НОНИМИЗ ҲАМ, СЎЗИМИЗ ҲАМ ҲАЛОЛ БЎЛИШИ КЕРАК
Бугун юртимизда сўз ва матбуот эркинлигига алоҳида эътибор қаратилаётгани, очиқлик ва шаффофлик сиёсати юритилаётгани сир эмас. Шу сабабдан ҳам нафақат ҳар бир журналист, керак бўлса, ҳар бир юртдошимиз ўз фикр-мулоҳазасини ОАВда бемалол, ҳеч қандай монеликсиз билдирмоқда. Чунки матбуот эркин минбардир.
Аммо сўз ва матбуот эркинлигидан фойдаланиш ҳам сўзсиз қонун доирасида бўлишини тақозо этади.
Бир ойн аввал касб байрамимиз куни Президентимиз фармонларига биноан ўнлаб журналистларга Давлат мукофотлари топширилди, “Йилнинг энг фаол журналисти” танлови ғолиблари ҳам тақдирланиб, республикамиздаги юзлаб касбдошларимиз меҳнати рағбатлантирилди. Давлат раҳбарининг журналистларга бўлган бундай муносабати ва юксак ғамхўрлигини, очиғи, ҳамма мамлакатларда ҳам кўравермайсиз. Қолаверса, касбдошларимиз орасида фидойи, фаол фуқаролик позицияга эга, юртсевар журналисларни кўриб, ғурурланамиз. Афсуски, гоҳида…
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўз табригида қуйидагиларни қайд этди: “Аминманки, мазкур соҳада йиллар давомида эришилган энг яхши ютуқ ва анъаналарни сақлаб қолиш, холислик ва ҳаққонийлик принципларига, қонун талабларига қатъий риоя қилиш, фуқаронинг шаъни ва ғурури, унинг ўз мустақил фикрига эга бўлиш ҳуқуқини ҳурмат қилиш, юксак профессионал маҳорат сизлар учун доимо асосий фаолият мезони бўлиб қолади”.
Ҳа, холислик ва ҳаққонийлик принциплари… Булар журналист учун энг зарур жиҳат. Лекин гоҳида айнан шу муҳим жиҳат касбдошларимизга етишмаётганини кузатиб ранжиймиз. Мана, яқинда “Bugun.uz”, “Effect.uz” нашрларида Фарғона вилояти ҳокимига оид хабар тахминларга, кўчанинг гапига таяниб асоссиз тарзда тарқатилгани муҳокамалар марказида бўлди. Айримлар, “тарқалган хабарларга тегишлича раддия берилди-ку” дейиши мумкин. Албатта, ҳақиқат эгилади, лекин синмайди. Бироқ интернет имконияти шу қадар чексизки, аллақачон мамлакатимиз катта вилоятининг раҳбари ҳақида нохолис хабар қанот қоқиб, дунё бўйлаб тарқалишга улгурди. Адлия вазирлиги ахборот хизмати томонидан шу воқеага оид тарқатилган эслатмада “Кейинчалик раддиялар бериш орқали эса, на дастлабки қонунчиликнинг бузилиш ҳолатини йўққа чиқара олиш мумкин, на келтирилган маънавий зиённинг ўрни қопланади” деб жуда тўғри баён этилган. Бу ҳолатда нафақат, алоҳида шахснинг (айни ҳолатда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоровнинг) шаънига, балки мамлакатда Президентимиз томонидан олиб борилаётган улкан ислоҳотлар сиёсатининг рейтингига путур етказилиши мумкинлигини мазкур нашрлар масъуллари қай даражада англайди? Мана шундай нопрофессионал, ҳуқуқий билимга эга бўлмаганлар шарафли касбимизга доғ туширилишлари алам қилади.
Ҳолбуки, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6-моддасида ўрнатилган тартибга кўра, “Оммавий ахборот воситалари орқали фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлаш, уларнинг шахсий ҳаётига аралашиш тақиқланади”. Юқорида тилга олинган нашрлар айнан шу ва яна қатор қонунларда белгилаб қўйилган ҳуқуқий мезонни қўпол равишда бузганлар.
Қонун талаби эса барчага баробар бўлиши шарт. Ёлғон, текширилмаган ва ҳеч қандай асосга эга бўлмаган бўҳтонларни омма эътиборига ҳавола қилиш, шов-шув изидан қувиш ҳолатлари афсуски камаймаётир. Ҳатто вафот этмаган таниқли инсонларни ўлдига чиқариш, ўз хизмат вазифасини ўтаб турган раҳбарларни “ишдан озод қилинди” қабилида хабарлар тарқатиш каби ҳолатлар матбуот ва журналистик касб этикаси қоидаларига мутлақо хилофдир. Чунки бир нохолис сўз бутун бир жамиятни чалғитиши, адолат ва ҳақиқатга бўлган ИШОНЧдек кучга катта зарар етказиши мумкин.
Қолаверса, журналист ёки ҳар қандай ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси ўз ёлғон хабари билан, кимларгадир қилаётган туҳмати билан бир шахсгагина эмас, балки унинг оиласи, яқинлари, ишлайдиган жамоаси, маҳалласи олдида нечоғлик катта маънавий зарар келтиришини ўйлаб кўришармикан?
Наҳотки эълон қилинаётган хабарни аввало, текшириб, суриштириб, унинг рост ёки ёлғон эканлигини аниқлаштириш қонун талаби эканлигини тушуниш қийин бўлса?!
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси сўз ва матбуот эркинлиги юртимизда устувор аҳамиятга молик эканлигини таъкидлаган ҳолда, мамлакатимиздаги ҳар бир ОАВ вакили, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан аввало, қонун талабларига амал қилиш, қолаверса, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг 2019 йил IV конференциясида қабул қилинган Ўзбекистон журналистларининг касб этикаси кодекси талабларига қатъий амал қилишга чақиради.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси.