5 нинг 30 мўъжизаси
Яқинда Марказий Осиё халқаро институтида “Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлиги: пойдевори, истиқболлари, геостратегик аҳамияти” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Олий Мажлис Сенати, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Марказий Осиё халқаро институти ҳамда Конрад Аденауэр номидаги фонд томонидан ташкил этилган мазкур анжуманда 18 давлатдан вакиллар қатнашди. Дунё ҳамжамиятининг катта рағбати ва эътирофига сазовор бўлган Тошкент шаҳрида жорий йилнинг 15-16 июль кунлари ўтказилган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро нуфузли конференциядан сўнг ташкил этилган бу анжуман Президентимиз томонидан икки минтақа тараққиётига йўналтирилган геостратегик ташаббуслари ўз вақтида, долзарб ва жуда аҳамиятли бўлганини яққол тасдиқлади.
Конференцияда давлат тизимидаги амалдорлар эмас, минтақалараро стратегик тадқиқотлар билан шуғулланаётган илмий доираларнинг тажрибали экспертлари, нодавлат ташкилотларнинг вакиллари сўзга чиқиб, масалалар ечими бўйича Ўзбекистон лидерининг ташаббусларига юксак баҳо бердилар, холис ва адолатли муносабатларини билдирдилар. Айниқса, Покистон глобал ва стратегик тадқиқотлар маркази ижрочи директори Халид Таймур Акрам, “Вивекананда халқаро фонди” таҳлилий маркази эксперти, ҳиндистонлик Сканд Ранджан Таялнинг масалага таҳлилий ёндашувларига, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Сингапурдан туриб, Ўзбекистон ташаббуслари фаол қўллаб-қувватланаётганига гувоҳ бўлдик.
Президентимизнинг “Янги Ўзбекистон” газетасига берган интервьюси, мамлакатимиз босиб ўтган беш йиллик тарихнинг лўнда ва тушунарли сарҳисоби қизғин ўқиб-ўрганилаётган паллада биздан ташқарида туриб Ўзбекистон шаънига билдирилаётган юқоридаги каби эътирофларни эшитиш, албатта, фарахли.
Умуман олганда, давлат Мустақиллигининг 30 йиллиги байрамини халқимиз ёруғ юз, яхши кайфият билан кутиб олмоқда. Интервьюда ҳақли таъкидланди, биз ўзгардик, жамият ўзгарди. Ўзгарганда ҳам моҳиятан туб янгиланишларнинг гувоҳи бўлиб турибмиз. Саъй-ҳаракатлар натижаларини ўз кўзимиз билан кўриб турибмиз. Демократик янгиланишлар ижтимоий ҳаётимизни мазмунли қилмоқда. Очиқлик, шаффофлик меъёрга айланмоқда. Эътибор берилса, интервьюда амалга оширилган ислоҳий ўзгаришлар сони ўттиздан ортиқ. Очиқ эътироф этиш адолатдан бўладики, айрим ўзгаришларни халқимиз мўъжизадай кутиб олди. Нафсиламбирини айтганда эса ўтган беш йилни кунма-кун таҳлил қилинсаям бирор кун беиз кетмаганига гувоҳ бўламиз. Интервью, шунингдек, ўқувчига кучли рағбат берувчи, ҳар бир инсонда бор салоҳиятни намоён этишга иштиёқ уйғотувчи, ҳар бир сўз ва ибора юртга, Ватанга меҳр ва садоқатни амалда бахш этишга ундайди. Шу ўринда мен мамлакатимизда ташқи сиёсат борасида, хусусан, яқин қўшничилик муносабатларида эришилган мисли кўрилмаган натижаларга тўхталгим келади.
Президентимиз давлат раҳбари сифатида иш бошлаган дастлабки кунлардан Ўзбекистон ташқи сиёсатида бутунлай янги саҳифалар очилди. Раҳбаримиз дипломатиянинг расмий қолипларига эмас, тарихий ҳақиқатга, қадрият даражасига кўтарилган ўзбекона очиқ чеҳралик, самимиятга асосланган, конструктив шерикликка қаратилган муносабатларни қарор топтирди.
Мамлакатимиз Марказий Осиёнинг қоқ ўртасида жойлашгани ва яқин қўшни давлатлар билан тўғридан-тўғри қўшни-қардошлиги билан алоҳида аҳамиятга эга. Минтақанинг марказида қулай жўғрофий жойлашув халқимизни қадимдан қўни-қўшнилар билан аҳил ва ҳамжиҳат яшашга одатлантирган. Ўзаро савдо-сотиқ, борди-келди муносабатлари тили яқин, дини битта, урф-одатлари деярли бир хил халқлар ўзаро тинч-тотув яшаган.
Масалан, ўтган асрнинг 70-80 йилларида, эслайман, Наманган вилоятининг шимолида қўшни Қирғизистон билан рамзий чегара бўлар, қўшнилар яйловларда етиштирган қаймоғу сариёғини, ортиқча қўй-қўзисини Чортоқ, Янгиқўрғон, Чуст, Косонсойдаги, айниқса, Намангандаги бозорларга келтирар, топган пулига этик-махси, рўзғорига зарур ашёларни юртимиз ҳунармандларидан сотиб олиб, дўст-жўралар билан чойхўрликлар қилиб қайтишарди. Сув ресурслари тақсимотида ҳам адолат қатъий амал қилар эди.
Мустақиллик йилларининг бошларида бир муддат сақланиб турган ана шундай самимий муносабатларга “кўз тегди”. Жумладан юртимизда, қўшни давлатларда ҳам турли кучларнинг бош кўтариши, тинч ижтимоий ҳаётга раҳна солишга уринишлар оқибатида чегаралар ёпилди, назорат кучайди. Орадан йиллар ўтди. Мамлакатимизда ва жумладан, қўшниларда ҳам тинчлик-осойишталик мустаҳкам қарор топди. Бироқ чегараларда вазият юмшамади. Аксинча бундай жойларда тўрачилик авж олди, коррупция кучайди.
Юзага келган бу ҳолат, аввало, давлат чегараларининг яқинида яшайдиган аҳоли учун катта қийинчиликларни келтириб чиқарди. Ота-боболар удумига кўра кимдир қўшни юртга қиз берган, симтўсиқ ортидаги бошқа бир қадрдон Ўзбекистонга қиз узатган. Ишқилиб олдинги борди-келдиларнинг иложи йўқ, халқларимиз жуда қийналаётган эди.
Шу ўринда ўзим гувоҳи бўлган бир ҳолатни қисқа баён қилсам. 2015 йил эди. Наманган вилоятида Наврўз байрами арафасида қўшни Қирғизистонда анклав шароитида яшайдиган яқин 100 хўжалик атрофидаги ҳамюртларимизни йўқлашга қарор қилинди. Рўзғорлари учун озиқ-овқат маҳсулотлари, болажонлар учун ноз-неъматлар, газета, журнал, янги китоблар ортилган машиналар карвони ташкил қилдик. Биз ўшанда халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, вилоят ташкилотлари мутасаддилари, санъаткорлардан иборат гуруҳ яхши ниятлар билан чегара постига етиб келдик. Рўйхатлар аввалдан берилган, расмий жиҳатлари кўриб чиқилган бўлса-да, биз чегарадан у ёғига ўтолмадик. Ўша даврда икки томонлама муносабатлар жуда таранг эди. Икки сутка кутилди, лекин чегарани очишнинг иложи топилмади. Вилоят раҳбарлари, республика идоралари аралашиб ҳам вазият ижобий томонга ўзгармади. Мақсадга етмай, ноилож ортга қайтганмиз.
Шуни мамнуният ва зўр қониқиш билан қайд этиш жоизки, 2016 йилдаёқ давлат раҳбаримиз минтақада юзага келган вазиятни юмшатишга қатъий ирода билан киришди. Ўтган беш йилда Марказий Осиёда ўзаро биродарлик ва ҳурмат, самимий қўшничилик муносабатларига асосланган стратегик шериклик тамойиллари қарор топди.
Адолат юзасидан тан олишимиз керакки, бу даражадаги яқинликка эришиш осон бўлмади. Бугун бўлса Президентимизнинг оқилона тадбирлари натижасида ҳолат тубдан ўзгариб, қўни-қўшничилик, ўзаро борди-келдилар жойига қўйилиб, муаммолар барҳам топди.
Таъкидлаш жоиз, Президентимиз фаолиятининг бир йилга етмаган давридаёқ дадил конструктив ва ёрқин ташаббуслари билан минтақада аҳвол тубдан ўзгарди. Узоқ йиллар ҳал бўлмай ётган чегара, борди-келди доирасидаги муаммолар ечилди. Энг муҳими, юзага келган ришталар тили бир, дини ва миллий қадриятлари ўзаро яқин минтақа халқларининг руҳиятини кўтарди, мақсад ва муддаолари рўёбга чиқишига мустаҳкам ишончни уйғотди, умидбаш тенденцияларга асос солинди. Минтақа учун глобал ҳисобланган Орол ҳалокатини бартараф этиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича ҳамжиҳат чоралар кўрила бошланди.
Президентимизнинг дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини янада мустаҳкамлашга қаратилган қатор ташаббуслари, масалан, Марказий ва Жанубий Осиё минтақаларидаги барча халқлар манфаатларига хизмат қилиши билан жуда аҳамиятлидир. Бу юқорида таъкидлаганимиздек, аввало, минтақалар ва уларда яшовчи халқларни бир-бирига янада яқинлаштирди, ўзаро ишончни ҳамда ҳамжиҳатликни мустаҳкамлади. Иккинчидан, Президентимиз ташаббуси билан илгари сурилаётган масалалар моҳиятан стратегик шериклар учун ҳам ниҳоятда аҳамиятли эканини даврнинг ўзи кўрсатиб турибди. Стратегик ҳамкорлик шу маънода долзарб аҳамият касб этишидан келиб чиқиб, ҳамжиҳатликдаги келишувлар ижроси муқаррар амалга ошади. Учинчидан, халқаро масалалар доирасида Ўзбекистон таклиф қилаётган ташаббуслар ва ечимлар тинчлик-осойишталик барқарорлигига хизмат қилади.
Биз ўз мулоҳазаларимизга “5 нинг 30 мўъжизаси” деб рамзий сарлавҳа қўйдик. Бу Юртбошимизнинг давлат раҳбари сифатидаги фаолиятига 5 йил бўлаётгани ва Она Ватанимиз Мустақиллигига 30 йил тўлганига ишора. Аслида эса ана шу ўтган беш йилда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида юзлаб чинакам мўъжизалар амалга оширилди. Бу мўъжизалар эса жасорат ва собитлик билан эл-юртимиз учун рўёбга чиқарилаётган ёруғ муждалардир.
Маҳмуджон ПАРПИЕВ,
Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари.