Китобхонликни амалдорлар кабинетидан бошласа…

Олис болаликка хаёлан сафар қилиш ҳеч биримизга бегона эмас. Ширин хаёллару тотли хотиралар ҳар қандай кишини ажиб энтиктиради. Болалик дамларини безаган бепоён далалар, дашту биёбонлар, отлар дупури, қўй-қўзилар подаси, чанг қишлоқ кўчалари кино тасмасидек бирма-бир кўз ўнгингдан ўтади.

Ана шу манзаралар ичида пайкал орасида ярқ этиб бўй кўрсатиб турган, илкис ўзига имлаётган қовун-тарвузларнинг тотли ҳиди, помидор, бодрингларнинг мазали бўйи ҳали-ҳамон димоғимни қитиқлайди.

Эҳ-ҳе, ҳаммасидан ҳам онам ёпган нонларнинг тафтини айтмайсизми! Буғи чиқиб турган қайноқ кулча лаби оқариб, кўча чангитиб қорни очган болакайларнинг энг тансиқ таоми эди. Айниқса, ширмой нонларнинг ўткир ҳиди димоғингизга урилганда бутун олам чароғон бўлиб кетади. Дилингиз яйрайди.

Буларни нега эслаяпман? Чунки мана шу айтганларим орасида яна бир унутилмас, дуч келганда юракни орзиқтирадиган, илм олишга ташна, бетизгин ва асов ўсмирликни ёдга соладиган яна бир мўътабар бўй бор! Бу оламни мунаввар айлаган маънавий хазина жавоҳири, қалб гавҳари бўлган Китобнинг бетимсол ҳиди эди…

Болалигимда уйимиздан бир кўча наридаги туман кутубхонасига қадам қўйишим билан биринчи бўлиб турли китобларнинг ажиб ҳиди димоғимга уриларди. Мана шу ёқимли бўй мен учун маънавият оламининг муқаддас мушки анбарига айланди, бир умрга ҳамроҳ бўлди.

Очиғи кунда-кунора бу китоб саройига борар эканман алоҳида жиддий ҳозирлик кўрар эдим. Кимдир музей ёки театрга боришга ҳозир қандай ясан-тусан қилса, мен кутубхонага шундай отланар эдим.

Чунки, болалик тасаввуримда жаҳондаги энг чиройли иншоотлар фақат кутубхоналар бўлса керак, деб ўйлардим. Шинамлиги, тоза-озодалиги, кенг ва ёруғлиги назаримда муаззам саройлардан қолишмас эди.

…Минг бир ҳаяжон билан кутубхона остонасини хатлайман. Дунёдаги жамики китоб­ларнинг “меҳрибон” дўсти, ширинсухан, истараси иссиқ Ирина Сергеевна табассум билан илиқ кутиб олади. Ниҳоятда одоб ва тавозе билан китоб жавонларининг ёнига бораман. Дунё мўъжизаси мендек содда қишлоқ боласи олдида виқор билан ял-ял товланиб турибди. Навоий, Бобур, Лев Толстой, Пушкин, Лермонтов, Александр Дюма, Фенимор Купер, Виктор Гюго, Мопассан, Абдулла Қодирий, Ғафур Ғулом, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Саид Аҳмад, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов…

Жаҳон адабиёти афсунгарларига бирма-бир кўз ташлайман. Мен бу улуғлар даврасини қизиқувчанлик билан кузатаман. Қалбимда ўзгача ғурур пайдо бўлади. Чиройли қилиб тахланган бежирим муқовали китоблар ноёб хазинанинг асл инжуларига ўхшайди гўё. Худди китобларнинг жони бордек, ҳозир тилга кирадигандек. Мен оддий мактаб ўқувчиси бўлатуриб, мана шундай улуғвор ганжинага бемалол қўл узатишим, ундан баҳраманд бўлишим мумкин эди. Оламни лол қилган алломалар ёнида турибман. Улар билан суҳбат қуришим, уларга савол беришим, улардан маслаҳат олишим мумкин эди. Мана шу тасаввур кутубхонанинг улуғворлигини, чўнглигини янада оширгандай бўлади.

Китобларни қўлга оларканман беҳад қувонаман. Бағримга маҳкам босаман. Маърифат хазинаси қўлимда товланади. Дунёда мендан бахтли одам йўқ. Уйга келиб мукка тушиб мутолаага киришаман. Муҳташам саройга, улуғлар даврасига яна тезроқ қайтиб бориш, гўзалликдан баҳра олиш учун мижжа қоқмайман.

…Бугун бир неча йиллик тарихга эга, отахон нашриётининг раҳбари сифатида фаолият юритарканман, болаликдаги митти қалбимнинг буюк орзулари бугун оддий турмуш ташвишларим ҳисобланишидан нақадар бахтиёр эканлигимни ҳис қиламан. Ёшлигингда нималар ҳақида кўп ўйласанг келажакда худди шундай инсонга айланасан, деганлари бежизга айтилмаганлигини ўз ҳаётий йўлим мисолида кўриб турибман.

Бундай эътибор ва эътирофларга муносиб бўлиш учун биринчи навбатда, китоб яратилишига масъул бўлган барча корхона ва уларнинг раҳбару ишчи-ходимларининг ўзлари фаол китобхон бўлмоғи зарур деган қатъий фикрдаман. Шундагина ёшларимизга, аҳолимизнинг ҳар бир қатламига мос бўлган ва замон талабларига жавоб берадиган сифатли китоблар ярата олади деб ўйлайман. Зеро, китобсиз илм бўлмас, илмсиз эса ривожланиш. Китобхонликда эса устоз Иброҳим Ғафуров айтганларидек, аввало, катта-катта амалдорларнинг ўзлари намуна бўлишлари керак. Китобхонлик ва китоб тўла жавонлар уларнинг кабинетларидан бошланиши лозим…

Бугун давр талаби, Юртбошимиз томонидан олиб борилаётган сиёсатларнинг ҳаммаси азалий орзуларимнинг ривожи, тимсолидек. Бунга давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори ҳамда китобхонлик бў­йича олиб борилаётган кенг кўламли ишлар, жумладан, “Энг яхши китобхон”,“Энг яхши китобхон оила” каби нуфузли танловлар ўтказилиши ва ғолибларнинг муносиб тақдирланишлари, кутубхона, китоб, китобхонлик деган муқаддас тушунчалар давлат сиёсати даражасига кўтарилаётгани шубҳасиз юртимизда китобга, маънавиятга ҳайкал қўйилаётганидан далолатдир.

Лазиз ТАНГРИЕВ,

Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа

ижодий уйи директори

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × three =