Оқ қоғозга очдим қалбим сирини
Асрор МЎМИН
Муаллиф ҳақида: Асрор Мўмин — 1954 йил Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманидаги Қўйтош қишлоғида туғилган. Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)да таҳсил олган. Унинг “Дил рози”(1991), “Таваллуд”(2002), “Юрак”(2002), “Севдим, севилдим”(2004), “Қалбингда Алпомиш яшасин”(2004), “Севги тумори”(2005), “Умид ва Орзу”(2006), “Саккизинчи мўъжиза”(2007), “Сиздан миннатдорман”(2009), “Ширин олма”(2011, 2013), “Мунир ишқ”(2015), “Умрим фасллари”(2018), “Орзу ва Оҳу”(2020) сингари шеърий китоблари нашр этилган. Таниқли шоирлар – Қайсин Қулиев, Расул Ҳамзатов, Роберт Рождественский, Давид Қуғултиновнинг дунёга машҳур асарларини она тилимизга ўгирган. “Умид ва Орзу” достони, “Расул Ҳамзатов” ва Ҳазрат Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” достони асосида ёзган “Қуш тили” шеърий драмалари эълон қилинган.
ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН
Ер юзида миллат кўп,
Зўрмиз деган давлат кўп,
Бир ўлка бор гўзал хўб,
Дунёга донғи достон,
Бу – Янги Ўзбекистон!
Тошкент тенгсиз, ягона,
Ҳатто кенти Афшона,
Самарқанддай афсона,
Дунёга донғи достон,
Бу – Янги Ўзбекистон!
Кулди толе қуёши,
Бўлди оқил Юртбоши,
Розидир кекса-ёши,
Дунёга донғи достон,
Бу – Янги Ўзбекистон!
Эзгудир ўй, сўз, иши,
Осойишта турмуши,
Ҳумодир иқбол қуши,
Дунёга донғи достон,
Бу – Янги Ўзбекистон!
Олдда ойдин манзиллар,
Пойида унар гуллар,
Васфин куйлар булбуллар,
Дунёга донғи достон,
Бу – Янги Ўзбекистон!
ИШҚ
1
Изҳор дами бу дам, мухтасар сўзда
Умрим мазмунини айлай сарҳисоб.
Инон-ихтиёрим ҳозирча ўзда,
Аммо омонат умр ўтмоқда шитоб.
Хаёлим учарди гўё саркаш қуш,
Бошимга ёғилди турмуш ташвиши.
Ҳолим не кечарди этмаса сархуш,
Мени муҳаббатнинг муаттар иси.
Кейин кўз олдимдан кетмади асло,
Ўзбек қизларининг тимсол гўзали.
Ошифта кўнглимга берди тасалло,
Ҳазрат Навоийнинг “Кўзунг…” ғазали.
2
Омон чиққан камдир ҳижрон чўлидан,
Кимни оқизмаган қайғу дарёси.
Адашиб кетардим ҳаёт йўлидан,
Қўлимдан тутмаса қизлар барноси.
Шабнамда намоён қуёшнинг нури,
Гоҳ лаҳзада жамдир жумлайи жаҳон.
Шундай келиб-кетди севги сурури,
Шундай дилга чўкди мангулик армон.
Тақдир ёзиғини билмайди инсон,
Йиллар ўтиб ушбу ҳақиқат аён:
У бўлиб ҳамиша бошимда посбон,
Мени ишқ боғига етказмиш омон.
3
Ширин орзуларим ушалмасди ҳеч,
Агар учрамаса Ҳазрат Ширини.
Мен ундан ўргандим бўлса ҳамки кеч,
Кўҳна ишқ сеҳрини, яшаш сирини.
Фарҳоддай бахтлиман – Ширинни кўрдим,
Шодмон ёздим қанча “Асрорнома”ни.
Олмазорда бирга умидвор юрдим,
Топарман деб ўшал ишқий олмани.
Тугаб бораётир умримнинг қиши,
Оқ қоғозга очдим қалбим сирини:
Мени маст этган ишқ муаттар иси,
Қизлар барноси ва Ҳазрат Ширини.
ЧИН СЕВГИ
Сени чин юракдан севганим учун,
Соғиндим ўзингни,
кўзингни,
сўзингни,
юзингни…
Сен билан юзлашмоқ учун
чора изладим ҳар кун.
Юзимга тик боқиб бугун,
Энди мени қидирманг дединг.
Бу сўздан осмон ёрилиб,
ер бўлиниб,
тоғлар парча-парча
бўлмади, холос.
Мен эса талвасага тушиб,
Осмондай ёрилдим,
ердай бўлиндим,
тоғлардай парча-парча бўлдим.
Эй ёр,
Нега мени этдинг чилпарчин?
Бироқ ҳали кеч эмас,
Илтимос,
Айтган сўзинг қайтиб ол,
ёш жоним қилма увол.
Илтимос,
Чин севги ҳаққи,
Эзгу ишда пешқадам зот,
Азалда бўлак-бўлак қушларни
чорлаган каби,
Чорла ёнингга.
Ўшанда осмондай ёрилган,
ердай бўлинган,
тоғлардай парча-парча таним,
Бир бутун бўлиб,
Қушдай учар ёнингга.
Чунки чин севгида бор чексиз қудрат,
Ҳатто айрилиқдан яратар висол,
Ҳатто бахтсизликдан яратади бахт!
2020 ЙИЛ 7 АВГУСТ
Ўнта бўлса ўрни бошқа, дердилар онам.
Шу сўзларни эслаб, тўлди кўзларимга нам.
Ё Рабб, бугун битта ўрин қолмоқда бўшаб,
Бугун бизни катта синглим кетмоқда ташлаб.
Энди катта синглим ўрни, меҳри сезилар,
Тўпланганда туғишганлар бағри эзилар.
Бу дунёда ғаниматдир одам одамга,
Катта синглим дилдан хизмат қилди онамга.
Қондан ўтган бу хулқидан олардик ибрат,
Ҳаммага ҳам берилмайди бундай саодат.
Видолашар чоғда синглим розин эшитдим:
Ака, онам хизматини қилишга кетдим.
СЕНИ СЕВАМАН ҲАЁТ!
Азал дунё гўзал, гўзал коинот,
Қанийди, ер узра ёзсайдим қанот.
Узоқ яшаш учун излайман нажот,
Чунки сени жуда севаман ҳаёт!
Гоҳ кўксим яралар ғам ўқи тегиб,
Ташвишлар қаддимни ташлайди эгиб.
Лекин яшаяпман дардларни енгиб,
Чунки сени жуда севаман ҳаёт!
Борига шукрона келтирдим жовид,
Сабр қилдим, осмоним қопласа булут.
Эртанги кунлардан узмадим умид,
Чунки сени жуда севаман ҳаёт!
Беруний бобомдан олганман ибрат,
Ҳазрат Навоийдан туйганман ҳикмат.
Улардай башарга қилайин хизмат,
Чунки сени жуда севаман ҳаёт!
Ҳали қанча чала юмушларим бор,
Ўзим ўйлагандай ёзмадим ашъор.
Эзгу ишларимдан юрай бахтиёр,
Чунки сени жуда севаман ҳаёт!
Ҳали измимда бор вақтим, имконим,
Мендан рози бўлар Ўзбекистоним.
Авж пардада битар шеъру достоним,
Чунки сени жуда севаман ҳаёт!
Ҳали Ҳимолайдан ошар парвозим,
Уммонлар ортига етар овозим.
Булбулни лол этар сайраган созим,
Чунки сени жуда севаман ҳаёт!
Нетай, мангу яшаш келмас қўлимдан,
Қайга чопмай, қочиб бўлмас ўлимдан.
Ҳар бир дам ғанимат қолмай йўлимдан,
Чунки сени жуда севаман ҳаёт!
Мен сени ортиқроқ севаман ёрдин,
Ортиқроқ севаман достон, ашъордин.
Ортиқроқ севаман ҳатто Асрордин,
Чунки сени жуда севаман ҳаёт!
* * *
Сен ой бўлсанг, мен офтоб,
Мен ер бўлсам, сен осмон.
Сен ғам чексанг, мен хароб,
Сен қувонсанг, мен шодмон.
Бор нарсада жуфтмиз биз,
Фақат бизда битта ишқ.
Сен ягона, мен ёлғиз,
Сен маъшуқсан, мен ошиқ.
* * *
Жудаям соғиндим, кўрсам жамолинг,
Тур тоғидай қулаб тушаман бешак.
Бир он насиб этса ширин висолинг,
Юрагим севинчдан портласа керак.
Тоқатим қолмади, кўрай жамолинг,
Кейин Тур тоғидай қулайин майли.
Майли, бир он тотай ширин висолинг,
Кейин кўксим ушлаб ўлайин майли.
* * *
Йиллар ўтса ҳамки Одам зурёди,
Ҳануз кеча-кундуз қилади меҳнат.
Тошдан ё темирдан экан саботи,
Ҳалол меҳнат қилиб излайди роҳат.
* * *
Агар каслар қалбинг этса ярадор,
Ўч олишда, ҳаддан ошмагин зинҳор.
Сен инсонсан, доим инсон бўлиб қол,
Ўч олиш учун ҳам бор одил меъёр.
* * *
Битта пашша ўлди, ўлди суварак,
Бундан зарра озор чекмади фалак.
Сен шундай яшагин, кўз юмган онинг
Осмон кўз ёш тўксин, солсин гулдурак.
* * *
Дейдилар, қирағай мерган ҳам ҳатто,
Гоҳо ўқ узганда қилади хато.
Бироқ кимдаки пок кўнгил дунёси,
Ижобат бўлади барча дуоси.
* * *
Ё аланга олар, ё кул бўлар чўғ,
Ё нишонга тегар, ё йўқолар ўқ.
Аё, аросатда қолдирма мени,
Ё висол, ё завол – учинчи йўл йўқ.
* * *
Инсофсизга сўзинг қилмагин исроф,
Ҳали тузалмаган сўздан ноинсоф.