Нолиш ўрнига ҳаракат қилиш вақти келди
Оммавий ахборот воситалари жамиятдаги ўзгаришлар, янгиланишлар ҳамда дунё воқеликларини холисона, адолат мезонлари асосида акс эттирувчи кўзгуга, кенг оммани янгича фикрлашга, маънавий уйғоқликка, онгу тафаккурини ўзгартиришга даъват этадиган қудратли кучга қиёсланади.
Бу эса ўз навбатида, соҳа ходимларидан юксак маҳорат ва иқтидор, изланиш, интилиш, ташаббускорлик ҳамда фидойиликни талаб этади. Яъни, бугунги кун журналисти турфа манфаатлар қуршовида дақиқа, соат сайин ўзгараётган дунё, ҳаётнинг энг қайноқ нуқталарида бўлиши, ана шу ташвишлар ичида яшаши ҳамда одамларни зарур воқеликлардан холис ва ҳаққоний огоҳ этиши зарур.
Эътиборлиси, сўнгги йилларда ўзларининг машаққатли меҳнати ва самарали фаолияти билан мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотларни кенг ва холис ёритишда муносиб ҳисса қўшаётган оммавий ахборот воситалари вакиллари том маънода жамиятимизнинг ҳақиқий кўзгусига айланмоқда. Бу борада ёшларга муносиб устозлик қилиб келаётган фахрий журналистларни алоҳида эътироф этиш жоиз.
Куни кеча пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Олий Мажлис Сенати аъзолари, Фахрий журналистлар Кенгаши аъзолари ва ОАВ вакиллари иштирокида давра суҳбати ташкил этилди. Мустақиллигимизнинг 30 йиллик шодиёнаси арафасида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан ташкил этилган тадбирда устоз-шогирд анъаналарини янги поғонага кўтариш ҳамда ўзбек журналистикаси олдида турган долзарб масалалар муҳокама қилинди. Жумладан, Президентимизнинг 27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан соҳа вакилларига йўллаган байрам табригида қайд этилган вазифалар ижроси ҳақида сўз юритилди. Шу билан бирга, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан марказий ва ҳудудий нашрлар ҳузурида ташкил этилган Маҳорат мактаблари ҳақида ахборот берилди.
— Биласизми, босма нашрлар энди боқимандаликдан қочиши керак. Нолиш ўрнига ҳаракат қилиш вақти келди. Ҳар бир журналист, ҳар бир оммавий ахборот воситаси ўзининг келажаги учун ўзи курашиши керак. “Фарғона ҳақиқати” газетаси мисолида айтадиган бўлсам, бизнинг телеграм каналимиз бор. Газетамизнинг электрон шаклини шу ўзанда ҳам эълон қиламиз. Айнан ижтимоий тармоқнинг ўзида газетамизнинг ҳар сонини 30 мингга яқин одам ўқияпти. Эътибор қиляпсизми, бу вилоят нашри. Ўқувчиларимиз орасида нафақат Ўзбекистон, балки дунёнинг бир неча қитъаларида ҳам муштарийлар борлиги бизни қувонтиради,— дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, “Фарғона ҳақиқати” газетаси бош муҳаррири Муҳаммаджон Обидов.
Хабарингиз бор, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ҳузурида Фахрий журналистлар Кенгаши фаолият юритади. Узоқ йиллар давомида матбуот ва оммавий ахборот воситалари ривожига беминнат хизмат қилган бир гуруҳ устоз-журналистлар мазкур Кенгашнинг аъзолари ҳисобаланди.
Фахрийларнинг бой билим ва тажрибаларидан баҳраманд бўлиш ёшларнинг амалий кўникмалари шаклланиши, журналсит касбининг ўзига хос сир-асрорларини ўрганишларида катта мактаб бўлиб хизмат қилаётган “Уч авлод учрашуви” маданий-маърифий тадбирлари ҳам айнан Кенгаш аъзолари томонидан ўтказилмоқда.
— Бугун кўпгина устоз-журналистлар, фахрийларимиз давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланишди. Шу жумладан камина ҳам уларнинг сафида борман. Мен буни мустақиллигимизнинг 30 йиллиги олдидан соҳа ходимларига нисбатан жуда катта эътироф, деб биламан. Бундай тадбирлар ёш журналистларнинг ҳам келажакда юксак ва улуғвор ишларни амалга оширишида илҳом манбаи бўлиб хизмат қилади. Чунки бундай тадбирлар энди соҳага қадам қўяётган ёш журналист учун ибрат мактабидир. Матбуотда салкам 50 йил хизмат қилганмиз ва камтарона меҳнатларимиз юксак баҳоланганидан бошим кўкка етди,—дейди Фахрий журналистлар Кенгаши раиси Жаббор Раззоқов.
Тадбирда сўзга чиққан Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви раиси Содиқжон Турдиев ва Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров Янги Ўзбекистон журналистикаси олдида турган долзарб масалалар борасида фикр билдирдилар.
Жорий йилда, машаққатли ва шарафли соҳада узоқ йиллар хизмат қилган бир гуруҳ журналистлар Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви Васийлик Кенгашининг қарори билан “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Тадбир доирасида мазкур кўкрак нишонилари бир гуруҳ фахрий журналистларимизга тантанали равишда топширилди.
Абдулазиз АҲМЕДОВ.