Дунёни ўзбекча сўйлатган аллома

Шоислом Шомуҳамедов. Бу номни юртимизда ўзини зиёлиман деган одам билмаслиги мумкин эмас. Чунки машҳур шарқшунос олим, филология фанлари доктори, профессор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, Фирдавсий номидаги халқаро мукофот совриндори, таржимон ва адиб Шоислом Шомуҳамедовни том маънода аллома инсонлардан эди десак, хато бўлмайди. У зот ҳаёт бўлганида бу йил бир аср — 100 ёшга тўлган бўлар эди.

Олим 1921 йилнинг 16 апрелида Тошкентда туғилган, 1941-1942 йилларда Иккинчи жаҳон урушида қатнашган, умрини илм-фанга, адабиётга бахшида этган киши эди. Бир нечта тилларни мукаммал билган олим, Умар Ҳайём рубоийларини она тилимизга қандай моҳирона таржима қилган бўлса, Фирдавсийнинг “Шоҳнома” асарини ҳам ўзбек тилига ўгирган адибларимиздандир.

Олим 90 га яқин китоблар муаллифи бўлиб, форс тили, форс адабиёти, Эрон адабиёти ва форс маданиятига оид қатор дарсликларнинг ҳам муаллифидир.

Қуйида улуғ олимни ёд этиб у кишининг шогирдларидан бўлган, аммо бугун ўзлари ҳам катта устоз, муборак ёшларга етган Ҳамиджон Ҳомидий домланинг бир гўзал мақоласини чоп этаётганимиздан мамнунмиз.

Ўйлаймизки, азиз муштарийларимиз, айниқса, ёшлар элимизнинг улуғ ижодкорларидан бўлган Шоислом Маҳмудович Шомуҳамедов ҳаёти ва ижоди ҳақида ибратли маълумотларга эга бўладилар.

Таҳририят.

 

Бунга 54 йил бўлди. Ўшанда 1967 йилнинг март ойи эди. Ўзбекистон Фанлар академияси қошидаги гуманитар фанлар буйича илмий даражалар беришга ихтисослашган Кенгаш менинг номзодлик диссертациямга машҳур шарқшунос, филология фанлари доктори, профессор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, Халқаро Фирдавсий мукофоти совриндори, нозиктаъб адиб Шоислом Шомуҳамедовни расмий оппонент қилиб белгилади.

Минг истиҳола билан ёнларига борганимда:

— Яхши мавзуни танлабсиз. Мендан устозингиз Натан Маллаевга салом айтинг, тақриз 15 кунда тайёр бўлади, — дедилар.

Ҳақиқатан, ўн беш кундан кейин борсам, тақриз икки нусхада тайёрланиб, муҳр ҳам босилганди. Ўша онда мен ўзимни ғоятда бахтли сездим. Зеро, Респуб­ликамизнинг нуфузли дорилфунуни декани, ўзбек шарқшунослигида ўзига хос мактаб яратган машҳур олимнинг юксак баҳосига сазовор бўлгандим. Шу-шу шapқ донишмандларига хос камтар, ҳамиша очиқкўнгил, фанимиз дарғаларидан бири Шоислом Шомуҳамедов билан устоз-шогирд бўлиб қолдик.

Бир куни устозни муборак саксон ёшлари билан зиёрат қилиб, дилкаш суҳбатларидан баҳраманд бўлиш мақсадида Тошкентнинг Кўкча даҳасидаги “l-Oқсой” маҳалласида жойлашган ҳовлисига бордим.

— Менинг шарқшунос бўлишим тасодиф эмас. — гап бошлади устоз. — Бобом ҳам, отам, тоғаларим, онам ҳам зиёли бўлишган. Тоғам Ҳорун Сулаймонов ҳамда онам Шарофат аялар чинакам “Навоийхон” олимлар эди. Улар “Чор девон”ни араб алифбосида ўқишарди, мен эса баъзи ғазалларни лотин ёзувида кўчириб, ёд олардим. Навоий асарларининг ўша нусхаларини машҳур шоирлар Ҳамид Олимжон, Уйғун ҳамда Амин Умарийлар нашрга ҳозирлашганди.

Навоий асарларида арабча ҳамда форсча сўз, ибора, атама, бирикмалар, бадиий тасвирий воситалар жуда кўп эди. Менинг онгимга “араб ва форс тилларини билмаган одам Навоий асарларини тўла тушуниб етмас экан”, деган тушунча сингиб қолди.

Домла ўйчан ҳолда хотираларини сўзлашда яна давом этди:

—1939 йили ҳарбий хизматга чақирилдим. Тошкентдаги пиёда қўшинлар ҳарбий билим юртини тугатгач, фронтга жўнатишди. Жангда ярадор бўлдим. Гос­питалларда даволаниб бўлгач, Термиз чегара заставасига бошлиқ қилиб тайинландим. 1947 йили ҳарбий хизматдан қайтиб, Тошкент давлат университетининг шарқшунослик факультетига “Эрон-афғон филоло­гияси” ихтисослиги бўйича ўқишга кирдим.

Кунларнинг бирида бувим ҳузурларига чорлаб, буюк шоир Жалолиддин Румийнинг “Маснавий маънавий”си битилган нодир қўлёзмани бериб, шундай васият қилдилар:

— Болам, бу кўп муқаддас китоб, эҳтиёт қилинг. Бобонгиз уни ўқиганларида соқол-мўйловларидан кўз ёшлари оқиб турарди.

Мен бор бисотим — кутубхонамни ўзим учун қадрдон бўлган Тошкент давлат шарқшунослик институтига инъом этганман. Ўша нусха ҳозир ҳам шу институт кутубхонасида caқланмоқдa. Шарқшунос бўлиш асли менинг қонимда бўлган.

— Олтмишинчи йилларда сиз форс-тожик адабиёти тарихини жиддий ўрганишга киришиб, кўплаб тадқиқотлар, бир қанча шоирларнинг ўзбек тилида илк бор анча мукаммал таржимаи ҳолини яратдингиз. Ўнлаб форсийгуй адиблар асарларини таржима қилиб, чоп эттирдингиз ёки шундай жараёнга бош-қош бўлдингиз. Бу катта ижодий ҳодиса маънавий эҳтиёжмиди ёки замона тақозосимиди?

— Дорилфунунни тугатгач, кафедрага ишга олиб қолишди. Ана ўшанда бутун орзуларим амалга ошгандай бўлди, Навоий мероси ҳамда форсий тилдаги бадиий ижод маҳсулларини жиддий ўргана бошладим, таржималар қилиш, улар асосида, мажмуалар, гулдасталар тузишга киришдим. Бу орада Шарқ адабиёти ихтисослиги бўйича филология фанлари номзоди, деган илмий даражанинг соҳиби бўлдим. 60-йилларнинг ўрталаридан бошлаб бирин-кетин “Эҳсон Табарий”, “Ҳақиқат излаб”, “Умар Ҳайём”, “Абдураҳмон Жомий”, “Форс-тожик адабиёти классиклари”, “Саъдий Шерозий”, “Маликуш-шуаро Баҳор”, “Форс-тожик адабиёти классиклари ижодида гуманизм”, “Амир Хусрав Деҳлавий” сингари рисолаларим, монографияларим, кўплаб мақолаларим, таржималарим алоҳида китоб шаклида чоп этилди; 1969 йилда форсий тилдаги адабиёт ихтисослиги бўйича фан доктори деган илмий даражани олишга муваффақ бўлдим. Ҳамма китобларимдаги таҳлилга жалб этилган мисолларни асл дастхат матнлардан қидириб, топиб, ўзим ўгирганман.

Ўша йиллари Тошкент давлат бадиий адабиёт нашриёти ҳузурида “Шарқ халқлари адабиёти” таҳририяти ташкил қилинди ва уни бошқариш ҳам менинг зиммамда бўлди. Бутун фаолиятимни Шарқ адабиётини, хусусан, форс-тожик адабиёти инжуларини ўзбек халқининг маънавий мулкига айлантиришга сафарбар этдим. Натижада улуғ шоир Рудакийдан тортиб деярли барча классик форсигуй шоирларнинг ижодий мероси таржима қилиниб, чоп этилди; кўп­лаб мажмуалар тузилди. 1958 йили Тошкентда дунё Шарқшуносларининг Халқаро Конгресси бўлди. Бизнинг нашриёт араб, форс, ҳинд, хитой, япон, уйғур, вьетнам ва бошқа халқлар тилларида ана шу Конгрессга атаб 57 номда гулдаста чоп этди. Бу ва бошқа ишларда машҳур шоирлар Хуршид, Муинзода домлалар, Васфий ва Жуманиёз Жабборовлар билан   ҳамкорлик қилганмиз.

— Устоз, — гапга аралашдим мен, — Умар Хайём рубоийлари сизнинг таржимангизда халқимиз орасида кенг тарқалган, 12 марта қайта нашр этилган. Бунинг сири нимада?

— Аслини олганда, бунинг ҳеч қандай сири йўқ. Зероки, Умар Хайём рубоийлари мазмунан чуқур, ғоявий жиҳатдан теран, шаклан содда, равон, ҳаммабоп. Мен таржимада аслиятнинг ана шу хусусиятларини асрашга ҳаракат қилганман. Айрим таржимонлар шоир рубоийларига ўта эркин ёндашиб, бадиий сайқал бериб, “оригиналлаштириб” ўгирадилар. Натижада аслиятдан йироқ “янги” рубоий вужудга келади. Бир куни зиёли бир дўстим ўғлининг никоҳ тўйига таклиф этди. Базмда келин-куёвни табриклаш учун мени ўртага чорлашди. Сўз орасида кимдир “домла, Умар Хайём рубоийларидан ўқиб беринг”, деб луқма ташлади. “Ёддан билмайман”, деб қутулдим. Даврани бошқараётган сухандон йигит шоир рубоийларидан ўндан зиёдини ўқиб, мени ҳижолатдан қутқарди. Шундай, яхши шеърнинг таржимаси ҳам аслиятидек халқ билан ҳамиша ҳамроҳ юради.

Қайси бир йили бўлимимиз Ҳофиз Шерозийнинг девонини нашр этишни режалаштирди. Аммо муносиб таржимон масаласида бир тўхтамга келолмадик. Маслаҳат Хуршид домлага келиб тўхтади. Мен у кишини қидириб Муқимий номли театрга бордим. “Устоз ишдан бўшаб кетганлар”, дейишди у ердагилар. Кейин билсам, адиб “мафкураси бузуқ” ижодкор сифатида адабий эмакдошлик вазифасидан четлаштирилган бўлиб, “Маданият” хўжалигида боғбонлик қилиб юрган эканлар. Боғларига қидириб бориб, муд­даомни айтдим. Охир-оқибатда Ҳофиз девони Хуршид домла таржимасида эълон қилинди. Аслиятини эса машҳур ҳаттот Абдуқодир Муродий домла кўчириб бердилар.

Ҳофиз девонидан бир нусхасини ўша вақтдаги Ўзбекистон Марказқўмининг Мафкура бўлимига элтиб бердим. Ана шу таржима баҳона Хуршид домлани тез орада чорлаб Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институтига илмий ходим қилиб ишга қабул қилишди. Айтишади-ку, буюклар руҳини эъзозлаган одам асло кам бўлмайди.

Ҳаёт ҳам мураккаб, ҳам қизиқ. Зероки, баъзи асарларнинг яратилишида турмушдаги бирон бир туртки ёки бирон киши сабаб бўлади. Кунлардан бир кун халқ   шоиримиз, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов: “Шоҳнома” дунёдаги деярли барча халқлар тилларга тўла ёки қисман таржима қилинган. Аммо устоз, бу шоҳ китобнинг ўзбекча шеърий таржимаси йўқ. Шунинг учун бу ишни ўз зиммангизга олсангиз”, деб қолди. Ҳақиқатан, бу шоҳ китоб қадимда икки марта наср ва назмда ўзбекчалаштирилган бўлса ҳам тугал шеърий таржимаси йўқ эди. “Рустам ва Суҳроб”нинг Мирий варианти оригинал асар. Шундан сўнг мен “Шоҳнома” таржимасига тараддуд кўра бошладим. Бундай қapacaм, ушбу улкан ишни бир ўзим уддалашим мушкул кўринди. Натижада бу хайрли юмушга доимий ҳамкорларим, форсий тилдаги шеъриятнинг билағонлари, атоқли шоирлар Жуманиёз Жабборов, Назармат ҳамда Ҳамид Ғуломларни жалб этдим. Бир неча йиллик заҳмат туфайли “Шоҳнома”дек улкан китобнинг уч жилдлик шеърий таржимаси ўзбек китобхонлари қўлига етди…

— Маълумки, китобниг биринчи жилди таржимаси тўлалигича сизнинг қаламингизга мансуб. Ушбу ўгирмаларда Фирдавсийга хос жангнамонавислик услубини, бадиий тасвирда ўта муболағали ва қабарикликни, ҳар бир достон муқаддима ва хотимасидаги пандномалик руҳини маҳорат билан ифодалай олгансиз. Асар илм-адаб аҳли томонидан илиқ кутиб олинди ва тез тарқалиб, ноёб китобга айланди.

— Кейинги йилларда ҳам “Гуманизм — абадийлик ялови”, “Хазиналар жилоси”, “Эпос”, “Форс-тожик адабиёти тарихи”, “Шоҳ китоб ва унинг муаллифи”, “Жаҳонни мафтун этган адабиёт” сингари китобларим, кўплаб янги таржималарим эълон қилинди; қомусларда, тўплам ва журналларда чоп этилган мақолаларим сон-саноқсиз. Шарқ шеърияти поэтикасига доир тадқиқотларим ҳам анчагина. Кўриниб турибдики, буларнинг барчаси шеъриятга, бадиий адабиётга меҳрим, маънавий эҳтиёжим тақозоси экан.

Ростини айтсам, мен адабиётга эрта кира бош­лаганман. Яъни, ўрта мактабда ўқиб юрганимдаёқ шеър машқ қилиб юрардим. Бир куни Шчорс, Чапаев ҳамда Лазолар ҳaқидa xaлқ қаҳрамонлигини мадҳ этувчи шеър ёздим-да, болалар газетасига жўнатдим. Орадан кун ўтмай, редакциядан “Уч қаҳрамон ҳақида битта шеър ёзибсиз”, деган танбеҳнамо жавоб келди. Шундан сўнг, ўзим шеър ёзиб, ўзим ўқиб юрадиган, баъзан ошиқ дўстларимга бир байт, икки байт ёзиб берадиган бўлдим.

Узлуксиз илмий изланишлар, Жаҳон адабиёти неъматларидан бир неча минг байт таржима қилишим қалбим тўридаги кўҳна эҳтиёжни уйғотди, жунбушга келтирди. Табиий иқтидор, кўп йиллик таж­риба ўз ҳосилини бера бошлади, бир қанча ибратомуз ҳикоятлар, рубоийлар, шеърлар, ғазаллар битдим. Улар “Baқт”, “Рубоийлар”, “Гулбоғ”, “Гулбоғ сайри”, “Одам борки”, “Гулбоғ насими”, “Дурдоналар” номи билан китобхонлар ҳукмига ҳавола қилинган.

— Шогирдларингиздан кўнглингиз тўладими? Шарқшунослигимизнинг ҳозирги аҳволи ва истиқболи ҳақида фикрингизни билмоқчи эдим.

— Қирқ беш йилдан зиёдки олий ўқув юртларида талабаларга дарс бераман, аспирантлар, докторанту тадқиқотчиларга раҳнамолик қиламан. Демак, шогирдларим жуда бисёр. Улар орасида академиклар, профессорлар, давлат ва жамоат арбоблари ҳам бор. Шогирдлар ҳақида гап кетса, ушбу рубоий эсимга тушаверади:

Шогирдлар ҳам мисли болалар:

Бор-йўғингни сендан оларлар.

Баъзилари кўкка кўтарса,

Баъзилари лойга қорарлар…

Худога минг қатла шукрким, менинг барча шогирдларим кўкка кўтарувчилар, эъзозловчилар бўлиб чиқишди. Ҳаммалари менинг йулимни тутишган. Ватанимиз шарқшунослигига улкан ҳисса қўшиб юришибди. Уларнинг ҳам мендек пири бадавлат бўлиш­ларини, шогирдлари эса менинг шогирдларимдек садоқатли ва меҳрибон чиқишини истайман. Шарқшунослик мураккаб фан. Зероки, Шарқ халқлари ибтидосида турганимиз XXI аср тарихида ҳам муҳим ўрин тутади. Дунё тамаддунида уларнинг нуфузи тобора ошмоқда. Буларнинг бари адабиёт ва санъатда ҳам ўз инъикосини топади. Уларнинг ҳаёти, иқтисодиёти, маърифати, бугунги интилишларини ҳар томонлама идрок этиш лозим. Ҳозир имкониятлар кенгайиб, шароитлар яхшиланиб бopмоқда. Интернет тизимининг ўзи бу имконият нақадар улкан эканлигинн кўрсатмоқдa. Демак шарқшунослигимиз юксалиб бориши шубҳасиз. Унинг ютуқларини Ватан истиқболига хизмат қилдириш шогирдларнинг истиқболдаги вазифаси, деб биламан.

* * *

… 2006 йили устоз рубоийлари Умар Хайём рубоийлари билан бир жилдда (Нашр учун масъул – Минҳожиддин Ҳайдар. Тузувчи – Алишер Шомуҳамедов) нашр қилинди. Тошкент давлат Шарқшунослик институтида ушбу китобнинг тақдимоти бўлди. Минг афсус­ки Шоислом Шомуҳамедов бетобликлари туфайли бу тадбирда қатнаша олмадилар. Aтоқли адиб ва олимлар бу “беназир ижодкор”нинг адабиётимиз, шарқшунослигимиз тараққиётидаги улкан хизматлари ҳақида тўлқинланиб гапирдилар. Камина ҳам адиб Шомуҳамедов ижоди ҳақида, хусусан, ҳикоятлари ҳақида бир нималар гапиргандай бўлдим. Шундан сўнг “Кўпни кўрганлар” ҳузурида рукнига олдинги суҳбатларимни тўлдириб бергим келди.

Лекин ўғиллари “ҳозир мавриди эмас, яна сим қоқарсиз” деб учрашувни opқaгa сурдилар. Ҳайҳот, замонамизнинг буюк алломаси мана орамизда йўқ. Аммо у киши илмий асарлари, бадиий ижодлари, энг муҳими фақат Шомуҳамедовга хос маърифатга йўғирилган яхши хислатлар билан бизга ҳамиша ҳамнафас. Зероки, устознинг севган устози буюк Ҳофиз Шерозий: кимда ким бу оламда яхшилик-ла умргузаронлик қилган бўлса, у мангу тирикдир, деганлар.

Ҳамиджон ҲОМИДИЙ,

филология фанлари доктори,

профессор

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eight + 19 =