Президент сайлови: Ватан тақдирига дахлдорлик

Мамлакатимизда Президент сайлови кампанияси тобора қизғин паллага кирмоқда. Бу масъулиятли жараён Марказий сайлов комиссияси томонидан Сайлов кодексида белгиланган тартибда изчиллик билан мувофиқлаштириб борилмоқда.

Сайловни миллий сайлов қонунчилиги ва умумэътироф этилган халқаро демократик стандартларга биноан, очиқ-ошкора ўтказишда оммавий ахборот воситаларининг аҳамияти катта.

Марказий сайлов комиссияси ўз фаолиятида бу масалага ҳамиша, айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтадиган жорий йилда алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.

Комиссиянинг барча тадбирлари оммавий ахборот воситалари вакилларининг фаол иштирокида ўтказилаётир. Уларда журналистлар, жумладан, хорижлик журналистлар,  Президент сайловига оид ўз саволларига Марказий сайлов комиссияси раҳбарлари, аъзолари ва экспертлари томонидан батафсил жавоблар олмоқда.

Теле ва радиоканаллар матбуот анжуманлари, брифинглар ва учрашувларни тўғридан-тўғри эфирга узатмоқда. Махсус репортажлар, жумладан, онлайн ҳамда фоторепортажлар, интервью­лар тайёрланиб, босма ва интернет нашрларда турли тилларда кўплаб таҳлилий мақолалар эълон қилинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раиси Зай­ниддин Низамходжаев алоҳида таъкидлаганидек, буларнинг барчаси, аввало, мус­тақил мамлакатимизда давлат ҳамда жамият қурилиши соҳасида амалга оширилаётган тизимли, изчил, айни пайтда, жадал ислоҳотлар самарасидир. Демократик давлат ва адолатли жамият барпо этиш сари дадил қадам қўйган Янги Ўзбекистонда очиқлик ҳамда ошкоралик жамият ҳаётидан тобора кенг ва мустаҳкам ўрин олаётгани, давлатимизнинг халқаро нуфузи муттасил юксалиб бораётгани билан боғлиқдир.

Марказий сайлов комиссияси томонидан шу йил 23 июль куни қабул қилинган ва ижроси изчил давом эттирилаётган Ўзбекистон Рес­публикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш бўйича календарь режасида сайлов жараёнларининг барча босқичларини тизимли ёритиб боришга доир муҳим вазифалар ҳам белгиланган.

Бу вазифаларни амалга оширишда Марказий сайлов комиссияси билан мамлакатимиздаги етакчи оммавий ахборот воситалари ўртасида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кампаниясини ёритиш бўйича ўзаро ҳамкорлик меморандумлари имзолангани муҳим аҳамият касб эмоқда.

Жумладан,“Халқ сўзи” – “Народное слово”,“Янги Ўзбекистон” – “Правда Востока”, “Ҳуррият” газеталари, “Qalampir.uz”, “Human.uz”, “Bugun.uz” — “Nova24.uz” интернет нашрлари, шунингдек, “Bright Uzbekistan” портали билан ана шундай икки томонлама меморандумлар имзоланди.

Меморандумларни амалга ошириш доирасида барча даражадаги сайлов комиссияларининг фаолиятини изчил ёритиб бориш, сиёсий партиялар ва уларнинг номзодлари сайловолди дастурлари қоидалари, мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ривожланишининг муҳим масалаларига оид нуқтаи назарларини сайловчиларга, жамоатчиликка етказишда оммавий ахборот воситалари, тенг ҳажмда эфир вақти ва нашр майдони ажратиш йўли билан кенг ва тенг имкониятлар яратишга алоҳида эътибор қаратилади.

Имзоланган меморандумлар сайловчилар ва сайлов ташкилотчиларининг амалдаги сайлов институтларига ишончини ҳамда уларда Ватан ва халқ тақдирига дахлдорлик туйғусини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Қайд этиш ўринлики, 14 июль куни Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА, “Дунё” ахборот агентлиги, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, “ЗўрТВ” телерадиокомпанияси, “Ўзрепорт” ахборот агентлиги билан ҳам Президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнларини ёритиш бўйича икки томонлама меморандумлар имзоланган. Комиссия томонидан шу кунга қадар аккредитациядан ўтказилган миллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари  вакиллари сони  эса жами 814 нафарга етди.

Бундай кенг кўламли, тизимли ва изчил ишларнинг барчаси пировардида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини конституциявий қоидалар ҳамда халқаро сайлов андозалари, демократик тамойиллар асосида очиқ-ошкора ўтказишга хизмат қилади.

Равшан БУРХОН,

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × 1 =