айтиб берардим. Отажоним эринмасдан яна менга шеър ўргатарди. Мени зукколигимни кўриб, аямга қараб “онашим ёзувчи бўлади! Катта шаҳарга бориб ўқийди. Китоблар ёзади” дердилар.

Тўрт ёшдан ўтганимда тўсатдан отажонимдан айрилиб қолдик. Ўша кундан бошлаб мен ҳам болалигимдан айрилдим.

Мактабга чиққанимда онам “Отанг сени ёзувчи бўлади деган. Шунинг учун яхши ўқигин. Албатта, ёзувчи бўласан” деди.

Шу сабабли, билмадим ёзувчи ким эканлигини яхши англамасам-да аъло баҳоларга ўқишга ҳаракат қилардим. “Ғунча” журналига ўзим чизган суратлардан ва ёзган ҳикоячаларимни юборардим. Кейинроқ ўша пайтдаги “Ленин учқуни” (ҳозирги “Тонг юлдузи”) газетаси ва “Гулхан” журналларига ҳикоячалар ёзиб юборардим. Туманимиздаги “Иштихон овози” (олдинги “Колхоз ҳаёти”) газетасига ҳам мақолалар ёзардим. Ёзганларим газеталарда чиққан кун мен учун байрам эди. Газетани кўтариб иложи бўлса ҳаммага мақтангим келарди. Ҳар бир чиққан мақоламни асраб қўярдим.

Ўн уч ёшимда қишлоғимизда очилган музқаймоқ ва ширин сув сотадиган сотувчининг юлғичлигини фелъетон қилиб, туманимиз газетасига ёзгандим. Таҳририятдагилар келишиб, ўрганишибди. Ёзганларим тасдиқланибди. Бу гап қишлоқда шов-шув бўлиб кетди. Танқидим газетада чоп этилмаса-да ҳамма мени “Ана ёзувчи келяпти” деб айтадиган бўлишган. Сотувчи ҳамқишлоғим бўлса мендан қаттиқ ранжиган. Бошқа сотувчилар эса мендан ҳайиқадиган бўлиб қолишганди.

Мактабдан қайтганимдан сўнг оғир кетмонни елкамга ташлаб, колхоз даласида ишлардим. Ҳар йили бизларни газета-журналларга обуна қилишарди. Биз жон-жон деб обуна бўлардик. Почтальонни интиқиб кутардик.

Уйимиздан газета-журнал аримасди. Ҳозиргача ҳам шундай. Онам набираларига айттириб, газета олдириб, ўқиб беришни талаб қилади.

1991 йилнинг 1 сентябрида “Оила ва жамият” газетаси чиқа бошлади. Бу бизнинг энг севимли газетамизга айланди. Пайшанба кунини интиқлик билан кутардик. Кўп мақолаларим “Оила ва жамият” газетасида чиққан. Миллий университетнинг журналистика факультетига ҳам асосан, “Оила ва жамият” газетасида чиққан мақолаларимни топшириб юқори балл олганман. Уйга борганимда қишлоқдошларим “Оила ва жамият”да ёзганларингни ўқидик. Зўр ёзибсан!” дея олқишлашарди.

1996 йилнинг декабрь ойида эса “Ҳуррият” мустақил газетаси чиқа бошлади. Бу газетани, айниқса, талабалар зўр қувонч билан кутиб олганмиз. Чунки шу пайтгача мустақил газетанинг ўзи йўқ эди. Бирин-кетин “Ҳуррият”да танқидий материалларим босилиб чиқди. Матбуот дўконларида “Ҳуррият” газетаси талаш эди.

Ҳар бир даврда газетанинг ўз ўрни бор эди. Ҳаттоки раҳматли Қудрат момом ўқишни билмаса-да эринмасдан варақлаб, расмларини кўриб, изоҳларди.

Турмушга чиққанимда мен бир сандиқ газета-журналларимни ҳам олиб кетганман. Токчага газета-журналларни териб қўйганман. Вақтим бўлганида олиб ўқирдим. Ҳаттоки бутун оила аъзоларимиз билан биргаликда ўқирдик, муҳокама қилардик.

2017 йил “Адолат кўзгуси” номли газетада ҳам мухбир, ҳам хатлар бўлими мудири бўлиб ишладим. (Газета ўша пайтда 10.000, ҳозирги кунда 1.400 ададда чиқяпти.) Телефонимиз тинмайди. Ҳар куни камида 10 та саволни дафтаримга ёзаман. Хатлар оқими тўхтамайди. Ҳар ҳафта нажот истаб, муаммоларини ечишимизга умид қилган муштарийларга ва тегишли ташкилотларга 30-40 та хат юбораман. Саволларига жавоб топиб, газетамизда бериб борамиз. Шикоятларни эса қисқача мазмуни ва тегишли ташкилотлардан келган жавоб хатлари билан бериб борамиз. Энг қизиғи бу газетага одамларнинг ўзи хоҳлаб обуна бўлишади. Биронта газетамизнинг сонини топишолмаса, дарров хат ёзиб ўша сонлардан юборишимизни сўрашади. Мен ҳам эринмасдан улар сўраган газета сонларини мухлисларга юборардим.

Ўтган йилги пандемия барча газета-журналларнинг обунасига яхшигина ўз таъсирини ўтказди. Айрим газета-журналларимиз ёпилиб ҳам кетди. Ачинарлиси, ҳар куни чиқиб турадиган “Тошкент оқшоми” газетаси ҳам бугун чиқмаяпти. Биронта инсон, ҳаттоки Тошкент шаҳар ҳокими ҳам шу газетанинг тақдирига қизиқишмайди. Товба!

Тўғри, бугунги кунда интернет ривожланиб кетди. Аммо газета-журналнинг ўрни бошқа. Қолаверса, ҳамма жойда ҳам интернет яхши ишлайди, дея ҳеч ким кафолат беролмайди. Айниқса, қишлоқ жойларда интернет йўқ, ҳисоби. Қўпол қилиб айтганда айрим жойларда томнинг устига чиқсагина интернет ишлайди. Аксини олиб газета-журналлар камайгани учун туманларда почтальон вазифаси ҳам қисқартирилди. Илгарилари ҳар икки кунда почтальон уйи­мизга келса, энди бир ҳафтада ёки 15 кундагина у эшигингизни қоқиб келиши мумкин.

“Мажбурий обуна” йўқолиб, деярли кўпчилик ихтиёрий обунани ҳам эсдан чиқарди. Бу билан ўзларига маънавий зиён қилишди. Илгарилари цензура бўлганлиги учун газета-журналларимиз танқидий материалларни беролмасди. Бугун қайси матбуотни қараманг ҳаммасида халқимизнинг муаммолари, дарди ёзиляпти. Шунинг ортидан кўпгина муаммолар ечиляпти.

“Фарғона ҳақиқати” газетасининг “Ҳар бир муаммонинг ечими бор”, “Жамият занжирининг заиф ҳалқаси”, “Болалар уйи”даги ўйлар”, “Зарафшон” газетасининг “Тадбиркорга имконият бериш керак”, “Ёқилмаган табиий газ учун олинган пуллар ўз эгаларига қайтариб берилади”, “Ишонч” газетасининг “Ғайриқонуний буйруқ бекор қилинди”, “Кредит фоизлари камаядими?”, “Ертўлада сув қувури ёки “шошқалоқ” мурожаатгўй ҳамда “Туя гўшти еган” муаммо”, “Оғизда бор-у амалда йўқ(ми?)” каби материаллар ҳеч кимни бефарқ қолдирмаса керак. “XXI аср”, “Оила даврасида”, “Жамият” газеталари ҳам долзарб мавзуларни кўтариб чиқяпти.

“Газеталар ўляпти” дея кимлардир айюҳаннос солаётган бир пайтда янги-янги нашрлар дунёга келяпти. Фарғонада “Олам аро” номли журнал чиқа бошлади.

Босма нашрларни кўпчилик мажбурий обунага боғланиб қолганликда, ахборотни кеч узатишда айблашади. Аслида аксарият газеталаримиз бир ҳафтада бир маротаба чиқишга мўлжалланган. Шу бир ҳафта ичидаги ахборотларни ўзида жамлаб чиқаради.

Сайт йўналишининг ҳам ўз ўрни бор. Чунки сайтлар тезкорликка асосланган. Лекин бу дегани фақат сайтларни ўқиш керак дегани эмаску!

Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш пайти келди. Ахир шу газета-журналларнинг ортидан рўзғорини тебратаётган кўплаб журналистлар ишсиз қолиб кетишди. Уларни ким ўйлайди?.. Қачонгача журналистнинг косаси оқармайди?

Х.МАҲАМОВА,

журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 + 16 =