МЕРОС ва ИХЛОС

Бобур мирзо бизнинг авлодларга ғурур билан айтадиган буюк бобомиздир. У Андижонда туғилди, Андижонда камол топди. Мана шундай улуғ аждодларимиз борлиги, улар ўзбек фарзанди эканини ҳеч қачон унутмаслигимиз керак. Миллий ўзлигимизни англашни айни шундан бошлашимиз лозим.

Ш.Мирзиёев

Муҳтарам Президентимизнинг “Тарихий меросни асраб-авайлаш, ўрганиш ва авлодлардан-авлодларга қолдириш давлатимиз сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан биридир” деган сўзлари ушбу йўналишда фаолият олиб бораётган барча олим ва мутахассислар, тадқиқотчилар учун дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Бобур номли халқаро жамоат фонди ҳам кўп йиллардан буён ўз имконияти доирасида тақдир тақозоси билан турли давр ва шароитларда четга олиб кетилган ва бугунги кунда хорижий давлатларнинг нуфузли музейлари, фондлари ва илмий-маърифий муассасаларида сақланаётган ноёб қўлёзма ва китоблар, архив ҳужжатлари, осори-атиқаларни ўрганиш, имкон қадар уларнинг асл ёки кўчирма нусхаларини мамлакатимизга олиб келиш бўйича хайрли ишлар олиб бормоқда.

Жумладан, ўтган давр мобайнида фонд томонидан тузилган халқаро илмий экспедиция автомашинада 420 минг километр йўл босиб, 50 дан зиёд мамлакатлар бўйлаб илмий сафарлар уюштирди. Ушбу сафарлар чоғида Ватанимиз тарихи ва маданиятига оид муҳим янгиликлар излаб топилди, бизда мавжуд бўлмаган манбалар қўлга киритилди ва улар Андижон шаҳридаги Бобур боғида ташкил этилган “Бобур ва жаҳон маданияти” китоб музейида мужассамлаштирилди. Китоб музейи экспозициясидан 1000 га яқин нодир қўлёзма асарлар ва китоблар, қимматли манбалар, археологик ва меъморий ёдгорликларнинг намуналари ўрин олди.

Хусусан, “Бобурнома”нинг Ҳиндистондаги “Саларжанг” музейида сақланаётган Ҳайдаробод нусхасидан кўчирма, Бобур мирзо кашф этган “Хатти Бобурий” алифбосида битилган Қуръони карим нусхаси, “Бобур куллиёти”нинг Эрон нусхасидан кўчирма ҳамда “Бобурнома”нинг турли тилларга таржима қилинган 20 дан зиёд қўлёзма нусхалари ва даврий нашрлари музейга файз бағишлаб турибди.

Хориждан олиб келинган қимматли манбаларнинг элликка яқини фонд томонидан таржима ва табдил қилиниб, чоп эттирилди. Харольд Лэмбнинг “Бобур — йўлбарс”, Муҳаммад Ҳайдар Мирзонинг “Тарихи Рашидий”, Румер Годеннинг “Гулбадан”, Вильям Рашбрукнинг “Ўн олтинчи аср бунёдкори”, Хондамирнинг “Буюклик хислати”, “Ҳабиб ус-сияр”, Фриц Вюртленинг “Бобур — йўлбарс” (“Андижон шаҳзодаси”), Самюэл Берк­нинг “Акбар — бобурийларнинг энг буюги”, Ирож Аминийнинг “Кўҳинур — Бобурнинг олмоси”, Исматуллоҳ Мўъжизийнинг “Таворихи мусиқиюн” асарлари, шу­нингдек, “Бобурнома”нинг замонавий ўзбек тилига табдили, “Бобурнома миниатюралари”, “Бори элга яхшилик қилғил”, “Шамолларга учган нидолар”, “Тарихларда темурийлар сиймоси”, “Бобурийлардан бири” китоблари ва бош­­қа чоп этилган асарлар шулар жумласидандир.

Ўзбек бобуршуносларининг кейинги йиллардаги изланишлари натижасида юзага келган “Бобур ва Юлий Цезар”, “Бобур ҳақида ўйлар”, “Асрларни бўйлаган Бобур”, “Бобурийнома”, “Буюклар изидан”, “Андижондан Даккагача”, “Андижондан Бағдодгача”, “Хорижда бобуршунослик”, “Бобурнома” учун қисқача изоҳли луғат”, “Марказий Осиё ва Ҳиндистон тарихида бобурийлар даври”, “Сўзга айланган қилич”, “Буюк соҳибқирон изидан”, “Тарихларда темурийлар сиймоси”, “Рисолаи Бобурийя” ва бошқа кўплаб асарлар фонд ҳомийлигида нашр қилинди.

Яна мақолада шуни алоҳида таъкид­лашни истардикки, халқаро экспедицияларимиз давомида маданий бойликларимиз бўлган, буюк аждодларимиз мангу қўним топган масканларни топишга муваффақ бўлдик. Муҳаммад Мусо ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Аҳмад ал-Фарғоний, Ал-Фаробий, Хис­рав Деҳлавий, Мавлоно Лутфий, Али Қушчи, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Камолиддин Беҳзод, Бобораҳим Машраб каби буюк сиймоларнинг сўнгги манзиллари зиёрат қилинди ва уларнинг ҳозирги кундаги ҳолати ўрганилди. Натижада эса афғон юртида қаровсиз қолиб, деярли харобага айланган Мавлоно Лутфий, қисман Алишер Навоий, Камолиддин Беҳзод, Бобораҳим Машраб каби буюк аждодларимизнинг қабр-мақбаралари шарқона услуб асосида, бугунги кун талаби даражасида ободонлаштирилиб, зиёратгоҳларга айлантирилди ва айлантирилмоқда. Шу­нингдек, Абу Райҳон Берунийнинг Ғазнадаги, Ал Фаробийнинг Дамашқдаги, Муҳаммад Ҳайдар Мирзонинг Кашмир вилоятидаги, Али Қушчининг Истанбул шаҳридаги қабрларини ҳам обод этиш лойиҳалари режалаштирилмоқда.

Фонд низомида белгиланган вазифаларни бажариш жараёнида Ғарб ва Шарқ бобуршуносларининг алоқалари мус­таҳкамланди. Хусусан, ўтган йиллар давомида фонднинг Қирғизистон, Афғонис­тон, Ҳиндистон, Покистон, Озарбайжон, Туркия, Япония, Германия, Миср, Швеция, Россия каби ўндан зиёд давлатларда Бобур номли халқаро жамоат фондининг ижтимоий бўлимлари очилди. Уларнинг ёрдами билан Бобур ва бобурийлар, темурийлар ва бошқа буюк аждодларимизга тегишли бўлган қўлёзмалар ва ноёб ки­тобларни юртимизга олиб келиш имко­нияти янада кенгайди.

Хорижда ва Ўзбекистонда бобуршунослик ривожига катта ҳисса қўшаётган олим ва ижодкорларни рағбатлантириш мақсадида фонд томонидан Бобур Халқаро мукофоти таъсис этилган. Ҳозиргача ушбу мукофотга 20 нафардан зиёд бобуршунослар сазовор бўлди. Улар орасида япо­ниялик таниқли олим Эйжи Мано, америкалик бобуршунос Уилер Текстон, германиялик Клаус Шонинг, озарбайжонлик Рамиз Аскер, афғонистонлик Шафиқа Ёрқин, республикамиздан таниқли олимлардан Азизхон Қаюмов, Сабоҳат Азимжонова, Абдулла Аъзамов, Саидбек Ҳасанов, Сайфиддин Жалилов, Ваҳоб Раҳмонов ҳамда Пиримқул Қодиров, Хайриддин Султонов, Сирожиддин Саййид, Омина Тожибоева каби адиб ва шоирлар бор.

Туркиялик таниқли профессор, Бобур халқаро мукофоти совриндори Билол Южел томонидан шоҳ ва шоир бобомизнинг Париж миллий кутубхонаси, Истанбул университети, Тўпқопи саройи, Реванд ва Рампур кутубхоналарида сақланаётган шеърий қўлёзмалари асосида мукаммал девони яратилганини кейинги йилларда бобуршуносликда эришилган улкан ютуқлардан бири сифатида эътироф этсак арзийди.

Россия Фанлар академиясининг туркология институти ҳамда Бобур номли халқаро жамоат фонди ҳамкорлигида таниқли турколог олима, Россия Фанлар академиясининг мухбир аъзоси Анна Владимировна Дыбо ва арабшунос, ҳамюртимиз Шокирхон Рустамхўжаев ҳаммуаллифлигидаги “Захириддин Мухаммад Бабур. Бабуриды. Библиография” китоби, шунингдек, фондимиз томонидан тарихда биринчи бор “Бобур энциклопедияси” яратилгани ва икки марта нашр (2014, 2017 йиллар) этилгани, ҳеч шубҳасиз, жаҳон бобуршунослик фани ривожидаги муҳим маданий воқеалардан бири бўлди.

Маълумки, бундан икки йил муқаддам муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев Андижон вилоятига ташрифи давомида Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғида ҳам бўлиб, “Бобур ва жаҳон маданияти” китоб музейи билан батафсил танишган эдилар. Ушбу китоб музейини янада кенгайтириш ва Бобур боғини жаҳон андозалари даражасида таъмирлаш, уни республика мақомидаги масканга айлантириш, шоирнинг рамзий қабр-мақбарасини обод қилиш юзасидан зарур топшириқлар, қимматли маслаҳатлар берган эди.

Ўтган қисқа вақт ичида бу борада кўп­лаб амалий ишлар амалга оширилди. Жумладан, Бобур боғи, улуғ аждодимизнинг рамзий қабр-мақбараси, китоб музейи ва бошқа маданий иншоотлар реконструкция қилиниб, боғ ҳудуди янада ободонлаштирилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йилдаги қарори билан Андижон вилоятидан фақатгина Бобур боғи халқаро туризм маршрутига киритилган. Ҳозирги кунда ушбу масканда “Маънавият маркази”, “Бобур ва жаҳон маданияти”, “Андижон шаҳарсозлик маданияти тарихи” музейлари, обсерватория, кутубхона, спорт комплекслари маънавият ўчоғи сифатида фаолият олиб бориб, ёшларимизга темурийлар ва бобурийлар тарихини ўрганиш, шунингдек, уларнинг маънавий дунёқарашини ўстиришда баҳоли-қудрат хизмат қилиб келмоқда. Бу жойда фонд ташаббуси билан қатор халқаро илмий конференция ва семинарлар, турли учрашув ва маданий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтади.

Ўтган даврда олиб борилган илмий-­ижодий изланишлар давомида Бобур халқаро илмий экспедицияси жаҳондаги кўплаб фондларда юртимизнинг уч минг йиллик тарихига, хусусан, бақтрийлар, сўғдийлар, кушонлар, қорахонийлар, ангуштегинлар ва хонликлар даврларидан бошлаб то чор Россияси ҳукмронлиги давригача ва ундан кейинги замонларга оид қўлёзма, тош­босма ҳамда тошбитиклар, санъат асарлари, тарихий ёдгорлик намуналарига дуч келди. Бобур номли халқаро жамоат фонди бу борада мамлакатимиздаги ва чет эллардаги барча манфаатдор илмий ташкилот ва муассасалар, янги ташкил қилинган биринчи навбатда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекис­тон Фанлар академияси, Олий таълим вазирлиги ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда иш олиб бормоқда.

Шу ўринда фонд олдида катта вазифалар турганини ва улар бизнинг келгусидаги иш режаларимизга киритилганини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.

Масалан, “Бобурнома”нинг 18 йиллик воқеалар акс этган саҳифалари йўқолган бўлиб, уларнинг тақдири бизга ҳозирга қадар маълум эмас. Шунингдек, Бобурнинг “Ҳарб иши”, “Мусиқа сирлари”, “Қофия” асарлари, Гулбаданбегимнинг “Ҳумоюннома” асарининг бир қисми ҳам бугунги кунга қадар топилмаган. Бу нодир маънавий бойликларни излаб топиб, халқимизга, илмий жамоатчиликка етказиш биринчи галдаги вазифаларимиздан ҳисобланади.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 24 майда қабул қилинган “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилиши, шубҳасиз. Ана шу тарихий ҳужжатга асосан ҳозирги кунда буюк аждодларимиз қолдирган илмий-­ижодий мерос намуналарининг нусхаларини Ватанимизга олиб келиш имкониятлари янада кенгаймоқда.

Мамлакатимиздаги етук бобуршунос олимлар иштирокида 2021-2022 йиллар давомида амалга оширилаётган энг муҳим ишларимиздан бири бу – Заҳириддин Муҳаммад Бобур энциклопедиясининг ўзбек тилидаги 3-нашрини ҳамда унинг рус ва инглиз тилларидаги нашрларини чоп эттиришнинг режалаштирилганлигидир. Энциклопедиянинг ушбу 3-нашрига бош муҳаррир сифатида филология фанлари доктори, профессор Ҳамидулла Болтабоев, муҳаррир ўринбосари сифатида тарих фанлари доктори, профессор Абдумажид Мадраимовлар тайинланган.

Энциклопедиянинг рус ва инглиз тилларидаги нашрларини тайёрлашга Андижон давлат университетининг рус ва инг­лиз тили факультетининг малакали мутахассислари билан шартномалар тузилиб, амалий ишлар олиб борилди. Айни пайт­­да эса филология фанлари доктори, профессор Шуҳрат Сирожиддинов энциклопедиянинг инглиз тилидаги нашрини таҳрир қилиб, нашр эттишга тайёрламоқда.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, матншунос олим Ваҳоб Раҳмонов эса энциклопедиянинг рус тилидаги вариантини рус тили мутахассиси Анна Иванова билан ҳамкорликда таҳрир қилмоқда.

Таниқли шоир, ижодкор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Мирзо Кенжабек Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг 6 жилддан иборат бўлган танланган асарлар тўплами — Куллиётни нашр қилиш мақсадида илмий изла­нишлар олиб бормоқда. Иншааллоҳ, 2022 йил якунига бориб Заҳириддин Муҳаммад Бобур энциклопедиясининг ўзбек тилидаги 3-нашри ҳамда унинг рус ва инглиз тилидаги нусхалари тайёр бўлади, зиёли ўқувчи ва олимларимизга етиб бориб, илмий истеъмолга киритилади.

Демак, ота-боболаримизнинг қутлуғ қадами етган ёки етмаган жойларга уларнинг бебаҳо илмий кашфиётлари, адабий-бадиий, дунёвий ва диний санъат асарлари етиб боргани тўғрисида мен илгари ҳам кўп марта чиқишлар қилганман, мақола ва суҳбатларимизда бу ҳақда махсус тўхталиб ҳам ўтганман. Шу боис ўзимнинг қу­йидаги амалий таклифларимни билдириб ўтмоқчиман:

Биринчи таклиф шундан иборатки, Президентимиз ташаббуси билан катта харажат ва ҳаракатлар натижасида юртимизга қайтариладиган маданий бойликлар фақат мутахассислар, илмий-тадқиқот муассасалари доирасида қолиб кетмасдан, балки улардан халқимиз, кенг жамоатчилик, ёшларимиз ҳам баҳраманд бўлсин.

Бунинг учун энг замонавий усул ва воситалардан фойдаланишимиз талаб этилади. Жумладан, мамлакатимиз тарихи ва маданиятига оид хориждаги маданий бойликлар ҳақида илмий-оммабоп кўрсатув, ҳужжатли фильм, мақолалар ва тезислар тайёрлаб, оммавий ахборот воситалари, интернет тармоқлари орқали кенг жамоатчиликка етказиш; улар ҳақидаги библиографик тўпламлар, китоб-альбомлар ва бошқа матбаа маҳсулотларини турли тилларда нашр этиб бориш, мунтазам равишда махсус кўргазмалар, илмий семинар ва тренинглар ўтказиб туриш зарур.

Иккинчи таклиф қадимий ёзма манбалар билан ишлайдиган мутахассисларни тайёрлаш масаласига оиддир.

Хўш, бугун мамлакатимизда, айтайлик, сўғд ёзувини ўқий оладиган қанча мутахассис бор? Аниқки, улар жуда саноқли. Кўҳна ва бой тарихимиз акс этган бошқа минглаб манбалардаги битикларни ўқийдиган ва бу ҳақда илмий хулосалар бера оладиган кадрларимиз етарлими? Етарли бўлса, нима учун Шарқшунослик институти фондида сақланаётган 25 мингта қўлёзма, 40 мингдан зиёд тошбосма, 5 мингдан ортиқ тарихий ҳужжатлар – жами 300 мингдан зиёд асарларнинг аксарияти ҳамон ўз тадқиқотчисини, таржимонини, ноширини, аудиториясини кутиб турибди?

Мен бу масалага вазирлик ва идоралар, олим ва тадқиқотчилар, зиёлилар — барчамиз биргаликда ечим топишимиз тарафдориман.

Учинчи таклиф шуки, чет элларда сақланаётган юртимизга оид тарихий экспонатлар, осори-атиқаларни ўрганиш, уларнинг асл ёки кўчирма нусхаларини, фото ва видеотасвирларини мамлакатимизга олиб келиш бўйича хорижда сақланаётган намуналар библиографиясини тузиш лозим. Айни шу мақсадда Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда хорижий давлатлардаги элчихоналаримизнинг имкониятидан самарали фойдаланиш мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур мавзуси юзасидан айрим тарихий асарларни қайтадан мутолаа қилишга тўғри келди. Ўқиб ўрганиш жараёнида Мир Алишер Навоий ҳақида ҳам янги маълумотлар олинди.

Бобур мирзо ёзади: “Андижон эли туркдур. Шаҳри ва бозорисида туркий билмас киши йўқтур. Элининг лафзи қалам била росттур. Ани учунким, Мир Алишер Навоийнинг мусаннофоти, бовужудким Ҳирида нашъу намо топибтур, бу тил биладур” (Бобурнома 2002 й. 34-бет).

Алишер Навоий ва Бобур мирзо бир даврда яшаб ижод қилишганлиги бизга маълум. Бобурнинг “Бобурнома” асарининг ярим саҳифалари йўқолган бўлиб, ушбу саҳифаларда, унинг Андижонда таваллуд топгани билан боғлиқ маълумотлар бўлиши мумкин эди. Маълумки, “Бобурнома” ва бошқа тарихий манбаларда Алишер Навоийнинг боболари Соҳибқирон Амир Темур хонадонларида садоқат билан хизмат қилгани қайд этилган.

Яна мумтоз муаррихлар Абдураззоқ Самарқандийнинг “Матлаъи Саъдайн” ва Мирхонднинг “Равзат ус-сафо” асарларида келтирилишича, Алишер Навоийнинг бобоси Амир Темурнинг иккинчи ўғли Умаршайх мирзо билан эмикдош-кўкалдош бўлганлиги ҳақида аниқ эслатма бор.

Таниқли олимлар Сабоҳат Азимжонова ва Азиз Қаюмовлар ўзларининг “К истории Ферганы второй половины ХV века” (Ташкент, 1957 г.) ва “Заҳириддин Муҳаммад Бобур” (Тошкент, 2008 й.), “Бобур даврида Андижон адабий муҳити” (Тошкент. 2009 й.) номли асарларида Умаршайх ва Бобурнинг пойтахт шаҳар Андижонда яшаган даврини, уларнинг сиёсий ва ҳарбий фаолиятини ёритиб, Андижон адабий-маданий муҳити тўғрисида ўша даврдаги шаҳарсозлик маданиятига хос бўлган қимматли маълумотларни ҳам битганлар. Академик Азиз Қаюмов бу ҳақида “Бобурнома” ва бобурийларга оид бошқа асарларда ҳам кўрсатилишича, ҳар бир саводли хонадонда Алишер Навоийнинг шеърлари эски ўзбек-туркий тилнинг Андижон лаҳжасида ёзилганини қайд этган ва улар шу билан фахрланар эди. Бундай хонадонлар Андижонда жуда кўп бўлган. Яна ўз даврининг машҳур мусиқа устаси бўлган Хожа Юсуфийнинг худди Алишер Навоийдек андижонлик эканини ғурур билан тилга олиб, бу билан ҳамма мағрурланганлиги ҳақида айтилган.

Таниқли навоийшунос олим, филология фанлари доктори, профессор, Шуҳрат Сирожиддинов жорий йилнинг бошида (https://ia-centr.ru/publications/k-voprosu-kakoe-otnoshenie-imeet-alisher-navoi-k-uzbekistanu-i-gde-ego-rodina-chast-2/) интернет тармоғида эълон қилинган “К воп­росу: какое отношение имеет Алишер Навои к Узбекистану и где его Родина? (“Алишер Навоийнинг Ўзбекистонга қандай алоқаси бор, унинг Ватани қаерда? масаласига оид”) номли мақоласида Алишер Навоийнинг Ҳиротда таваллуд топмаганлигини ва бу бирор ишончли манбада ёзилмаганлигини қайд этиб ўтган. Олим улуғ шоирнинг барча асарлари соф Андижон шевасида битилганлигини алоҳида таъкидлаган.

Мен Афғонистон Ислом республикасининг Ҳирот шаҳрида кўп маротаба бўлиб, ундаги кутубхона, музей, шунингдек, университет каби маърифий масканларнинг мутахассислари билан бу мавзуда кўп бора суҳбатлашдим. Суҳбатларимиз натижаси шуни кўрсатдики, уларда ҳам Алишер Навоийнинг Ҳиротда туғилганлиги тўғрисида аниқ бир маълумот йўқ. Алишер Навоий ўзининг “Вақфия” асарида   ота-боболарининг темурийлар, хусусан, унинг отаси Бойқаро саройида юқори мавқеларда хизмат қилганлиги борасида хабарлар битган. “Агарчи бу хоксорнинг ота-бобоси ул ҳазрат (Ҳусайн Бойқаро)нинг бобо ва аждоди хизматларидаким, ҳар бири салтанат конининг гавҳари ва шужоат бешасининг ғазанфари эрдилар — улуғ маротибга сазовор ва бийик маносибга комгор бўлғон эрдилар”.

Соҳибқирон Амир Темур ўғли Умаршайх мирзо Андижон ҳукмдори бўлиб турган даврдаги пойтахт Андижоннинг машҳур кишиларидан бири   Хизр ўғлоннинг қизи Мулкат Оғага уйланган. Улар Искандар ва Бойқаро исмли ўғил фарзанд­лар кўришган. Биз юқорида кўрсатганимиздек, Алишер Навоий ўзининг “Вақфия” асарида ота-боболарининг Амир Темурнинг набираси Андижондаги Бойқаро саройида олий мансабларда хизмат қилганини ёзади. Бу эса Алишер Навоий ва Бойқароларнинг мазкур олий даргоҳда туғилиб, ота-она бағрида, оила даврасида камол топиб, тили Андижон шевасида чиқиб, Андижон шевасига хос шаклланганлигини аниқ кўрсатиб бермоқда.

Қирғизистоннинг таниқли адиби Бегижон Аҳмедов ҳам ўзининг “Тафаккур бўс­тони” китобида ушбу масала юзасидан қуйидаги изоҳларни келтириб ўтади.

Биринчидан, Алишер Навоий ота-боболарининг келиб чиқиши асли пойтахт Андижонга жуда яқин ҳудуд бўлган Аравон шаҳридан бўлганлигини, иккинчидан, Алишернинг Андижонда таҳсил олганлигини, учинчидан, у Юсуф Андижоний, Юсуф Сафовий, Қиёмиддин Тавғач сингари толиби илмлар билан бирга сабоқ олганлигини ва тўртинчидан эса улуғ Навоий ўзининг дурдона асарларини Андижон шевасида ёзганлигини, тарихдан маълумлигини таъкид­лаб ўтади.

Демак, Бегижон Аҳмедов ўзининг ушбу маълумотларини ЎзРФА мухбир аъзоси, навоийшунос олим риштонлик Боқий домла ҳам илмий хулосаларига қўшимча сифатида келтирганлигини ёзган (“Тафаккур Бўстони”. 2015 й.).

Аммо адолат нуқтаи назаридан баҳоласак, Алишер Навоийнинг ота-боболари эмикдош-кўкалдош бўлиб, гўё яқин қариндошлардек Андижонга келган. Бу эса ўз навбатида Соҳибқирон Амир Темурнинг ўғли Умаршайх мирзо билан бир саройда яшаганини кўрсатмоқда.

Одатда, гўдакнинг тили у улғаяётган муҳит ҳамда ота-онанинг оғзаки нутқига, ўзаро сўзлашиш маданиятига қараб шакл­ланади. Бола Алишернинг оиласидаги юксак маънавий муҳит унинг ёшлигидан адабиёт ва санъатга жуда эрта меҳр қўйганлигини давримизнинг зиёли кишилари яхши билади.

Юқорида биз тилга олган ишончли манбаларга таяниб, ғурур ва ифтихор туйғуси билан шуни алоҳида айтиш мумкинки, қадимдан дунё тамаддунига юксак маданий кўтарилиши билан ҳисса қўшган фозил шаҳар Андижоннинг адабий, маданий ва илмий муҳитида кўз очиб, дунё­­ни илк бора таниб, тарбияланган буюк аждодларимиздан бири Мирзо Бобур бўлса, яна бири эса улуғ мутафаккир Алишер Навоий бобомиздир.

Тўғри, тарихда Ҳирот Амир Темур давлати бошқарувида бўлган Хуросон давлатининг пойтахти ҳисобланган, ҳозирда эса улар Афғонистон Ислом республикаси ҳудудидаги машҳур шаҳарларга айланган Ҳирот ва Кобулда ижод қилишган, шунинг­дек, ўз ижодлари билан дунё тамаддунига катта ҳисса қўшган ҳар бир зиёли инсон томонидан эътироф этилиши, фахр туйғуларини уйғотиши табиий. Уларнинг улуғ сиймоси асрлар оша халқимиз хотирасида ҳам муҳрланиб қолгани бори ҳақиқатдир.

Демак, адабиётшунос, шарқшунос, тарихчи олимларимиз учун илмий изла­нишлар олиб боришга арзийдиган ишлардан бири Алишер Навоий таржимаи ҳолини янги маълумотлар билан бойитишдир. Бу борада эса қатор омиллар Андижонда етарлидек.

Соҳибқирон Амир Темурнинг ўғли Умаршайх мирзо ва унинг ўғиллари Искандар, Бойқаро, Саид Аҳмад мирзолар ва Мироншоҳ мирзонинг авлодларидан бўлган Султон Абусаид мирзонинг ўғли Умаршайх мирзо ва унинг ўғли Бобур мирзолар пойтахт Андижонда туриб, 130 йил, яъни ҳокимият Шайбонийлар қўлига ўтгунга қадар фармонбардорлик қилиб келишган.

Хуллас, Алишер Навоийнинг Бойқаро ҳазратларининг саройида Андижон шаҳрида туғилиб, вояга етиб, Андижон шевасида ота-онанинг таъсирида тили йиллар давомида шаклланганлигини аниқ кўрсатиб, у 10-12 ёшларга кириб қолган даврда ўша маҳалда тинч ўлка бўлган Ҳирот шаҳрига кўчиб борганлиги бори ҳақиқатдир.

Телефон орқали бўлиб ўтган суҳбатларимизнинг бирида мен даҳо шоир Навоийнинг Андижонда таваллуд топганлиги, бу ерда маълум муддат яшаганлиги хусусида таниқли навоийшунос олим, профессор Шуҳрат Сирожиддиновга мурожаат қилган эдим, шунда у: “Зокиржон ака, шундай бўлиши мумкин, мен бугун хориж­га учиб кетаётибман, келганимдан кейин сизга албатта қўнғироқ қиламан, фикрлашамиз”, деган жавобни айтган эди.

Биз эса маълум муддатгача кутдик. Шундан сўнг тарих фанлари доктори, профессор Боқижон Матбобоев ва таниқли матншунос олим, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Ваҳоб Раҳмоновлар билан “Фарғона водийсида Бобур қурдирган мақбара топилди” деб номланган мақоламизни “Бобур ва дунё” журналида нашр қилдик ҳамда ушбу нашрда   юқорида биз келтирилган ишончли манбалар асосида Алишер Навоийнинг туғилган жойи билан боғлиқ масала ҳам ёритилган эди. Аммо бироз вақт ўтиб, Шуҳрат Сирожиддинов “Маънавий ҳаёт” журналининг 2019 йилги 2-сонида “Навоий Ҳиротда туғилган…ми?” деган мақоласини чоп эттирди. Ҳатто навоийшунос олим мазкур мақолада Хўжанд университети (Тожи­кистон)нинг профессори А.Абдусаломовга (Аллоҳ раҳматига олган бўлсин) Хондамирнинг “Равзат ус-сафо” асарининг шаҳарлар таърифи қисмидаги Навоийнинг Сова шаҳрида туғилганлигига оид маълумотга эътиборини қаратганлиги учун алоҳида миннатдорчилик билдирган. Ушбу масалада муаллиф Навоийни Эрон давлатининг Сова шаҳрида туғилганлигини таъкидламоқда.

Подшоҳ Бобур муҳташам “Бобурнома” асарида Андижон аҳолиси Алишер Навоий асарлари тилида сўзлашганини ёзиб, шу билан бирга улуғ шоирнинг она тили Андижон шевасига рост келишини таъкидлайди.

Профессор Шуҳрат Сирожиддиновнинг Султон Ҳусайн Бойқаро ва Навоий оилалари кўп йиллар оралиғида Кобулда яшаганликлари ҳақидаги фикри кишида қизиқиш уйғотади. Шу қизиқишимиз билан Султон Ҳусайн Бойқаро ва Алишер Навоий Кобулда туғилганлигини тахмин қилиш ҳам мумкин ёки Навоий билан боғлиқ ҳеч бир манбаларда у айнан Ҳиротда дунё­­га келгани айтилмаган деб тушунтириш беради олим.

Шундай экан олимнинг интернет тармоғида берган маълумотига кўра, Алишер Навоий Кобулда туғилган.

Қизиғи шундаки, ҳурматли профессор Шуҳрат Сирожиддинов кейинги 1-2 йил ичида Алишер Навоийни гоҳ Андижонда, гоҳ Эрон давлатининг Сова шаҳрида, гоҳ Кобулда туғилганлигини эълон қилиб келмоқда.

Қирғизистонлик муаллифларнинг ёзишича, Соҳибқирон АмирТемурнинг ўғли Шоҳруҳ мирзо пойтахтни Ҳиротга кўчиргач, икки минг ҳарбий суворийни пойтахт Самарқанддан пойтахт Ҳиротга чақириб олган. Чақириб олинган харбий суворийлар орасида эса Исомиддин Полвон ҳам бор эди. Ҳиротга етиб борилгач, ҳукмдор Шоҳруҳ мирзо Исомиддин Полвонни лашкарбоши Амир Буғанинг Шаҳрибону исмли гўзал қизига уйлантирган. Улар ўғил фарзанд кўришиб, болага Ғиёсиддин исмини қўйган. Ғиёсиддин кичкина (полвон) вояга етгач, машҳур ҳарбий саркарда Абу Саъид Чангнинг қизи Ҳалимабонуга уйланади ва уларнинг никоҳидан оламга машҳур даҳо сўз санъаткори Низомиддин Амир Алишер Навоий туғилади.

Бобур мирзо “Бобурнома” асарини ёзишини тахтга ўтиргач, яъни 12 ёшидан бош­лаган бўлиб, Алишер Навоийнинг Андижонда яшаган даври ёзилмаган бўлиши мумкин деган тушунча келиб чиқади.

Юқорида биз келтириб ўтган маълумот ва изоҳларга боғлиқ ўринлар бор. Чунки, одатда, боланинг тили (шеваси), у улғайган оила муҳитида, ота – онасининг оғзаки нутқига, сўзлашишига қараб шаклланади. Агар ушбу масалага шу нуқтаи назардан қарасак, Ҳазрати Мир Алишер Навоийнинг тили андижонликларнинг шевасига — бугунги адабий тилига айнан мос келади.

Маълумки, Афғонистон Ислом давлатининг асосий халқи пуштун миллатидан иборат бўлиб, ўзбек-туркийзабон халқларига нисбатан яхши муносабатда, муомалада бўлмаган. Шунинг учун ҳам ўша даврда дафн этилган буюк аждодларимиз Абу Райҳон Беруний, Алишер Навоий, Султон Ҳусайн Бойқаро каби буюк сиймоларнинг қабрлари вафот этганидан кейин ҳам қайта очилган, ўрганилган. Андижон шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли миллий истироҳат боғидаги “Бобур ва жаҳон маданияти” китоб музейида мавжуд Ҳирот ва Афғонистон тарихи билан боғлиқ китобларда ҳам мутахассисларнинг фикрига кўра, Алишер Навоий ҳақида бир жумла ҳам қайд қилинмаган.

Навоий туғилган маскан билан боғлиқ хулосамиз шуки, юқорида келтирилган фикрларнинг исботи сифатида яқинда мен суҳбат қурган бир гуруҳ эронлик ва афғонистонлик олимларнинг фикр­ларига асосан шуни ишонч билан айта оламанки, Алишер Навоийнинг Эрон ва Кобул атрофидаги шаҳарларидан бирида туғилганлиги ҳақида гап бўлиши мумкин эмас.

Фондимиз амалга оширган айрим ишлар давлатимиз раҳбари томонидан эътироф қилинган бўлиб, унда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қуйидаги сўзларини ёдга оламиз: “Навоий ва Бобур ижодий меросини чуқур ўрганиш ва тарғиб қилиш бўйича катта-катта ишлар амалга оширилгани сизларга яхши маълум. Афғонистондаги қонли уруш туфайли Алишер Навоий бобомизнинг вайрона бўлиб ётган қабр-­мақбарасини тиклаш ва обод қилиш мақсадида Бобур номли халқаро жамоат фонди аъзоларининг мамлакатимиздаги те­гишли ташкилотлар кўмагида ўтган йили Андижондан Ҳирот шаҳрига 2150 туп манзарали дарахт кўчатларини олиб бориб, мақбаралар атрофига эккани ҳамда у жойда улкан ишларни бажариб қайтганидан, ўйлайманки, сизлар ҳам албатта хабардорсиз. Шу билан бирга Зокиржон Машрабов Алишер Навоийнинг устози Мавлоно Лутфий ва машҳур мусаввир Беҳзод ҳазратларининг харобага айланган, аянчли ҳолатдаги қабр-мақбараларини қайтадан тиклаб, зиёратгоҳларга айлантирди. Савоб ишни ҳар ким, ҳар куни қилиши керак деган сўзларни ўзига шиор қилиб яшаётган бу фидойи инсонга, келинглар, ҳаммамиз биргаликда янги куч-ғайрат, узоқ-умр, сиҳат-саломатлик тилайлик. Ҳозирги Афғонистондаги ҳолатдан келиб чиқиб, Алишер Навоий қабр-мақбарасини қайта бугунги кун талабидагидек тиклаш ҳақида Бобур номли халқаро жамоат фонди олиб бораётган ишларни маъқуллаймиз ва яқин кунларда Навоийдек буюк сиймо   мақбарасини жаҳон андозалари даражасидаги машҳур зиёратгоҳга айлантириш лозим бўлиб, бу буюк сиймо мангу қўним топган боғни Алишер Навоий номи билан аталиши мақсадга мувофиқ бўлади, деган умиддамиз”.

Зокиржон МАШРАБОВ,

Бобур номли халқаро жамоат фонди раиси, Ўзбекистон Республикасида хизмат

кўрсатган маданият ходими,

табиатшунос олим.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × four =