НОМУС

МУАЛЛИФ ҲАҚИДА:
Олимжон Бўриев — 1954 йил Тожикис­тоннинг Чинор қиш­лоғида туғилган. ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетини битирган. У кўпгина шеърий ва таржима асарлар муаллифилигини муштарийлар яхши билишади. У навоийшуносликка оид уч муҳим манба: Низомий Ганжавий, Хус­рав Деҳлавий ва Абдураҳмон Жомий “Ҳафт авранг”ларини форсийдан ўзбек тилига ўгирган. Муқаддас Қуръони карим маъноларини шеърий тарзда китобхонларга тақдим этган.
Қуйида шоирнинг сўнгги пайтда ёзган тарбиявий аҳамиятга эга балладаси эълон қилинмоқда.
НОМУС
(Отамдан эшитгандим)
Бир тоғлик йигит яқин ўтган замонда оғир машаққатлар билан қарз-қаволага ботиб, уйланибди. Гўзал қайлиғини чимилдиқда кўриб, ярим бағри бутун бўлиб, “Қарзни узаман, хотин ёнга қолади” деб, фароғатли лаҳзалар оғушига ғарқ бўлибди. Келин эса фақат ўзигагина маълум бўлган аччиқ ҳақиқатдан даҳшатга тушиб, кўзларидан дарё-дарё ёш тўкибди. Чунки унинг севган йигити бор экан. Қизнинг отаси севганига бермагани учун гумроҳлик ила хиёнат юз берибди. Қайлиғининг нотўкислигидан дунёси қоронғу бўлиб, йигит бир оғиз дашном бермабди. Эрталаб улар йўлга тушибди. Йигитнинг елкасида милтиқ, аёли эшакда изидан. Тоғнинг ўнқир-чўнқир йўлларида тебраниб-тебраниб келаётир.
Бу йўллардан кўп ўтганман, гоҳ яёв, гоҳ сувори,
Юрагимда чўкиб қолган минг йилларнинг ғубори.
Отам узоқ яшамади, ўлиб кетди номусдан,
Ўгай энам ўткинчи бир йўловчига кўз сузган.
Ўша куни уч мурдани кўмишганди овулда,
Кейин ўтди қолган умрим исканжаю довулда.
Оёқяланг, пода боқиб Кўҳимазор ёқларда,
Кўрпа қайда, ухлар эдим похолу ўтлоқларда.
Нега отам йўлочини қўшиб ўгай энамга,
Қўшоғиздан бир ондаёқ жўнатди жаҳаннамга?!
Ўзини ҳам отди наҳот, бир урғочи зот учун?
Курашмади ўзгалардек ширинроқ ҳаёт учун.
Мана анов юрибдику ўйнаш тутар хотини,
Пули кўпда шунинг учун биров тутмас отини.
Занғар деган сўзни асло эшитмай деб падарим,
Бир ўқ билан бу дунёдан кетди ғаму кадарим.
Фожиалар фақат менинг ҳаётимга хос бир тус,
Баланд тоғлар талқон бўлсин агар топталса номус!
Омад кетса, кетаверар, етти пуштинг доғдадир,
Кўзларимдан бугун ёшмас, ё Рабб, ўқлар ёғадир!
Отам каби ўлар эдим, дўстлар арзим бўлмаса,
Одамлардан хотин учун олган қарзим бўлмаса.
Ҳаёти қуёши сўна бошлаганини, саноқли дақиқалардан сўнг мангулик зулматига чўкишини ҳис этган, эҳтиётсизлик қурбони бўлмиш бечора келиннинг кўнг­лидан ўтганлари:
Қурбонликка аталган қўй, тўйда асло сўйилмас,
Ҳеч қачонда аёл зоти тирик гўрга қўйилмас.
Елкасида қўш оғизи, эрим аён ўлдирар,
Кўзим тўймай бу ҳаётдан тупроқ билан тўлдирар.
Мен номуси топталган қиз, юрак-бағрим тилимдир,
Севгилимга етолмадим, шунинг ўзи ўлимдир.
Зўрламади ўзим унга ҳадя қилдим оғушни,
Номусли эр шаксиз отар мен қанотсиз оққушни!
Дўланага маҳкам боғлар, кўзимни ҳам боғлайди,
Раҳм қилмай кўкрагимни бир ўқ билан доғлайди.
Арқон бўлар узун сочим, қайиради қўлимни,
Балки сезиб раҳми келар қорнимдаги боламни.
Қарғамайман кўнгилхушим, алдаб кетган хушторим,
Сен-ла кетди энди билсам ҳам номусу ҳам орим.
Пешонамга ёзилгани шу экан-да Худойим,
Отсанг тезроқ ота қолгин қарзга ботган гадойим.
Сен қиморда ютқазган бир қиморбоздек ночорсан,
Менга қараб раҳм қилмай милтиқдан ўт очарсан.
Менинг айбим муҳаббатдир, ишқ боғлади кўзимни,
Кўнглим тусаб фидо қилдим номусимни, ўзимни.
Ҳалол эди туйғуларим, гардсиз эди юрагим,
Энди тешик тоғорадек ҳеч кимга йўқ керагим.
Ожизаман, қисматимни кимга сўзлаб, айлай дод,
Туғилмаган ўғлим сенга ўзим тиғ тортган жаллод!
Номи қурсин йигит бўлиб, чертиб кўнгил торини,
Бировларнинг оғушига бериб қўйса ёрини.
Ё алдандим ё муҳаббат шундай дарду ғам экан,
Дунё деган тугал эмас, доимо бир кам экан.
Эркакларнинг истаклари роҳат, ишқу оҳ экан,
Аёлларнинг номуслари топталса гуноҳ экан.
Ўн тўрт ёшдан муччи олиб, ром айлади лабимдан,
Ўн олтида чидолмай жой бердим ўзим қалбимдан.
Ўз майлимга қўймай отам, зўрлаб берди куёвга,
Бахт — милтираб ўчгувчи шам, бериб бўлмас бировга…
Эр-хотин ўз хаёли билан йўлида кетаверсин. Энди гапни қизнинг хушторидан эшитинг. У қишлоқнинг подасини боқиб, ошиҳалол йиғиб, бировларниг эшигида кун кўриб юрган сағир йигит экан. Қизга уйланишга оғиз очолмай доғда қолиб, бағрини ерга бериб, бир тепаликда ётиб, подалари тарқаб кетган, ҳар жой, ҳар жойда ўтлаб юрар экан. Эс-ҳуши қизда қисматини қарғаб:
Ота-онам тирик бўлса, сарфлаб йўғу борини,
Олиб берар эди балким ўғли севган ёрини.
Отам жангга кетган экан тўрт кунлик куёв бўлиб,
Қаттол ғаним юртимизни босганида ёв бўлиб.
Мен дунёга келганимда шўрлик онам Машаққат
Бир кун ўтмай Тўрасидан олган экан қорахат.
Зачча1 ҳолда йиғлаб-йиғлаб, беш кундан сўнг ўлибди,
Ёлғиз бувим бу дунёда менга паноҳ бўлибди.
Етим боши тошдан дея, Тошпўлат ном қўйибди,
Бир бурда нон топиб бериб, эркалабди, суйибди.
Йиллар ўтиб, кўтарилгач ғалабанинг байроғи,
Момомга ҳам етиб кебди ажал қушин сайроғи.
Энажон, деб бўзлаб қолдим, уни олиб кетдилар,
Билмайманки ўша маҳал нечук шундай этдилар?
Қаҳатчилик, нон топилмас, мени ким ҳам боқарди,
Шумшук етим бехосият, кимларга ҳам ёқарди?
Эгиз экан бу дунёда эзгулигу разолат,
Биров туртса етимча деб, биров қилди адолат.
Ука бўлдим мен меҳрибон аёлнинг қизларига,
Малҳам қўйди у чандиқли қалбимнинг изларига.
Йиллар ўтиб, опаларим топиб кетди жойини,
У аёл ҳам қазо қилди яшаб йилу ойини.
Пешонага битганидан тўкиладир кўзёшим,
Мана энди қаерларга уриларкин тош бошим?
Оғир йиллар ўтиб кетди, чидар экан одамзод,
Паноҳига олди мени подачи чол Дўстмурод.
Ошиҳалол йиғиб бир кеч, дуч келдим Гулрухсорга,
Кейин мангу меҳрим тушди шу кўзлари хуморга.
У ҳам мени ётламади, бўса берди бир кеча,
Бу сағирнинг саодати такрор бўлди бир неча.
Ўйлабманки эришмоққа фақатгина бир йўл бор,
Йўқса мендай камбағалга берилмайди Гулрухсор.
Инжагина оғушида ботганида силсилим,
Тотдим ширин олмасидан ўша кеча бир тилим.
Очилганди Гулрухсорнинг энди якка ғунчаси,
Мендан эди у ғунчанинг очилган тугунчаси.
Севдим энди армоним йўқ, севилганим бахт эди,
Мен сағирга бу мартаба ҳам тожу ҳам тахт эди.
Ошиҳалол пайти бир кун гулим кўзи ёшланди,
Менинг бахти қаролигим ўша кундан бошланди.
Ёрим энди меникимас, унашилган Ғаюрга,
Қандай айтай ҳасратимни тушунмаган у зўрга.
Тилим-тилим бўлди дилим янграганда ноғора,
Сув солганда билинади таги тешик тоғора.
Қайлиғидан билиб олиб яна менинг “сирим”ни,
Қассоб каби бўғизлайди, шилиб олар теримни.
Отасидек ёки мени дўланага боғлайди,
Бир ўқ етар ёки зимдан билдирмай пичоқлайди.
Гулрухсорни алам билан қучоғига босади,
Қўрқитади, келиб мени бир дарахтга осади.
Отам ўлди ёв ўқидан, онам ўлди оҳида,
Осса осар, ўксик қалбим бир дарахтнинг шохига.
Алам қилмас ўлдиргани ё уриб ё осгани,
Алам қилар севгилимни қучоғига босгани.
Кўкрагимни захга бериб, ётганимдан не фойда?
Бориб айтай у ҳам мендай бир адашган гадойда!
Ё ўлдирар ё қайтариб беражакдир Гулимни,
Йўқса бундай яшагандан афзал билай ўлимни.
У ёш эди, билмас эди, нима дея айтишни
Ҳамда тузган режасидан кечиб ортга қайтишни.
Қарасаки ён бағирлаб келмоқда қўш йўловчи,
Эшак минган аёл билан милтиқ таққан бир овчи.
Бирдан унга аён бўлди Гулрухсорнинг қисмати,
Оқибати мана унга бахш этилган исмати.
Туёғини олиб аста изларидан жўнади,
Балки инсоф қилар Ғаюр, ўлдирмасдан кўнади.
Ё ўлдирса аввал уни сўнг қатл этсин аёлни,
Бутлаб бўлмас дарз кетганда ҳеч маҳалда сополни.
Демак, Гули севар экан, ҳатто этиб жон фидо,
Ишқ қурбони бўлишидан асра уни эй Худо!
Аслида мен гуноҳкорман, мендан ўтди бу кўрлик,
Мени севиб бу кунларга қолдингми-а сен шўрлик?
Кучи етмас Ғаюр билан солишмоққа сағирни,
Майли эди бир ўқ билан тилкаласа бағирни.
Онасидан ўрганганин қуш уяда қилади,
У Ғаюрнинг ниятини энди аниқ билади.
Қўшоғизни қўйиб Ғаюр, боғлар Гулин дарахтга,
Милтиғини олиб шу пайт, ўт очгай у бадбахтга.
Гули билан шунда бирга қочар ўзга овулга,
Кейин майли дуч келса ҳам фалокату довулга.
Ният холис, зимдан келди, рўй бермоқда шу ҳолат,
Ана милтиқ, кимсасиз жой, йўқдир гувоҳ кафолат.
Сал нарида Гулрухсорни Ғаюр дарахтга бойлар,
Бу фурсатдан фойдаланиб Тошпўлат уни пойлар.
Тўхта дея у қотилваш, аниқ мўлжаллаб отар,
Лек дайди ўқ учиб келиб қизнинг кўксига ботар.
Нима қилдим, қалтирайди, хато қилган Тошпўлат,
Иккинчи ўқ энди унга таскин бўлолар фақат.
Қўшоғизнинг қўндоғини ерга босди аламдан,
Кўкрагини нишон этиб, қутулди дарду ғамдан.
Ғаюр тирик қолди, Худо эшитганда арзини,
Ўн йил ётиб, кейин узди одамлардан қарзини…
02.07. 2021 йил.
1 Зачча – чилласи чиқмаган аёл.
Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × 3 =