Онажон, сиз учун туҳфа!

Танловларда иштирок этишга қизиқмаганман, аввало, ўзимни муносиб кўрмаганман арзийман дейишга. Танлов мақсадида ҳам қалам тутмаганман. Қалб амрим ва вазифамни сидқидилдан бажариш асосий ниятим бўлган. Вақтимни тадбирлардан кўра ўрганишга сарфлагим келарди. Ҳозир ҳам шундай.

Бироқ она сифатида фарзандларимни ютуғидан суюнгач, бу нечоғли ҳузур, қувват беришини англай бошладим, онаизоримнинг сўзларини кўп хотирлайдиган бўлдим: “Болам, сен ҳам телевизорларда чиқсанг ё конкурс­ларда қатнашсанг кўриб турардик”. (Ўшанда айтардимки: “Э онажон, уларнинг нимаси қизиқ, менга ўз ишим ёқади, халқ билса бўлди-да”. Ростдан ҳам ишлаб келаётган соҳам,   газетчиликнинг сокин ҳавоси, камтарона аммо машаққатли меҳнати чанқоғимни босиб турар, роҳат олар эдим).

Хуллас фарзандларим суюнтиргани ва суюнганим сари онаизоримнинг сўзлари қулоғимда кўпроқ жаранглайдиган бўлди ва уларни хурсанд қилиш истаги ортди. Ва онажоним, дадажоним учун қадам ташладим! Ажабки, улар ва устозларимнинг дуоси ўлароқ – “Энг улуғ, энг азиз” республика анъанавий танловида босма ОАВ ходимларининг журналистик ишлари йўналиши бўйича 1-ўрин насиб этди. Мустақиллигимизнинг 30 йиллигига бағишлаб ташкил этилган танловнинг бундай номланиши ҳам бежиз эмас. Чунки мустақиллик, озодлик ўзбек матбуотининг тамал тошини қўйган намояндаларимиз, қатағон қурбонлари Абдулла Қодирий, Беҳбудий, Фитрат каби улуғ аждодларимизнинг орзуси эди, шу орзулари учун маърифатсизлар томонидан тазйиққа учрадилар. Мен матбуот ходими сифатида ҳар гал қўлимга қалам олганимда ана шу маърифатпарварларимизнинг давомчилари эканимни ҳис қиламан, ёлғондан нари, виждон амри билан ижодга шўнғийман. Шукрки, бу эътиқодим мени улуғ Ўзбекистонимизнинг азиз байрамида муносиблар қаторига олиб чиқди. Бу муносиблик қаламга, сўзга, эътиқодига суянган барча ҳамкасбларим учун ҳамда уларни тарбиялаб вояга етказган ота-оналар, тўғри йўл кўрсатган устозлар учун рағбат ва ишончдир…

Тақдирлов пайтида, саҳнада кўп чиройли манзаралар, қувончли лаҳзалар бўлди. Менинг кўзимга эса буларнинг ортидан онажонимнинг кулиб турган чеҳраси ўтаверди, қалбим бундан қанчалар завқланганини билсангиз эди! Бу мукофотим сиз ва дадажонимни қувонтириб, умрингизга умр қўшса, мен бахтиёрман онажон!

Нурхон ЭЛМИРЗАЕВА,

“XXI asr” газетаси мухбири,

“Энг улуғ, энг азиз” республика анъанавий танлови Босма ОАВ ходимларининг журналистик ишлари йўналиши бўйича

1-ўрин соҳиби.

Жасорат ва меҳр

— “Энг улуғ, энг азиз” республика кўрик- танловида ғолибликка муносиб топилганимдан жуда ҳам мамнунман. Бу жа­моамизга бўлган эътироф, десам муболаға бўлмайди. Чунки унда “Замон” ахборот дас­тури ҳар бир аъзосининг меҳнати бор. Техник ходимлардан тортиб, бошловчиларгача.

Ушбу танловга асосан танқидий, таҳлилий руҳдаги материалларимни топширган эдим. Сўнгги вақтларда Халқ қабулхоналари билан ишладим. Аҳоли мурожаатларини ўрганиб, ҳали журналистлар қиладиган иш кўплигининг гувоҳи бўлдим. Чин маънода бугун журналистлар халқ билан ҳукумат ўртасида кўприк вазифасини бажаряпти.

Биз тележурналистлар кўчага чиқдикми, қўлимизда микрофон борми, одамлар ёнимизга келади. Дардини, муаммоларини айтади. Бу нимани билдиради? Бу албатта одамларнинг журналистларга бўлган ишончини билдиради. Мана шу ишонч биз журналистларга куч беради. Ўзимизга бўлган ишончни, ўз ишимизга бўлган меҳрни оширади. Янада ғайрат билан ишлай бошлаймиз.

Тўғрисини айтадиган бўлсам, шу 4-5 йил ичида журналистика соҳасида жуда катта ўзгаришлар бўлди. Аввал журналистларда журъат етишмасди. Ҳозирда ҳар бир журналистда катта жасорат пайдо бўлди десам хато бўлмайди. Бугунги кун журналистлари “тепа”дан келадиган буйруқлардан қўрқмайди. Ўзининг эркин позициясини билдира олади. У ҳақиқий маънода, “Тўртинчи ҳокимият”га айланиб улгурди. Бу ҳам бўлса Президентимизнинг биз журналистларга бўлган ишончи, қўллаб-қувватлаши туфайлидир.

“Энг улуғ, энг азиз” танлови биз ёш журналистларга албатта масъулият юклайди. Бизга ишонч билдирилди дегани бу. Биз Янги Ўзбекистонда содир бўлаётган воқеаларни бугунги кун аудиториясига тезкор, холис ва аниқ етказишда янада шаҳдам қадамлар билан давом этамиз. Ҳаттоки, куни кеча давлатимиз раҳбари ўз нутқларида журналистлар ҳақида гапирар экан, улар менинг ҳимоямда, энг яқин дўстларим, деганида ҳар бир ҳамкасбимизнинг қалбида фахр ва ифтиҳор туйғусини уйғотган бўлса ажаб эмас. Шу қатори менда ҳам. Шунда танишларимга “Ана Президентимиз ҳам биз томонда…” дея ғурурланиб қўйдим…

Биз Янги Ўзбекистоннинг янги журналистларимиз. Биз юртимиздаги ислоҳотларни, бунёдкорлик ишларини ёритиш баробарида турли хил соҳаларда ривожланишимизга тўсқинлик қилаётган муаммоларни ёритишдан қўрқмаймиз. Ва бу билан ўз вазифамизни ҳам бажарган бўламиз. Халқ олдида ҳам, давлатимиз олдида ҳам! Шу билан Ватанимиз ривожланишида озми-кўпми ўз ҳиссамизни қўшиб борамиз.

Бу каби мукофотлар эса янада тезкор,тинимсиз чарчоқ билмасдан ўз вазифамизни сидқидилдан адо этишга чорлайди. Ижодий илҳом ҳам бағишлайди. Демак, бугунги кун журналистикасида ўз ўрнимизга эга эканлигимизни ҳам кўрсатади.

Соҳиба Акрамова,

“Севимли” телеканали мухбири,

Телевидение ва радио ижодкорларининг материаллари учун номинацияси

3-ўрин соҳиби.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five + one =