Ёруғ тонглар орзуси

Мамлакатимиз ҳаётида тарихий воқеа: куни кеча бўлиб ўтган Президент сайловида халқимиз ўз хоҳиш-иродасини намоён этди. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати—Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан кўрсатилган номзод, амалдаги Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев сайловда қатнашганлар умумий сонининг 80,1 фоиз овози билан ғалаба қозонгани эълон қилинди.

Бу натижа, бу овозлар — шак-шубҳасиз халқимизнинг ўз Йўлбошчисига юксак ишончининг намунасидир.

Қуйида эса давлатимиз раҳбари томонидан ёзилган “Янги Ўзбекистон стратегияси” китоби хусусида фикр юритмоқчимиз. Зеро, ушбу асарда Янги Ўзбекистон орзуси, буюк келажагимизни бунёд этиш ҳақидаги олий ният, аниқ мақсад, режалар, ғоялар асосида қаламга олинган.

…Ўзбекистон Республикаси истиқлолни   қўлга киритганига ўттиз   йил бўлди. Ўттиз… Бу   оз муддат эмас.   Дейлик, йигит 30   ёшда ҳам жисмоний,   ҳам маънавий жиҳатдан   етилади. Буни давлат   тараққиётига татбиқ этсак,   шундай савол майдонга   чиқиши мумкин: хўш,   биз мустақиллик шароитида   яшаб, ўттиз йил мобайнида   нималарга эришдик? Ҳақли   равишда айтамизки, Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон стратегияси” номли китоби эришилган   зафарларнинг энг чўққисидир.   Энг муҳими, мазкур китобда   Учинчи Ренессанс атамасининг   урғуланиши ҳар бир   фуқарони руҳлантириб юбориши   муқаррар.

Президент ёзади:   “Дунёда ҳеч қачон   бир хил тонг   отган эмас”. Мазкур ибора пайдо бўлганидан буён минг йиллар ўтди. Бу бутун коинот,   табиат ва башарият   доимий ўзгаришда, янгиланишда   деганидир.

Дарҳақиқат, инсоният   ҳам ана шу   азалий қонуният   асосида   яшайди ва ҳаёт   кечиради.

Ҳар қандай янгиланишнинг мазмун-моҳияти, намоён бўлиш хусусияти   шундай.

Даврлар ўтаверади, замонлар алмашаверади. Бу ёруғ оламга   келган ҳар бир   одамзот авлоди турли   ўзгариш ва янгиланишлар сари интилаверади”.

Мазкур сўзларнинг   мағзи осонгина чақилмайди.

Чунки улуғ жадид боболаримиз ёруғ тонгларни орзу қилган эдилар.   Акмал Икромов, Файзулла   Хўжаев каби давлат   арбоблари, Абдулла Қодирий, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон   каби асл миллатпарвар адиблар ҳибсга олиниб,   йўқ қилиндилар. Нега?   Чунки, “миллат гуллари”   эл-улусни уйғотишга киришган   эдилар. Улар маҳв   этилиши оқибатида халқимизнинг буюк орзуларига раҳна солинди.   Юртбошимиз ўша воқеликка   ишора қилиб, “давр   фарзандларини юксак фазилатли   инсонлар этиб тар­биялаш”   иборасини ишлатади-да, пировардида мумтоз мутафаккирларимиздан сўнг   жадидлар фаолиятини ҳам   шарафлайди: “Бу орзу   Беҳбудий   ва Авлоний, Ҳамза ва Мунавварқори, Фитрат   ва Чўлпон, Абдулла   Қодирий ва Усмон   Носир каби минглаб   жадид боболаримизни уйғотди.   Уларнинг халқ   эркинлиги   ва саодати йўлидаги   эзгу фикр, эзгу сўз ва   эзгу амаллари учун   улкан маънавий омил   бўлди”.

Президент ёзади: “Албатта, биз Янги   Ўзбекистонни барпо этиш   ва Учинчи Ренессанс   пойдеворини яратишда зиё­лиларимизга катта ишонч билан   қараймиз. Шунинг учун   бу заҳматкаш инсонларнинг илмий ва ижодий   изланишларини ҳар томонлама   қўллаб-қувватлаш, уларга зарур   шароитлар яратишни ўзимизнинг   бирламчи вазифамиз сифатида   кўришимиз даркор. Шу   мақсадда   ҳукуматимиз томонидан   аниқ чора-тадбирлар ишлаб   чиқилиб, амалга ошириб келинмоқда”.

Шуни рўй-рост айтиш жоизки,   мус­тақилликнинг   илк йилларидагина эмас, бундан беш-ўн йил илгари ҳам ҳаттоки фан докторлари,   профессорлар маоши эвазига   тирикчилик қилишга қийналар   эди. Айрим   олимлар   дорилфунунларни ташлаб “Отчопар”   бозорига чиқиб кетганлари шундан эди. Айни   замонда эса институту университет домлаларининг маошлари неча баробар оширилди. Докторантурада таҳсил кўраётган ёш   олимларнинг стипендиялари ҳаттоки аввалги профессорларнинг моянасидан ҳам юқорироқдир. Дарвоқе, бу йилги   мустақиллик байрами арафасида таниқли   адабиётшунос олим Иброҳим Ғафуров   “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони ила сийланди. Иззату ҳурмат шунчалик   бўлар.

Президент эса   олимлар мавзусига яна   қайтиш жоизлигини ёзади: “Бироқ тан олишимиз керакки,   улар билан мунтазам   учрашиб туришга, мамлакатимизда илм-фан ва унинг   турли соҳаларини қўллаб-қувватлаш, интеллектуал салоҳиятни   бугунги замон талаблари   асосида ривожлантириш масалаларига   доим ҳам етарлича   эътибор қарата олмаяпмиз.   Бунинг учун барча   раҳбарлар қатори мен   ҳам ўзимнинг масъулиятимни яхши ҳис қиламан.   Шунинг учун бу   масалага ёндашувимизни тубдан   ўзгартиришимиз зарур”.

Номига яраша   “Янги Ўзбекистон стратегияси” китоби янги давлатчилик   жаб­ҳасининг барча қирраларини   қамраб олган. Китобдаги исталган битта бўлимни ажратиб,   дастуриламал рисоласи сифатида   фойдаланиш мумкин. Президент   ҳамма тушунчалар орасидан Илмни танлаб ҳикматомуз ибораларни қўллайди: “Энг катта бойлик — бу   ақл-заковат ва илм,   энг катта мерос — бу   яхши тарбия, энг   катта қашшоқлик —   бу билимсизликдир!

Шу сабабли ҳаммамиз учун   илғор билимларни ўзлаштириш, чинакам   маърифат ва юксак   маданият эгаси бўлиш   узлуксиз   ҳаётий эҳтиёжга   айланиши керак”.

Энг муҳим хусусият шундаки, орзу орзулигича қолиб кетмаслиги   лозим. “Жаҳон халқлари   сиёсий луғатларида “Америка   орзуси”, “Россия ор­зуси”,   “Британия орзуси”, “Япония орзуси”,   “Хитой орзуси” деган тушунчалар   мавжудлиги буни   яққол тасдиқлайди. Улар   бесабаб ва тасодифан   шаклланмаган. Ушбу тушунчаларнинг   ҳар бири ўша   халқнинг умумий орзу-­умидлари, улар яшаётган давр ва келажакка доир мақсад-муддаоларни ифода этади”. Шу   баробарида “Янги Ўзбекистон   орзуси” атамасини сиёсий луғатларга   кирганини эътироф этишимиз   жоиздир.

…“Янги Ўзбекистон стратегияси”ни ўқиб Ватанимизнинг келажаги йўлида ёқилган машъалани, ёрқин бир нурли машъалани кўргандек бўласан.

“Мард ва олийжаноб халқимизнинг фаровон ҳаётини таъминлаш билан боғлиқ мураккаб ва муҳим саволлар мени кўпдан буён ўйлантириб келади”, деб ёзади Президент.

Дарҳақиқат, бу асар бошдан охир Янги Ўзбекистон орзуси билан йўғрилган. “Янги Ўзбекис­тон тушунчаси нимани анг­латади?”, “Тараққиётнинг янги босқичи қандай хусусиятларга эга?”, “Жамиятнинг янги қиёфаси” деганда нималар назарда тутилмоқда?” каби саволлар билан бир қаторда “Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш ғояси қандай мақсад-муд­даоларни ифодалайди” деган савол ва унга жавоблар мазкур китобнинг асосий мундарижасини ташкил этади десак, хато бўлмайди.

Дунёдаги энг ривожланган мамлакатлар қаторида бўлиш учун, муносиб ҳаёт тарзини яратмоқ учун нима қилмоқ керак?

Улуғ мақсадлар мужассам бўлган асарда таъкидланганидек, янги, демократик жамиятни барпо этиш, келажак пойдеворини яратиш осон эмас, албатта.

Юнон донишманди Суқротнинг “Ўзгаларни ўзгартирмоқчи бўлган инсон, аввало, ўзини ўзгартириши лозим. Бунинг учун эса аниқ мақсад, толмас ирода ва доимий изланиш керак”, деган ҳикматини келтиради Юртбошимиз. Ва ана шу ҳақиқат ҳамма учун бугун асосий мезон бўлиши лозимлигини уқтиради.

Китобда алоҳида айтиб ўтилганидек, мамлакатимиз ўзининг бой ўтмиши, беқиёс маънавий илдизларига эга юрт. Қадим-қадимдан “Буюк ипак йўли” ўтган, ўз маданияти билангина эмас, иқтисодий салоҳияти билан ҳам бутун жаҳонни ўзига ром этган сеҳрли тарихи ҳақида жуда кўп тўхталиш мумкин. Аммо мақсад фақат буюк ўтмишни эътироф этишдагина эмас, Ўзбекистоннинг бугуни ва эртаси қайғуси, унинг тараққий даражасини оширишдан, юксалтиришдан иборат.

Тан олиш керакки, Ўзбекистонда сўнгги йилларда жуда катта ишлар амалга оширилди. Шу сабабли халқимиз онгу тафаккурида кескин ўзгаришлар ясалди. Чиндан бугунги одамлар кечаги одамлар эмас, Ўзбекистон ҳам кечаги Ўзбекистон эмас.

Албатта, кечани ёмонлаш, кечадан айб ахтариш бўлса, мингта мисол келтирсак бўлади. Ёинки, бугун ҳаётда мавжуд муаммо-ю камчиликларни санасак ҳам оз эмас. Мақсад-муддао ахир бошқа, яъни улуғ ниятлар сари олға интилмоқ.

Узоқ йиллар инсон давлат учун хизмат қилди. Суд-ҳуқуқ соҳасидаги не-не ғирромликлар, инсон ҳақ-ҳуқуқларининг поймол этилиши, зўравон жамиятнинг олий нуқтасига етиб қолган эдик. Буни — кечаги кунимизга тош отиш учун эмас, ҳақиқат учун айтсак тўғри бўлади.

Сўз эркинлиги йўқ қилинган эди. Мабодо бирор нашрда озгина танқид эълон қилинса ҳам танқид объекти эмас, танқид қилувчи нишонга олинди. Ёхуд узоқ йиллар “одил ва халқпарвар” судларда бирорта оқлов ҳукми бўлмагани нимани англатар эди?

Авваллари собиқ Иттифоқ айбдор эди, шу боис пахта яккаҳокимлигидан қутула олмас эдик. Аммо мустақил давлат бўлганимиздан кейин ҳам нега мактаб ўқувчиларидан тортиб, шифокорлару ўқитувчиларгача, банк идораси ходимларигача ҳамма-ҳамма барибир пахта даласига ҳайдалди?

Бир пайтлар “Ўзбекистонда ҳамма пахтакор” деган шиор бўларди. Бўлар эди эмас, ҳатто ҳокимият биноларигача катта-катта қилиб плакатларда ёзиб қўйиларди. Ҳайрият, Янги Ўзбекис­тон бўсағасида буларга барҳам берилди.

Олий ўқув юртлари деярли юз фоиз таниш-билишчилик, порахўрлик “бункер”ларига айланиб кетганди. Йўли бор экан, бу майнавозчиликлар, қаллобликлар йўқотилди.

Ҳеч ким ҳеч кимни эшитмас эди. Эшитадиган бўлди. Тўғри, бу борада ҳамон муаммолар талай.

Коррупция шу даражада илдиз отганки, унинг илдизини кесиб ташлаш оғир кечмоқда. Донишманд Суқрот ҳақ: ҳамма ҳам ўзгарган эмас.

Қанча ташвиқот, гап-сўз ўғри учун бир пул экан-да. Бунинг учун назаримизда уни имкониятдан мосуво қилмоқ жоиз.

Китобда инсон ҳақ-ҳуқуқлари ҳақида сўз кетар экан, “тергов ва жазони ижро этиш соҳасида қийноқларнинг олдини олиш бугунги куннинг долзарб вазифаси бўлиб” қолаётгани айтилади.

Бу бежиз эмас. Гарчи бу борада сўнгги 5 йил ичида ниҳоятда катта ўзгаришлар қилинган бўлса-да, “чириган” тизимда биратўла ёруғ натижаларга эришиш мушкул экан. Нега? Негаки, ҳамма соҳа инсон омили билан боғлиқ. Юз фоиз адолатли, инсон ҳуқуқини ҳурмат қиладиган кадрни топиб, жой-жойига қўйишнинг иложиси борми?

Кучли Парламент ва вакиллик органлари—Янги Ўзбекистоннинг таянчи сифатида баҳоланади. Аммо Парламент сайловларида ҳам ҳали қанча муаммолар борлиги сир эмас.

Китобни бемалол Янги Ўзбекистонни яратиш йўлидаги катта Дастурий романга менгзаш мумкин. Унда 7 та катта боб, муқаддима ва хотима қисмларидан ташқари, 44 та асосий мавзулар йўналиши қамраб олинган. Мамлакат қонун ижодкорлигидан тортиб, мустақил ва одил судлов тизимигача, ижтимоий масъулиятли ОАВларидан тортиб, иқтисодиёт тармоқлари, қишлоқ хўжалигини модернизация қилишгача. Ёхуд соғлиқни сақлаш, илм-фан, таълим, аёллар, ёшлар масалалари, маънавий янгиланиш, маърифат, миллий ва умуминсоний қадриятлар, мамлакат хавфсизлиги, мудофаа салоҳияти-ю, ташқи сиёсат борасидаги Ўзбекистоннинг ўрни. Булардан ташқари, Президентимиз “Ўзбекистон ва умумбашарий муаммолар” деб номланган қарийб 100 саҳифага яқин бобда давримизнинг глобал муаммолари, иқлим ўзгаришлари, экологик бўҳронлар, Орол ва она табиатни асраш зарурати   хусусида аниқ вазифалар, нафақат бугун ёки эрта, балки яқин келажакдаги муҳим вазифалар ҳақида сўз юритади. Радикализм, экстремизм ва терроризм оқибатлари барчани огоҳликка чорлайди. “Экспертларнинг хулосаларига кўра, сўнгги 10 йил ичида диний экстремизм ва терроризм туфайли дунё иқтисодиёти 583 триллион АҚШ доллари миқдорида зарар кўрган бўлса, 15 йил ичида 100 мингдан ортиқ бегуноҳ инсонлар террорчилик ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлган”.

Бундай мисоллар ҳар қандай соғлом одамни ҳушёр тортириши табиий. Китобнинг сўнгги саҳифаларида Коррупция иллати ҳақида кенг фикр юритилган. Бутун инсониятни, жаҳоннинг деярли барча мамлакатларини ўйлантириб келаётган глобал муаммо хусусида баҳс юритилар экан, мамлакатимизда сўнгги йилларда ана шу иллатга қарши олиб борилаётган ислоҳотлар давлат сиёсати даражаси деб қаратилаётгани таъкидланади. Бунинг учун ўнлаб аниқ ва ишончли кураш йўллари белгилаб берилаётгани қайд этилади. Инсониятни ўйлантириб келаётган муаммолардан яна бири бу—камбағаллик масаласидир.

Албатта, ҳар бир инсон борки, бахтли ва фаровон яшашни истайди. Аммо 2020 йилгача бизда бу атама умуман ишлатилмаган, гўё ҳамма бой-бадавлат, тўкис яшаётгани каби. Бу ҳам Президентимизнинг жасоратли қадамларидан бўлди дейиш мумкин.

Юртимизда аҳолининг кам таъминланган камбағал қатламини қўллаб-қувватлаш учун 2,5 миллионга яқин аҳолини ўз ичига олган 594 мингдан ошиқроқ оила “Темир дафтар”га киритилганлиги, уларга даромад манбалари яратиш борасида қилинаётган чора-тадбирлар, мамлакатда 2030 йилгача камбағаллик даражасини 2,0 мартага камайтириш, келгуси ўн йил давомида эса камбағал оилалардаги ишсизларни тадбиркорликка жалб этган ҳолда, 500 минг янги иш ўринларини ташкил этиш, 2030 йилгача камбағал оилаларни 600 мингта квартиралар билан таъминлаш, камбағал оилалар фарзандларини кўпроқ мактабгача таълим муассасалари билан қамраб олиш, бошқа кўпдан-кўп ижтимоий лойиҳаларнинг кўзлангани Ўзбекис­тонда яқин 10 йилда вазият бутунлай янги қиё­­фа касб этишига шубҳа туғдирмайди.

Китобда мухтасар айтганда Янги Ўзбекис­тонни барпо этиш ғояси тўлиқ очиб берилган. Юксак салоҳиятли халқимиз эса ўз меҳнати, билими, салоҳияти билан Учинчи Ренессансни бунёд этишга қодир дея ишонч билдирилади.

Бу улуғ режа, мақсадлар сари даъват этилган асарни ўқиб бунга асло шубҳа қилмайсиз.

Ҳа, “Янги Ўзбекистон стратегияси” китоби катта таассурот уйғотади. Энг муҳими, у расмий тилдан йироқ, ўқишли, аниқ мақсад ва вазифалар илгари сурилгани билан ғоят аҳамиятлидир.

Ҳар бир таълим-тарбия муассасаси, фаолияти тури, шаклидан қатъи назар керак бўлса, ҳар бир ташкилот ва корхоналарда ана шу китоб бўлиши, ўқиб-ўрганилиши йўлга қўйилса, мақсадга молик бўлар эди.

Сабаби, Она Ватанимиз эртаси, яқин келажагини барчамиз бир бўлиб қуришимиз, Янги Ўзбекистонни, Учинчи Уйғонишдек улуғ мақсад пойдеворини мустаҳкам бунёд этишдек эзгу амални Президентимиз халқимиз билан битта катта кучга айланиб қурмоқчи. Шу сабабдан ҳам бу улуғ ғоя атрофида бир бўлмоқ фурсати етган.

Абдурасул ЖУМАҚУЛ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × 1 =