Юрагимни очдим ўзингга
Муаллиф ҳақида:
Очил ТОҲИР — Муборак туманида туғилган. ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетини тамомлаган. Шоирнинг “Қарз”, “Соғинч соҳили”, “Кўнглим билан суҳбат”, “Шаклсиз олам”, “Вақт ушоқлари” шеърий тўпламлари, шунингдек, болаларга аталган “Мақтанчоқ мушук”, “Ғолиб хўроз” (достон), “Ҳарфлар жамланмаси”, “Санай туриб адашма” ва “Одобли бола” китоблари нашр этилган. Шоир шеърлари турк ва қорақалпоқ тилларига таржима қилинган.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
ҚАДИМ МАКОНИМ
Меҳрибоним йўқ сендан яқин,
Юрагимни очдим ўзингга.
Қайда юрмай ота юрт хокин,
Ўпиб, мудом суртдим кўзимга.
Ота юртим — қадим маконим,
Қиёсингга ташбеҳлар ожиз.
Сен борлиғим, жоним-жаҳоним,
Сен мен учун баридан азиз.
Сиймонг худди донишманд отам,
Меҳринг мушфиқ онамнинг кўзи.
Тирик экан юрт билан одам,
Ватан билан ўзлиги, ўзи.
Бағрингдаман, шундан бағрим бут,
Бағрингдаман, менга толе ёр.
Менинг учун ягона шу юрт,
Шу юрт менга муқаддас диёр.
Юкинаман, ўзингга юртим,
Тупроғингни кўзимга суртгум.
ЙЎЛДА
Қадди дол чол борар аста имиллаб,
Чалинмас қулоққа оёқ товуши.
Кўзлари ёруғдан кетар жимирлаб,
Сирғалар гоҳида йиртиқ ковуши.
Ҳар тугул йиқилмас, қўлдаги асо
Асраб қолар уни суянчи бўлиб.
Бепарво ўтишар қадлари расо
Ёшлар атрофидан ой каби тўлиб.
Азобдан қақшаган вужудда ларзон,
Ўзича чамалаб санар ёшини.
Умринг вақт олдида нақадар арзон,
Кеча олишарди кериб тўшини.
Чуқур-чуқур олиб кифтидан дамни,
Кетиб борар, намдан киприклари ҳўл.
Елкадан ирғитиб минглаб одамни,
Давом этар ўзи, бу тугамас Йўл…
АНОР ГУЛИ
Қува боғларида гуллади анор,
Бўй етган қизларнинг ёноғидай ол.
Гуллари гулхандай ловуллаб ёнар,
Ёдимга тушади қошлари ҳилол.
Боғлар зеболаниб олар алвон тус,
Ҳолбуки, саратон — жазирама ёз.
Бамисли оловда тўраган қақнус,
Хаёлимга келди ногоҳ шу қиёс.
Оташга нописанд, нафис бўлса ҳам,
Анорнинг сабри мўл, кетмас тутақиб.
Баҳорнинг умрига бўлиб бардавом,
Чилла ёз кўксига қўяр гул тақиб.
Анор гули чўғдай чўғланиб боқар,
Баргларга оҳиста чулғаниб боқар,
Жундай титар менинг ёдим тўзғитиб
Оғриқли хотирлар қайта ўт ёқар…
Анорнинг гуллари лоларанг, ё раб,
Мевасин бағри қон, қирмизий гулоб.
НОРИ ҲИЖРОН
Нори ҳижрон бағрим ёмон куйдирди,
Бепарво ёр, қоши камон куйдирди.
Пари чеҳра, карашмали-шевали,
Васлу дийдор менга армон, куйдирди.
Дашту саҳро ўгай доим булбулга,
Андалибман, ҳажри чаман куйдирди.
Бу ёлғон жаҳоннинг ташвиши ёлғон,
Десам, тағин жоҳил замон куйдирди.
Беморманам, сендан дарак йўқ ҳануз,
Хазон янглиғ рангим сомон, куйдирди.
Офтобга юкинсам, ялинсам ойга,
Қўлларим етмади, осмон куйдирди.
Эвоҳ, умид қилсам бамисли анқо,
Номи бор, ўзи йўқ имкон куйдирди.
Тасалли-таскиндан безиб кетди жон,
Жонимга жонажон жонон куйдирди.
Сир сенга қул токи ичингда ниҳон,
Шоир қалбини дард пинҳон куйдирди.
ҚИСМАТ
Дарахт танасида сонсиз жароҳат,
Бешумор оғриқли йиллар айланар.
Чандиқлари унинг минг ҳасрат, минг дод,
Танасига беун сингиб жойланар.
Кекса дарахт кияр яшил тўнини,
Чандиқ-яраларин паналаб кўздан.
Азобларнинг талаб қилмас хунини,
Чопган болталарнинг сопи ўзидан.
Ойдин тунлар эртак айтмайди қамар,
Қушлар ҳам тарк этган унинг шохини.
У Вақтнинг бағрида безабон бемор,
Ичга ютиб яшар ҳасрат оҳини.
Шўрлик кимга айтсин йўқ гуноҳини.
Қари дарахт ёлғиз яшайди ҳануз,
Афсус, ёзнинг орти муқаррардир куз…
КЎРИНДИ
Қушлар навосидан шод-масурур юрсам,
Дарахтлар шохида зоғлар кўринди.
Хаёлимни жамлаб кўзгуга боқсам,
Кўзларим тубида оҳлар кўринди.
Йўлларим равон деб шитоб югурсам,
Оёғим остида чохлар кўринди.
Дунёда бағри бут кўпдайин эди,
Хўрсинди, кўкайи доғлар кўринди.
Минг йиллик ошнамни танимай қолдим,
Кўзида нур эмас, ёғлар кўринди.
Зоҳиран фаришта каслар кўксида,
Қоп -қора қурум гуноҳлар кўринди.
Хафсалам пир бўлиб кетаётсам йўлда,
Ҳар тугул, дилкушо боғлар кўринди.
ҲАЁТ ОНА ЯНГЛИҒ ЭРКАЛАМАС
Ҳаёт она янглиғ эркаламас, йўқ,
Қарамайди кўнгил тантиқлигингга.
Ҳар лаҳзаси синов, ҳар лаҳзаси ўқ,
Не иши бор, кимга интиқлигингга.
Руҳият олами ботинда пинҳон,
Наинки тан, кўнгил тамом бегона.
Сиртидан, шаклидан ўхшашдир инсон,
Бедард қалблар атар сени девона.
Сиғмайсан, бағрингда ўрлар нола -зор,
Машраб кечинмаси руҳингга эга.
Оғриниб бир сўзни айтасан такрор,
Замон шоирини тушунмас нега?!