НАВОИЙДА НАСОС СТАНЦИЯЛАРИ МОДЕРНИЗАЦИЯ ҚИЛИНМОҚДА
Яқинда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалиги майдонларининг сув таъминотини яхшилаш чоралари юзасидан йиғилиш ўтказган эди. Унда насос станцияларини модернизация қилиш орқали қишлоқ хўжалиги инфратузилмасини яхшилаш масалалари муҳокама қилинганидан хабардорсиз, албатта.
Маълум бўлишича, юртимизда 1687 та насос станцияси мавжуд. Шундан 299 таси эскирган бўлиб, улар билан суғориладиган ерларнинг республикамиз бўйича 80 минг гектари фойдаланишдан чиқиб кетгани, 607 минг гектарида сув таъминоти ёмонлашганлиги қайд этилди.
Мазкур йиғилишда алоҳида қайд этилганидек, бир нечта вилоятлар қаторида Навоий вилоятида ҳам маълум миқдордаги насос станцияларини модернизация қилиш режалаштирилди. Бу албатта жуда катта харажатларни талаб этадиган, аммо юртимиз қишлоқ хўжалиги соҳасини янада ривожлантириш борасидаги зарур ва оқилона ишлардан биридир.
Зеро, нафақат мамлакатимизда, балки дунёнинг аксарият юртларида сўнгги йилларда сув тақчиллиги кузатилмоқда. Шу боис республикамизда сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2021-2023 йилларга мўлжалланган стратегияси тасдиқланган бўлиб, бу борада жойларда амалий ишлар олиб борилмоқда.
Ушбу жараёнлар билан журналистларни яқиндан таништириш мақсадида Ўзбекистон Журналистлари ижодий Уюшмаси Навоий вилояти бўлими ҳамда Қуйи Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳамкорлигида Навбаҳор туманида қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологиялар ҳамда насос станциялари фаолиятини ОАВ вакилларини яқиндан таништириш мақсадида прес-тур ташкил этилди.
Унда ОАВ вакиллари, республика нашрларининг вилоятдаги мухбирлари иштирок этди.
Журналистлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 24 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2021-2023 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига асосан модернизация қилинадиган Навбаҳор туманидаги насос станциялари фаолияти билан танишишди.
Дастлаб Қалқон насос станциясида бўлишди. Мазкур станция 1976 йилда ишга туширилган бўлиб, унда 6 дона 24 НДН насос агрегати мавжуд. Умумий сув чиқариш қобилияти эса 5 м3/секундни ташкил қилади. Насос станция орқали ўнг қирғоқ канали суви 18 метр баландликка чиқарилиб, 4600 гектар ер майдони сув билан таъминланяпти. Мазкур насос станциясининг модернизация қилиниши, суғориладиган майдонларни янада кенгайтириб, уларни замонавий суғориш тармоқлари билан таъминлаб, электр-энергия сарфини ҳам камайтиришга олиб келади.
Пресс-тур иштирокчиларининг кейинги манзили 2020 йил янги модернизация қилинган Навбаҳор туманидаги Конимех-1 насос станцияси бўлди.
“Конимех-1” насос станциясида 8 дона SXK 900-1050 насос агрегати мавжуд бўлиб, бу станциянинг умумий сув чиқариш қобилияти 3 м3/секундни ташкил қилади. Айни пайтда насос станция ўнг қирғоқ канали сувини 24 метр баландликка чиқариб, 21 минг 600 гектар ер майдонини “обиҳаёт” билан таъминламоқда.
Журналистлар “Конимех-1” насос станциясида олиб борилаётган ишлар, қувватлар билан ҳам яқиндан танишдилар. Мазкур замонавий станция сув миқдорини “онлайн” режимда мониторинг қилиш ускунаси билан таъминланганлиги ва унинг имкониятлари мутахассислар томонидан етарлича маълумотга эга бўлдилар.
ОАВ вакиллари, Навбаҳор тумани “Навкар” маҳалла фуқаролар йиғинида фаолият кўрсатаётган “Nevagrosistem” фермер хўжалиги фаолияти билан ҳам танишиб, хўжалик майдонларига жорий этилган томчилатиб суғориш технологиясининг афзалликларини кўздан кечиришди.
Хўжалик томонидан 2021 йил пахта ҳосили учун 18,3 гектар ер майдонига томчилатиб суғориш технологияси жорий қилинган бўлиб, бу ижобий самараларини кўрсатмоқда. Энг муҳими, сув сарфи тежаляпти. Иштирокчилар хўжалик майдонларидаги бу жараён билан бевосита танишдилар.
Шундан сўнг кун тартиби масалалар бўйича пресс-тур иштирокчилари учун мазкур фермер хўжалиги шийпонида матбуот анжумани ташкил этилиб, анжуманда Қуйи Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқарма бошлиғи ўринбосари О. Садинов сув тақчиллиги ва унинг олдини олиш бўйича вилоятда кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан ахборот берди.
— Президентимизнинг қарорларига асосан Навоий вилоятида маънан эскирган 5 та насос станцияларида модернизация ишлари олиб борилади. Хусусан, Навбаҳор туманидаги “Қалқон”, “Жамбул”, Қизилтепа туманидаги “Маликчўл”, Хатирчи туманидаги “Тосс” ҳамда “Кўксарой” станциялари замонавий технологиялар билан таъминланади, — дейди Қуйи Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқарма бошлиғи ўринбосари Отабек Садинов.
Пресс-тур доирасида ташкил этилган матбуот анжуманида журналистлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоб олишди.
Отабек АСЛОНОВ,
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Навоий вилояти бўлими раиси.