СЎЗДА ҚУДРАТ, ТАСВИРДА ҲАҚИҚАТ

Наманган вилоят телерадиокомпанияси Наманганнинг бутун бўй-бастини намоён қилувчи асосий муассасадир. Телекўрсатув ва радиоэшиттиришларда барча соҳалардаги ўзгаришлар ўз аксини топмоқда. Бу, албатта, теле ва радиожурналистлардан изланиш, касбий маҳоратни оширишни, энг муҳими, ижодий ва соғлом рақобатни тақозо этади.
Наманган телерадиокомпанияси директори — Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раисининг ҳудудий телерадиоканаллар масалалари бўйича маслаҳатчиси Муҳаммаджон МАҚСУДОВ билан вилоят телевидениесида амалга оширилаётган ишлар ҳақида суҳбатлашдик.

— Вилоят теле ва радиоканалининг тарихи, илк кўрсатувни эфирга олишнинг ҳаяжонли ва машаққатли онлари тўғрисида қисқача сўзлаб берсангиз.
— 1932 йилнинг баҳорида Наманганда илк бор радио овози янграган. У фаолиятини вилоят марказидаги Мулла Қирғиз мадрасаси хонақоларидан бирида бошлаган. Кунора радиогазета ҳам чиққан. 1950 йилларда радио­эшиттиришлар юқори савияга кўтарилади, радио журналистикаси ва радиожанрлар ривожланади. Маҳаллий эшиттиришлар халқ хўжалигида зарур ва муҳим роль ўйнаган. 1968 йилда вилоятимизда 10 та туман радиоси, чекка қишлоқлар, дала шийпонлари ва корхоналарда 100 га яқин радиоузеллар, 30 минг атрофида радио шоҳобчалар мавжуд бўлган. 1970 йилга келиб вилоят миқёсидаги радионуқталар 130 мингтага етди. 1980 йилда телевизион ретранслаторлар қурилди. Приёмник ва телевизорлар сони 5,5 мингта эди.
Наманган овозини биринчи бор эфирга олиб чиқиш устозлар — машҳур санъаткор Раззоқ Ҳамроев, Дилдора Аҳмедова ва Абдуғани Абдувалиевга юкланади. Абдуғани ака радиога чинакам фидойилик кўрсатган. У нафақат моҳир сухандон, таниқли ҳажвчи ва журналист, шу билан бирга, биринчи режиссёр бўлиб, радиофонотека — лентага муҳрланган ноёб ёзувлар хазинасини йўлга қўйди. 1981 йилда “Радио уйи”га Наманган шаҳрининг қоқ ўртасидан, сўлим Янгиариқ бўйидан жой ажратилган. Қурилиш уч йил мобайнида битказилган. Шундай қилиб, ўшанда водийдаги ягона радиокошона Наманганда қад кўтарган. Мен ўша йилларда вилоят радиосида бош муҳаррир эдим. Республика радиосининг “катта қозони”да қайнаб келгандим. Радиодаги услуб ва жанрларни публицистик руҳ билан бойитишга интилдим. Дала шийпонларидан, корхона ва ташкилот ҳовлиларидан “Келинг, очиқчасига гаплашайлик”, “Ошкора мулоқот” каби ҳозиржавоб эшиттиришларга, мавсумий “радио­йўқламалар” ўтказишга асос солинди. “Қопқон” сатирик дастури шов-шувга айланиб, тингловчилар қалбидан жой эгаллади.
Ниҳоят, тажриба-синов кўрсатуви олинадиган 1990 йилнинг 17 октябрда бир соатлик кўрсатувни видеокассетага тушириш учун 16 соат вақт кетди. Съёмка жараёни тунги соат 2 да тугади. Шунча вақт давомида не кўйга тушилганини илк кўрсатув қатнашчилари, студия меҳмонлари ўз кўзи билан кўрди. Кўрсатувни Андижон ретранслятори эфирга тарқатиши учун тасвирни алоқа кабели орқали Андижонга узатишнинг мутлақо имкони йўқ. Видеомагнитафонни қўшни вилоятга етказиш учун енгил машинада йўлга тушилганида соат тунги 4 ни кўрсатарди. 18 октябрь соат 8.00. Наманганда қолганларнинг нигоҳи телевизорда эди. “Наманган” радиосининг позивнойи жаранглаб, экранда “НВТ кўрсатади” деган ёзув чиққанидаги қувончимизни таърифлаш мушкул.
— Айтинг-чи, Наманган телера­диокомпанияси ўтган йилларда вилоят ҳаётидаги янгиликларни яратишда “олтин фонд”и қанчалик бойитилди?
— 1990 йилларда “Наманган” телеканали ҳафтасига атиги бир соат эфирга чиқарди. Ҳозир эса мазкур рақам кунига узлуксиз 18 соатдан иборат ҳолда вилоятлар телеканаллари ичида энг катта кўрсаткич бўлиб турибди. Радио вилоят телерадиокомпаниялари орасида биринчи бўлиб 2004 йилда FM тизимига уланган, 2015 йилда эса телерадиоканал замонавий рақамли форматга ўтиш ишларини якунлаган. Айни пайтда кун давомида тўғридан-тўғри эфир ҳажми телеканалда 6 соатни, радиода 10 соатни ташкил этади. Муҳим тадбирларда бундан ҳам ортиши мумкин. Таъкидлаш жоиз, ҳозирда 100 дан зиёд ижодий-техник ходимлар меҳнат қилаётган телерадиокомпаниямизда ислоҳотларга мос ранг-баранг лойиҳалар, мобил репортажлар, вилоятлар билан ҳамкорликда қўшма телевизион дастурлар, турли ток-шоулар, кўчма студиялар сифатли тарзда тайёрланяпти.
2000 йилда вилоят телерадиокомпанияси учун барча қулайликларга эга қўшимча телемарказ биноси тикланди. Германиянинг “Сименс” дастурига биноан “SX” телевидеоаппаратуралари ўрнатилди. Ижодий жамоа янги ғайрат билан ишлай бошлади.
Дарҳақиқат, сўзда қудрат, тасвирда ҳақиқат мужассам. Кўрсатувларда бугуннинг энг долзарб муаммолари, истиқлол туфайли юзага чиққан қадриятларимиз, айниқса, маънавий ҳаётимиздаги ўзгаришлар ўз ифодасини топмоқда.
— Вилоят телерадиокомпанияси биносида қурилиш, таъмирлаш жараёнлари қизғин кетаётганига гувоҳ бўлдик…
— Наманган ТРКнинг эфир узатиш қамрови 99,5 фоизга етказилиб, бу водий вилоятлари, шунингдек, қўшни Тожикистон ва Қирғизистон Республикаларининг чегара олди вилоятларида ҳам кузатиш имконини яратмоқда. 2016-2021 йилларда компания ривожланиш босқичига ўтди. 2018 йил Ўзбекистон МТРК томонидан қиймати 1 миллиард сўмдан ортиқ эфирга беришга мўлжалланган сервер комплекти ўрнатилди. Давлат тадбирлари ва спорт мусобақаларини тўғридан-тўғри воқеа жойидан узатиш учун 8 камерали кўчма телевизион станция келтирилди. 2018 йилда SD видеокамералар фаолияти тўлиқ тугатилиб, HD форматда тасвирга олувчи видеокамера ва кабелсиз микрофонлар билан таъминланди. 2020 йил мобил SIM-карталар орқали республиканинг исталган ҳудудидан тўғридан-тўғри эфирга чиқиш имконига эга awives қурилмаси ҳамда бевосита VPN билан ишловчи техник қурилмалар сотиб олинди. Бу орқали яқинда 2021 йил 23-31 май кунлари бўлиб ўтган 60-Халқаро гуллар фестивали тўлиқ форматда Наманган ТРК орқали жонли эфирга узатилди.
Президентимизнинг 2019 йил 28 февраль–1 март кунлари Наманган вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқлар ҳамда вилоят фаоллари иштирокидаги 9-сонли йиғилиш баёнининг 35-бандида кўрсатиб ўтилган “Наманган вилояти телерадиокомпанияси моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, 8 камерали кўчма телевизион станция сотиб олиш, қўшимча 450 м2 студия қуриш” юзасидан ло­йиҳа ишлари тамомланиб, қурилиш-монтаж ишларига 9 млрд. 381 млн. сўм маблағ йўналтирилган. Бугунги кунда таъмирлаш жараёнлари жадал суръатларда давом этмоқда. Кейинги босқичда 450 м2 студия техник жиҳозлаш ҳамда кўчма телевизион станция сотиб олиш учун республика бюджетидан 4,5 миллион евро (60 миллиард сўмдан зиёд) маблағ ажратиш инвестиция дастурида кўзда тутилган.
Амалий саъй-ҳаракатлар натижасида яқин йилларда вилоят телерадиокомпаниясининг ташқи ва ички қиёфаси бутунлай замонавийлик касб этади.
— Муҳаммаджон ака, ибратли ҳаёт йўлингизга ҳавас қиламиз. Муваффақиятларингиздан мисол келтира оласизми?
— Албатта, бу оғир, лекин шарафли касбни танлаб, фаолият бошлаганимга ҳам 47 йил тўлибди, 30 йилдан бери эса раҳбарлик лавозимларида эл хизматидаман. 2012 йилда “Олтин қалам” Халқаро миллий мукофоти совриндори, 2013 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени ва 2014-2019 йилларда Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати аъзоси сифатида “Меҳнаткаш сенатор” кўкрак нишони соҳиби бўлдим. Кўплаб хорижий мамлакатларга бориб, халқаро телеканаллар тажрибасини ўрганиб келганман. Тўрт йилдирки, ЎзМТРК раисининг маслаҳатчиси сифатида Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларга деярли ҳар ойда бориб, мавжуд муаммоларни илғаб бартараф қилишда, ечимини кутаётган масалаларни ижобий ҳал этишда қатнашяпман, маҳорат сабоқлари ташкиллаштиряпман. Шукур, 20 нафардан ортиқ шогирдим етакчи марказий ОАВларида самарали ишлашяпти, уларнинг ўнга яқини давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланган.

Орифжон ЖЎРАЕВ суҳбатлашди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twenty + twenty =