Садоқат
ёки Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Шуҳрат Жабборов ҳақида билганларим
Инсон қалбига меҳр-муҳаббат жо этилиши — бу Аллоҳнинг инояти. Зеро, одамийлик, тўғрисўзлик, аҳдга вафодорлик, инфоқ-эҳсонлик, хушхулқлик ва яна энг муҳими устозу дўстларга садоқат инсонни гўзал қилади. Яратганнинг амрига итоат қилиб, ота-оналарининг хизматларини адо этиб, устозлари кўрсатган манзиллардан юриб, фарзанд-зурриёдларига бор меҳрини бахшида этиб яшаётганлар шу боисдан бахтли кишилардир.
Шуҳрат Жабборов ота-онаси, устозлари, кекса нуронийларни дуоларини олиб, бахтиёрликда умргузаронлик қилаётган ижодкорлардан бири. Гарчи ўттиз беш йилдан бери у киши билан ижодий ҳамкорлик қилаётган бўлсам-да, қарийб ярим аср республика газета ва журналларида бош муҳаррир сифатида ўзбек матбуоти тараққиётига муносиб ҳисса қўшган таниқли адиб, камтарин ва меҳридарё инсон сифатида номи қалбимга муҳрланиб қолган устозим Мақсуд Қориев оламдан ўтганидан кейин Шуҳрат ака билан яна ҳам яқин бўлиб қолдик. Чунки Шуҳрат Жабборов ҳам Мақсуд Қориевнинг садоқатли шогирдларидан бири эди.
Кечагидай ёдимда, 2010 йилнинг июль ойи эди. Шуҳрат акага Мақсуд Қориевнинг қизи Наргис опа қўнғироқ қилиб, “отам сизларни сўраяпти” дейди. Биз оғир жарроҳлик амалиётини ўтказиб, шифохонада даволанаётган Мақсуд ака ҳузурига бордик. Устознинг аҳволи жуда оғир бўлса-да, бизни кўриб, севиниб кетди. Ҳатто ҳазил-мутойиба қилиб, кулишиб олдик. Бу устоз билан видолашув учрашуви бўлган экан…
“Мақсуд Қориев замондошлари хотирасида” номли китобда Шуҳрат Жабборовнинг “Қаламнинг илоҳий қудрати” мақоласида шундай сатрлар бор: “Мақсуд аканинг юз-кўзидаги қувончни кузатиш кишига бир олам завқ ато этарди”. Худди устозига лутф этганидек, биз Шуҳрат аканинг ҳам юз-кўзида қувонч кўрсак, завқланамиз.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист. Бу унвон ҳар бир журналист учун олий мукофотдир. Кимки касб-корини улуғлаб, тинимсиз ўқиб, тинимсиз ёзиб, ҳаётга, одамлар ичига, уларнинг қалбига кириб бориб, холис ва тўғри фикрларни қаламга ола билса, у албатта эзгу ниятга етади.
Шуҳрат Жабборов жуда тоқатли инсон. Жиззахдан Тошкентга келганига эллик икки йил бўлибди. Касбдошларимизнинг айтишича ва ўзим кўрганларимдан аёнки, у энг камида ҳафтасига бир марта она юрти — Жиззахга бориб қайтади.
Буни айтишдан мақсад шуки, Шуҳрат аканинг бошқаларда кам учрайдиган яна бир хислати бор: бирор таниши бетоб бўлиб, касалхонага тушиб қолса, ҳеч иккиланмай, унинг ҳолидан хабар олади, унга маънавий мадад бериб, кўнглини кўтаради. Яратган асрасинку, бу ҳаёт, мабодо бирор танишининг бошига мусибат тушиб, яқинларидан айрилганини эшитса бўлди, албатта, таъзия билдириш учун унинг хонадонига боради. Устоз-шогирдми, ҳамкасб-қариндошми, қўни-қўшними тўй-тантанага таклиф қилса, албатта уларга елкадош бўлади.
Бир гал қизиқсиниб, “Шуҳрат ака, Жиззахга тез-тез бориб чарчаб қолмайсизми?” деганимда у: “Тўғри, боришда чарчайман. Аммо яқинларимни кўргач, ҳамма чарчоқларим чиқиб кетади”, деган жавобини эшитиб, бу саволимга ўзим ҳижолат бўлган эдим.
Биз Шуҳрат ака билан жуда кўп сафарларда бирга бўлганмиз. Жиззахга бўладими, Самарқандга бўладими, албатта у туғилиб ўсган хонадонга бориб, ота-онасини кўрардик.
2013 йил 25 август куни эрта тонгда Шуҳрат ака қўнғироқ қилиб қолди. “Дилмуроджон, бугун оиламизга янги меҳмон келди, ўғлим ўғилли бўлди. Сизга ҳавас қилиб юраман, шу набирамнинг исмини Дилмурод қўймоқчиман” деган лутфини эшитиб, бошим осмонга етганди. Ахир, қадрдонингиз набирасига яхши умидлар билан исмингизни қўйса, қувонмай бўладими?!
Бахтиёрлик онларини туҳфа этувчи тасодифни қарангки, яқинда, аниқроғи шу йил 25 август куни Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан республика “Нуроний” жамғармаси томонидан таъсис этилган “I даражали Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонига сазовор бўлган бир гуруҳ устоз-журналистларни тақдирлаш маросими бўлди. Ушбу хайрли тадбир Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан Миллий матбуот марказида тантанали тарзда ўтказилди. “Ойнаи жаҳон” орқали тўғридан-тўғри эфирга узатилган кечада Шуҳрат Жабборовга ҳам “I даражали Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони топширилди.
Тадбирдан сўнг Шуҳрат ака, турмуш ўртоғи Марҳамат янга билан мени бир пиёла чойга таклиф қилди.
— Бугун – қўш байрам, – дейди хурсандчилигини яширолмай Шуҳрат ака. — Адашингиз Дилмурод 12 ёшга тўлди. Унинг мучал тўйи. “Халқ сўзи” газетасида кўп йиллардан буён муҳаррирларнинг узоғини яқин қилиб келаётган ҳайдовчи Акбаржонни ҳам дастурхонга таклиф этдик. Камтарона дастурхон атрофида маза қилиб суҳбатлашдик, ўн икки ёшидаёқ элга танилган спортчи набираси Дилмурод Жабборовга бобоси каби сермазмун ва саодатли умр тилаб дуо қилдик.
Эҳтимол, инсон бошида қоронғи кунлар бўлмаганида нурли дамлар қадрига ҳам етмасди. Менинг бошимга ҳам қора булутлар соя солган синовли кунлар эди. Авваллари йиғин, ижодий учрашувлар, тўй-томошаларда мен билан ўтириш илинжида юрган ҳамкасб дўстларим ўзларини ҳар тарафга олишган синовли кунлар эди. Дўст бошингга ташвиш тушганда билинар экан. Лекин устозларимиз Хуршид Дўстмуҳаммад, Ўткир Раҳмат ва айниқса, Шуҳрат Жабборовлар билан алоқамиз узилмади. Улар менга меҳрибон бўлдилар, тушкун дамларимда маънавий мадад бердилар.
Бир гал Шуҳрат ака билан тушлик қилиб ўтирсак, муҳаррир ҳамкасбларимиздан бири уни четга чақириб, “Дилмурод билан бирга юрманг, тегишли идоралардан гап тегиб қолмасин”, дебди. Шуҳрат ака бундай гапларга парво қилмайдиган, дўстларини оғир кунда ёлғиз қолдирмайдиганлар сирасидан. Яқинда “Дилмурод билан бирга юрманг”, деган ўша муҳаррир ака билан бир дастурхон атрофида ўтириб қолдим. Мендан “доим Шуҳрат ака билан бирга юрасиз-а?”, деб сўради. “Ака, биз сиз билан улфатмиз, Шуҳрат ака билан эса дўстмиз. Улфатлар ҳар қадамда топилаверади, аммо ҳақиқий дўстни топиш қийин”, дедим.
Майли ҳаммага инсофни Ўзи берсин.
Дарҳақиқат, бобомиз Мир Алишер Навоий таъбири билан айтганда, Шуҳрат Жабборов “елкани елкага қўйиб, дардлашадиган” дўстдир.
Ушбу сатрларни ёзаётганимда, Хуршид Дўстмуҳаммад, Абдусаид Кўчимов, Аҳмаджон Мелибоев, Ўткир Раҳмат, Ҳусан Эрматов, Олимжон Ўсаров, Фармон Тошев, Муҳаммаджон Обидов, Умида Файзиева, Неъматилло Худойберганов, Одил Олимжонов, Абдубанно Холмонов, Набижон Назаров, Тугал Саидов, Баҳриддин Орифжонов каби ижодкор ва бошқа соҳаларда эл-юрт ҳурматига сазовор бўлган инсонларнинг Шуҳрат ака ҳақидаги самимий дил сўзларини ҳам ёзмоқчи бўлдим. Аммо буни бир мақолага сиғдира олмайман. Агар насиб этиб, Шуҳрат ака ҳақида каттароқ бир нимарса ёзганимда, албатта устозу дўстларимиз битикларидан фойдаланишни ният қилдим…
Яратган эгам Шуҳрат акага муносиб аҳли аёл, отам-онам дейдиган солиҳ фарзандлар ато этган. Турмуш ўртоғи Марҳамат ая билан қирқ олти йилдан бери қўшгани билан қўша қариб, бахтли-саодатли ҳаёт кечириб келмоқда. Суръат ва Жасур исмли ўғиллари, Садоқат ва Саодат деган қизлари ота-онасига меҳр кўрсатишда ҳам одамлар ҳавас қилгудек фарзандлардир. Қолаверса, ўн уч нафар набираларига муҳаббатли Шуҳрат бобо ва Марҳамат момо бўлишнинг ўзи қодир Эгамнинг бу оилага берган файзу барокатидандир.
Ҳа, кимки садоқат кўрсатса, албатта саодат топажак.
Дилмурод ҚИРҒИЗБОЕВ,
журналист.