Чўққиларга қўнар бургутлар

Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг ўттиз йиллигига бағишланади

Шарифа САЛИМОВА

Муаллиф ҳақида: истеъдодли шоира, ўткир публицист Шарифа Салимова 1951 йил 30 декабрда Тошкент вилоятининг Паркент шаҳрида туғилган.

Мутахассислиги: журналист, ҳуқуқшунос.

1993 йил “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвони, 2018 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган.

Шоиранинг 1979 йили илк шеърий китоби “Ҳаёт завқи” чоп этилган. Сўнгра “Менинг баҳорим”, “Етти оққуш” (1991), “Хизр булоғи” (1996), “Гиёҳлар билан тиллашган инсон” (1996), “Аёлга эҳтиром” (1999), “Тонгга қасам” (2001), “Гиёҳлар билан тиллашиб тоғ ошаётган одам” публицис­тик тўплами (2007), “Дийдор саодати” жамоа тўплам (2010), “Олимлик ва одамийлик” (2011),  “Ватан суврати” (2011), “Вафонинг иффат йўли” (2016) Кибриё Қаҳҳорова ҳақида тўплам, “Қувноқ Алифбо” туркумидан “Ҳайвонот оламига саёҳат” (2016), “Бедор тун томчилари” (2018),  “Қушлар алифбоси”(2021) каби китоблари чоп этилган. Асарлар озарбайжон, тожик, рус, қорақалпоқ, олмон тилларига таржима қилинган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси.

ЭПИЛОГ

— Ота, нега ғамгинсиз?

— Кутаяпман қуёшни.

— Она, нега маъюссиз?

— Синаяпман бардошни.

— Ака, тоғдек елкангиз

Нега ғамдан букилган?

— Чексиз пахтазорларга

Менинг умрим экилган.

— Опа, ҳув тутлардаги

— Чайқалаётган нима?

— Шамол туққан болалар…

Бошқа ҳеч нарса дема.

— Синглим, ранггингда қон йўқ…

Кечир, йўлингни тўсдим.

— Ука, жон кетиб борар,

Пахтазорда қон қусдим…

 

* * *

Йигирманчи аср.. Босириқ тушдай

Хаёл кўзгусида бўлар намоён.

Тарих ингранади. Бўғриққан ҳаво

Кишан овозига тўлади осмон.

Мозий юзларига тутилар парда:

Улуғлар оҳидан кўтарилар дуд.

Қайлардадир руҳлар кезар бенишон,

Тил унут, дин унут, аллалар унут.

Липиллаб ёнади керосин чироқ,

Қоракўз болалар нигоҳида ғам.

Нон йўқ. Кийим-бош йўқ,

Бир  парча гўшт йўқ.

— Энди кўзингни юм, ухлайқол болам!

“Қулоқ” қилинади энг сара бошлар,

Уяси бузилган қуш қилар фарёд.

Қора кўланкасин ўлкага ёйиб,

Миллатни қуритиб борар истибдод.

 

* * *

— Ота, отимизни олиб қўйишди…

— Қўявер, қизим.

— Ота, боғимизни, олиб қўйишди.

— Қўявер, қизим.

— Ота, китобларим… Нега йиғлайсиз?

— Эркак йиғламайди. Бу кўздаги сув.

— Ахир бу азоблар қачон тугайди,

Инсонга берилган умр битта-ку…

 

* * *

Тун… Кўкда безовта хорғин булутлар,

Ой зўрға сузади. Рангида йўқ қон.

Сибирда – музюрак салтанатида

Шеър ёзган қўлини чопади Усмон.

Тун… Кўкда тўлғанар ҳорғин булутлар,

Ой юзин тўсади. Само тортар оҳ.

Алвасти кўприклар қах-қах отади,

Қодирийни ютар мудҳиш қатлгоҳ.

 

* * *

— Она, эртак айтинг, сиздан сўз кутиб,

Юлдузлар кўзимга қараб ётурлар.

Мен Алп ўғлонларни соғиндим, Она,

Қачон туғилади Кенжа ботирлар?

Она, аллаларни унутдим Она,

Жоним ўртар фиғон – қандай бўзлайман?

Оҳ, тилим бўлмаса, тилим бўлмаса,

Бу ёруғ оламга нени сўзлайман?

 

* * *

Йигирманчи аср. Истибдод, зулм.

Ойбек тилларида тош қотган исён.

Сўнгсиз азоблардан лахта қон ютган

Сен сабр дарахти эдинг, Туркистон…

Туркистон — онажон, Туркистон – отам,

Қалбдаги қуёшим — жону жаҳоним.

Отингдан айланай, жафокаш онам,

Қақнус қушим — она Ўзбекистоним.

Тарих хотирадан ўчмагай ҳеч вақт,

Ўзини унутмоқ – йўқлик сари йўл.

Кун келди. Кўксингда балқиди қуёш,

Зулумот чекинди йўқликка буткул.

Истиқлол… Она юрт… Илк айтилган сўз.

Ҳурлик сари илк бор қўйилган қадам.

Кимдир шод. Ким карахт. Ким ҳамон мудрар,

Ҳамон ухлаб ётар қайси бир одам.

Хориж матбуоти тинмайди бир зум:

— Ўзбеклар энди кун кўрмоғи маҳол.

Қийиқ билан танғиб пешонасини

Даласига ниҳол экаётир чол.

Умид ниҳоли бу. Завол билмаган

Довулу  бўронга кўксини тутган.

Ўттиз йил… Ҳуррият қон томирлари

Миллат руҳи билан чирмашиб кетган.

Оҳ, ўтган  қисматлар. Бир юз ўттиз йил.

Улуғ бир халқ умри бўлганда увол.

Тарих қабатида қуёшдек балқиб,

Ниҳоят сен келдинг, Истиқлол!

Истиқлол… Олисда қилади шовқин,

Қарғалар галаси – қушлар галаси.

Тоғларнинг бошидан тарқамиш туман

Нурдек порлаб келар ўзбек боласи.

Энди ғаним учун бу дунё қафас,

Ҳашаматли қаср энди тангу тор.

Энди ўзбегимнинг ўз осмонида

Порлаган  ой, қуёш, юлдузлари бор.

 

* * *

— Бу ўша “Манас”ми? Йўғ-ей?! Алдаманг.

У хароба қишлоқ қаерда қолди?

Олислардан келган меҳмон ишонмай

Атрофга кўз ташлаб, хаёлга толди.

— Олтмиш йил пахта деб, ер тирнабмиз-а,

Косамиз оқармай, умримиз ўтди…

Қирқ беш кун тарихнинг саҳифасига

Янги Манас деган сўзини битди.

Кўз ўнгимда турар аввалги  қишлоқ:

Увадаси  чиққан уйлар, деворлар.

“Пуф” деса йиқилган жулдур кулбалар,

Бу ерни танимай ўтган баҳорлар.

Энди илк бор бутун қишлоқни тутган,

Чучмома-ю, нафис бинафша иси.

Кумушкент кўксида жаранглаб кетар

Озод болаликнинг кумуш товуши.

Келинчаклар тандир-тандир нон ёпар,

Қалдирғоч ин қўяр айвонларига.

Дуога эш бўлиб қайнар сумалак

Янги  Кўкбулоқнинг қозонларида.

Ўтмишга айланди, рутубат, зулмат,

Тоғларнинг ортига чекиларкан тун.

Пешонадан терин артганча хушнуд

Жилмайиб қўяди камтар ҚИРҚ БЕШ КУН.

 

* * *

Бургутлар чўққига нега интилар,

Нега чўққиларни айлар ошиён.

Қуёшнинг кўзига тик боқа олур,

Уни қўрқитолмас на ўқ, на камон.

Бургутлар чўққига нега интилар,

У туйган Эрк исин туя олур ким?

Сен асрлар оша самони қучдинг

Менинг улуғворим, жафокаш халқим!

* * *

— Бу қандайин мактаб? Ижод мактаби.

Бу маскан бунчалар зиёга тўла.

Асога суяниб, кўзда ёш билан

Ёзувни ўқийди Исҳоқхон тўра.

Наҳотки бу маскан унинг номида,

Самога етибди шоир ноласи.

Салкам юз йил кейин чарх уриб қувнар

Умрлик орзуси – ҳурлик боласи.

Дунёни кезди у маърифат учун

Халқимнинг кўксига  тегсин, деб офтоб.

Бироқ, қора қузғун – эрк душманлари,

Шоирни янчдилар, янчдилар шитоб.

Тарихчи, тилшунос ва исломшунос,

Дунёни лол қилган у моҳир хаттот.

Волида дуосин беҳисоб олган,

Шогирдлар пойини кўзга суртган зот.

Умри кечди бир зум ором билмайин,

У ношир — қалбларга таратди зиё.

…Етмиш беш ёшида темир панжара

Ортида халқига деди: Алвидо…

Ижод мактаблари: Ҳамид Олимжон,

Зулфияхоним шеър айтган маҳали.

Шивирлаб куйлашар ниҳоллар хушҳол;

— Бу боғлар бир боғлар бўлади ҳали.

Уфққа кўз тикар Абдулла Ориф,

Абадият сари оққан дарё ул.

Ижод мактаблари Эркин Воҳиднинг

Қалбида “халқим” деб қалққан дарё ул.

Устоз Огаҳийнинг ўтли нафаси,

Абдулла Қодирий сўнгги сўзи ул.

Ҳалимахон – шу эл куйчиси бўлиб

Она Тўмарисдек боққан кўзи ул.

Муҳаммад Юсуфнинг дилбар ашъори,

Минглаб юракларга солган ҳаяжон.

Сўз сеҳрин бетакрор жилваларида

Тобора ўзлигин англайди инсон.

…Соҳилга бош уриб чайқалар денгиз,

Туби тўла инжу, дуру, жавоҳир.

Ўсиб келаётир шиддатли авлод,

Улар юрт таянчи – ҳар ишга қодир.

…Руҳлар боқий олам элчиларидир,

Гуллар чайқалиши, япроқлар саси.

Наздимда ҳавони тўлдириб турар

Ўтмиш  аждодларнинг улуғ нафаси.

* * *

Тил асли миллатнинг руҳи, жонидир,

Гўдак ингасидан бошланур ҳаёт.

Дунё турфа товуш, рангга тўладир,

Ўз тилида сўйлар сизга коинот.

Юк ортган чумоли сўзин айтади

Ортидан келувчи ўз сафдошига.

Бемор сўнгги видо сўзин айтади

Дўстига ва ёки ёстиқдошига.

Бола тилин бола англайди, зотан,

Қушлар ўз тилида қилади суҳбат.

Она тилим, бори сеҳр ўзингда,

Қалбим аллаловчи буюк фароғат.

Узоқ йиллар унут бир кимса каби,

Ёки унутилган бир соҳил мисол.

Кўксингда гувлаган тўлқинларинг-ла

Зулмат соясида бўлдинг кўп абгор.

Аччиқ азобларинг йўқликка сингди,

Лабларинг қонатди аламли фиғон.

….Бироқ сен сўз айтган кунинг жаҳонга

Ҳайратларга тушди замину осмон.

Илк бор жаранглади ўзбек каломи,

Жаҳоний тилларнинг учқур отида.

Ўктам, мардонавор сўзлар янгради,

Бирлашган Миллатлар Ташкилотида.

Мен бўлсам… жимгина кўз ёшим артиб,

Жонимни титратиб турфа ҳаяжон.

Дедим: юксал дунё узра туғ каби,

Заволинг кўрмайлик энди, Онажон!

Бу кунни биз узоқ кутдик, кўп узоқ,

Унгача юраклар бўлди минг тилим.

Ҳазрат Навоий қўл очар дуога:

— Изларингдан мангу гул унсин, элим!

* * *

Янги Ўзбекистон – буюк Уйғониш,

Учинчи Ренессанс тарихга кирди.

Тўрт йил – тўрт асрга татигулик йил

Ўзбекистон дунё томон юз бурди.

Сарҳадлар очилди. Очилди йўллар,

Янада ёрқинроқ порлади офтоб.

Она аллалари ҳаётга қайтди,

Саҳро қумларига сингиди сароб.

Музаффар ўғлонлар, арслон ўғлонлар

Зарбин татиб кўрди бу дунёи дун.

Бугун самодан  нур мўл-кўл ёғилар,

Ўзбекистон учун, ўзбеклар учун.

Икки кибор давлат туғлари аро

Ўзбек байроғи бўй чўзмиш улуғвор.

Кўкларга кўтариб Ўзбекистонни,

Музаффар йигитлар турар бахтиёр.

Қоши қаро қундузим,

Кўзи қаро юлдузим.

Юксак-юксак чинорларга

Туташ бўлган илдизим.

Томирингда бош эгмаган

Аждодларинг қони бор.

Қўлингда Алпомишнинг

Ўқ-ёйи, камони бор.

Алпдек бўйи бастингга

Бекнинг тўни бичилган.

Жалолиддин кафтида

Сенга сувлар ичирган.

Кураги давраларда

Ер искамас полвоним.

Баҳодирларим менинг,

Бошимга соябоним.

Бугун ҳайратга солиб,

Жами жумла жаҳонни.

Кўкларга кўтардингиз

Она Ўзбекистонни.

* * *

Бургутлар чўққига нега интилар,

Нега чўққиларни айлар ошиён.

Қуёшнинг кўзига тик боқа олур,

Уни қўрқитолмас на ўқ, на камон.

Бургутлар чўққига нега интилар,

У туйган Эрк исин туя олур ким?

Сенга бугун дунё гуллар тутмоқда,

Менинг улуғворим, жафокаш халқим.

 

* * *

Узоқ давом этган мустабид тузум

Миллатни иймондан айиролмади.

Қуёшнинг юзини тўсолмагандай

Дарёлар ўзанин қайиролмади.

Улуғ  муҳаддислар – Имом Бухорий,

Имом Термизийлар қолдирган мерос.

Миллат қалбига нур сочажак абад,

Динимиз илмига қўшганча ривож.

Бир пайтлар масжидлар отхона бўлган,

Оёқости бўлган муқаддас даргоҳ.

Ўғил падарининг жанозасига

Келолмаганига дунёлар гувоҳ.

Бугун диний, илмий, маънавий мерос

Ёш авлод кўксида юз очган баҳор.

Янги Ўзбекистон кенгликларида

Дунёга юз тутган миллат қалби бор.

* * *

Унда бола эдим олти ёшларда…

Бобом қайтди уйга ҳасратда ёниб.

Ғуж ҳосилга кирган узумзорларин

Одамлар ташлаган эмиш қўпориб.

Ёлворибди бобом, инграбди бобом,

“Худодан қўрқинглар”, — дебди дарғазаб.

— Токлар йўқ бўлсин, деб Хрушчев айтган,

Ҳушёр бўлиб гапир, оғзингга қараб.

Шундай замон эди. Эсласам агар

Аламдан қийналиб, титрайди танам.

Бир ҳафтада худди чўкиртак мисол,

Озиб, касал бўлиб қолганди бобом.

Бугун юз гектарлик боғлар бунёддир,

“Янги Ўзбекистон” аталмиш боғи.

Мустақиллик боғи билан вобаста,

Гўзал табиатнинг яшил байроғи.

Бу боғлар дунёнинг кўзин олажак,

Бу боғлар ҳеч қачон бўлмайди хазон.

Унда ўзбек халқин яшил умиди,

Тўрт фасл ҳам кетмас баҳори пинҳон.

* * *

Яна болаликка кетади хаёл…

Бобом қўлларимдан ушлаб оларди.

Бозорга борардик якшанба куни,

Кейин бир девона айтган қўшиқни

Эшитиб, лол бўлиб, жимиб қолардик.

— Дунё бозорга ўхшайди,

Етимлар зор қақшайди.

Етимнинг ҳолини сўрсанг,

Отоси йўққа ўхшайди.

Отоси ўлмаган ким бор,

Оноси ўлмаган ким бор.

Ғариблик шаҳрига келиб,

Мусофир бўлмаган ким бор?

Бу қўшиқ бир умр мен билан юрар.

Янги Ўзбекистон болаларининг

Бошида она юрт – Ватани турар.

Меҳрибонлик уйига борди юртбошим.

Уларга энг зарур сўзини айтди.

Улар улғаяди, кемтик кўнглини

Меҳр деган ганж-ла тўлдирмоқ пайти.

Энди уйи бўлар, беҳадик яшар,

Нохуш изғиринлар эсса толмайди.

Улар ёлғиз эмас, она юрти бор,

Кўчада қолмайди.

Улар улғаяди. Қувватга тўлар,

Ватанга муносиб фарзандлар бўлар.

 * * *

Пойтахт кўчаларин пиёда кездим…

Худди келинчакка ўхшайди шаҳар.

 

Гўзал иморатлар – янги қурилган.

Ҳаёт бошланади айни тонг саҳар.

Булбуллар чаҳ-чаҳлар гулнинг шохида,

Асли бу жим куйган ошиқ илҳоми.

Навоий бобомиз ғазаллар битар,

Севгига лиммо-лим муҳаббат жоми.

Адиблар боғида улуғлар сокин

Суҳбат қурадилар. Осойишта, соз.

Боғларни қуршайди гул нафасидек

Шеър завқига тўла илоҳий овоз.

Янги Ўзбекистон овозидур бул.

Учинчи Ренессанс ташлайди одим.

Тонгларни уйғотиб, халқни уйғотиб,

Вақт кетиб боради, шошқин, бетиним.

 * * *

Бургутлар чўққига нега интилар,

Нега чўққиларни айлар ошиён.

Қуёшнинг кўзига тик боқа олур,

Уни қўрқитолмас на ўқ, на камон.

Бургутлар чўққига нега интилар,

У туйган Эрк исин туя олур ким?

Сенга бугун дунё гуллар тутмоқда,

Менинг улуғворим, жафокаш халқим.

 

Бугун Жомолунгма чўққиси узра

Ҳилпирар ватандош дўст тиккан байроқ.

Ўзбекистон, онам, ўзинг айт, бизга

Борми сендан кўра Ватан яқинроқ.

 

Янги Ўзбекистон – бургут шиддатли,

Мудом чўққиларни айла ошиён.

Сен қуёш кўзига тик қарайдурсан,

Сени қўрқитолмас на ўқ, на камон.

 

Биз сенинг болангмиз – хизматингга шай,

Қадоқ қўлларингни кўзга суртамиз.

Сендан дуо сўраб, азиз пойингга

Оқарган бошимиз қўямиз…

 

Чўққиларга қўнар мудом бургутлар…

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × 1 =