ИЛМДАН ТОПИЛГАН ШАРАФ

Илм йўли осон эмас. Бу йўлнинг нўши бир бўлса, ниши минг, роҳати бир бўлса, ташвиши минг. Қўлёзма манбалар устида илмий изланиш олиб бориш, айниқса, мураккаб. Фаннинг ушбу соҳасида муайян ютуққа эришмоқ учун катта билим ва тажрибадан ташқари, сабот ва матонат ҳам зарур. Ана шу машаққатли ва шарафли йўлнинг садоқатли йўлчиларидан бири навоийшунос ва матншунос олим, филология фанлари доктори, профессор Шуҳрат Сирожиддиновдир.
У кишини таниганимга ўттиз йилдан ошди. Илм­­да, раҳбарлик фаолиятида эришган ҳар бир ютуғига гувоҳман. “Алишер Навоий: манбаларнинг қиёсий-типологик, текстологик таҳлили” моногра­фияси нашр этилганда “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида тақризим эълон қилинган. Монография давлат мукофотига тавсия этилганда, эксперт ташкилот — Ўзбекистон Миллий университети вакили сифатида фикр билдирганмиз. Биринчи даражали давлат мукофотига муносиб кўрилганда, ҳамкасбимизнинг ютуғидан қалбимизда қуёш порлаган. Ўзбекистон Миллий университетига ўқув ишлари бўйича биринчи проректор, кейин ректор этиб тайинланганда, илмий-педагогик ва раҳбарлик салоҳиятига тан берганмиз. “Маърифат надир” деган китобим нашр этилганда, энг теран таҳлилга асосланган тақризни Шуҳрат Сирожиддинов ёзган. Буларни айтишдан мурод ана шу катта олим ва салоҳиятли раҳбар билан дўстлигимиз илдизлари нечоғлик чуқур ва мустаҳкам эканини таъкидлаш, қанчалик яқиндан билишимга урғу бермоқдир.

Катта мақсадлар йўли

Шуҳрат Сирожиддинов, биринчи навбатда, матншунос ва навоийшунос олим. “XIX аср Каттақўрғон шоирлари ижодида Алишер Навоий анъаналари” мавзусидаги номзодлик диссертациясини ҳимоя қилгач, у ўз олдига катта мақсадлар қўйди. Бирламчи манбалар асосида Алишер Навоий илмий биографиясини тиклаш билан боғлиқ бу мақсад илмий изланиш­ларини муттасил давом эттиришини тақозо этар эди. Бу дегани, кўп сонли, турли даврларда кўчирилган қўлёзма манбаларни қиёсий ўрганиш, улардаги тафовутли маълумотларни чоғиштириш, мавзуга доир тадқиқотларда билдирилган илмий қарашлар билан муқоясавий таҳлилни ўз ичига оладиган катта заҳматни зиммасига олиш демакдир. Дунё фондларидаги кўплаб қўлёзма манбаларни қиёсий-текстологик жиҳатдан синчиклаб таҳлил этиш натижасида олим 1998 йил июнь ойида “Алишер Навоий ҳаёти ва фаолиятига оид XV-XIX асрларда яратилган форс манбалари” мавзусидаги докторлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди. Шуҳрат Сирожиддиновнинг “Алишер Навоий: манбаларнинг қиёсий-типологик, текстологик таҳлили” монографияси ана шу тадқиқот натижаларини ўзида мужассам этди.
Маълумки, ўзбек манбашунослиги ва матншунослиги бугунги кунгача катта илмий таж­риба тўп­лади, муайян назарий ва амалий ютуқларни қўлга киритди. Навоийшунослик мисолида эришилган натижалар, айниқса, эътиборга молик. Буюк мутафаккирнинг “Хазойину-л-маоний”, “Хамса” ва бош­­қа асарлари илмий-танқидий матнини тузиш бў­йича амалга оширилган ишлар натижасида уларнинг муаллиф варианти, бунинг имкони бўлмаганда эса шунга яқин матнлари тикланди.
Ана шундай заҳматли меҳнат самараси ўлароқ улуғ шоир асарларининг академик нашрлари юзага келди. Ҳазрат Навоий ҳаётига оид манбалар: Мирхонднинг “Равзату-с-сафо”, Давлатшоҳ Самарқандийнинг “Тазкирату-ш-шуаро”, Хондамирнинг “Макориму-л-ахлоқ”, “Ҳабибу-с-сияр”, Зайниддин Восифийнинг “Ба­доеъу-л-вақоеъ” ва бошқа асарларнинг таржима ва табдил қилиниб, нашр этилиши бу борадаги ишлар кўлами нечоғлик самарали бўлганини кўрсатади. Энди манбашунослик олдида мазкур манбаларни тадқиқ этиш асосида буюк бобокалонимиз ҳаётига доир фактларни қиёсий асосда танқидий ўрганиш; асл маълумотлар билан орада пайдо бўлган тафовутларнинг моҳияти ва генезисини аниқлаш; ҳақиқат ва тўқималарни илмий баҳолаш; Навоий биобиб­лиографиясини тиклаш йўлида янги манба ва маълумотларни илмий муомалага олиб кириш каби долзарб вазифалар турар эди. Табиийки, бу узоқ муддат давомида кўплаб қўлёзмалар чангини ютиб, уларни ўзаро қиёслаш машаққатидан ташқари, чўнг матонатни, чуқур илмий тафаккурни, юқори даражадаги тадқиқотчилик салоҳиятини талаб этар эди. Шуҳрат Сирожиддинов монографияси ана шу хусусиятларни жамлагани билан катта илмий қимматга эга.
Муаллиф ўзи тадқиқ қилган илмий муаммо заруратини қуйидагича асослайди: “Кўпчилик кейинги давр олимлари (ХVI-XIX асрларда битилган тазкиралар муаллифлари назарда тутилмоқда – Н.Ж.) Амир Алишер ҳақида янги гап айтиш илинжида халқ ривоятлари орқали етиб келган Навоий ҳақидаги маълумотларни ҳам ўз асарларида зикр эта бошладилар. Йиллар ўтиши билан тазкиранависликнинг турли савиядаги иқтидори, дунёқараши, мақсадли ёндашуви оқибатида Навоий ҳақидаги маълумотлар шунчалик ўзгаришларга учрадики, китобхон қайси маълумот асл ва қай бири сох­­та эканлигини ажрата олишга ожизлик қилиб қолди… Манбалардаги маълумотларни қиёсий-типологик жиҳатдан ўрганиш, бир томондан, маълумотларнинг асл ва тўқима томонларини аниқласа, иккинчи томондан, Навоий ҳаёти ва фаолиятининг ёритилиш даражаси, муаллифларнинг услубий ўзига хосликларини кўрсатиб беради”.
Дарҳақиқат, ушбу монография навоийшуносликнинг ўзига хос ютуғи сифатида баҳоланишга лойиқ. “Навоийга доир маълумотларнинг ўзаро қиёсий-типологик, текстологик таҳлили”, “Навоий ва давлат хизмати”, “Султон Ҳусайн, вазирлар ва Алишер Навоий” сингари боблар моҳиятан уйғунлигидан ташқари, асардаги асосий илмий концепцияни ёритишда бир-бирини тўлдириб келади. Навоийшуносликнинг тадрижий босқичларига баҳо берар экан, муаллиф уни қуйидагича даврлаштиради: 1) улуғ мутафаккир ҳаёти ва адабий меросининг ўз замонасида ўрганилиши; 2) жаҳон сиёсий майдонида ХIХ асрнинг иккинчи ярмида бошланган сиёсий эврилишлар даври; 3) ХХ аср 40-йилларидан бошланган навоийшуносликнинг алоҳида илмий йўналиш сифатида шаклланиши. Муаллиф ҳар бир даврнинг хос хусусиятларини белгилайди, ютуқлари ва чекланган томонларига муносабат билдиради, муҳим умумлашмалар чиқаради. Аҳамиятли жиҳати шундаки, олим шўролар даври навоийшунослиги ҳақида фикр юритар экан, салафлари илмий ишларини холис баҳолайди. Бошқа айрим тадқиқотчиларга ўхшаб, уларнинг ўша давр мафкураси талаби билан айтилган, зоҳиран кўриниб турган нуқсонларига урғу бериш йўлидан бормай, эътиборни асосий илмий натижаларга қаратади.
Илмдаги мавжуд қарашларни янгилаш, муаммога ўзгача ракурсда ёндашиб, баъзи масалалардаги қатъийлашган хулосаларни ўзгартира билиш, энг муҳими, бунда мунозара маданиятини сақлаш илмий ишнинг ютуғини, тадқиқотчининг маҳоратини, холислигини баҳолашда асосий мезонлардир. Муаллифнинг ютуғи шундаки, биринчидан, у илк манбалардаги ихтилофли фикрлар таҳлили асосида улар ичидан асл ҳақиқатларни аниқлай билди. Жумладан, Мирзо Ҳайдар Дўғлотнинг “Тарихи Рашидий” асаридаги Навоий насабига оид қарашларга муносабат билдирар экан, олим шундай ёзади: “Кейинги даврларда яратилган манбалардаги маълумотлар кўриб ўтилганлари каби муҳим ва оригинал эмас. Ҳатто баъзиларини сохта ва адаштирувчи маълумотлар сирасига қўшиш мумкин… Мирзо Ҳайдар умрининг асосий қисми Кошғарда ва охири Ҳиндис­тонда ўтган. Унда Навоий ҳақидаги маълумотларни улуғ шоирни шахсан таниган кишилардан олиш имконияти йўқ эди. Ҳатто умрининг охирини бобурийлар саройида ўтказган Хондамир ҳам Мирзо Ҳайдарнинг Ҳиндга келишидан тахминан етти йилча илгари вафот этиб кетганди. Шундай бўлгач, Мирзо Ҳайдар баҳс этилаётган мавзу бўйича ўз ҳамасрлари Фахрий ва Сом мирзочалик ўз маълумотларини қайта текшириб кўриш имконига эга эмас эди”.
Муаллиф кейинги асрларга тааллуқли манбаларни ўрганар экан, улардаги икки қусурни ажратиб кўрсатади: 1) текшириб кўрилмаган турли маълумотларни қўшиб баён этиш (Абдулмўминхоннинг “Тому-т-таворих” асари); 2) мавжуд маълумотларнинг ўзгартирилиши (Дарвиш Али Чангнинг “Туҳфату-с-сурур”и). Табиийки, қиёсий таҳлилнинг бундай усули катта заҳматни, шу билан бирга, олимона идрокни талаб қилади.

Ҳақиқат баҳсларда ойдинлашади

Алишер Навоий ҳаётига доир манбаларни қиёсий ўрганар экан, Шуҳрат Сирожиддинов зарур ўринларда В.В.Бартольд, Е.Э.Бертельс, Олим Шарафиддинов, Садриддин Айний ва бошқа олимларнинг баъзи фикрлари билан баҳсга киришади ҳамда ўз мулоҳазаларини ишонарли далиллайди. Жумладан, муаллиф Бобурнинг “Алишербек мизожи нозиклик билан машҳурдур” деган таърифидаги “нозиклик” яъни “назокат” сўзини В.В.Бартольд “высокомерие” – “калондимоғлик” деб таржима қилганини ёзар экан, А.Н.Болдиревнинг “толкование слова “назокат” В.В.Бартольда неверно: его следует понимать в данном случае как “преувеличенная щепетильность”, быстрая “необоснованная раздражительность”, тарзидаги фикрини келтиради ҳамда мана бундай хулоса чиқаради: “Айни ҳолатда А.Н.Болдирев изоҳи жуда тўғри, Навоийнинг фақру фанога эътиқодини билган Заҳириддин Муҳаммад Бобур “назокат” деганда такаббурликни назарда тутмаган. “Бадоеъу-л-вақоеъ” ва бошқа асарларда учровчи фактлар Навоийнинг нозиклиги унинг тез хафа бўлиши (яъни нозиктаъблиги – Н.Ж.) билан изоҳланишини тасдиқлайди”.
Яна бир мисол: монография муаллифи навоийшуносликдаги улуғ шоирнинг Ҳиротдан сургун қилингани ҳақидаги қарашга ҳам ўзгача муносабат билдиради. В.В.Бартольд ва Е.Э.Бертельснинг бу борадаги фикрлари билан мунозарага киришади. Унинг қайд этишича, В.В.Бартольд “Мир Алишер ва сиёсий ҳаёт” тадқиқотида: “Навоийнинг Ҳиротдан Самарқандга кетиши сургун сифатида қаралиши лозим”, деган фикрни илгари суради. “Навоий” сарлавҳали тадқиқотида Е.Э.Бертельс бу қарашни маъқуллайди. Манбалардаги маълумотларни синчиклаб ўрганган Шуҳрат Сирожиддиновнинг ёзишича: “Бертельснинг мазкур тадқиқотда бундай юзаки ёндашувининг маълум сабаблари бор. У ўта синчков манбашунос ва билимдон навоийшунос бўлса-да, Бартольд концепциясини бузмаслик учун унинг хулосалари билан манбалар орасидаги зиддиятли фикрларга аниқ чек қўймаган ва барчасини бир-бирига мослаштиришга мажбур бўлган”.
Юқорида таъкидланганидек, муаллиф монографияда илмий мунозара маданияти юқори эканини намоён эта олган. У бирламчи манбалардаги маълумотларни ўрганиш асосида теран таҳлилларни амалга оширади, кўплаб ноаниқликларга ойдинлик киритади. Шунга қарамай, ўз тўхтамларини энг сўнг­­ги хулоса сифатида тақдим этмайди. Ўзидан кейинги тадқиқотчиларга ҳам сўз айтиш учун имкон қолдиради. Жумладан, юқорида зикр этилган “сургун” муаммосига муносабат билдирар экан, олим бу масалани қайта кўриб чиқиш навоийшуносликнинг долзарб вазифаларидан эканини айтади.
Алишер Навоийнинг бош вазир – девон соҳиби сифатида қайси соҳа ва тармоқларга масъул бўлгани билан қизиққан муаллиф манбалардан уларнинг қуйидагилардан иборат эканини аниқлайди:
1. Турли халқ йиғинлари ва умумхалқ тадбирлари.
2. Ташқи ишлар. Улуғ меҳмонларни расмий қабул қилиш ва кузатиш.
3. Фавқулодда ҳолатлар, исёнлар, чегара муаммолари.
4. Порахўрликка қарши кураш.
5. Талончилик ва босқинчиликка қарши кураш.
6. Суд-адлия.
7. Вилоятлардан тушган ариза ва шикоятларни текшириш.
8. Амнистия (афв этиш).
9. Диний алоқалар.
Бу маълумотлар бугунги авлодларга ҳазрат Навоий бажарган ишлар кўламининг нечоғлик катта бўлганини тасаввур этиш имконини бериши билан ҳам қимматлидир.
Умуман, ушбу монография навоийшуносликни янги илмий хулосалар билан бойитувчи, адабий манбашунослик ва матншунослик ривожига муносиб ҳисса бўлиб қўшилувчи муҳим тадқиқот сифатида аҳамиятлидир.
Илмдаги энг сўнгги янгиликларни олий таълим аудиториясига олиб кириш, ўқув жараёнига татбиқ этиш илмий тадқиқотлар уфқини кенгайтиргани каби таълим-тарбия тизимининг ҳам ривожига хизмат қилади. Шуҳрат Сирожиддиновнинг “Навоийшунослик”, “Ўзбек матншунослиги қирралари”, “Матншуносликдан сабоқлар”, “Ҳижрий ва милодий йилларни ўзаро табдил қилиш усуллари” сингари дарслик ва ўқув қўлланмалари бу жиҳатдан алоҳида қимматга эга. Олимнинг Ўзбекистон халқаро ислом академияси ўқув жараёни учун ёзган “Ислом фалсафасига кириш: калом илми”, “История религий” дарс­ликлари, “Ўзбек адабиётининг фалсафий сарчашмалари” қўлланмаси янги илмий хулосалари ҳамда таҳлилий қуввати билан алоҳида ажралиб туради.
Олим фаолиятини баҳолашнинг муҳим кўрсаткичи фаннинг устувор илмий йўналишларида муносиб издошлар — шогирдлар етиштириш даражаси билан ҳам белгиланади. Унинг бевосита илмий раҳбарлигида 40 дан зиёд магистр, 9 нафар фан номзоди ва филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) ва 4 нафар фан доктори (DSc) илмий даражасига эга мутахассислар етишиб чиққани Шуҳрат Сирожиддиновнинг илмий кадрлар тайёрлаш борасида ҳам самарали меҳнат қилаётгани исботидир.

Олим агар раҳбар бўлса…

Қарийб беш йилдан зиёдроқ вақт мобайнида Шуҳрат Сирожиддинов Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори сифатида фаолият юритиб келяпти. Гарчи ташкил этилганига кўп бўлмаса-да, унинг раҳбарлик иқтидори боис университет мамлакатимиз олий таълим тизимида муносиб ўрин эгаллади, нуфузи кундан-кунга ошиб бораётир. Қисқа давр мобайнида Ўзбекистон олий таълим муассасалари миллий рейтингида тўққизинчи ўринга кўтарилди. Бундай натижага эришиш ўз-ўзидан бўлмаслиги аниқ. Бунинг учун таълим тизимига хос муаммоларни чуқур билиш, уларни ҳал этиш механизмини эгаллаш, жамоани катта мақсадлар сари йўналтира олиш, керак бўлса, тунни тонгга улаб меҳнат қилиш зарур.
Албатта, бугунги глобаллашув замонида ҳеч бир олий таълим муассасаси ўз қобиғида ривож­лана олмайди. Фан ва ишлаб чиқариш билан, дунё таълим тизими билан интеграция йўлга қўйилмас экан, таълимни замон талаблари даражасига юксалтириш ҳақидаги орзулар орзулигича қолиб кетаверади. Чинакамига ривож­ланмоқчи бўлган университет дунё­­га чиқмоғи, нималарга қодир эканини халқаро майдонда синамоғи, ҳамкорлар билан тажриба алмашиб, жаҳон таълим тизимидаги илғор ютуқларни ўқув жараёнига муттасил равишда татбиқ этмоғи зарур. Ана шу эҳтиёжни теран ҳис этган Шуҳрат Сирожиддинов университетга халқаро миқёсда эътироф қозонган олимларни ишга таклиф этди. Бундан ташқари, докторлик диссертацияси бўйича изланиш олиб бораётган кезлари Бодлеан кутубхонаси, Британия музейи ва Оксфорд университети Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондидаги Алишер Навоий ҳаёти ва асарлари билан боғлиқ қўлёзмаларни ўрганаётганда, Самарқанд давлат чет тиллар институти ҳамда Ўзбекистон Миллий университетига ректорлик даврида ҳамкорлик қилган хорижлик мутахассислар орқали университетнинг халқаро алоқаларини мустаҳкамлади. Натижада МДҲ давлатлари, Хитой, Туркия, Корея, Япония, Буюк Британия, Германия, Польша, Ҳиндистон, Америка Қўшма Штатлари, Саудия Арабистони, Бельгия, Афғонис­тон олий таълим муассасалари билан 50 дан зиёд шартномалар доирасида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилгани бунинг исботидир.
Олим таниқли жамоат арбоби сифатида респуб­ликамизда ижтимоий-маънавий соҳани ислоҳ этиш ишига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. У Ўзбекистон Республикаси Атамашунослик комиссияси раиси ўринбосари сифатида ҳам жой номлари ва ташқи ёзувлар бўйича қонунчилик ҳужжатларини тартибга келтириш устида амалий ишларга бошчилик қилмоқда. Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мавқеини мустаҳкамлаш, она тилимизнинг халқаро миқёсдаги нуфузини юксалтириш ишига муносиб ҳисса қўшаётир. Давлат тилининг ривожи учун кенг кўламда тарғибот ишларини олиб боряпти.
* * *
Шу кунларда Шуҳрат Сирожиддинов илм одами учун айни камолот палласи бўлган олт­миш ёшни қаршилади. Бу санага у муҳтарам Президентимиз томонидан Маънавият университети, дея юксак баҳоланган нуфузли олий таълим муассасаси раҳбари, илмдан шараф топган олим, жамият равнақига муносиб ҳисса қўшаётган жамоат арбоби сифатида қадам қўяётир. Лекин ҳали олдинда янада катта марралар турибди. Бугун янги Ўзбекистон ўз олдига Учинчи Ренессанс деган улуғ мақсадни қўйиб, шу йўлда улкан ислоҳотларни амалга оширмоқда. Табиийки, бутун жамиятнинг сафарбарлигини талаб қиладиган бу ғояни амалга ошириш учун муайян вақт билан бирга фидойи ватанпарварлар талаб этилади. Шуҳрат Сирожиддинов ана шундай фазилат эгаларидан. Маърифат ёғдуси билан ёш авлод қалбини ёритиб, ана шу улуғвор мақсадлар сари сафарбар этиб келаётгани унинг Ватан олдидаги муносиб хизматидир. Олимга ушбу мураккаб ва шунинг баробарида шарафли фао­лиятида янгидан-янги муваффақиятлар тилаймиз.
Нурбой Жабборов,
филология фанлари доктори, профессор.
Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one + 8 =