Яхшиликни кузатмайдилар

Йўл ўттиз бўлакка ажраган эди…

2016 йил… Қиши оғиб бўлган. Устозим, дарёдил инсон, беназир мураббий, академик Саид Шермухамедов вафотидан чуқур қайғуга чўмган пайтим; боз устига чўнг саросарлик пайдар-пай қутқу соларди. Илм-у урфонда кўз кечирган мардум биладики, устозсиз ўттиз ёш – мўрт тутум. Шунгача йиқиб келган йилларингиз довони қайта тирилган рўдаподек туюлади. Олдингдаги тоғ ўнгиридан эса ўттиз дара увиллайди…

Яхши, куюнчак дўстлар тав­сияси ила “XXI asr” ижтимоий-сиёсий газетасидан имдод кутиб борганман. Тақдир Норқобил ака — Норқобил Жалил билан шу тариқа ўттиз ёшимда учраштирган. Ва шу воқеа, шу инсон сабаб ўттиз йўл бир боғламга сиғиб, бир тутумдан кетяпти.

Машҳур француз адиби Оноре де Бальзак “Нолга ўхшаган одамлар бўлади. Улар доимо ёнларида рақам бўлишини истайдилар” деган. Матн равишидан келсак, агар уч бўлсангиз – ўттиз бўласиз. Уч ярим йил чоғроқ таҳририятда олган сабоқларим, ижоддаги пасту баланд уринишларим, пилла­поя-ўсишлар – барча-барчаси…

Хуллас, оҳангжама ташбеҳларга зарра ҳожат йўқ: Норқобил Жалил шундай одам! Яхшилик соғинадиган одам!

“Қанақа боласан, ўзи?”

Сиркаси сув кўтармайдиган арбоб, мулозим-мансабдор ҳар жойда бор. Айримлари, танқид қилсангиз, сабаб қолиб оқибат билан курашади. Мақола муаллифи, таҳририятга босим ўтказмоқ пайида бўлади. Энди бу ҳам матбуот ишининг бир қисми. Бошида асабийлашасиз, кейин “кўникиб” кетасиз.                Интернетда муаллифлик мақолам эълон қилинди. Иш жойим — газета. Таҳлилий материал эди. Соҳасига оид кўпчил тилга олинган. Очиқ манбалар асосида фактлар келтирилган. Шу десангиз, қаламга тушганлардан бири жудаям дарғазаб эмиш. Хабари келди. Сўнгроқ ўзимга телефон. Кейин – раҳбарга. Кун ўтади, кунлар ўтади, назаримда ғалва тинчимайдиган. Сезиб турибман. Сезиб турибман-у аммо раҳбар ҳеч олдига чорламайди. Ҳеч нарса бўлмагандай парвойи палак. Ора-сирада ҳазил аралаш пайров. Чидолмай, кабинетига кирдим.

— Жуда қўймаётган бўлса, жамоага жабр бўлмасин, ариза ёзиб кетақолай?..

— Ие, қанақа боласан, ўзи?! Ким қўймайди? Ким жабр қилади?

Ростиси, иш столимга келиб ўтирарканман, этим ажиб бир ичкин ҳисдан жимирлаган. Ҳурмат, ҳайрат қоришиқ. Ахир вазият чиндан жиддий эди-да! Хаёлан тўқиганим “майли, пича пайт кўзга ташланмай тур, кейинроқ яна чақирамиз” қабилдаги “ўздан қочириш санъати”га руҳан тайёр турганим ва бунга буткул терс муносабатдан… “Муаммо”ни якранг полотнога тортиб, қўштирноқ ичида кенжа ботир ролини ўйнамоқчи бўлганимдан… Уялганман.

Чин хайрихоҳлик — амал тортиқ эмас. Яхшилик кўриб, яхшилик қиладиганлар иши.

“Кўнгилдан кўчирмалар”

“Кундаликлар”ни муаллиф пинҳон ўқишга жазм қилдим. Таҳририят муҳаррир-мухбирлар иши осон бўлиши учун компьютерларни ягона тизимга бирлаштирган эди. Ўшанда “кундаликлар” бирор соатча умумий тизим-шохобчага кўчиб қолган, “ўғирлашга улгургандим”. Албатта, кейинчалик буни бош муҳарриримизга айтиб, узр сўраганман. Кулиб-кулиб, “майли-да” деб қўйган. Йил ўтиб, ўша кундаликлар “Кўнгилдан кўчирмалар” номи остида нашр этилди. Аввалбошдан айтиб кетай, “Кўнгилдан кўчирмалар” муаллифнинг “Соғинчнинг ранги”, “Қуёшга тик қараб бўлмас”, “Ғовалик қаҳрамон” каби асарларининг ғоявий изчил, пухта давоми ҳамдир.

Муддаони бот-бот қайириб келаётганим боиси, “Кўнгилдан кўчирмалар”га кундаликлардаги ҳамма чизгилар, ўйлар, кечган қийинчиликлар, аламлар-у тугилган муштлар тушмаган. Муаллиф чамамда “ҳаммасини ҳам киритсам, дий-диёга ўхшаб қолмасин” қабилда ўйлаган, дашт тўшидай келган, камтарлик қилган. Биргина шеър.

Мени ҳеч ким тушунмайди…

Ўзимдан бошқа.

Олтмиш икки томир

Титрайди қушдай.

Учиб кетгим келар,

Олис-олисга

Ўнгланмаган тушдай.

Бир туш кўрсам…

Қандай кўчат кузда тутиб кетади? Кўчишдан олдин унган томирлари ҳаётга ташна, ботиққа шай, тани эса қуёшга талпингани, ҳойнаҳой.

Норқобил Жалилнинг “Кўнгилдан кўчирмалар”ини ўқиркансиз, айни ўй қувиб етади. Баҳорга талпиниш, баҳорни севиш, кўнгилда доим баҳорни олиб юриш… Ва, қалб қўрида Ватанга чексиз меҳр!

2000 йиллар бошида халқимиз севиб томоша қилган кўрсатув – “Яхшилик”нинг айнан шу номда аталгани ҳам қалб изҳоридир, аслида.

Доим эътибор бераман: Норқобил ака раҳматли устози Аҳмад Аъзам ҳақида гап кетганда бир қалқиб олади. “Қандай одам эдия…”

Қисмат мушкулотларни кўксингга жазиллатиб босса-да, шаҳдингдан қайтмайсан; зеро йўлларингда кушойиш, мунис лаҳзаларинг-да кўпдан-кўп. Қўлингдан тутиб, шу манзилларга йўналтирадиганлар бор. Улар азиз одамлар – улар яхши одамлар.

Оқибатдан узилмаганлар

2018 йили Президентимиз Фармонига мувофиқ Норқобил Жалиловга “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” фахрий унвони берилди. Расмий тадбир ўз оти ила расмий. Пича ўтиб, мукофот баҳона файзли бир қур-даврада устоз, дўст-ёр, қавму қариндош йиғилган. Узун-калта расамади шогирдлар ҳавасла пириллаб хизматда. Адабий кечага айланиб кетган. Ўшангача ҳам Норқобил ака тенг-тўш оғайниларининг ўзаро оқибати, елка тутарлигидан биз ёшлар ичдан тан берар, шулардек бўлармикинмиз, дея гапириб юрардик. Ҳозир ҳам.

Оқибат – шаклланиши хўп синов талаб этадиган кўрим. Шу учунми йиллар суронида сайқалланиб бораверади. Оқибат оқибатли давралардан унади. Талпинганларгина – сазовор. Ўша даврада амин бўлганмиз, юқсин-юқсин.

Хурсандчиликда эмас. Мунгли дамларда ҳам…

Маориф фидойиси, таълим машаққатига жонин керган самарқандлик моҳир педагог Шодиёр Тўраевнинг бевақт қазоси хабари етганда, Норқобил ака анча пайтгача ўзига келолмай юргани… Ўкинч. Бу чин синашта оқибат ёмбилари “Ҳаёт дарсин бериб кетди” (Норқобил Жалил. “Маърифат” газетаси, 2019 йил 13 март) мақоласига тўкилган. Пойтахтдан оёқ узиб, умрининг охиригача олис Кесовлида зиё тарқатиб яшаган дўсти ҳақдаги бир хотирани эсларкан, муаллиф изтиробла ёзади: …олтмиш икки томиримнинг нечтаси узилиб кетди, билмайман. Йўқ, Шодиёр мактабсиз, ўқувчиларисиз яшолмайди, тирикчилик ташвишлари ўткинчи…

Оти ўчгур дард матбуот жўмарди, ҳассос қаламкаш Қурбон Эшматни орадан юлиб кетганда, бул оқибатли давра янада жипслашган, меҳрдан қатим тортган. “Қадрдон қайрағоч”…

Катта юрак зарби

“Қуёшга тик қараб бўлмас”да шундай сатрлар бор: юрагимнинг зарби ўзидан катта. Тафти қуёшдан-да иссиқроқ. Ўтмиши узоқ. Ёшини… айтишда хато қиламан. Унинг йигирма миллиондан кўпроқ томирлари бор. Исми — жисмига мос. Айтайинми? Кейин…

Ватанни жим туриб севиш мумкинми?

Йўқ, шу жойда чалғидик, чоғи. Юрт корида, эл ғамида юрган киши, яхшилик пойидорлар бу янғлиғ ёзади.

* * *

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, оташқалб шоир, моҳир публицист, маҳоратли муҳаррир — Норқобил Жалил олтмишлик довондан ошди. Қутлуғ бўлсин!

Ушбу муборак кун муносабати билан кўплаб таниқли ижодкорлар ўз қалб изҳорларини чиқишларида баён қилишаётир. Яхшилик томирлари узилмасин, ҳеч.

Чекимга тушгани – бир гуруҳ ёш ижодкорлар – Норқобил Жалил ижодига ошуфта, маҳоратидан меҳр сипқарган, ҳаёт йўлида оғам, деб билган ҳавас­манд шогирд-иниларининг бир гапини етказиш.

Йиллар тафовутини сезмаймиз. Қўнишиб-кулишиб юрамиз.

Лекин бундан буёғига…

Устоз деймиз!

Аслиддин Алимардон,

“Ҳуқуқ ва бурч” журнали бош муҳаррири

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × five =